Hokimiyat matbuot xizmati
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ-696, 14.06.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.
Қонунга “идентификацияловчи ID-картаси” тушунчаси киритилди.
Ўзгартиришга кўра, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.
Шунингдек, ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.
Қонунга кўра, эндиликда Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш учун фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида туғилган ва яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олиш мақсадида илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар 5 йил давомида (фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан) узлуксиз яшаш шарти бекор қилиниши белгиланди.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Россиялик олимлар кўрилган тушни қайта тиклай оладиган мосламани ишлаб чиқди. Бу ҳақда Миллий технологиялар бўйича ташаббус платформасига асосланиб, «МИР24» хабар берди.
Маълум қилинишича, ихтиро нейрогарнитура кўринишида бўлиб, Москва физика-техника институтининг нейроробототехника лабораторияси тадқиқотчилари томонидан ишлаб чиқилган.
Қайд этилишича, инсон бошига кийдириладиган ушбу қурилма иш жараёнида кечаси кўрилган тушни «мия-компьютер» интерфейсига жўнатади. Унинг ёзиб олиниши эса электроэнцефалография ва нейрон тармоқ ёрдамида амалга оширилади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ҳозиргача тўлиқ бўлмаса-да, бир қанча инсонларнинг туши ёзиб олинган. Мавжуд тасвирлар асосида тушнинг моҳиятини билиш имконияти мавжуд.
Олимларнинг айтишича, тизимни синовдан ўтказиш икки йил олдин бошланган бўлиб, кейинги беш йил ичида унинг ёрдамида тушни бемалол ёзиб олса бўлади.
Ҳиндистон Ўзбекистонга телемедицина соҳасида қиймати 400 минг доллар сармояли тайёр лойиҳаси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 июнь куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси томонидан Ҳиндистон билан янги технологияларни Ўзбекистонга трансфер қилиш ва маҳаллийлаштириш масалалари бўйича онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Миллий офис вакиллари Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Миллий офис фаолияти билан ҳамкорларни таништириб ўтди. Ҳиндистон томон эса онлайн телемедицина платформаси тақдимотини қилди. Улар телемедицина соҳасида қиймати 400 минг доллар сармояли тайёр лойиҳаси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Шунингдек, келгусида стартапларни қўллаб-қувватлаш, янги технологиялар бўйича вебинарлар, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши ва дастурлар соҳасида алоқаларни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирилган.
Қайд этилишича, тақдим этилган лойиҳа Ўзбекистондаги фуқароларга мамлакат ҳудудини тарк этмаган ҳолда маҳаллий ва энг кучли хорижий мутахассисларнинг керакли маслаҳатларини олиш имкониятини бериб, беморларнинг вақти, маблағларини тежашга ёрдам беради.
Ҳозирда Ҳиндистонда ушбу платформадан, асосан, хусусий секторда кенг фойдаланилади. Бундан ташқари, Испания, Мексика, Сингапур ва Непал каби давлатларда ҳам ушбу платформа жорий этилиб, ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги таъкидланган.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида янги технологиялар трансферини ривожлантириш ҳамда мазкур телемедицина лойиҳаси бўйича тегишли мутахассис ва экспертлар билан ўрганиб чиққан ҳолда учрашув ташкил этишга келишиб олинди.
АОКАда 14 июнь, душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда халқ таълими малака ошириш тизимида электрон платформа жорий этилиб, ундан март ойи учун тест режимида фойдаланилгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб халқ таълими тизими раҳбар ва педагог ходимлари учун «Ҳаёт давомида ўқиш» тамойили асосидаги малака ошириш таълим кредит-модуль шаклида ташкил этилган. Мазкур муддатдан бошлаб туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан ходимларнинг малака ошириш эҳтиёжлари ўрганилиб, Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан «Узлуксиз касбий таълим» махсус электрон платформа орқали уларнинг касбий компетенцияларини аниқлаш бўйича диагностика қилиш ҳамда индивидуал ривожланиш траекториясини шакллантириш механизми ишлаб чиқилган.
Электрон платформа педагог ва раҳбар ходимларга хоҳлаган вақтда ва хоҳлаган жойда турли гаджетлар орқали уланиш, шунингдек, ўз касбий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, узлуксиз малака ошириш имкониятини беради. Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Ражиевга кўра, платформада раҳбар ва педагог ходимлар учун қуйидаги имкониятлар яратилган:
- махсус платформа «Tas-ix»да жойлаштирилгани ва персонал компьютер билан бирга мобил телефон орқали (android, ios) кириш имконияти;
- мустақил онлайн рўйхатдан ўтиш ва малака ошириш;
- ҳар бир тингловчининг шахсий кабинети;
- малака оширишни бошлашдан олдин касбий компетенциялар бўйича диагностикадан ўтиш;
- диагностика натижаларига асосан индивидуал касбий ривожланиш траекториясининг шаклланиши;
- индивидуал траекторияга асосан платформадан томонидан эҳтиёжга асосланган курсларнинг таклиф этилиши;
- ҳар бир курсдаги алоҳида мавзу бўйича видеодарс, тақдимот, адабиётлар мавжудлиги;
- ҳар бир мавзудан кейин ўзлаштириш даражасини аниқлаш имконияти (агарда тингловчи маълум мавзуни ўзлаштириши паст бўлса, кейинги мавзулар очилмайди);
- раҳбар ва мутахассислар камида 30 соат (15 кредит), педагоглар 36 соат (18 кредит) малака оширишдан ўтгандан кейин малака оширганлик тўғрисидаги электрон сертификат;
- ҳар бир тингловчининг натижаларидан келиб чиқиб шахсий портфолиоси шаклланиши;
- муқобил малака ошириш шаклларидан фойдаланиш ва учун муайян кредит тўплаш имконияти;
- малака ошириш даврида турли вебинарларда чекланмаган вақтда ва чекланмаган тингловчилар сони иштирок этиши (бунда тингловчи онлайн вебинарда иштирок этмаса, вебинарнинг архивини кўриши мумкин);
- вебинарлар ўтказиш пайтида турли онлайн сўровномалар ўтказиш имконияти;
- яратилган курслар сифатини баҳолаш (5 балли тизимда);
- тингловчилар ва мураббийлар ўртасида ўзаро мулоқот қилиш ва файл алмашиш;
- тингловчилар томонидан ўзларининг муаллифлик курсларини жойлаштириш ва бошқа тингловчиларга ўртоқлашиш.
Шунингдек, 2021 йил 1 мартдан фан методистлари мазкур платформа орқали кредит-модулга асосланган малака оширишни бошланган. 1 май ҳолатига 1647 нафар методист малакаси оширилиб, тегишли сертификатга эга бўлган. Бундан ташқари, методистлар учун эҳтиёжга асосланган 30 та видеокурс тайёрланиб, платформага жойлаштирилган.
Шу билан бир қаторда, 1 июндан мактаб директорлари учун малака ошириш бошланган. Улар учун 8 та компетенция бўйича эҳтиёжга асосланган 192 та видеокурс тайёрланган. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ушбу платформадан фойдаланиш сентябрь ойидан умумий ишга туширилади. Малака ошириш таълим шаклини танлаш ихтиёрий тарзда амалга ошади.
Куни кеча “Учқудуқ” маданият уйида № 99818 - сонли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун сайёр қабул ўтказилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимояланишида амалий ёрдам кўрсатиш, оилаларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб қилиш шунингдек, улар тафаккурини бойитиш, қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилди.
Айниқса, ҳарбий хизматчилар оилаларнинг мустаҳкамлиги, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳам тадбир ташкилотчиларининг диққат марказида бўлди.
Тадбир доирасида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун бериладиган тавсияномалар (квоталар) Учқудуқ туманида хизмат қилаётган подполковник Х.Асранқулов, Э.Рахимов ва сержант Т.Тангатаровларнинг фарзандларига тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган “Намунали ҳарбий хизматчи оила” кўрик танловида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган подполковник Уразбаевлар оиласи ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, Ғофур Уразбаев Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг “Намунали хизматлари учун 3 даражали” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган яна бир “Ватанпарвар қизлар” кўрик - танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаган оддий аскар Нигора Файзуллаева ҳам эътироф этилиб, қимматбаҳо совға берилди.
Тортинчоқликни енгиш тўғрисида сўз борганда аввало инсонда ўзига нисбатан ишонч пайдо қилиш ва уни ошириш муҳим роль ўйнайди. Болада тортинчоқликни йўқотиш учун овозни баландлатмаслик бақирмаслик, силтамаслик, тез-тез такрорланиб турувчи чеклашлар, танқид қилиш ва жазолаш бола хатти-ҳаракатларида қарама-қарши реакцияни вужудга келтиради.
Ота-оналарнинг «сени яна хафа қилишдими», «Бу ҳар доим ўзи шунақа», «Яна жавоб қайтара олмадингми?» сингари гаплари нафақат ижобий натижа бермайди, балки акси бўлса-да, ўзига нисбатан ишончсизликни мустаҳкамлаб, асабийлик ҳолатини юзага келтириши мумкин.
Тортинчоқ болалар уятчан бўлганликлари боис оддий вазифаларни ҳам бажара олмайдигандек бўлиб кўринади. Лекин уларнинг муваффақиятсизликлари қандай ҳаракат қилишини билмаганлиги учун эмас балки уни урушишлари мумкинлигини ҳис қилганлари билан асосланади. Болага берилган топшириқ моҳиятини тушиниш, унда нима талаб этилаётганини, кутилаётган натижа қандайлигини англаб етиши учун кўп вақт керак бўлади.
Агар катта киши болани шоширадиган бўлса, одатда у ишини умуман тўхтатади. Бир неча шундай ҳолатдан кейин бола ҳар бир талаб этиладиган топшириқни бажаришдан бош тортадиган бўлиб қолади.
Тортинчоқ болани кўпроқ жамоага қўшиш яхши натижа беради ва унинг яна бир самарали усули бу кичикроқ ёшдаги болалар билан биргаликдаги фаолиятини ташкил этиш.
Одатда тортинчоқ болалар ёши кичик бўлган болалардан уялмайдилар ва тажрибали катта ролини бемалол бажара оладилар ва улар учун ёқимли ҳисобланади. Чунки бу роль тенгдошлари билан мулоқатда болалар учун қийинчилик туғдирмайди.
Боғча ёшидаги болаларнинг тортинчоқликни енгишида тарбиячилар ҳамда ота-оналар бирга ишлаши самарали натижа кўрсатади.
Гули ҚАМБАРОВА,
2-сонли «Қуёшжон» номли ДМТТ тарбиячиси.
3- Гидрометаллургия заводининг 26-йиллигига бағишланади
Кон-металлургия саноатининг равнақи ва қудрати илғор технологияга эга бўлиши билангина эмас, балки уни муттасил такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятига ҳам боғлиқ бўлади. Бугун комбинат тизимида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви жараёнида янги инновацион ғояларга асосланган стратегик лойиҳалар жорий этилаётганлиги ўзининг юксак самарасини бермоқда.
Шимолий кон бошқармасининг 3-Гидрометаллургия заводидаги янгиланишлар бунинг яққол далилидир.
Бундан 26 йил олдин, яъни 1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3- Гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди. Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш оламшумул воқеага айланди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Навоий кон-металлургия комбинатининг 2017-2026 йиллар мобайнида қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган дастурлар доирасида 3- Гидрометаллургия заводида ҳам қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилди.
Жумладан, Кокпатас ва Даугизтау олтин конлари маъданларини қайта ишлаш технологиясини янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа “Ўзгеорангметлити” институти ҳамда Германиянинг “Инжиниринг Доберсек” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Якунида, умумий қиймати 114 миллион евро маблағлари эвазига бунёд этилган юқори технологик мажмуаси, фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуанинг лойиҳалаштириш ишларида иштирок этган комбинатимизнинг муҳандис-технологлари, олимларининг кон-металлургия саноатида катта ўзгаришларни бошлаб беришига ишонишгани, мажмуанинг салобати ва иқтисодий аҳамияти билан янада яққолроқ намоён бўлди.
Объектнинг қурилишида иштирок этган бутун комбинат ишчи-ходимлари бу борада катта тажрибага эга эканликларини амалда исботлашди. Юқори технологик ечимларга эга ушбу мажмуа 3-Гидрометаллургия заводининг олтинга бой маъданларини қайта ишлаш имкониятини янада оширди. Янги лойиҳа амалга ошиши эвазига қўшимча 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Бугун заводда дунё кончилик амалиётидаги ноёб ва мураккаб технология – сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш орқали олтин ажратиб олиш самарали эканлиги ўзини исботлади. Эътиборли жиҳати, ушбу ноёб технологияни ишлаб чиқаришга тез ва сифатли татбиқ этилишида илмий изланишларни олиб борган Улуғбек Эргашев техника фанлари йўнилишида докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Олимнинг ишлаб чиқариш ва фан уйғунлигида олиб борган илмий изланишлари хорижнинг кўплаб илмий-оммабоп журналларида чоп этилган ва катта қизиқиш билан мутолаа қилинган.
Яқин келажакда заводда ишлаб чиқариш қувватини ошириш, ҳар бир цехни сўнгги технологиялар билан қайта жиҳозлаш доимо устуворлик касб этади.
Флотация цехининг ишлаб чиқариш кўрсатгичларини яхшилаш мақсадида, флотация занжирларининг 1 ва 2 - сонли назорат қилиш блокларидаги “RCS” аэроционли, яъни ҳаво тақсимлагич мажмуалари, замонавий “РИФ” мажмуасига алмаштирилди. Пировардида занжирлардаги флотацион қурилмалар илк бор сўнгги авлод технологиялари асосида қайта тикланди.
Бутун дунё биооксидлаш жараёнида бўтана кўпикларининг реакторлардан тошиши глобал муаммо бўлиб келаётган даврда, 3-Гидрометаллургия заводининг муҳандислари бу муаммони ечиш йўлида кўпгина изланишлар олиб бориб, сўндириш тизимини ишлаб чиққан ҳолда ушбу муаммога чек қўйишди.
Сорбция жараёнида суюқликдан олтинни ажратиб олиш схемаси такомиллаштирилди ва кенгайтирилди.
Ишлаб чиқаришда қайта ишланган флотация чиқиндиларини қуюқлаштириш жараёни такомиллаштирилди.
Янги инвестицион лойиҳа асосида қурилган 2019 йилда ишга туширилган фильтрлаш қуритиш ва куйдириш цехи бугунги кунда ишлаб чиқариш бўйича давлат дастурини бажаришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Эътиборлиси, янги мажмуа ишга туширилганидан сўнг, тайёр маҳсулот ажратиб олиш даражаси 12,4 %, тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажми эса 8,7 % ошди.
Ўтган 2020 йилда маъданни қайта ишлаш режасининг бажарилиши 102,4 % ташкил этди. Тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш режасининг бажарилиши 103,7 % ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, тайёр маҳсулот ажратиб олиш қўрсатгичи 2019 йил билан солиштирганда 12,4 % га ошди.
2021 йил учун инновацион ривожланиш дастурини бажариш мақсадида, қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехида, Ц-100 қуюлтиргичларни такомиллаштириш ишлари ўтказилди. Бунинг учун Ц-100 №2 қуюлтиргичнинг конструкциясига ўзгартиришлар киритилди. Бу қуюлтиргич унумдорлигини оширишга ва флотация чиқиндиларини битта қуюлтиргич билан ишлашга имкон берди. Ушбу ўзгариш натижасида, 1-сонли Ц-100 қуюлтиргичи флотация схемасидан чиқарилиб, биооксидланиш цехининг нейтралланган чиқиндиларини қуюлтиришига ўтказилди.
Натижада, қуюлтириш схемасини такомиллаштириш, қуюлтириш жараёнининг самарадорлигини оширишга ва чиқиндилар билан чиқиб кетадиган сувларнинг ҳажмини камайишига олиб келди, яъни заводнинг ишлаб чиқариш жараёнлари учун сув сарфини тежашга имкон берди.
Юқорида кўрсатилган инновацион ривожланиш дастурига асосан, биооксидланиш цехида Ц-36 қуюлтиргичининг конструкциясига ўзгартиришлар киритилди ва чиқинди сувларни тозалаш схемаси ишга тушурилди. Бугунги кунда ушбу схема фильтрлаш қуритиш ва куйдириш жараёнига бериладиган маҳсулотнинг сифатини оширишга имкон берди. Чиқинди сувларни тозалаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг мос даврида маъданни қайта ишлаш хажми 100,8 % га, олтинни ажратиб олиш даражаси 101,1 % га, тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажми эса 101,4 % га бажарилди.
Замонавий технологияларни жорий этиш асосида маҳсулот ҳажмини кўпайтириб бориш баробарида ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ҳам завод раҳбариятининг диққат марказида бўлмоқда. Барча участкаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг кучи билан корхона ҳовлиси ва атрофида бунёд этилган фавворалар корхона ҳудудига алоҳида кўрк бағишлаб турибди.
Завод ҳудудида анча йиллардан бери фойдаланилмай келинган икки қаватли бино капитал таъмирдан чиқарилиб, ошхонага айлантирилди. 500 ўринли замонавий ошхона биноси иккита овқатланиш зали ва хизмат хоналаридан иборат.
Объектни капитал таъмирлаш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун 6,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Заводга келиб кетувчи меҳмонлар, ишчи-ҳодимлар учун муҳташам атриум барпо қилинган. Атриумда ишчи-ҳодимларнинг хордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиб, қушлар, балиқлар ва ҳар хил гуллар парваришланмоқда. Оғир иш кунидан кейин шахмат-шашка доскаларида дона сураётган корхона ишчи-ходимларига бу ақл чархи ўйини юқори кайфият улашмоқда.
Бу ерда жойлашган мониторларда эса завод цех ва бўлинмалардаги иш жараёнидан ҳикоя қилувчи лавҳалар намойиш этиб борилади.
Катта - кичик фавворалар, жонли табиат бурчаклари, иккита катта аквариумда сузиб юрган балиқлар албатта ишдан кейин ишчи-ходимларнинг чарчоғини бирмунча унуттиришга ёрдам беради.
Китоб ҳамма даврларда инсон маънавиятини шакллантириш, тафаккурини бойитиш, уни комилликка етаклаш воситаси бўлган ва шундай бўлиб қолаверади. Китоб мутолааси тарғиботи доирасида мўъжазгина кутубхонаси ташкил этилгани яна бир қувончли ҳолдир.
Бу ерда ўтказилган “Ҳар бир ишчига – битта китоб” акцияси доирасида бугун 3 500 дона бадиий, сиёсий ва техник китоблар жамланган. Ишчи-ходимлар ихтиёрида бўлган мазкур кутубхона уларнинг севимли масканларидан бирига айланган.
Шу билан бирга завод бошқармасида 30 ўринли маънавият ва маърифат хонаси ташкил этилган. Бу ерда шонли саналар, буюк алломаларимизнинг таваллуд кунларига бағишлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Бундан ташқари, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз устларида ишлаши учун қулай шарт шароитлар яратиш мақсадида барча қулайликларга эга ёшлар хонаси ва ёш кашфиётчилар хоналари ҳам фаолият олиб боради.
Барчангизни олтин корхонанинг 26 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сиз, шарафли касб эгаларининг кенг миқёсли вазифаларни муваффақиятли адо этишдаги ғайрат-шижоатингиз, ишлаб чиқариш режаларини бажариш ва қўлга киритилаётган ютуқларга қўшаётган беқиёс ҳиссангиз ҳар қандай эътирофга арзигулик. Фурсатдан фойдаланиб, фидокорона меҳнатингиз ва заводимиз шуҳратини ошириш йўлидаги хизматларингиз учун сизларга миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик-хотиржамлик ҳамда заводимиз равнақи йўлидаги шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман!
Шуҳрат НАРБАДАЛОВ,
ШКБ 3-Гидрометаллургия заводи директори.
Бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсати — давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимини амалга ошириб келмоқда. Шундай чора-тадбирлардан бири бу ишсиз ёшлар учун ишлаб чиқилган "Ёшлар дафтари"дир.
Учқудуқ туманида “Ёшлар дафтари” га киритилган ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот “КЕLАJAК” ёшлар марказида ўтказилиб, унда “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси Атаев Камолиддин Райимжонович, Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович иштирок этди.
Очиқ-ошкора ўтказилган мулоқотларда Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Сухроб Олимов, Илёс Жўжамов, Санимай Тумешова сўзга чиқиб, ўз таклиф, талаб ва истакларини баён этишди.
-Турмуш ўртоғим “Ёшлар дафтари” да рўйхатда туради, уйда тикувчилик қилади. Фаолиятини кенгайтиришда амалий кўмак беришингизни сўрайман, - деди Илёс Хўжамов.
Учрашувда сўзга чиққан Санимай Тумешова: ““Шалхар” овулида яшайман, имтиёзли фоизларда кредит ажратилса чорвачилик билан шуғулланмоқчиман. Майда шохли мол парваришлаш учун етарли малакага эгаман”.
“Қулқудуқ” овулидан учрашувда иштирок этган Қуришбек Жарқуатов ҳам “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турган. У 39 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, “Ерлер ата” тозаланган сувини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бир пайтлар ишсизлиги боис, рўйхатда турган Қуришбек бугун иш берувчи. Ҳозирда 3 нафар тенгдошини иш билан таъминлаган.
Учрашувда сўзга чиққан Қ.Жарқуатов ишлаб чиқараётган маҳсулотига талаб катта, буюртма кўплиги боис, фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилган. Унинг мурожаати учрашувнинг ўзида ҳал этилиб, имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.
Шунингдек, Юлдуз Абдумуродова, Гулираъно Қаҳҳорова, Гулчеҳра Эшпўлатова, Маҳбуба Пармонова, Зайнабхон Асқарова, Озода Аъзамова сингари “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турган ёшларга газ плита, электр печ, электр гўштмайдалагич, тикув машинкаси, компьютер жамламаси, дазмол буюмлари бепул берилди.
Эндиликда бу ёшлар тикувчилик, пазандачилик, компьютер хизмати йўналишларида фаолият олиб бориб, ўзини ўзи банд қилишади.
Бундан ташқари, учрашувда “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси Камолиддин Атаев томонидан ёшларнинг иқтисодий билимларини ошириш борасида тушунчалар бериб ўтилди.
Қамров даражаси паст булган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи кенгайтирилади. Бу борада президент қарори имзоланган.
Ҳужжатга кўра, 2021-2022 йилларда қамраб олиш даражаси паст булган 53 та туманда:
2 мингта оилавий нодавлат МТТ фаолияти йўлга қўйилади, бунинг ҳисобига 50 минг нафар тарбияланувчилар учун янги ўринлар яратилади;
умумий қуввати 11,2 минг ўриндан зиёд бўлган 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат МТТ фаолияти йўлга қўйилади;
қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50 та давлат МТТ қурилади;
давлат ва нодавлат МТТ тармоғини кенгайтириш ҳисобига уларнинг сони 20 мингтага етказилади ҳамда 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратилади.
Шунингдек, оилавий нодавлат МТТ тармоғини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб:
2022 йил 1 январга қадар АК "Халқ банки" томонидан оилавий боғчаларга мебель, жиҳоз ва асбоб-ускуналар сотиб олиш учун 30 млн сўмгача субсидиялар ажратилади;
оилавий боғчалардаги болаларнинг максимал сонини амалдаги 25 нафардан 50 нафаргача ошириш ҳамда уларга 4 нафаргача (ҳозир 2 та) ишчиларни ёллашга рухсат берилади;
2022 йил 1 январга қадар республиканинг барча ҳудудларида оилавий боғчаларга зарур жиҳоз ва анжомларни сотиб олиш учун 30 млн сўмгача 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёз давр билан 5 фоизлик кредитлар ажратилади.
100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларни ташкил этиш учун 7 йилга 2 йил имтиёзли давр билан 5 фоизлик кредитлар ажратилади;
олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларга давлат боғчасининг 1 нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75 фоизи миқдорида Давлат бюджети ҳисобидан субсидия тўланади;
давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ хизматлари тўловининг 50 фоизини хусусий боғчалар каби Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади;
Қарорда кўзда тутилаётган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 2021–2022 йилларда Молия вазирлиги томонидан 1,3 трлн сўмгача маблағ ажратилади.
Учқудуқ тумани адлия бўлими
Марказий банкнинг Халқаро захираларни бошқариш департаменти директори Санжар ВАЛИЕВ бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Марказий банк томонидан олтиндан тайёрланган қуймалар ва эсдалик тангаларининг муомалага чиқарилишидан асосий мақсад мамлакатимиз аҳолисининг инвестицион ва жамғариш имкониятларини кенгайтиришдир. Маълумки, маблағларни инвестиция қилишда инвесторлар олтиндан диверсификация мақсадида кенг фойдаланадилар. Бунинг сабаби шундаки, ҳар қандай активнинг қиймати вазиятдан келиб чиқиб тушиши мумкин. Инвестиция ёки жамғарманинг таркибида қисман олтиннинг бўлиши инқирозли даврларда активлар умумий қийматининг тушиб кетиши хавфини камайтиради ва бу ҳолат амалиётда кўп маротаба ўз исботини топган. Активларнинг хусусиятлари, инвестициядан кўзланган мақсад ва маъқул кўрилган хатар даражасидан келиб чиқиб, инвестиция ёки жамғарма таркибида алоҳида активларнинг, жумладан, олтиннинг улуши турлича шакллантирилиши ҳам мумкин.
Аҳолининг олтиндан жамғарма сифатида фойдаланиши мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Олтин қуймалари ва эсдалик тангаларининг муомалага чиқарилиши аҳолининг олтиндаги жамғармалари шаклланишига ва бу ўз навбатида, чет эл валютасига бўлган талаб ва иқтисодиётнинг «долларлашув» даражаси пасайишига ижобий таъсир кўрсатади.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, пандемия ёки шунга ўхшаш фавқулодда хатарли вазиятлар пул қийматига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.
Олтин эса ҳеч қайси давлат иқтисодиёти ва валютасига боғланмаган актив бўлиб, пандемия, иқтисодий инқирозлар ва сиёсий беқарорлик пайтида олтинга хавфсиз актив сифатидаги талаб ошади. Бу эса унинг нархи ўзгаришига сабаб бўлади.
Маълумки, Марказий банк томонидан олтин қуймаларидан ташқари олтин эсдалик тангалари ва сувенирлари ҳам сотувга чиқарилди. Ва яна тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеаларига бағишлаб олтиндан тайёрланган эсдалик тангалари ва сувенирлар муомалага чиқарилмоқда.
Эсдалик тангалари ва сувенирларнинг асосий фарқи шундаки, сувенирларда унинг эсдалик тангаларидаги каби номинал қиймати акс этмайди. Жорий йилда буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб, олтин эсдалик тангалари ва сувенирлар тўплами сотувга чиқарилди.