АОКАда 5 май, чоршанба куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда узлуксиз таълим тизимига Финляндия таълим тажрибаси жорий этилиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, экспертлар гуруҳи томонидан ўқув ва фан дастурларининг ўзаро узвийлиги, мавзуларнинг такрорийлиги, қисқартирилиши ва такомиллаштирилиши ҳамда халқаро тадқиқотларга мослаштирилиши билан боғлиқ хулосалар ўрганилган. Шунингдек, ўрганишлар натижасида фан дастурлари узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашда қуйидаги бирламчи муаммолар аниқланди:
- узлуксиз таълим турлариаро фан хусусиятидан келиб чиққан ҳолда объект ва субъект танлови ва мазмунида номутаносибликлар мавжуд;
- таълим турлариаро босқичларда мавзулар айнан ёки мазмунан такрорланган;
- такрорланиш ва ортиқча вақт эвазига ўқитувчи ва ўқувчининг вақти бесамар сарфланади;
- таълим босқичларида айрим мавзуларга ортиқча вақт ажратилган, назарий машғулот учун ажратилган дарс соатлари ҳажмини камайтириш лозим;
- мавзуларни ёритишда дарслар мазмун жиҳатдан халқаро тадқиқотларга мослаштирилмаган.
Такидланишича, таълим тизимидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизимида ўқув дастурлари узвийлигини таъминлаш босқичлари схемаси» ишлаб чиқилган ва қуйидаги вазифалар белгиланган:
- узлуксиз таълим тизими учун фанлар кесимида концепциялар ишлаб чиқиш;
- фанлар кесимида барча таълим турларида ўтиладиган мавзулар бўйича таҳлилий қиёсий жадваллар тайёрлаш;
- мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари учун узвийлиги таъминланган ўқув дастурларини тайёрлаш;
- Финляндия тажрибасини ўрганиш, узвийлик, узлуксизлик мантиқий кетма-кетлик, изчиллик ва тизимлиликка эътибор бериш вазифалари мазмуни, босқичлари, муддат ва масъуллари белгилаб олинган.