LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

18 Feb 2021

   Одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш орқали улар розилигига эришиш бугун давлатимиз сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Халқимизни ташвишга солиб келаётган муаммоларга ечим топилиб, уларнинг фаровон турмуш кечириши учун бор имкониятлар ишга солинмоқда.  Бу борада маҳаллаларда ўтказилаётган сайёр қабулларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

  Ана шундай тадбирлардан бири куни кеча “Дўстлик” маҳалласида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими, 1 – сектор раҳбари  С.Хамроев ва мутасадди идоралар бошлиқлари иштирок этди.

  Сайёр қабул давомида 26 нафар фуқаролардан мурожаатлари қабул қилиниб, шундан 12 нафар фуқароларнинг мурожаатларига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 8 нафар фуқароларнинг моддий ёрдам, пенсия ва кредит масалалардаги мурожаатлари назоратга олинди.

   Мурожаатлар мазмунини таҳлил қиладиган бўлсак, 18 нафар фуқаро иш масаласида, 6 нафари имтиёзли кредит олиш, 1 нафар фуқаро ногиронлик нафақаси тайинлаш яна 1 нафари моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

   Жумладан, М.Авезов кўчасидан яшовчи М.Салимова иш масаласида мурожаат қилган, қабул давомида туман Ободонлаштириш бошқармасига, “Наврўз” кўчасида яшовчи У.Шарипова ҳам шу ернинг ўзида 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига ҳамшираликка йўлланма берилган бўлса, “Мустақиллик” кўчасида яшовчи Г.Исмоилова, “Чўл гули” кўчасида яшовчи Х.Чинниқулова “Учқудуқ кичкинтойлари” нодавлат мактабгача таълим ташкилотига бири ёрдамчи тарбиячи иккинчиси ошпаз бўлиб ишга қабул қилинди.

   Шунингдек, “Бўстон” кўчасидан Б.Давлатова, “М.Авезов” кўчасидан Г.Ахадова, “Тоғли” кўчасидан И.Алиқуловага ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратишда амалий кўмак кўрсатиладиган бўлди.

   Шу куни Учқудуқ туман давлат хизматлари маркази томонидан маҳалла аҳолиси учун сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

   Ҳа, шу куни “Дўстлик” маҳалласида ўтказилган сайёр қабул кўплаб учқудуқликлар қалбига қувонч, умид ва ишонч бахш этди. Ўнлаб оилаларга бахт ва шодлик кириб борди. Бундай хайрли ишлар эса муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Одамлар ҳаётдан бугун рози бўлиб яшаши керак” деган эзгу тамойилга ҳамоҳангдир.

Райҳон ҚОДИРОВА,

халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзМТДП депутати.

18 Feb 2021

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига жўнаб кетди. 

Ташрифдан асосий мақсад – аввал қўйилган вазифалар ижросини кўриш, маҳаллалардаги шароитни ўрганиш, аҳолини ўйлантираётган муаммолардан келиб чиқиб, навбатдаги режаларни белгилаш.

Сафар давомида саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги лойиҳалари, бунёдкорлик ишлари билан танишиш режалаштирилган.

18 Feb 2021

Қизим ўқийдиган университетда Яни АМИТИда дарс берадиган ҳиндистонлик профессор Ўзбекистонда кўпроқ қайси газеталарни ўқишади деб савол берибди. Ҳамма талабалар жим. Ахир бу саволга вазирлар жавоб беролмайдику талаба қайдан билсин. Профессор Ҳиндистонда ҳар куни эрталаб одамларнинг уйига кўплаб газеталар тарқатилади биз нонушта устида газета вароқлаймиз депди. Ҳиндистоннинг кўп аҳолиси зах, ифлос кўчаларда яшайди. Аммо маданият ва тиббиёт соҳасига ҳисса қўшаётганлар ҳам айнан ўша зах кўчаларда яшаётган одамлар ичидан чиқяпди. Гап қандай уй ёки кўчада яшашда эмас экан. Ҳиндистонликлар ифлос кўчада яшашини жирканиб эслаймиз. Ўзимизни эса озода шаҳарда яшаб туриб маънавиятимиз ачиб, йўқ бўлиб бораётганидан хабаримиз йўқ. Газеталарнинг йўқ бўлиши ҳали бизга жуда қимматга тушади.

Нигора Рахмонова

18 Feb 2021

Шавкат Мирзиёев «2021—2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишни имзолади, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги матбуот хизмати.

 

Ушбу фармойиш билан 2021—2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси концепцияси ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди.

Концепция доирасида:

  • аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси ишлаб чиқилади ва унда ижтимоий ҳимоя соҳасида ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг базавий кафолатлари белгиланади, илғор амалиётларда қабул қилингани каби оналикни ҳимоя қилиш ва вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни ижтимоий суғурта тизимига киритиш ҳамда Ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш масаласи ўрганилади;
  • барча кам таъминланган оилаларни ижтимоий нафақалар билан қамраб олиш мақсадида ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун ариза берувчиларнинг муҳтожлик даражасини аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тезлаштиришга эътибор қаратилади;
  • давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун берилаётган субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизимини жорий этиш кўзда тутилади. Давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий хизматларни индивидуал ижтимоий мослашув дастурлари орқали тақдим этиш тизими ишлаб чиқилади.

2030 йилгача аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси лойиҳасини тузишда Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТнинг Тараққиёт дастури ва Жаҳон банкининг етакчи мутахассислари иштирок этади.

Фармойишда кўзда тутилган чора-тадбирлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари камбағалликни камайтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда аёллар, эркаклар, шу жумладан, ёшлар ва ногиронларни тўлиқ, фойдали ва муносиб иш билан таъминлашга ёрдам бериши кутилмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш бўйича 2020 йилги қўшма ҳисоботида Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярми ижтимоий ҳимоя билан таъминланмагани қайд этилганди.

18 Feb 2021

АҚШда SARS-CoV-2 вирусининг иккита штамм бирлашиши натижасида ҳосил бўлган гибрид тури аниқланди, дея хабар бермоқда Daily Mail.

 

Вируснинг янги тури Нью-Мексико штатида жойлашган АҚШнинг Лос-Аламос миллий лабораториясининг доктори Бетт Корбер томонидан кашф этилди. Унинг таъкидлашича, гибрид — «британча» B.1.1.7 ва «америкача» B.1.429 штаммнинг бирлашувидан келиб чиққан.

Ҳозирча мутахассислар вируснинг гибрид тури билан касалланган биргина ҳолатдан хабардор, бундан ташқари, янги турдаги юқумли касаллик ҳақида маълумот йўқ, аммо бу вирус билан касалланган беморлар кўпроқ бўлиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, янги тур, афтидан, «рекомбинация ҳодисаси», яъни вирус юқиши пайтида алоқада бўлган вируслар ўртасида генлар алмашинуви натижасида пайдо бўлган.

Қайд этилишича, илгари гибрид вирусларнинг пайдо бўлиши ҳақида хавотирлар бўлган, аммо мутахассислар бунинг иложи йўқ, деб ҳисоблаган, чунки бунинг учун алоҳида шартлар талаб этилади. Одам бир вақтнинг ўзида иккита штамм билан турли ташувчилар орқали касалланиши мумкин, холос. SARS-CoV-2 вирусининг доминант вариантлари деярли барча ҳудудларда устун бўлганлиги сабабли баъзи олимлар бир вақтнинг ўзида иккита штамм билан касалланиш эҳтимоли жуда кам деб ҳисоблайди.

Таъкидланишича, агар янги вируснинг келиб чиқиши тасдиқланса, у COVID-19 пандемияси пайтида аниқланган биринчи гибрид штаммга айланади.

Бундан аввал Британияда коронавируснинг «хавотирлироқ» тури аниқлангани, дунё бўйича коронавируснинг тарқалиш суръати бир ой давомида деярли икки баробарга камайгани ҳамда Бразилияда бир вақтнинг ўзида коронавируснинг иккита штаммини юқтириб олиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

18 Feb 2021

Яқин-яқингача ҳам вакцина паспортлари билан фақат фитна назариясига ишонувчилар бир-бирларини қўрқитиб юришганди. Ҳозир дунёда шундай ҳужжат сайёҳларга чегараларни очишга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида жиддий мунозаралар кетмоқда.

 

IT-компаниялар, авиакомпаниялар ва ҳатто алоҳида давлатлар ҳам вакцина паспортларини жорий қилиш тарафдори. Унга қаршилар инсон ҳуқуқларининг эҳтимолий бузилиши, бундайин паспортларнинг самарадорлиги пастлигини айтиб, шошмасликка чорламоқда. Бу баҳсда ким ғолиб бўлади?

Греция сафнинг бошида

Кўпчилик вакцина паспортлари туфайли пандемияда энг кўп азият чеккан соҳалардан бири - туризм қайта жонланади, деб ҳисобламоқда.

Қийин аҳволда қолган давлатлардан бири Грециядир – туризм бу давлат учун шунчалар муҳимки, ЯИМнинг 20 фоизини ташкил қилади. Ушбу мамлакат ниҳоятда оғир молиявий бўҳрондан қутулиб чиқаётган пайтда пандемия ёпирилди.

Ҳар 5 кишининг бири бу ерда туризм соҳасида банд. Соҳадаги қулаш Грецияда 80 фоизни ташкил қилди.

«Бу йил очилмасликнинг иложи йўқ. Агар шу мавсумни ҳам бой берсак, бизни чинакамига оғир давр кутади», дейди Санторини оролида бизнес қилувчи таниқли отельер Алексис Комнинос.

 

Вазиятдан чиқиб кетиш учун Греция бош вазири Кариакос Мицотакис Евроиттифоққа ваниҳоят вакцина паспортлари ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришни таклиф қилди.

«Эмланган одамлар саёҳат қила олиш имкониятига эга бўлишлари керак. Бу, шунингдек, одатий ҳаётга қайтиш учун ягона чора ҳисобланган вакцинацияга фуқароларни ташвиқ қилиш учун рағбатлантириш ҳисобланади», дейди бош вазир Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга битган мактубида.

Январ ойи охирларидан Грецияда коронавирусдан эмланганларга рақамли сертификатлар берилиши бошланди. Евроиттифоқнинг тасдиғини кутиб ўтирмасдан Греция вакцина паспортлари фақат наф келтиришини амалда кўрсатишга бел боғлади ва Исроил билан шартнома имзолади.

9 миллион аҳолига эга Исроилнинг 3,5 миллион аҳолиси эмлаб бўлинди, лекин исроилликлар Грецияга борадиган сайёҳларнинг жуда кам қисмини ташкил этади.

2019 йилда Грецияга 34,2 миллион сайёҳ келган ва уларнинг салкам миллион нафари Исроилдан.

Сайёҳлик оқими тикланиши учун Греция ўзининг доимий меҳмонларини қайтариши зарур – аввало, Германия ва Буюк Британия фуқароларини. Бу давлатлар эса вакцина паспортини жорий қилишга шошилаётгани йўқ.

Қарши аргументлар

«Гап эмланишни саёҳат қилиш учун мажбурий шарт қилиб қўйиш ҳақида кетмаяпти», дейди Греция бош вазири Евроиттифоққа ёзган хатида.

Бироқ турли сабабларга кўра, коронавирус вакцинасини олишни истамаган ёки қодир бўлмаган инсонлар айнан шу воқеа юз беришидан хавфсирайди: улар бошқа давлатга бориш учун эмланиш шарт деб ўйлайдилар.

Аммо вакцина паспортларидан дунёда аллақачонлар фойдаланиляпти, фақат номланиши бироз бошқачароқ – халқаро вакцинация сертификати ёки «сариқ карточка». Қизилча, сариқ безгак, вабо, бўғма касаллиги ёхуд безгакка қарши эмланиб, сайёҳлар шундай карточка олишлари мумкин.

«Сариқ безгакка қарши вакцина олсангизгина саёҳат қила олишингиз мумкин бўлган давлатларнинг мавжудлиги вакцина паспортларининг келажаги учун яхши прецедент. Менда, масалан, сариқ безгакка қарши эмланганим ҳақида махсус карточка бор. Лекин бу каби карточкаларни кўрсатадиганларнинг қанчасида карточкалар ҳақиқий, яна қанчасида ясамалиги ҳақида тасаввурим йўқ», дейди Лондон Империя коллежи катта илмий ходими, профессор Ричард Теддер BBC’га берган интервьюсида.

Бу вакцина паспорти билан боғлиқ ягона муаммо эмас. Шахсий маълумотлар сизиб чиқиш хавфи ҳам бор. Айни дамда мутахассислар вакцинациядан ўтганлик тасдиғини смартфон учун махсус иловада сақлашни таклиф этишмоқда. Демак, жуда кўп шахсий маълумотлар серверларда туради ва исталган пайт уларга эга бўлиш мумкин.

Устига-устак жаҳон аҳолисининг атиги ярми интернетга уланиб, илова юклаб олиш мумкин бўлган смартфонлардан фойдаланади.

Британия иммунология ҳамжамияти раиси Дебора Данн-Уолтерс BBC билан бўлган суҳбатда бундай иловага йўқ демаслигини тан олди: «Мен телефонимда шундай илова бўлишини истардим. Унда мен қачондир олган вакциналар ва уларнинг муддатлари кўрсатиб турилса...»

Лекин профессор Данн-Уолтерс бу каби иловалар паб ёки ресторанга кириш учун рухсатномага айланишини чатоқ деб ҳисоблайди: «Одамларга ҳар куни қилиб юрган ишларини уларда бу каби тасдиқ бўлмаса, қилолмай қолишини айтиш – мураккаб ахлоқий муаммо».

Эксетер университети доктори Анна Бедуши унинг фикрига қўшилади. У шундай ҳужжатлар қандай ишлашини ўрганган.

«Бундай иловаларга шахсий маълумотларни муҳофазалайдиган технология аввалдан ўрнатилиши шарт», дейди Бедуши.

«Бироқ умуммиллий локдаун – эмланганлик тасдиғини кўрсатишдан кўра инсонларнинг эркинлигини чекловчи анча жиддийроқ нарса», дея таъкидлайди Бедуши.

Башарти одамлар вакцина олишни исташса-ю, қандайдир сабабга кўра олишолмаса, бундай ташаббуслар уларнинг эркинлигини чегараловчи жиддий масалага айланиши мумкин.

Ричард Теддер эса масалага бошқа томондан қараб кўрди: «Менимча, вакцина олишни истамаганлар учун қандайдир чекловлар бўлиши шарт. Мен учун бу принципиал масала: вакцинациядан ўтмадингизми, саёҳат қилмаганингиз маъқул. Масала буни халқаро миқёсда қандай амалга оширишда. Бу ялпи эмлашга қодир бўлмаган мамлакатлар учун жиддий муаммога айланиши мумкин».

Хавотирга сабаб бўладиган жиддий омиллардан бири – аҳолининг аксар қисмини вакцинация қилиш коронавирус тарқалишига қай даражада таъсир кўрсатиши ҳақида маълумотлар камлиги.

«Охирги ойлардаги чекловлар бизга шунчалар таъсир кўрсатдики, вакцина паспортлари концепцияси жозибадор кўриниши мумкин», деб ҳисоблайди Дебора Данн-Уолтерс.

Унинг фикрича, ҳозирда мавжуд ва келажакда чиқиши мумкин бўлган вакциналар бизга бериши мумкин бўлган ҳимоя ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш шарт.

«Вакцинация аҳолини касалланишдан қанча муддат асрай олади? Эмлаш вирус юқишидан ҳимоялай оладими? Бу вакцина паспортларини жорий қилишдан олдин жавоб топилиши керак бўлган иккитагина савол, холос», дейди у.

«Мен Грециянинг бундай паспорт жорий қилиш истагини тушунаман. Лекин кимдир вакцина таъсир қилмайдиган штаммни олиб келсачи? Ана унда Грецияда муаммолар чиқиши мумкин. Ундан кейин, вакцинация ҳақидаги сертификатлар ҳаққонийлигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин? Антитаналар мавжудлигига қўшимча тестлар ўтказишга тўғри келиши ҳам мумкин», дейди Ричард Теддер.

Европа бир қарорга келмади

Туризмга боғланиб қолган Европанинг кўплаб давлатлари Грецияни қўллаб-қувватлашмоқда. Италия, Португалия, Кипр, Чехия, Эстония, Испания, Словакия ва Венгрия каби давлатлар ҳам озми-кўпми вакцина паспорти жорий қилиниши тарафдори.

Умуман олганда, Европа ҳали якдил фикрга келганича йўқ.

Ҳозирча ЖССТ вакцинацияни вирус тарқалишининг олдини олишга кафолат сифатида кўраётгани йўқ. Ундан ташқари, ЖССТда саёҳат қилиш учун иммунитет борлиги тасдиғининг қандайдир тизими мавжуд бўлиши керак деб ҳисоблашмоқда.

ЖССТнинг Европадаги махсус вакили Давид Набарро «Одатий ҳаёт тарзига қайтиш учун фавқулодда тезкор коронавирус тестлари кўмак беради», дея таъкидлаган ва «эмланмаганлар чекловларга дучор бўлиши» ҳақида огоҳлантирган.

ЖССТнинг етакчи мутахассисларидан бири бўлган Набарро вакциналарнинг етишмовчилигига барҳам берилмагунча одамлар қисқа муддатга бундайин аччиқ реалликка кўникишлари лозим, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, вакцина ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бораётгани боис, яқин ойлар ичида муаммо ҳал бўлади.

Сайёҳларга вакцина паспорти ёки сертификатларини жорий қилиш, унинг фикрича, давлатлараро даражада ҳал қилиниши шарт ва бу осон кечмайди.

«Ҳа, мен вақт ўтиши билан инсон коронавирусга қарши иммунитети борлигини кўрсата олишига имкон берувчи тизим пайдо бўлади, деб ўйлайман. Бунинг учун бироз меҳнат керак», дейди Набарро Британиянинг ITV телеканалига берган интервьюсида.

Ўтган йилнинг октябрида ЖССТ халқаро вакцинация сертификатини ишлаб чиқиш бўйича Эстония билан келишувга эришганди.

Ташаббусга Германия ва Францияда шубҳа билан қарашмоқда. У ерда вакцина паспортлари одамларнинг бир қисми алоҳида имтиёзларга эга бўлиб қолишига сабаб бўлади.

Амалдаги вакцинация схемасига кўра энг охирги бўлиб эмланадиган ёшлар бу масалада ютқазади.

Германия ҳукуматининг маслаҳатчиси ва мустақил орган бўлган Ахлоқ кенгаши эмланганларга махсус шароит қилиб бермасликни тавсия қилди.

Буюк Британия амалдорлари эса ялпи вакцинация ва экспресс тестлар уйғунлиги вазиятни ўрнига туширади, деб ҳисоблашмоқда.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 15 феврал куни берган баёнотида Британия мамлакат ичида вакцина паспортини жорий қилмоқчи эмаслигини маълум қилган бўлса-да, бу каби ҳужжатлар хорижга чиқишда зарур бўлишини тан олди.

«Фикримча, саёҳат қилиш учун баъзан сариқ безгак ва бошқа касалликларга қарши эмланганингиз исботини кўрсатишингизга тўғри келгани каби, коронавирусга қарши эмланганингизни кўрсата олиш ғояси кўпчиликни қизиқтиради ва бундан қочишнинг иложи йўқ. Бу келажакда рўй беради деб ўйлайман. Бизнинг мамлакатда эса паб ёки шунга ўхшаш жойларга кириш учун паспортлар бўлмайди, деб ўйлайман», деган Борис Жонсон.

 

Илгарироқ Британиянинг вакцинация бўйича мулозими Нозим Заҳовий вакцина паспортлари бўлмаслигига ваъда бериб, хорижга отланганлар зарур ҳолларда ўз врачларидан маълумотнома олиб кетаверишлари мумкинлигини айтганди.

Британиянинг позицияси ўзгариши мумкинми?

Британиядаги Telegraph нашри январ ойидаёқ мамлакат раҳбарлари вакцина паспортлари синовларини молиялаштираётгани ҳақида ёзганди. Фойдаланувчилар улар эмлангани ҳақидаги маълумот киритилган иловани юклаб олиши режа қилинганди.

Айрим британияликлар бундай паспорт барибир жорий қилинади, деган қўрқувда. 150 мингдан зиёдроқ киши бу ғоядан бутунлай воз кечишни талаб қилувчи петицияга имзо чекишди.

«Бундай паспортдан коронавирус вакцинасини олишни рад қилган инсонларнинг ҳуқуқларини чеклаш учун фойдаланилиши мумкин ва бунга йўл қўйиб бўлмайди», дейди петиция муаллифлари.

Бизнес – паспорт тарафдори

Масала шундаки, давлатлар қандай позицияда бўлмасин хусусий корхоналар, жумладан, ресторанлар, кинотеатрлар ва авиакомпанияларга ўз қоидаларини белгилашига қаршилик қилишнинг иложи йўқ.нация ҳақидаги маълумотлар сақлаш мумкин бўлган иловалар ишлаб чиқишмоқда

 

Германиянинг концерт ва бошқа тадбирларга чипта сотиш билан шуғулланувчи Eventim компанияси ўзининг онлайн бронлаш тизимига ўзгартиш киритишга улгурди: мижозлар эмланганлик ҳақидаги маълумотни жойлашлари мумкин.

Компания бош директори Клас-Петер Шуленберг вакциналар етарли бўлиб, истаган одам эмлана олиш имкони бўлгач, тадбирлар ташкилотчилари чипта сотиб олаётганда вакцинация ҳақидаги гувоҳномани мажбурий қилиб қўйишлари мумкин.

Американинг маданий тадбирларга чипта сотувчи Ticketmaster компанияси ҳам концерт фаолиятини тиклаш режасини ишлаб чиқмоқда.

Режа қуйидагича ишлайди: концертга чипта сотиб олган томошабинлар концерт бошлангунга қадар эмлангани ҳақидаги сертификат ёки коронавирус тестига манфий жавобни тақдим этиши керак бўлади. Сертификатсиз чипта ҳақиқий ҳисобланмайди.

Авиакомпаниялар ҳам ўз талабларини илгари суришлари эҳтимолдан холи эмас. Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси ноябрдаёқ махсус рақамли чипта яратиш таклифини берганди. IATA’нинг режасига кўра, ундай чипта давом этиб турган пандемия шароитида ҳам чегараларни бемалол очиш имконини беради.

Ассоциация ташаббусига қўшиладиганлар кўп куттиришмади – Emirates авиакомпанияси Ассоциация билан ҳамкорлик қилишни бошлаб юборди.

Улар ҳамкорликда фойдаланувчиларга турли давлатларга кириш шартлари билан танишиш имконини берувчи ва унга коронавирус тести натижалари ёхуд вакцинация сертификатини киритиш мумкин бўлган иловани синаб кўришади.

Бир неча ҳафтадан сўнг Etihad Airways компанияси ҳам иловани синовдан ўтказишни бошлайди.

Бутунжаҳон иқтисодий форуми Швейцариянинг Commons Project Foundation нотижорат гуруҳи билан саломатликка оид рақамли паспорт устида ишламоқда.

IBM компанияси ҳам ўз иловаси устида ишламоқда. Пандемия мобайнида компания ўз ғоялари билан чиқиш қилиб, контактларни кузатувчи илова тақдим қилишди. Лекин лойиҳани муваффақиятли бўлди дейиш қийин.

Вакцина паспортлари билан вазият янада мураккаблашиши мумкин, гап, ҳар ҳолда, барча давлатларга мос келадиган тизим ҳақида кетмоқда.

Турли давлатларда турли вакциналар сертификатлаштирилиши, сайёҳ эса ўзи эмланган вакцина билан у муайян давлатга киритиладими йўқми, била олишини ҳам ҳисобга олиш шарт.

«Чегарачиларга сайёҳ, айтайлик, Pfizer, Россия ё Хитой вакцинасини олган-олмаганини билиш қизиқ бўлса керак. Бу бир қарорга келишга ёрдам беради», дейди Commons Project Foundation’нинг жамоатчилик билан ишлаш директори Томас Крэмптон CNN’га берган интервьюсида.

17 Feb 2021

   Куни-кеча туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 2-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида Навоий вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи У.Тиллаев томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари билан сайёр қабули ўтказилди.  

   Ўтказилган сайёр қабулда туман аҳолиси иштирок этиб, улар томонидан мактабгача таълим тизими бўйича муаммо ва таклифлар билдирилди. Келиб тушган ҳар бир мурожаат ва таклиф атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг ижроси бўйича тегишли масъуллар бириктирилиб, ижроси назоратга олинди.

  Жумладан, М.Авезов кўчаси 27-уй 11-хонадонда яшовчи фуқаро С. Қосимова фарзандини яшаш манзилига яқин бўлган мактабгача таълим ташкилотига кўчиришда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати бўйича  ҳуқуқий тушунтириш берилди.  

   Сайёр қабулда  яна 2 нафар  ота - она  сўзга чиқиб, туман мактабгача таьлим ташкилотларида   тарбияланувчилар  учун   замон талабларига мос яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган эьтибор учун аввало  муҳтарам Президентимизга, Мактабгача таьлим  вазирлигига ва МТТларда фаолият юритаётган педагог ходимларга   миннатдорчилик  билдиришди.

   Шунингдек, мазкур қабулда яна 8 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари томонидан қилинган мурожаат ва таклифлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

   Тадбирда  бир гуруҳ фидойи ва фаол МТТ ходимлари рағбатлантирилди.

Моҳидил Ёрқулова,

туман мактабгача таълим бўлимининг жисмоний ва юридик

шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутахассиси.

17 Feb 2021

Ўзбекистонда биринчи навбатда эмланадиган аҳоли сони 4 млн 112 минг 668 нафарни ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассиси Вазира Муталова маълум қилди.

У биринчи навбатда эмланадиган аҳоли қатламлари ҳақида маълумот келтирган:

  • 65-74 ёшгача бўлган қариялар – 1 млн 85 минг 797 нафар;
  • 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар – 388 минг 686 нафар;
  • 85 ёш ва ундан юқори кексалар – 139 минг 280 нафар;
  • Тиббиёт ходимлари – 447 минг 976 нафар;
  • Сурункали касалликлари бор аҳоли (18-65 ёш) – 888 190 нафар;
  • Мактаб ўқитувчилари – 689 минг 383 нафар;
  • Мактабгача таълим муассасаси ходимлари – 223 минг 426 нафар;
  • Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари – 180 минг нафар.

Ўзбекистонда эмлаш жараёнига 3138та эмлаш пунктлари, 862та мобил бригадалар (ҳар бирида 1 нафар оилавий шифокор, 1 нафар вакцинатор ва 1 нафар муолажа ҳамшираси мавжуд) жалб этилган.

Ушбу фуқаролар ўзлари яшайдиган ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ташкил этилган эмлаш хоналарида эмланади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев давлат дастури бўйича йиғилишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлаганди. Санитария-эпидемиология хизмати Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланишини маълум қилганди. Биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланиши ва у фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилиши маълум қилинган. Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Ўзбекистонда аҳолининг заиф қатламлари коронавирусга қарши бепул эмланишини маълум қилган.

17 Feb 2021

2021 йилда Ўзбекистонда аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи «Жисмоний тайёргарлик даражаси» синовлари жорий этилади. Нормативларни бажарган ва ғолиб бўлганларга қатор имтиёзлар берилади.

 

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этган жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид 2021 йилги режаларда шу ҳақда маълум қилинган.

Унга кўра, «Жисмоний тайёргарлик даражаси» синовларининг махсус талабларини бажарган ва ғолиб бўлганлар уларга ёш тоифасига қараб қуйидаги имтиёзларни бериш орқали тақдирланади:

  • тегишли спорт разрядлари ва унвонлари;
  • сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат учун тўловларга 50 фоиз чегирма;
  • муддатли ҳарбий хизматга юборилишида юқори устунликка эга бўлиш;
  • «Темурбеклар мактаби»га имтиёзли кириш;
  • ОТМ талабаларини амалдаги стипендия миқдорида бир марта рағбатлантириш;
  • республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган барча ижодий имтиҳонлардан озод бўлиш.

Қайд этилишича, 2021 йилда 55 та спорт объекти фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, 400 та стритбол, 520 та бадминтон ва 893 та «Воркаут», жами 1 813 та замонавий спорт майдончалари ташкил этилади.

Йил давомида республика бўйича жами 916 км узунликдаги «Саломатлик йўлаклари» барпо этилади. Бу борада ҳар бир ҳудудий ҳокимликларнинг ҳудудий дастурлари тасдиқланган.

Апрель ойига қадар соғлом турмуш тарзи учун www.1hls.uz интернет-платформаси тўлиқ ишга туширилиб, аҳолини кунлик юришга тарғиб қилиш ва антропометрик кўрсаткичларини яхшилаш тизими яратилади.

«Юқоридаги барча ишларимизнинг натижасида 2021 йил якунига қадар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи аҳолининг умумий сони ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилади», – дея маълум қилди Азиз Абдуҳакимов.

16 Feb 2021

Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Насрулло Бобоевнинг хабар беришича, Сардоба сув омборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ қарори қабул қилинган ва изланишлар якунлангач, тўғонни тиклаш ишларини икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган.

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омоборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори қабул қилинган. Бу ҳақда Қурилиш вазирлигининг Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Насрулло Бобоев «Дарё»га маълум қилди.

Бобоевнинг сўзларига кўра, қарор асосида жуда катта ҳажмдаги муҳандислик-қидирув ишлари давом эттирилиб, лаборатория таҳлиллари, илмий-техник изланишлар давом этмоқда.

Сув омборини қайта қуриш бўйича лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра объектда тиклаш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Бироқ масъул қурилиш муддатларини очиқлай олмаслигини билдирган.

 

«Сабаби — бу ёпиқ қарор билан белгиланган. Ҳукумат томонидан график қилинган ва масъул ходимлар белгиланган. Режа бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг бириктирилган ташкилотлари ўз ишини қилмоқда», — деди Бобоев.

Хабар берилишича, изланишлар якунлангач, тўғонни тиклаш ишлари икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган.

«Ҳолат қўшни давлатларга ҳам тааллуқли бўлгани боис илмий ўрганишларга нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет эл илмий-тадқиқот марказлари ҳам жалб қилинган. Бунда бир нечта мустақил экспертлар гуруҳи қилинган ишлар натижаларини таҳлил қилади ва ўз хулосаларини беради. Шундан келиб чиқиб, кейинги босқич ишлари давом эттирилади», — деди Насрулло Бобоев.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилган эди. Тошқин Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга катта зарар етказган. Бинолар, йўллар, алоқа тармоқлари вайрон бўлган. Кейинчалик Сардоба тошқинидан жабрланган аҳоли учун қурилган уйлар қуриб топширилди. Маълумотларга кўра, қурилган уйларнинг жами нархи 855,4 млрд сўмни ташкил этган.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: