Бугунги кунда телевидение ва интернет тармоқлари ҳаётимизда шунчалик мустаҳкам ўрин олганки, мазкур медиа воситаларисиз замонавий жамиятни тасаввур қилиш қийин. Аммо бундан 80-100 йиллар аввал ахборот воситаларининг бу қадар ривожланиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Иккинчи жаҳон урушидек даҳшатли офат юз миллионлаб инсонларнинг бошига тушганда фронт хабарлари ва бошқа маълумотларни жангчиларга ҳамда фронт ортидаги аҳолига тезкор тарзда етказишнинг ягона воситаси радио тармоқлари бўлган. Бундан ташқари, ўша даврда радио нафақат ахборот тарқатиш воситаси, балки маданий дастурлар билан аскарлар ҳамда фронт ортидаги аҳолининг ҳордиқ чиқаришида, шунингдек адабий асарлар намуналари билан таништиришда ҳам муҳим роль ўйнаган. Бир сўз билан айтганда, токи телевизор кашф қилиниб оммавий ахборот воситасига айлангунга қадар, радио бугунги кундаги телевидение ва интернет тармоқлари вазифаларини ўтаган.
Радио тармоқларининг аҳолини маданий ва сиёсий ҳаётида ҳамда мамлакат мудофаасида ҳал қилувчи аҳамият касб этгани сабаб, ушбу соҳада фан ва техника ютуқларини оммалаштириш ва аҳолининг кенг қатламлари орасида ҳаваскор радиони оммалаштириш мақсадида Совет Иттифоқи Халқ комиссарлари кенгашининг 1945 йилги қарорига биноан ҳар йилнинг 7 май куни “Радио куни” деб эълон қилинган.
Ушбу мақолада 1920-1940 йиллар давомида Ўзбекистонда радио тармоқларининг фаол ривожланиши, Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт хабарларини республика аҳолисига тезкор етказишдаги роли, маданий дастурлар ёрдамида фронт ортидаги кайфиятни мумкин қадар оширишдаги аҳамияти, умуман олганда, радиоэшиттиришларнинг 1945 йилда эришилган ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритилади.
Иккинчи жаҳон урушида халқни ғалабага руҳлантириб туриш, унинг тинч ва осойишта кунларга бўлган умидини кучайтиришда муҳим роль ўйнаган медиа воситаси – радионинг аҳамияти ва унинг ғалабага қўшган ҳиссаси алоҳида эътиборга лойиқ.
Радио тармоқларининг 1920-1940 йилларда фаол ривожланиши
Бугунги кундаги ҳолатга келишдан олдин ахборот тарқатиш воситалари узоқ эволюцияни бошдан кечирган. Ахборот манбаларининг мураккаблашуви жараёни биринчи навбатда маълумотларнинг кўпайиши ва тўпланиши билан боғлиқ бўлса, бошқа сабаби эса ахборот алмашинуви жараёнларини тезлаштирувчи янги техника кашфиётлариэди.
Шундай ахборот тарқатиш воситаларидан бири радио ҳисобланади. Дастлаб радио аҳолига фавқулодда ҳолатлар ҳақида ахборот етказиш учун хизмат қилган бўлса, кейинчалик инсон ҳаётининг турли жабҳаларига кириб борди. У жамиятда маълум сиёсий кучларнинг ташвиқот ва тарғибот воситасига айланишдан ташқари, инсонларнинг ҳордиқ чиқаришига ҳам хизмат қила бошлади.
ХХ асрнинг 30-40 йилларига келиб Совет Иттифоқи аҳолисининг фаол ахборот алмашувига бўлган эҳтиёжи ахборотни етказиб бериш воситаларининг оммалашишига ва жамият ҳаётининг ажралмас бўлагига айланиб боришига олиб келди. Ахборот соҳасининг бундай тезлик билан ривожланиши, унинг имкониятларини ўсиши, жамоатчилик ва давлат ҳаётидаги турли хил йўналишларда кенг тарзда ишлатилиши ижтимоий ҳаёт ривожланишини аниқлаб берувчи муҳим омиллардан бири бўлди. Шу боис республикани радиолаштириш жараёнларига жадал тус беришга оид кўплаб қарорлар қабул қилинди ва кўрсатмалар бериб борилди[1]. 1940-йилнинг охирларига келиб Ўзбекистонда радионуқталарнинг сони 72 мингтага етди[2]. ХХ асрнинг 20-йилларида республикада бошланган радиолаштириш жараёнининг дастлабки босқичи 1941 йил бошларига келиб якунланди[3].
Иккинчи жаҳон уруши хавфи Ўзбекистон аҳолисини ҳам ўз домига тортиши аниқ бўлиб бораётганини яхши англаётган ҳукумат раҳбарлари республика радиотармоғини имкон қадар аҳолига етказиб боришга ҳаракат қилди. Натижада, радионуқталарнинг сони кўпайиб, жумладан, клуб ва чойхоналарда, колхозларда ва машина-трактор станцияларида, мактабларда ташкил этилди. Бундан ташқари, аҳоли хонадонларига ҳам радионуқталар ўрнатила бошланди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда радиотармоқларни янги ускуналар билан таъминлаш ва уларни техник жиҳатдан модернизациялаш имкони бўлмади. Бунга бир томондан иқтисодий танглик сабаб бўлган бўлса, иккинчи томондан эса уруш туфайли радиотармоқларнинг фронт ва фронт орти учун туну кун олиб борган узлуксиз фаолияти имкон бермади.
Иккинчи жаҳон уруши даврида радиостанцияларнинг фаолияти
Иккинчи жаҳон уруши йилларида моддий етишмовчилик ва техник носозликлар бўлишига қарамасдан радиоэшиттиришлар узлуксиз равишда эфирга узатиб борилди. Республика радиостанцияларида техник ускуна ва жиҳозлар етишмас, мавжудлари эса талабга жавоб бермасди[4]. Ушбу даврда товуш икки усулда – фотоэлектрик ҳамда механик усулда ёзиб олиниб, бу жараённи амалга ошириш техник ходимлардан кўплаб вақт ва меҳнат талаб қиларди[5]. Шу сабаб, ТАСС ва Совинформбюро материаллари Москвадан трансляция вақтида “шоринафон”га ёзиб олиниб, зудлик билан ўзбек тилига таржима қилинарди[6]. Бу оғир йилларда республика радиостанциялари ўз фаолиятини сусайтирмади, радио ходимлари туну-кун ишлашди.
“Ҳамма нарса фронт учун!”, “Ҳамма нарса ғалаба учун!” – бу жанговор чақириқлар республика радиоси ходимларига катта масъулият юклади. Эшиттиришлар дастури тубдан ўзгартирилди. Радио – фронт ортининг энг жанговор, ҳозиржавоб оммавий ахборот воситасига айланди.
Ўзбекистон радио эшиттириш карнайларидан аҳоли ҳар куни фронтдаги жангчиларнинг қаҳрамонликлари ва жасоратлари, жанговор ҳаракат лавҳалари, шунингдек фронт ортидаги долзарб ишлар билан боғлиқ муаммолар ёритиб борилди.
Урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб Совет Иттифоқининг ғарбий ҳудудларидаги кўплаб саноат корхоналари, заводлар ва фабрикалар Ўзбекистонга кўчириб келинди. Бу саноат корхоналарининг Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб жойлаштирилиши ва ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши, уларда мамлакат мудофаа қудратини оширишга хизмат қилувчи маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилаётганлиги ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда радиоэшиттиришларда ёритиб борилди. Шундай эшиттиришлардан бирида Москвадан кўчириб келтирилган Чкалов номли заводда ишлаб чиқарилган ҳарбий самолётлар фронтнинг олдинги марраларига учиб бориб, душман қўшинларига қирон келтираётгани, Тошкентдан эшелонларга юкланиб, фронтга юборилаётган танкларда жангчиларимиз матонат қўрсатаётгани ҳақида долзарб хабарлар берилди. Ўзбекистон фронтнинг аслаҳахонасига айлангани қайта-қайта таъкидлаб турилди.
Радиожурналистлар фронтга мадад бўлсин деб икки сменада ишлаётган ишчилар ўз иш ҳақларининг бир қисмини, деҳқонлар сўнгги жамғармаларини фронт учун самолётлар, танклар ишлаб чиқаришга ҳадя этаётганлигини ҳамда Ўзбекистондан фронтга озиқ-овқат, кийим-кечак олиб кетаётганлиги ҳақида репортажлар бериб бордилар[7].
Ўша даврнинг кучли тарғибот ва ташвиқот воситаси бўлган радиода марказдан рус тилида берилган хабарларни зудлик билан маҳаллий тилларга таржима қилиб етказиб турилган. Радио ходимлари Совет Ахборот бюроси хабарларини, “Сўнгги Ахборот” материалларини, “Правда” газетасинингбош мақоласи ва шарҳини қўлларига қалам олиб тинглардилар. Бу материалларни улар зудлик билан ўзбек тилига таржима қилиб, республика аҳолисига ҳар қандай ҳолатда ҳам етказиб турди. Москва радиоси орқали эшиттирилган энг муҳим материаллар асосида ўзбек радио журналистлари “Сўнгги соатда” номли эшиттириш остида юзлаб ахборот бердилар[8].
Бу йилларда халқ радиони ҳаяжон, умид билан тингларди. Чунки кимнингдир фарзанди, кимнингдир отаси, акаси, укаси, невараси фронтда жанг қилаётган эди. Айниқса, “Фронтдан хатлар”, “Фронтга хатлар” деган эшиттиришлар кенг халқ оммасининг эътиборини ўзига тортди. Бу фронт ва фронт ортининг ўзига хос мулоқоти эди. Ҳар куни радио даргоҳига кекса оталар, оналар келишарди. Улар: “Болам, қарагин, ўғлимдан хат борми?” ёки “Мен ҳам ўғлимга радио орқали хат юбормоқчиман, ёзиб бермайсанми, жон болам” деб мурожаат қилардилар[9].
Жонрид Абдуллахонов ўзининг “Ҳаёт абад васл айёмидир” номли китобида радионинг уруш йилларидаги фаолиятини алоҳида бир давр сифатида таърифлайди. Чунки радио халқни жанг майдонидаги воқеалардан муттасил хабардор қилиб турувчи бирдан-бир алоқа воситаси бўлган. Энг биринчи уруш қаҳрамонлари Қўчқор Турдиев, Тўйчи Эрйигитов, Владимир Карпов, биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовларнинг жасоратлари ҳам илк бор радио орқали таралган. Радио бундай қаҳрамонлар ҳақида доимий равишда хабар бериб турган. Жумладан, 1943 йили фарғоналик йигит Аҳмаджон Шукуровнинг кўрсатган мардликлари, унинг моҳир пулемётчилиги тўғрисидаги ҳикоялар радионинг асосий мавзуларидан бирига айланди. Радио орқали қаҳрамон Аҳмаджон Шукуровнинг Тошкентга келаётганлиги ҳақидаги хабарнинг эшиттирилиши Тошкент вокзалига уни бир бор кўриш истагида бўлган кишиларнинг йиғилишига сабаб бўлади. Улар орасида радиода сиёсий бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган Ҳаким Назир ҳам бўлиб, у Аҳмаджон Шукуровни шахсан ўзи радиога олиб келади[10]. Уруш йилларида радио ходимларининг фаол ҳаракатлари аҳолини радиога бўлган қизиқишини янада оширди.
“Фронтдан хатлар” рукнида берилган эшиттиришлар тингловчиларда жуда катта тассурот қолдирган. Шундай эшиттиришлардан бирида ўқилган жангчи Чебурихиннинг Ғафур Ғуломга мактубида – “Муҳтарам Ғафур Ғулом! Сизнинг “Правда” газетасида босилган “Сен етим эмассан” шеърингизни ўқидим. Бу шеърингиз устига тўкилган кўз ёшимни сизнинг асарингизга бўлган ҳурматим деб билинг. Энди сизнинг юртингизга эвакуация қилинган ўғлим тақдири учун хотиржамман. Жангчи Чебурихин”, – деган сатрлар бор эди[11]. Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеъри радионинг нодир ёзувлари хазинасида авайлаб сақланмоқда. Бу шеърни Ғафур Ғуломнинг ўзи ўқиган.
Уруш йилларида радионинг доимий ходимларининг меҳнатлари ҳам алоҳида ўринга эга бўлди. Бу йилларда радиоэшиттириш қўмитаси жуда кўп инженер-техник ходимлар, журналистлар, адабиёт ва саньат аҳли учун катта ижод ва тажриба мактаби бўлди. Улар ўз ижодий фаолиятларини журналист сифатида оддий хабар ёзишдан бошлаб, йирик бадиий асарлар яратувчи адиб даражасига кўтарилдилар. Уруш уларни тезкор, ҳозиржавоблик билан ишлашга, ҳар қандай қийинчиликларга бардош беришга ўргатди. Ўша йилларда ёзувчилардан Ойдин Собирова, Насрулло Охундий, Адҳам Раҳмат, Ҳаким Назир, Мирмуҳсин, журналистлардан Тошқин Мўминов, В.М.Аркт, Д.Н.Протопопов, Нуъмон Ғуломов, Е.А.Моисеева, Пошшо Ғаниев, Людмила Зеленская, Владимир Михайлов, дикторлардан Ҳамид Ғулом, Туроб Тўла, Қодир Маҳсумов, Ҳурриятхон Набиева, Зиёда Аминова, Туйғуной Юнусхўжаева уйқуни, оромни билмай меҳнат қилдилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, журналист Тошқин Мўминов “Сўнгги ахборот” таҳририятида мухбир бўлиб ишларди. Урушнинг биринчи куниёқ фронтга кетди ва 1943 йилда ярадор бўлиб, яна радиога ишга қайтиб келди. Чунки бу йилларда барча соҳаларда бўлгани каби радиода ҳам кадрлар етишмаслик ҳолати мавжуд эди. Ёзувчи Ҳаким Назир урушнинг бошланишидан то ғалаба кунигача, ундан кейин ҳам радиоэшиттириш қўмитасининг турли таҳририятларида ишлади[12]. Ҳаким Назир бу йилларда болалар радиоэшиттиришлари учун турли қисқа ҳикоялар ёзиб келиб, шогирдларига ўқитар эди[13].
Уруш йилларида радио фаолиятида адабиёт намоёндаларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Ҳар куни бу даргоҳга ўнлаб фан, маданият арбоблари оқиб келарди. Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Уйғун, Собир Абдулла янги ёзган шеърларини, ҳикояларини илк бор радио орқали ўқиб берардилар[14]. Бу йилларда сафарбарлик руҳида ёзилган шеър, ҳикоя ва асарларни халққа радио орқали эшиттириб борилди. Ойбекнинг “Ёвга ўлим!” шеъри, “Навоий”, “Қутлуғ қон” романлари, Ҳамид Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол” “Йигитларни фронтга жўнатиш”, “Шарқдан ғарбга кетаётган дўстга”, “Жангчи Турсун”, “Роксананинг кўз ёшлари”,Ғофур Ғуломнинг“Сен етим эмассан”, “Соғиниш”, “Кузатиш”, “Мен яҳудийман”, “Бизнинг кўчада байрам бўлажак”, Уйғуннинг “Қасам”, “Бир қадам ортга чекинмасин”, “Мактуб” Мақсуд Шайхзоданинг “Она кутмоқда”, “Кураш нечун?”, “Капитан Гастелло”, Миртемирнинг “Олег ва ўртоқлари” шеърлари шулар жумласидандир[15].
Шунингдек, уруш йилларида маҳаллий санъат арбобларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Ҳар куни кеч кириши билан радиостудияга санъаткорлар кела бошларди. Жумладан, Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий, Ризқи Ражабий, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Карим Мўминов, Берта Давидовалар кечқурун соат 21.00 дан 22.00 га қадар бўладиган концертга тайёргарлик кўрарди[16]. Композитор Никита Богословский “Шаланди” деган машҳур қўшиғини Тошкентда яратди. Республикарадиоси ходимлари унинг биринчи тингловчилари бўлдилар[17].
Иккинчи жаҳон уруши йилларида республикада 30 дан ортиқ концерт бригадалари ташкил этилиб, улар ҳаракатдаги армия қисмларида 35 мингдан ортиқ, Туркистон ҳарбий округи қисмлари ва госпиталдаги ногиронларга 26 мингта концерт қўйиб бериб, жангчиларни руҳлантирдилар, уларни фашизм устидан ғалабага ундадилар. Айниқса, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Сора Эшонтўраева, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Лутфихоним Саримсоқова, Аббос Бакиров каби санъаткорлар иштирокидаги концертлар радио орқали мунтазам эшиттириб борилди[18].
Уруш йилларида бошқа жойлардан Ўзбекистонга эвакуация қилинган адабиёт ва санъат арбобларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Бу йилларда Ўзбекистонда яшаб ижод этган Алексей Толстой, Анна Ахматова, Констанин Симонов, Корней Чуковский, Луговской, Петр Павленко, Иосиф Уткин, Семен Гудзенко, Эдди Огницветнинг фронт орқасида фидокорона меҳнат қилаётганлиги ва ижоди ҳақида кўплаб эшиттиришлар ташкил қилинди, бу дастурларни Туйғуной Юнусхўжаева билан Ҳамид Ғулом олиб борарди. Дастур давомида турли тилларда кўплаб шеърлар ўқиларди. Жумладан, А.Толстойнинг “Фидойилик” очерки, Э.Дорошнинг “Фарғонанингқора қони” очерки, В.Луговскаянинг “Ўзбекистон”, О.Лисогорскийнинг “Самарқанд кўзи”, Э.Мадараснинг “Ўзбек балладаси” шеърлари радио орқали эшиттириб борилди[19].
Шунингдек, уруш йилларида республика театр санъати ҳам ривож топган бўлиб, радио бу соҳа ижодини ҳам халққа етказишда катта жонбозлик кўрсатди. Театрларда уруш мавзусига бағишланган асарлар ва пьесалар, хусусан, А.Умарийнинг “Қасос”, Яшин ва Собир Абдулланинг “Даврон ота”, “Шерали”, Уйғун ва Иззат Султон “Алишер Навоий”, Н. Погодин, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва Собир Абдуллалар ёзган “Ўзбекистон қиличи” мусиқали драмалари, “Улуғбек” ва “Маҳмуд Таробий” опералари, мардлик ва жасорат мавзуларида ёзилганКомил Яшиннинг “Босқинчиларга ўлим”, Мақсуд Шайхзоданинг “Жалолиддин” пьесалари радио орқали тингловчиларга эшиттириб борилди[20]. Республика радиосининг бу каби фаолияти иккинчи жаҳон уришидаги халқимизнинг фронт ортидаги фашизмга қарши курашининг бир кўриниши дейиш мумкин.
Республика радиоси урушнинг сўнгги кунларига қадар фронтдан келган хабарларни халққа етказиб турди. Республика аҳолиси урушнинг якунланиши тўғрисидаги хабарни интиқ бўлиб кутишарди. Дастлаб бу хабарни ҳамхалққа республика радиоси сухандони Ҳамид Ғуломов эълон қилди[21].
Хулоса қилиб айтганда, иккинчи жаҳон уруши йилларида республикада радиолаштириш ишларининг режали тарзда ва аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳолда амалга оширилиши республика ҳудудларининг маълум даражада радио билан боғланишини таъминлади. Радио нафақат бутун республика, балки бутун дунёда бўлаётган воқеалардан халқни бохабар қилиб борди, шунингдек, радио бу даврда жамият ҳаётидаги барча масалаларни ёритиб борди ва аҳолининг ижтимоий ҳамда маданий ҳаёти ривожига катта ҳисса қўшди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, иккинчи жаҳон урушида халқни ғалабага руҳлантириб туриш, унинг тинч ва осойишта кунларга бўлган умидини кучайтириш, халқни фронт ортидаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларда янада фаолроқ бўлишга ундаб борганлиги нуқтаи назаридан радио алоҳида ўринга эга бўлди.