LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

22 Feb 2021

Ўзбекистон Президенти Наманганда бўлиб ўтган ва олти соат давом этган халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясига шундай таъриф берди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев маълум қилди.

 

«Нега шунча вақт сарфлаб сизларни ҳам, ўзимни ҳам қийнаяпман? Бу мажлис эмас, мастер-класс. Республикада ишлар кўп, Наманганда эса ҳаддан зиёд кўп. Пул бермайдиган вазирлар ҳам бу ерга юборганимдан кейин ‘Режалаганимиздан кўра кўпроқ маблағ ажратишимиз керак экан’ дейишди», — деди Президент.

Давлат раҳбарига кўра, мамлакатда 27 йил давомида куз-қишга тайёргарлик билан жиддий шуғулланилмаган. Шунинг учун ҳам бугунги вазият юзага келган.

«Ижтимоий тармоқларда кўп чиқишлар бўлди. 3-4 йилда бу соҳада бирданига ўзгариш қилиш қийин. Сув, газ, йўл билан президент шуғулланиши ғайритабиий туюлиши мумкин, лекин муаммоларни ҳал этишни йиллаб чўзиб ўтиролмаймиз. Бугун ёки ҳеч қачон», — деди давлат раҳбари.

20 Feb 2021

Президентнинг «Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Norma’нинг ёзишича, ҳужжатда кимё, биокимё, газ ва нефть-кимё саноати трансформациясининг асосий узоқ муддатли стратегик йўналишлари белгиланди.
 
Технологик трансформация – маҳаллий хомашёдан ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари негизида хомашёдан тайёрланган тайёр маҳсулотгача бўлган кўп поғонали қўшилган қиймат занжирларини яратиш.
 
Хўжалик муносабатлари тизимини трансформация қилиш – давлат томонидан аралашувга чек қўйиш ва эскича режа-тақсимлаш тизимидан батамом воз кечиш.
 
Мулкий муносабатлар тизимини трансформация қилиш – янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга хусусий капитални жалб қилиш орқали кимё корхоналарида давлат улушини кескин камайтириш ва кимё корхоналарини хусусийлаштириш.
 
Рақамли трансформация – молиявий, моддий ва кадрларга оид ресурслар ҳаракатини бошқариш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни маркировкалаш, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш тизимларини жорий этиш учун соҳага замонавий дастурий таъминот тизимларини татбиқ этиш.
 
Илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги муносабатлар трансформацияси – инновация жараёнларини ташкил этиш, замонавий технологияларни трансфер қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар асосида фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги тизимини йўлга қўйиш.
 
Кадрлар тайёрлаш тизимининг трансформацияси – кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек мавжуд ва янги барпо этиладиган ишлаб чиқариш қувватларини юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан таъминлаш.
 
2021 йилдан бошлаб Кимё ва газ-кимё саноатида технологик кластерларни яратиш бўйича очиқ ҳамкорлик дастури жорий этилади. Унда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишда хусусий ва хорижий инвесторлар ва технологик шерикларни жалб қилиш назарда тутилган. Дастурга қуйидаги технологик кластерлар киритилган:

«Навоийазот» АЖ, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ, Устюрт ва Шўртан газ-кимё мажмуалари, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводининг ишлаб чиқариш ва унга туташ ҳудудлари;

трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари тугагандан сўнг «Фарғонаазот» АЖ ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш ва унга туташ ҳудудлари.
 
Қуйидагилар тасдиқланди:

2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган ва амалга ошириш муддатлари жадаллаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати;

2021-2025 йилларда кимё саноати корхоналарида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, мавжуд хомашё базасидан самарали фойдаланиш орқали юқори қўшимча қийматга эга бўлган кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳалари рўйхати ҳамда уларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»;
 
Қуйидагиларни амалга ошириш белгиланди:

  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖга манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар 2035 йилгача кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
  • «Ўзкимёсаноат» АЖга манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 ноябрга қадар Дастурга киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторлар ва ҳамкорларни танлаш бўйича очиқ танлов тайёрланиши ва ўтказилишини, шунингдек Дастур доирасида жойлаштириладиган янги лойиҳалар бўйича таклифлар берилишини таъминлаш;
  • «Ўзкимёсаноат» АЖ, Фанлар академияси, ОЎМТВ ва Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигига бир ой муддатда Кимё саноати учун инновацион кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини ташкил этиш концепциясини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
  • «Ўзкимёсаноат» АЖга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2024 йилга қадар, босқичма-босқич «Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналарида ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини, молиявий, хўжалик ва ташкилий фаолиятни бошқариш ва мониторинг қилиш, ишлаб чиқарилган товарларни сотиш, етказиб бериш ва улардан фойдаланишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш топширилди.
20 Feb 2021

Ҳозир йўтал, нафас сиқиши ва ҳолсизликни шифокорлар ва оддий одамлар коронавирус инфекцияси билан боғлашмоқда. Аммо бундай симптомлар бошқа касалликлар, жумладан, ўпка саратонида ҳам кузатилиши мумкин. Адашиш даволаниш жараёнига таъсир кўрсатадими? Пандемия шароитида халқаро ташкилотлар ташхис қўйиш бўйича қандай тавсиялар беришмоқда?

 

Ўпка саратони ва коронавирус инфекцияси симптомлари жудаям ўхшашми?

Бу икки касалликнинг ўхшаш симптомлари бор – йўтал, нафас сиқиши ва ҳолсизлик. Лекин коронавирусда симптомлар тез ўтиб кетади, ўпка саратонида эса узоқ вақт давом этади. Айтайлик, ҳолсизлик бир ойдан ошиқроқ давом этиши мумкин.

Бундай ҳолатларни ажратиб олиш учун мутахассислар муайян касалликка оид бўлган бошқа «қизил байроқлар»дан фойдаланишади. Ўпка саратони учун бу қонталаш йўтал, кўкракда оғриқ, озиб кетиш ёки иштаҳа йўқолиши. Covid-19 учун эса иситма, мушакларда оғриқ, ҳид ва таъм билиш ҳисси йўқолиши. Ундан ташқари, бошқа омилларга ҳам эътибор қаратилади – ёш, чекиш давомийлиги ва оҳакнинг танага таъсири ёки коронавирусга чалинган одам билан яқин контактда бўлиш.

Агар барча симптомлар коронавирусни кўрсатса, беморни бу касаллик учун берилган сўнгги тавсияларга биноан даволашади. Ўпка саратони бўлиш эҳтимоли юқори бўлганда, аввало ПЗР-тест олинади. Жавоб салбий бўлса, бемор қўшимча текширувларга (компьютер томографияси ва ўпка рентгени) ва онкологларга йўлланади. ПЗР-тестнинг жавоби мусбат бўлса, аввало коронавирусдан даволашади, кейин ўпка саратонининг эҳтимолий ташхиси қўйилиши муҳокама қилинади.

Баъзан беморда ҳеч қандай «қизил байроқлар» бўлмайди, симптомлар эса, коронавируснинг ҳам, ўпка саратони эҳтимолини ҳам кўрсатаверади. Тест жавоби мусбат бўлса, коронавирусга қарши даволашади. Жавоб манфий бўлса, бемордан 14 кун мобайнида ўзини яккалашни сўрашади, кейин симптомларни таҳлил қилишади. Агар аломатлар йўқолмаса, ўпка саратонига шубҳа қилинади ва қўшимча текширувлар белгиланади.

Бир нарсани тўғри тушуниш керак: ўпка саратони одатда симптомларсиз кечади, шунинг учун рискка мойил қатлам скринингдан ўтиб туриши керак. Скрининг – кўкрак қафасини паст дозали компьютер томографиясидан ўтказиш. Скрининг туфайли касалликни эртароқ аниқлаб, даволанишни вақтлироқ бошлаш мумкин. Скринингдан 55 ёшдан 80 ёшгача бўлган чекувчилар ёки 15 йил мобайнида чекиб, кейин чекишни ташлаганлар ўтишлари мақсадга мувофиқ. Ўпка саратони билан ҳеч қачон чекмаган (масалан, пассив чекувчи) одамлар ҳам касалланиши мумкин. Лекин бу анча кам учрайди ва скринингга ҳожат йўқ.

Коронавирусга гумон туғилганда дарҳол компьютер томографиясига тушиш керакми?«Мутлақо йўқ! КТ вирусли пневмониянинг зарра қадар белгиларини аниқлаш имконини беради. Лекин коронавирус пневмонияси бошқа вирусли пневмониядан рентген орқали фарқланмайди. Буни яхшилаб тушуниб олиш керак. Агар клиник тасвир тинч бўлса (оғир зотилжам ва нафас йўллари етишмовчилиги бўлмаса), шифокор учун ўпканинг қанча қисми шикастланганининг мутлақо фарқи йўқ – 3 фоизми, 15 фоизми ёки 27 фоиз. Айнан шунинг учун ҳам кўкрак қафаси аъзоларини фақат бу зотилжам деган асосли гумонлар бор бўлгандагина компьютер томографиясидан ўтказиш мақсадга мувофиқ», дейди Сергей Березин номидаги тиббиёт институтининг тиббиёт қисми бош шифокор ўринбосари ва пандемия даврида вақтинча амбулатор компьютер томографияси марказлари раҳбари Михаил Черкашин.

Бундай қарор кўплаб халқаро ташкилотларда ҳам қабул қилинган. Масалан, Америка радиология коллегияси кўкрак қафасини коронавирус диагностикаси учун компьютер томографиясига туширмасликни тавсия қилади. Бу фақат касалхонага ётқизилган беморлар учун фақат даволаш учун зарур бўлгандагина қилиш тавсия қилинади.

Коронавирусни яна қандай касалликлар билан адаштириш мумкин?

«Афсуски, охирги тўққиз ойда нафас йўллари ва иситма билан боғлиқ ҳар қандай касаллик шифокорлар томонидан коронавирус инфекцияси деб баҳоланмоқда. Бинобарин, амалиётда биз коронавирусга чалинган деб ўйлаган, аслида пневоторакс, фаол сил ва сурункали юрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар учрамоқда.

Бундай ҳолларда тиббиёт визуализацияси усуллари тезкор ташхис қўйиш ва беморни зарур мутахассисга йўналтириш имконини бермоқда. Тажрибали рентгенолог интерстициал зотилжамда янглишиши қийин. Албатта, хатолар ҳам бўлиб туради. Беморлар оқими ҳозир жуда улкан бўлгани боис, хато қилмасликнинг иложи ҳам йўқ. Биз орқали суткасига 500 киши текширувдан ўтади ва бу бир неча ойдан бери давом этиб келмоқда», дейди Черкашин.

Унинг тушунтиришича, бундан ташқари мураккаб вазиятлар ҳам учраб туради. Айтайлик, беморда ўпка саратони ҳам, коронавирус ҳам бор. Ёхуд беморда коронавирус пневмониясининг оғир шаклидан рентген орқали ҳам мутлақо фарқлаб бўлмайдиган пневмоцист пневмония ёки аспригиллез бўлади.

«Таассуфки, тиббиёт эҳтимоллар, тажрибалар ва бизнинг (бутун инсониятники назарда тутиляпти) арзимас билимимиз қотишмаси бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бизда инсондан фойдаланиш бўйича заводда тайёрланган қўлланмалар, эҳтимолий муаммолар ва уларнинг ечимлари, бутловчи қисм ва деталлар каталоги ҳам йўқ», дея фикрини тугаллаган Черкашин.

Пандемия даврида ўпка саратонини коронавирус билан адаштириб, нотўғри ташхис қўйиш эҳтимоли ошиб кетди. Шунинг учун симптомларни яхшилаб кузатиш зарур, токи, хавф туғдириш эҳтимоли бор бўлса, шифокорга вақтида мурожаат қилинсин.

20 Feb 2021

Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюнов суҳбат давомида 2021 йилда кутилаётган сув танқислигини юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ҳам маълумот берди.

Қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик ва озиқ-овқат хавфсизлигини сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Глобал иқлим ўзгаришлари таъсирида Ўзбекистондаги бу неъмат танқислиги йилдан-йилга кўпроқ сезилмоқда.

Бу йил Ўзбекистонда суғорма деҳқончилик учун сув таъминоти қандай бўлади? Ёғингарчилик миқдори-чи? Деҳқон, фермер, кластер ва томорқа ер эгалари қандай шароит ва вазиятларга тайёр туриши керак?

Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюновга юзланди.

Суюновнинг вазирлик мутасаддиларига таяниб маълумот беришича, гидрометеорологик вазият таҳлили ва дастлабки баҳолаш натижалари 2021 йил вегетация (ўсимликларнинг ўсув даври, апрель, сентябрь ойлари – таҳр) даврида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг аксарият дарёларида сув сарфи меъёрга нисбатан сезиларли камайишини кўрсатмоқда.

«Бу Фарғона водийси жанубидаги дарёларда 90-100 фоиз, Вахш, Зарафшонда 85-95 фоиз, Сурхондарё, Норинда 80-90 фоиз, Қашқадарёда 75-85 фоиз, Қорадарё, Чирчиқ, Оҳангаронда 70-75 фоиз, Фарғона водийси шимолидаги дарёларда 60-70 фоиз дегани.

Бу кўрсаткичлар дарёлар сувлари, ёғингарчилик миқдоридан келиб чиқиб, кўп йилликка нисбатан шу йил кутилаётган сув миқдори ҳисобланади.

Ёғингарчилик миқдори шундай давом этса (суҳбат 18 февраль куни ёзиб олинган – таҳр) 2021 йил ёзги суғориш мавсумида сув таъминоти даражаси 2018 йилдаги вазиятга ўхшаш бўлади (меъёрга нисбатан 25 фоизга кам).

Агар февраль-март ойларида ёғингарчилик яхши бўлмаса, 2008 йилги кўрсаткичларга яқин, яъни сув танқислиги бўлиш эҳтимоли мавжуд», – деди у.

Мулозимга кўра, Ўзбекистон ҳудудидаги сув омборларида сув захираси 10 млрд м3 бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 2,3 млрд м3ўртача кўп йилликка нисбатан эса 1,5 млрд м3 га кам.

Ҳозирда Андижон ва Чорвоқ сув омборларида кўп йилликка нисбатан 25-30 фоизга кам сув захираси йиғилган бўлиб, сув омборларига сув захираларини йиғиш давом этяпти.

«Тоғларда ёғинлар ва мавсумий қор тўпланиш жараёни апрель ойигача давом этиши сабабли 2021 йилнинг вегетация даврига сув сарфининг дастлабки прогнози март ойи бошланишида тайёрланади.

Шундан келиб чиқиб, 2021 йил вегетация мавсуми учун барча манбалардан суғориш ишларига 26,9 млрд м3 сув лимити ажратилган.

2020-2021 йиллар кузги-қишки мавсумда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш, шўр ювиш ва яхоб суви бериш ишларини амалга ошириш учун 10,6 млрд м3 сув лимити ажратилган бўлиб, шу кунга қадар сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда 6,8 млрд м3 сув етказиб берилди (2020 йилнинг шу даврига таққослаганда 1,5 млрд м3 сув кам сарфланган), – деди Суюнов.

Шуҳрат Суюнов суҳбат давомида 2021 йилда кутилаётган сув танқислигини юмшатиш бўйича Сув хўжалиги вазирлиги кўраётган чоралар ҳақида ҳам маълумот берди.

«Жорий йилда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан таъминлаш учун экин майдони ва ҳосилдорлигига таъсир кўрсатмаган ҳолда олдинги йилларга нисбатан ўртача 12 млрд куб метр миқдордаги сувни иқтисод қилиш талаб этилади.

Бу миқдордаги сув қуйидаги тадбирлар ҳисобига тежалади:

– сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ҳисобига 3,1 млрд куб метр;

– ирригация тадбирлари ҳисобига 3,3 млрд куб метр;

– экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 1,7 млрд куб метр;

– экинларни жойлаштиришда сувни кам талаб қиладиган экинлар экиш ва шолини интенсив усулда экиш ҳисобига 2,7 млрд куб метр;

– ерларни лазерли текислаш ҳисобига 650 млн куб метр;

– сув хўжалигида ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ҳисобига 571 млн куб метр», – деди у.

Вазирлик мулозимига кўра, 2021 йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш бўйича жорий йилда қуйидаги ишлар амалга оширилади:

  • 384,6 км канал, 125,7 км лоток, 23 та гидротехник иншоот, 580,4 км коллектор-дренаж, 130,5 км ёпиқ горизонтал ва вертикал дренаж, 62 та суғориш қудуғи, 10 км босимли қувур ва бошқа объектларни қуриш таъмирлаш;
  • 5 026 км магистрал канал, 4 746 та гидротехник иншоот, 4 779 та гидропост, 14 867 км мелиорация тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш;
  • эскирган 181 та насос агрегатини ҳамда 354 та электродвигателни янгилаш;
  • вазирлик тизимидаги барча 1688 та насос ёрдамида чиқарилаётган сув миқдорини «онлайн» режимда мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатиш;
  • ҳудудлар (СИУ) чегарасида сув ресурсларини “онлайн” режимда назорат қилиш учун 18 576 та «ақлли сув» қурилмалари ўрнатиш;
  • 316 минг гектарда сувни тежайдиган технологиялар, шундан 276,2 минг гектарда томчилатиб суғоришни жорий қилиш.
19 Feb 2021

    Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3-йўналиши Aҳоли ва ёшларнинг компьютер технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларни ахборот технологиялари соҳасидаги тадбиркорликка жалб қилиш доирасида Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги давлат ҳокимияти органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиб, республика миқёсида Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этишни давом эттирмоқда.

    Ушбу 5 ташаббусни амалиётга жорий этиш борасида ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш, ижодий-интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароитлар яратиш, уларни компьютер технологиялари, дастурлаш асослари ва робототехника, компьютер ўйинлари ва киберспортни ёшлар ўртасида янада оммалаштириш, бу соҳада мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида бугун Учқудуқ туманида Рақамли технологиялар ўқув маркази фаолият бошлади.

   Мазкур марказ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Учқудуқ туман ҳокимлигининг сайъ-ҳаракатлари билан ташкил этилди. Марказнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун қарийб 400 млн.сўм маблағ сарфланиб зарур технологик воситалар билан жиҳозланди.

Жумладан, компьютерлаштирилган ўқув хонасида ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш учун барча зарур шароитлар яратилган.

    Мазкур марказ ўқув курсларига туманда жойлашган барча мактабларнинг 5-11 синфларда таълим олаётган мингдан ортиқ ўқувчиларни, шунингдек, уюшмаган ёшларни жалб қилиш ҳамда корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларнинг AКТ соҳасидаги билим савиясини ошириш режалаштирилмоқда.

  Жумладан, компьютердан самарали фойдаланиш, дастурлаш асослари, компьютер графикаси ва дизайн, робототехника, веб дизайн асослари, дастурлаш тиллари, веб ва мобиль иловаларни яратиш каби ихтисослашган ўқув курслари ташкил этилади.

   -Ўқув марказимизда «One Million Uzbek coders» йирик лойиҳа бўйича туман ёшларни жалб қилиш ишлари ҳам амалга оширилади, - деди  Рақамли технологиялар ўқув маркази туман ҳудудий бўлими менеджери Дилдора Нуримова. – Лойиҳа доирасида ташкил этиладиган курсларни  муваффақиятли  якунлаган ёшлар махсус сертификатларга эга бўлишади.

 Маълумот учун, ҳозирги кунда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган режа бўйича  вилоятимизнинг Навоий шаҳри,  Кармана ва Хатирчи туманларида ҳам рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилиб фаолият кўрсатмоқда.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

19 Feb 2021

бу ҳақда бугун ёшлар билан ўтказилган учрашувда айтилди

   Мамлакатимиз  ҳаётида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Жойларда ўтказилаётган ёшлар билан учрашувларда улар томонидан янгидан-янги ташаббус-ғоялар илгари сурилмоқда-ки,  замонавий иш юритиш услубларини  жорий қилишда ёшларнинг нуқтаи назари ва саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этаётир.

   Бугун Учқудуқ туманида ўтказилган “Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви” да ҳам кўплаб, креатив ғоялар илгари сурилди.

  Учрашувда вилоят  прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Аҳмедов, туман ҳокими Соли Хамроев, ШКБ директори ўринбосари, сенатор  Баҳодир Шарипов, туман сектор раҳбарлари, корхона-ташкилот бошлиқлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда ОАВ вакилари иштирок этди.

   Тадбир аввалида “КЕLАJАК” ёшлар марказида ташкил этилган кутубхона, тил ўрганиш синфлари ҳамда ўнга яқин спорт тўгараклари фаолияти, ҳунарли ёшлар томонидан ишлаб чиқарилган буюмлардан иборат кўргазма  билан танишдилар.

   Учрашувнинг иккинчи асосий бўлимида учқудуқлик ёшлар билан сектор раҳбарларининг мулоқоти ўтказилди.  Унда ёшлар ўзларини қизиқтираётган соҳалар бўйича таклиф ва талабларини очиқ, ошкора ўртага ташладилар.

   Жумладан, Учқудуқ саноат техникуми талабаси Асел Асембаева тарихий музей ташкил этиш, Феруза Султонова, Шахзод Абдуллаевлар тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида ўз таклифларини билдирди.  

   Шунингдек, Севара Эшқуатова қўлда гилам тўқиш ҳунарини ўзлаштиргани, тенгдошларига ҳам устоз-шогирд асосида гиламчиликни ўргатишни  мақсад қилганини, лекин Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлими маблағ ажратмаётганлигини айтиб мурожаат қилди. Ҳунарманд қизнинг бу мурожаати шу ернинг ўзида кўриб чиқилди ва ижобий ечимини топди.

   Иш излаётган Ж.Рахмонов, Б.Рахмоновлар бандлик масаласида мурожаат қилиб,  уларга эгаллаган мутахассисликлари бўйича 1 ой муддатда бандлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилиши билдирилди. 2 нафар фарзандни ёлғиз тарбиялаётган Д.Кулатованинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилиб, “Йўлчилар” ОФЙ га ҳақ тўланадиган жамоат ишига юборилди. Кейинчалик доимий иш билан таъминлаш масаласи назоратга олинди.

   -Ўз лойиҳасига эга, камида 3 та ишчи ўрини ярата оладиган ёшга НКМК ШКБ томонидан  ҳозирда фойдаланилмай бўш турган “Аптека” биносидан текинга жой ажратилади, - деди ШКБ директори ўринбосари, сенатор  Баҳодир Шарипов. - Тикувчилик билан шуғулланмоқчи бўлганларга эса тикув машинкалари бепул берилади. Шу орқали юзлаб учқудуқлик ёшлар нафақат ишли бўлишади,  балки ўз бизнесларини ривожлантиришда маблағга эҳтиёж сезишмайди.

   “Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви” да иштирок этган   41 нафар “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқароларга ишга жойлашишлари учун сертификатлар топширилди. Уларнинг 21 нафари Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги турли корхона ва ташкилотларга ишга йўллама олди. 20 нафар ишсиз ёшлар эса ҳудуддаги хусусий корхоналар ва бюджет ташкилотларига ўз мутахассисликлари бўйича ишга юборилди.

   -Мен адабиётга қизиқаман, келгусида журналист бўлмоқчиман, – дейди 20 – умумий ўрта таълим мактабининг 10 – синф ўқувчиси Гуласал Ризақулова.  - Ёшларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган бахтиёр замонда яшаяпмиз,  давлатимиз томонидан яратилган улкан имкониятларни оқилона англаган ҳолда замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишимиз шарт.

   Бугун  Учқудуқда ўтказилган учрашувда иштирок этган  ёшлар  мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигига  яна бир бор амин бўлдилар.

Райҳон Қодирова,

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

19 Feb 2021

Аҳоли даромадларини ошириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш Учқудуқ туман прокурори Р.Рахматовнинг касб-ҳунар мактаби залида ташкил этилган сайёр қабулида муҳим аҳамият касб этди.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, электр, газ, сув, канализация, коммунал ва ижтимоий соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган қабулда бу ерга ташриф буюрган 21 нафар фуқаролар Учқудуқ туман прокурори томонидан қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари тингланди.
Аксарият мурожаат яъни 15 нафар фуқаро бандлик масаласида, 3 нафари кредит олишда амалий кўмак сўраб, 1 нафари соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам ва тиббий йўлланма ҳамда 2 нафари ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилган.
Жумладан, иш масаласида мурожаат этган Барно Ражабова, София Бегимбетовага “Иссиқ нон” ХК ишга йўлланма берилган. Мохира Абдуллаева, Ижобат Утаназарова, Дилфуза Сохибовалар эса Шимолий кон бошқармасига, Шахноза Норова, Мадина Ходжиева “Порлоқ юлдузчалар” МТТ ишга жойлашадиган бўлди.
Шунингдек, Гулсанам Барнова, Иззатой Ҳайдароваларга хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этишда ҳуқуқий маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатилди. Фотима Муродова, Норбодом Махмудовага кредит ажратилишида амалий кўмак кўрсатиладиган бўлди.
Жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб, оммавий қабул жараёнида 16 нафар шахсларнинг мурожаатлари жойида қаноатлантирилиб, қолган 5 та мурожаатлар шахсан Учқудуқ туман прокурори назоратига олинди.

Озод МИРЗАЕВ,
туман прокурори ўринбосари.

18 Feb 2021

   Бугун туман ҳокимлиги катта мажлислар залида олтинчи чақириқ халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги 23-сессияси бўлиб ўтди.

  Сессияда туман кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари,  масалага алоқадар корхона-ташкилот раҳбарлари, суд - ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

   Сессия ишида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Шамуратов иштирок этди.

   Мажлисни туман ҳокими, кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.

  Депутатлар сессия кун тартибида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури ижросини туманда амалга оширилиши,  камбағалликни қисқартириш бўйича 2020 йилги манзилли дастур ижроси ва жорий йилла белгиланган устувор вазифалар ва бошқа кўплаб муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.

  Шунингдек, жиноий, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судлари томонидан  2020 йилда амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 11-моддасига ҳамда вилоят халқ таълими бошқармасининг 14 февралдаги хатига асосан, мактаб директорлигига номзодлар Ш.Муродова, М.Расулов, Ш.Бафоеваларнинг  йиллик дастурлари эшитилди.

  10-умумий ўрта таълим мактаби директорлигига Шаҳноза Муродова энг яхши деб топилиб, энг кўп - 10 та овоз билан мактаб директори лавозимига тавсия этилди.

  Сессия кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.

Сарвиноз НОСИРОВА,

халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзМТДП депутати.

18 Feb 2021

Ўзбекистонда пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда, деб хабар беради Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ахборот хизмати.

Унга кўра, ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи бериш ва иш стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби назарда тутилган. Мазкур тизим амалиётга жорий этилса, уй бекаси бўлган аёл келажакда пенсия олиш имкониятига эга бўлади.

Қонун лойиҳасида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда:

  • 2005 йил 1 январдан аввалги давр учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасида (электрон меҳнат дафтарча)ги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш. Бунда 2021 йил 1 июндан бошлаб янги пенсия тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш татбиқ этилиши;
  • ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи бериш ва иш стажига қўшиб ҳисоблаш. Мазкур тизим амалиётга жорий этилса, оилада бола парвариши ва бошқа юмушлар билан банд бўлгани ёки турмуш ўртоғининг хоҳишига асосан ишламаган турмуш ўртоғини келажакда пенсия билан таъминлаш имконияти;
  • пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинлаш ва тўлаш. Бунинг натижасида фуқароларга доимий ёки вақтинча рўйхатга олинган турар жойи бўйича пенсия (нафақа) тайинлаш ва тўлаш учун мурожаат қилиш имконияти яратилади;
  • уч йил ва ундан аввал тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсиялар текширилишига ҳамда пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланганлиги аниқланган ҳолатларда ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолишга йўл қўймаслик;
  • фуқаронинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсияларни уни олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга тўлиқ ой учун тўлаш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаслиги тўғрисида хабар берилганди.

18 Feb 2021

Ўзбекистонда бепул эмланадиган аҳоли тоифаси маълум қилинди.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков Ўзбекистонда биринчи навбатда коронавирусга қарши вакцина олувчилар рўйхати кенгайгани ҳақида маълум қилди. Унинг маълум қилишича, журналистлар, блогерлар, ОАВ ходимлари, жамоат транспорти ходимлари (метрополитен, темир йўл, аэропорт ходимлари), чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар, меҳнат мигрантлари ҳам кетма-кетликда эмланади.

Нурмат Отабековнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, юқорида саналган барча тоифадаги фуқароларни эмлаш бепул амалга оширилади.

«Глобал жамғарма томонидан олиб келинадиган вакциналар бепул. Ўзбекистон ўзи ишлаб чиқарадиган ва сотиб оладиган вакциналар хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламига бепул асосда амалга оширилиши бўйича ҳукумат раҳбарининг топшириғи бор. Агар аҳамият берган бўлсангиз президентимизнинг парламентга мурожаатида 2021 йилда коронавирусга қарши курашга 3 трлн сўм маблағ ажратамиз, шу жумладан, вакцинация учун деб таъкидлаганлар. Юқорида саналган хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли бепул эмланади», дейди у.

Қайд этилишича, айни пайтда Ўзбекистонда 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари амалга ошириб келинмоқда ва мамлакат эмланиш даражаси етакчи давлатлар қаторида деб баҳоланган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш кунларини ўтказиш бўйича тайёргарлик тадбирлари ўтказилиб, уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида мутахассислар бириктирилган. «Совуқлик занжири»га риоя қилган ҳолда янги коронавирусга қарши қўлланадиган вакциналарни қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва маъмурий ҳудудларга етказиш чоралари кўрилган, жойларда малакали мутахассислардан иборат штаблар ташкил этилган. Эмлаш пунктларида, ҳаракатдаги ва мобил бригадаларда, эмлашдан сўнг ножўя реакциялар аниқланганда шошилинч ёрдам кўрсатиш учун шифохоналар шай ҳолатга келтирилган.

Отабековнинг таъкидлашича, эпидемиологик ҳолат қанчалик барқарор бўлса ҳам, эмлаш амалга оширилса ҳам ҳали бепарволикка берилиш керак эмас. Шунингдек, ижтимоий масофа сақлаш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилиш лозим.

  • Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларга бағишланган йиғилишда коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Айни вақтда оммавий эмлаш тадбирлари март ойида бошланиши кутилмоқда.
  • 16 феврал куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассиси Вазира Муталова Ўзбекистонда 4 млн 112 минг 668 нафар аҳоли биринчи навбатда эмланиши ҳақида маълум қилди. Бу тоифага касаллик юқиш хавфи жуда юқори бўлганлар: 65 ёш ва ундан юқори ёшли кексалар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликка чалинганлар, ўқитувчилар, мактабгача таълим муассасаси ходимлари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари кириши айтилганди.
  • 17 феврал куни Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берилгани, ушбу вакцинадан 1 млн доза ҳамда учинчи босқич синовлари Ўзбекистонда ўтказилган Хитой вакцинасидан 1 млн доза харид қилиниши ҳақида маълумот берди. 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: