LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

25 Feb 2021

Халқ таълими тизимида 2021 йилнинг февраль ойидан эътиборан синф раҳбари тайинлаш бўйича янги низом жорий этилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Низомга кўра, 5-синфдан бошлаб 11-синфга қадар ягона синф раҳбарини тайинлаш йўлга қўйилади ва барча мактабларда синф раҳбарлари қуйидаги умумий талабларга жавоб бериши лозим:

  • камида 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлиш;
  • мактабда тўлиқ ставкада аосий ишчи сифатида фаолият юритиш;
  • бўлиниб ўқитиладиган фанлардан дарс бермаслик;
  • одоб-ахлоқи ва хулқи билан ўқувчиларга шахсий намуна бўла олиш;
  • руҳий жиҳатдан барқарор бўлиш;
  • ўқувчилар билан ишлаш жараёнига масъулият билан ёндаша олиш.

Бундан ташқари, қабул қилинган янги низомга мувофиқ, синф раҳбарларининг:

  • амалдаги ҳужжатлари сони оптималлаштирилди;
  • фаолиятини баҳолаш мезонлари яратилди;
  • малака ошириш курслари ишлаб чиқилди;
  • ота-оналар билан ишлаш тизими такомиллаштирилди.

Маълум қилинишича, амалга оширилаётган ушбу ўзгаришлардан кутилаётган асосий натижалар:

  • синф раҳбарларининг ўқувчилар тарбиясига таъсири сезиларли равишда ошиши;
  • 5-синфдан 11-синфгача ягона синф раҳбарининг бириктирилиши натижасида синфдаги ижтимоий муҳитни соғлом равишда ушлаб туриш имкони;
  • ота-оналар томонидан ўз фарзандларини таълим-тарбия жараёнига нисбатан қизиқишининг ортиши.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сенатор мактаб ўқувчилари учун стипендия таъсис этгани ҳамда Ўзбекистонда 2021 йилда қуриладиган мактаблар сони маълум қилингани ҳақида хабар берилган.

25 Feb 2021

Давлат статистика қўмитаси вакили Усмон Абдурасулов 22 февраль куни АОКАда «Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш истиқболлари» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда бир оилага ўртача нечта фарзанд тўғри келаётгани тўғрисидаги маълумотлар билан бўлишди, деб хабар беради «Xabar.uz».

 

Усмон Абдурасуловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳудудида аҳолини рўйхатга олиш сўнгги бор 1989 йилда амалга оширилган бўлиб, рўйхатга олиш натижаларига кўра аҳоли сони 19,7 миллион кишини ташкил этган. Шундан буён бирор марта ҳам аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган.

2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси сони 34,6 миллион кишини ташкил этмоқда. Бу ҳисоб 1989 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига туғилганлар ва мамлакатга кўчиб келганлар сонини қўшиш ҳамда вафот этганлар ва мамлакатдан кўчиб кетганлар сонини айириш орқали ҳисобланади. Туғилиш ва ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар Адлия вазирлигининг жойлардаги давлат хизматлари марказларидан ҳамда кўчиб келган ва кўчиб кетганлар сони тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигидан олинади.

Ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва уйсизлар айнан аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида аниқланади. «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари, доимий ёки вақтинча яшовчи ёхуд вақтинча Ўзбекистонда бўлиб турган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, мамлакатда доимий яшовчи, аммо аҳолини рўйхатга олиш даврида вақтинча хорижий давлат ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари респондент сифатида рўйхатга олинади.

Шунингдек, ДСҚ вакили давлат статистика маълумотларининг неча фоизи очиқ тартибда жойлаштирилган, қандай маълумотлар ҳамон ёпиқлигича қолаётгани тўғрисидаги саволга жавоб қайтарган.

«Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатлари билан тарқатилиши та’қиқланган махфий маълумотлар, шунингдек, Давлат статистикаси тўғрисидаги қонуннинг 7-моддасига асосан якка тартибдаги статистика маълумотлари, давлат сирлари ва юридик шахсларнинг тижорат сирларига оид маълумотлар ёпиқ статистик маълумотлар ҳисобланади. Қолган барча маълумотлар Давлат статистика қўмитаси расмий веб-сайтида, статистик тўпламларда ҳамда очиқ маълумотлар порталида доимий эълон қилиб борилмоқда», — дейди Абдурасулов.

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2020 йилнинг январь—декабрь ҳолатига, уй хўжаликлари танланма кузатувлари маълумотларига асосан 16 ёшгача болалар мавжуд бўлган уй хўжаликлар 74,3 фоизни ташкил этган. Шундан 23,4 фоизи бир болали, 26,8 фоизи —икки болали, 16,9 фоизи — уч болали ҳамда 7,2 фоизи тўрт ва ундан кўп болалиларни ташкил этган. 25,7 фоиз уй хўжаликларда эса 16 ёшгача болалар мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 5 февралдаги фармонида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган эди. 2020 йил 16 мартда «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Шавкат Мирзиёев июнь ойида миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказган ва Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаганини таъкидлаганди.

24 Feb 2021

Шавкат Мирзиёевнинг «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонига асосан, ўзбекистонликлар март ойида 4 кун дам олади.

Президентнинг мазкур фармонига мувофиқ, ўзбекистонликлар Наврўз байрамида қаторасига 3 кун дам олади:

  • 20 март – шанба (қўшимча ишланмайдиган кун);
  • 21 март – якшанба (байрам куни);
  • 22 март – душанба (27 мартдаги дам олиш куни кўчирилган).

Шунингдек, 8 мартнинг душанба кунига тўғри келиши туфайли ўзбекистонликлар март ойида 4 байрам кунлари дам олади.

Қайд этилишича, бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини икки иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади. Ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ўзбекистонликлар учун айрим байрамларда дам олиш кунлари камида 3 кун этиб белгиланган.

24 Feb 2021

2021 йилда бакалавриат таълим йўналишларига киришда қайси фанлардан имтиҳон олиниши тез орада эълон қилинади, деб маълум қилди Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов.

 

«Ҳозирда Давлат тест маркази ва тегишли вазирликлар билан биргаликда фанлар мажмуаси ишлаб чиқилган. Марказнинг асосий вазифаси умумлаштириш ҳисобланади. Яъни вазирликлар берадиган таклифларга биноан иш тутади. Бу мутахассислар томонидан ўрганилмоқда ва тез кунда эълон қилинади.

Аввалги йил билан солиштирадиган бўлсак, жуда катта фарқ бўлмайди», – деди Ражабов 23 февраль кунги матбуот анжуманида.

ДТМ расмийси чет тили фанидан максимал балл берувчи сертификат даражаси B2'га ўзгартирилганига изоҳ берди.

«Янги қоидага кўра B1'дан юқори бўлган B2 ёки C1 даражаси бўйича сертификат олган абитуриентга максимал балл берилиши белгилаб қўйилди. Чунки тест амалиёти шуни кўрсатдики, B1 сертификати олган бола ва кириш имтиҳони куни тест топширадиган бола тенг, яъни бир хил даражада.

Иккаласи ҳам ишлаганда хато қилиб қўйиши мумкин. Дейлик, 3 та хато қилса, бу 9,3 баллдан айрилди дегани ва сертификатсиз бола сертификати бор болага ютқазиб қўйяпти. Бунда адолат сал йўқолиб қолгандек эди.

Эндиликда Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, кимда B2 ва ундан юқори даража сертификати бўлса, унга кириш имтиҳонларидаги максимал балл берилади», – таъкидлади ДТМ директори ўринбосари.

Сардор Ражабов чет тилларидан саволлар тузадиган ўқитувчилар ҳақида тўхталди.

«Бу бўйича марказда катта тажриба бор. Ҳозирда 14 та тилдан тест олинмоқда. Ўқитувчиларга қўйилган талаб – биринчи навбатда шу соҳада филолог бўлиши ҳамда C1 даражага эга бўлиши керак.

Шундан кейин бу ўқитувчилар билан шартнома тузамиз ва марказда ушбу ўқитувчилар учун малака ошириш курслари ташкил қиламиз», –дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

24 Feb 2021

Ўзбекистонда икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилади. Мазкур янгилик Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларида бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредитлари бериш тўғрисида»ги қарори лойиҳасида белгилаб қўйилди.

Мазкур қарор лойиҳасига кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларида бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга республика тижорат банклари томонидан имтиёзли таълим кредитлари бериш тартиби жорий этилади. Бундай оилаларга имтиёзли таълим кредитлари бериш учун тижорат банкларига Давлат буджети маблағлари ҳисобидан мақсадли кредит ресурслари ажратилади.

Қайд этилишича, таълим кредитлари республикада фаолият кўрсатаётган барча олий таълим муассасалари — давлат, нодавлат, қўшма таълим дастурлари ва хорижий давлатлар олий таълим муассасалари филиалларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилади. Кредит фоизлари кредит ажратилгандан сўнг кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ойма-ой тўланади, асосий қарз эса талабанинг ўқиши расман тугагач, уч ой ўтгандан кейин тўлаш бошланади. Таълим кредити, ўқиш даврини ҳисобга олган ҳолда, бакалавр учун 15 йил, магистр учун 10 йилгача бўлган муддатга берилади.

Шунингдек, қарз олувчи қуйидаги таъминлаш шаклларидан бирини банкка тақдим этиш лозим, унинг амалга оширилиши унга қўйилган асосий талаб ҳисобланади:

  • мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;
  • банкнинг кафолати;
  • учинчи шахснинг кафиллиги;
  • суғурта компаниясининг қарз олувчининг кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.
23 Feb 2021

Сўнги вақтларда дунёда содир бўлаётган фавқулодда вазиятлар ва уларнинг аянчли оқибатлари мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламларини фавқулодда вазиятлар хавфи туғилганда ёки содир  бўлганда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш, ҳар қандай шароитда ўзига ва ўзгаларга ёрдам беришни мукаммал билишни талаб этади. Шуни инобатга олиб, Навоий вилояти Учқудуқ тумани ШКБ ОЁХТТЭБ ҳарбий хизматчилари томонидан аҳолини тайёрлаш борасида жуда кенг кўламли тарғибот  ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда НКМКнинг жойлардаги кон бошқармаларига қарашли объектларида ёнғин ва фавқулодда вазиятларни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар олиб борилиб, уларда турли хил нохушликлар содир бўлмаслик юзасидан у ердаги ишловчи масъул хизматчилар билан доимий ва амалий тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. Шу билан бирга ҳарбий хизматчилар ҳар бир маҳалла, таълим муассасаларига аҳолини фавқулодда вазиятларга ҳаракат қилишга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этадиган “Фуқоро муҳофазаси” бурчакларини тарқатиш ва улар орқали тарғибот ишларини кучайтириш тадбирларини амалга оширмоқдалар.Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунида ёнғин-қутқарув хизматининг энг асосий вазифаси этиб халқ хўжалиги масканлари ва аҳоли яшаш хонадонларини ёнғиндан асраш ҳамда содир бўлган ёнғинларни тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ва ўз вақтида бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш белгиланган. Шунингдек ўтказилаётган профилактик тадбирларда содир бўлган ёнғинлар, уларнинг қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида аниқ мисоллар келтирилди ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.     

 С. Камолов, Д. Асадов,

ШКБ ОЁХТТЭБ П ва Н бўйича  мутахассислари

23 Feb 2021

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “University of Tashkent for Applied Sciences” масъулияти чекланган жамиятининг (муассис) нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Тошкент амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • Университетда Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, жумладан “QS World University Rankings” ва “The Times Higher Education World University Rankings” рейтингида 1000таликка кирувчи Гринвич университети, Марказий Ланкашир университети (Буюк Британия) ҳамда бошқа етакчи хорижий олий таълим муассасалари таълим дастурларини жорий этиш, уларнинг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини ўқув жараёнига жалб қилиш;
  • республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларига зарур бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, шу жумладан олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, профессионал таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
  • хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;
  • ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;
  • таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;
  • таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш;
  • профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;
  • бизнес ахборот тизимлари, ахборот хавфсизлиги, математик моделлаштириш ва прогнозлаш, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари, риск менежмент, эконометрика, бизнес бошқаруви, лойиҳалар бошқаруви соҳалари бўйича ҳамда республика иқтисодиёти тармоқлари учун халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш;
  • республика иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий қилиш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш;
  • республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнини ташкил қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ҳамда изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассис ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;
  • таълим ва илм-фан соҳасида хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Белгиланишича:

  • Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;
  • Университетда таълим жараёни Ўзбекистон олий таълим давлат таълим стандартлари асосий қоидаларини ҳисобга олиниб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда хорижий тажрибага мувофиқ ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширилади;
  • Университетда ўқитиш Ўзбекистонда амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади;
  • Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, шунингдек юридик шахслар - потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;
  • Университетда ўқитишнинг тўлов-контракт миқдори муассис томонидан белгиланади;
  • бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади;
  • Университетда дастлабки босқичда “Бизнес ахборот тизимлари”, “Бизнес бошқаруви”, “Ахборот хавфсизлиги” ҳамда “Электрон тижорат” бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабалар қабули амалга оширилади;
  • Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан, шунингдек хорижий ҳамкорлар билан келишган ҳолда белгиланади;
  • Университетда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;
  • Университетда таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, “blended learning” ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи, махсус сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади;
  • Университет битирувчиларига Ўзбекистоннинг олий маълумот тўғрисидаги давлат намунасидаги дипломи берилади.

Университет Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Аҳмад Дониш кўчаси, 12-мавзе, 20а-уй манзилида жойлаштирилади.

23 Feb 2021

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида коррупция билан боғлиқ жиноят содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган.

Жумладан, Кодексда белгиланган жавобгарликка тортиш муддати коррупциявий жиноятларга нисбатан бир ярим баравар кўпайиши белгиланган.

Шунингдек, ноқонуний бойиганлик учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида модда киритилган. Унга кўра, давлат хизматчисининг даромад ва мол-мулк декларациясида назарда тутилганидан ортиқ пул маблағлари ёки мол-мулкка ноқонуний эга бўлиши ёки шундай мулкни орттириши анча миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима ёки уч йилгача иш ҳақидан ушлаб қолиш билан жазоланади.

Кодекс лойиҳасига пора предмети сифатида моддий манфаатдорлик билан бир қаторда номоддий манфаатдорлик бўлишга оид қоидалар ҳам киритилган.

Бундан ташқари, жазо белгилашда коррупция ҳолатларига чек қўйиш мақсадида айрим тоифалар учун жазо тайинлашда энг кам миқдор қатъий белгиланмоқда.

22 Feb 2021

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистон халқи ҳокимларни сайлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда O‘zLiDeP фракцияси аъзоси «Янгийўлликлар ТV» лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилган.

 

Ким айтди тайёр эмас деб?.. Ўйлашимча, ҳокимлар сайловлар орқали сайланишга тайёр эмас. Уларнинг ўзи тайёр эмас. Қўрқишади. Сайловлар бўлса, ўта олмасам керак, менга ким овоз беради, деб. Биласизми, ишонч йўқолган. Аслини олганда, халқ тайёр эмас, деган одамнинг ўзи қўрқади. Эҳтимол, унинг ўзи тайёр эмасдир», — дейди Кушербаев.

Депутатнинг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳолиси ўз фикрини билдиришга етарли даражада қодир ва саводли.

«Халқ қандай қилиб тайёр бўлмаслиги мумкин? Қандай қилиб одамларнинг фикри бўлмайди? Улар ўқимаганми? Ёки ‘жунгли’дан чиққан ва ҳеч нимани билмайдими? Кечирасиз, халқимиз ўқиш-ёзишни, ўз фикрини ифода этишни билади… Одам қачон тайёр бўлмайди? Қачонги ‘жунгли’да ҳайвонлар ичида яшаган бўлса ва сайловлар нималигини билмаса. Одамлар тайёр эмас деган гапга қўшилмайман», — дейди у.

Депутатнинг ҳисоблашича, ҳокимларни сайлашга «бунга рухсат берадиганлар тайёр эмас».

«Уларда халқ ўзлари хоҳлаган инсонни сайламасликлари мумкин деган қўрқув бор», — дея таъкидлайди депутат.

 

Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, маҳалла раисларини сайлашда ҳокимлар бирор-бир номзодга таъсир кўрсатиши мумкин (қонун бўйича раис лавозимига номзодни сайлашга ҳокимлар билан келишиб олинади).

«Икки-учта номзод илгари суриладиган бўлса, баъзида ҳокимлар айримларини чиқариб ташлайди: Эртага у мени жонимга тегади, деб… Депутатларни сайлаш вақтида ҳам шу каби бир нечта ҳолатларнинг гувоҳи бўлдим. Масалан, одамлар кўплаб депутатларни бошқалар таъсирисиз ўзлари сайлаган. Аммо ўзгалар хоҳишига кўра ўтганлар ҳам бор», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимларни сайлаш ҳақида биринчи бор 2016 йилнинг декабрида айтган эди. 2017 йилнинг августида у ҳокимларни халқ томонидан сайланишига оид тизимни «ҳозирнинг ўзида» жорий этишга тайёрлигини билдирганди. 2020 йилнинг сентябрида давлат раҳбари яна бир бор «ҳокимларни халқ сайлаши керак»лигини таъкидлаган эди.

22 Feb 2021

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида чиқиш қилди. Унинг нутқидаги асосий жиҳатлар: яқин вақтлар ичида парламент ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилади, жорий йилда яна 20 минг киши фуқаролик олади, қийноқларга йўл қўйилмайди, бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар жазоланади, Ўзбекистон мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарни кутмоқда.

 

Бугун, 22 феврал куни Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида кенгаш аъзоси сифатида биринчи марта иштирок этди, президент Шавкат Мирзиёев ушбу учрашувда нутқ сўзлади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сўнгги йилларда кенгашга аъзо бўлиш учун бутун масъулиятни англаган ҳолда интилиб келганини таъкидлаб, янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган демократик ислоҳотлар ортга қайтмайдиган тус олганини қайд этиб ўтган.

«Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват» ташаббусини илгари суриш учун Кенгаш аъзолари, барча шерикларимиз билан яқин ҳамкорликни давом эттирамиз», деган давлат раҳбари.

Президент Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятнинг устувор йўналишларини санаб ўтган.

Биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради.

2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган «ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойили асосида амалга оширилади. Бу ўринда сўз Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш тўғрисида бормоқда.

Иккинчидан, гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлари қатъий давом эттирилади. Жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Учинчидан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади. Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилмоқда. Ўзбекистон имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этади.

Тўртинчидан, аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда. Жорий йил Ўзбекистонда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб эълон қилинди. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Бешинчидан, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширди. Бу ислоҳотлардаги энг асосий ютуқлардан бири бўлди. 2021 йилда, яъни Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинади.

Олтинчидан, «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказиш таклиф этилади. Ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшмоқчи.

Еттинчидан, Бош котиб Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланади. Биргина ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади.

Давлат раҳбари эришилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш қатъий мақсад қилинганини таъкидлаган.

«Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз. Шу аснода нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисида кодекслар ишлаб чиқилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дин ёки эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсияларини алоҳида эътиборга олганмиз.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир. Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қиламиз. Мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини Ўзбекистонга таклиф этишга тайёргарлик кўряпмиз», деган давлат раҳбари.

Президент Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқ қолишини таъкидлаб ўтган.

«Шу билан бирга, биз инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни яхши тушунамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қиламиз. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет хонимларининг юртимизга ташрифини кутиб қоламиз.

Бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарорни қабул қиламиз.

Шунингдек, Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш борасида кўмак беришга тайёрмиз», деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз нутқи якунида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суришини яна бир бор таъкидлаган.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: