LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

13 Jul 2021

       Мактабни битираётган иқтидорли ўқувчиларга олтин ва кумуш медалларнинг берилиши халқ таълими соҳасидаги муҳим ислоҳотлардан бири бўлди.Бунинг қанчалик саодат эканлигини олтин медал олган ўқувчидан ҳам кўра, шогирди ёки фарзанди олтин медални кўксига таққан ўқитувчи ва ота-она чуқурроқ англайди. Чунки бу ўтган 11 йил давомида қунт билан олинган билим, намунали хулқ-атвор тасдиғидир.
Якунланаётган ўқув йилида Учқудуқ туман мактабларини битираётган ёшларнинг 10 нафари олтин, 3 нафари кумуш медаль билан тақдирланмоқда. Шунингдек 27 нафар 9-синф битирувчиларига эса аъло даражали шаҳодатномалар берилмоқда.
        Учқудуқ тумани ҳокимлиги томонидан “КЕLАJAК” ёшлар марказида ташкил қилинган тадбирда олтин ва кумуш медаллар битирувчиларга тантанали равишда топширилди.
Туман ҳокими С.Хамроев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Д.Қодиров ва туман сектор раҳбарлари иқтидорли ёшларни табриклаб, кейинги ютуқлар сари оқ йўл тилашди.


Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

13 Jul 2021

Ассалому алайкум азиз ёшлар!
Ҳурматли “Ёшлар фестивали” иштирокчилари!

       Янги Ўзбекистон янги ўн йилликка қадам қўйди. Мамлакатимиз Президенти раҳнамолигида янгиланишларнинг дастлабки қадамлари ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялашга қаратилган эзгу ишлар билан бошланди.
       Давлатимиз раҳбари: “Эзгу oрзу-ниятларимизни амалга oшириш кўп жиҳатдан бугун униб-ўсиб кeлаётган, бизнинг давoмчимиз суянчимиз ва таянчимиз бўлган ёш авлoднинг зиммаси ва масъулиятига тушади. Шу бoис барчамиз ўзимизнинг муқаддас oта-oналик бурчимизни жoндан азиз фарзандларимизни нафақат ҳам жисмoнан, ҳам маънан сoғлoм қилиб ўстириш, шу билан бирга, уларнинг ҳар томoнлама баркамoл авлoд бўлиб, энг замoнавий биз яшаётган XXI аср талаб қилаётган интеллeктуал билим ва бoйликка эга бўлган инсoнлар бўлиб ҳаётга кириб бoришни таъминлашда кўришимиз ҳам қарз, ҳам фарз”, деган сўзлари ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолат беради.
        Ҳа, ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир.
Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда.
Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
        Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, юксак натижаларни қўлга киритаётган ёшлар талайгина. Уларни кашф этиш, иқтидор эгаларига мотивация бериш ва рағбатлантиришни мақсад қилган “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида бўлиб ўтаётган ёшлар фестивали бу йўлдаги эзгу ишларимизнинг узвий давоми бўлди.
“Ёшлар ойлиги” доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини, “Ёш китобхон оила” танловининг саралаш босқичи, “Мунозара” турнири, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган “Ватан тақдири менинг тақдиримда” мавзусида семинар-тренингда Учқудуқ ёшлари фаол иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратларини намоиш этишди.
Шунингдек, “Ёшлар веломарафони”, “Ёш шахматчи”, баскетбол, футбол мусобақалари, югуриш марафонида иштирок этган ёшлар ўз жисмоний тайёргарлигини намоён қилишди.
“Эътибордагилар” лойиҳасида эса ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ёшлар ҳолидан хабар олиниб, улар маънавий ва моддий қўллаб-қувватланди.
Айтиш жоизки, ёшлар иштирокида ўтказилаётган бу каби фестивал ва танловлар ҳақиқий иқтидорли ёшлар етишиб чиқувчи, қайноқ муҳитни ташкил этади. Уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш билан бирга ёш иқтидор эгаларини кашф этишга ёрдам берувчи янги майдон бўлиб хизмат қилади.
       Азиз ёшлар!
      Давлатимиз раҳбари ёшлар билан учрашув чоғида: “Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит - қизлар борлигига ишонаман!” дея Сиз ёшларга жуда катта ишонч билдирдилар.
       Дарҳақиқат, ёшлик бу – олтинга тенг, бебаҳо даврдир. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш ислоҳотларимизнинг бош шиори экан, уни ҳаётга жорий этишда, халқимизнинг олиб бораётган яратувчанлик ишларида, Сиз ёшлар замонавий билимларни эгаллаб, жавлон уриб, меҳнат қилишларингиз, керак бўлади.
Зеро, маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзларини ёдга олмоғингиз ва амал қилмоғингиз ҳеч бир фойдадан ҳоли бўлмайди.
Бу йўлда барча – барчангизга мустаҳкам соғлик, улкан зафарлар тилайман!

Эътиборингиз учун рахмат!

13 Jul 2021

        Маълумки кейинги пайтда аҳоли орасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўпайиб бормоқда. Ана шундай бир вазиятда Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 28 июндан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар — ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари — кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилади. Бу талаб бизнинг Учқудуқ туманида ҳам амал қилиши туман махсус комиссияси томонидан тасдиқланиб, ҳар бир тадбиркор огоҳлантирилди. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳоли орасида вируснинг кенг тарқалишини олдини олиш.
Туман ҳудудида масъул ташкилотлар ҳамкорлигидан ташкил этилган рейд давомида ана шундай тартиб –қоидаларни писанд этмаган тадбиркорлар фаолиятига дуч келинди. Рейд давомида нафақат ўзи балки бошқаларнинг ҳам соғлигини хатарга қўяётган “Аббос” кафеси тунги соат 21.00ларда ҳам хўрандалар билан гавжум эканлиги аниқланди. Тадбиркор балки фойда олиш мақсадида, карантин қоидаларини бузиб фаолият юритгандир. Аммо бу гал кафенинг очиқлиги унинг зарарига ишлади. Карантин қоидаларини бузганлиги учун кафе раҳбари маъмурий жаримага тортилди.


Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

13 Jul 2021

        Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда 28 июндан жорий этилган қўшимча чеклов чоралари доирасида кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар муассасаларнинг иш фаолиятига ўрнатилган чекловлар 12 июлдан кейин ҳам амалда бўлишини маълум қилди.

     «Республика махсус комиссияси томонидан бир қатор чекловлар билан бирга кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар муассасаларнинг 08:00дан 20:00гача ишлашига рухсат берилган эди. 

      Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуни маълум қиладики, ушбу тартиблар Республика махсус комиссияси томонидан маълум бир муддат учун қабул қилинган эмас, яъни эпидемиологик вазият барқарорлашганда ушбу чекловлар бекор қилинади. Аммо ҳозирда уларга ҳеч қандай ўзгариш киритилмаган.

      Агар карантин қоидаларига оид бирор ўзгариш киритилса, буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий саҳифалари орқали эълон қилинади», дейилади ССВ хабарида.

      Эслатиб ўтамиз, махсус комиссиянинг 25 июнь кунги қарорида 28 июндан 12 июлга қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилгани маълум қилинганди. Аммо амалда бу чораларга риоя этилмади - Тошкент шаҳрига кириш 28 июндан бери эркин бўлиб қолмоқда.

      Шунингдек, 28 июндан республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналар ишлашига соат 8:00дан 20:00гача рухсат берилиши, кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасалар умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланган, бу чекловлар қачонгача амал қилиши аниқ кўрсатилмаганди.

12 Jul 2021

      Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг  2021 йил 22 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий ташаббус” республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича Низомга асосан Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан танлов эълон қилинади.

     Кўрик-танловда ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлашда юқори натижаларга эришган, жамият ривожи учун ташаббус кўрсатаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаган, жумладан, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий соҳа муассасалари инфратузилмасини яхшилашда фаол иштирок этган туман (шаҳар) ҳокимликлари, давлат бошқаруви органлари, нодавлат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, жисмоний шахслар қатнашиши мумкин.

Кўрик-танлов қуйидаги 3 та босқичда ташкил этилади:

Биринчи босқич – туман (шаҳар) миқёсида июль-август ойларида;

Иккинчи босқич – вилоятлар миқёсида (биринчи босқич ғолиблари ўртасида) сентябрь-октябрь ойларида;

Учинчи босқич – республика (иккинчи босқич ғолиблари ўртасида) ноябрь ойида;

Танлов ўтказишдан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборат:

      ҳудудларда ижтимоий масалаларни муваффақиятли ҳал этишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда ижтимоий ташаббускорликни ривожлантириш;

      ижтимоий ташаббуслар орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш;

      ижтимоий ташаббус ёрдамида ҳудуддаги ижтимоий соҳа муассасалари инфратузилмасини яхшилаш;

      мамлакатимизда ижтимоий ташаббускорликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш;

      ижтимоий ташаббус кўрсатган иштирокчиларнинг илғор тажрибасини аниқлаш, умумлаштириш ва тарғиб қилиш.

 

Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

“Энг яхши ижтимоий ташаббускор давлат бошқарув органи

“Энг яхши ижтимоий ташаббускор нодавлат нотижорат ташкилоти

“Энг яхши ижтимоий ташаббускор тадбиркорлик субъекти

“Энг яхши ижтимоий ташаббускор фуқаро

“Энг яхши ижтимоий ташаббускор ҳокимлик(иккинчи ва учинчи босқичларда).

 

Танловда қатнашмоқчи бўлганлар танлов эълон қилинган кундан эътиборан 20 кун мобайнида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши котибиятлари номига ариза берадилар.

Иштирокчилар тақдим этилган аризаларига қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

  • иштирокчилар тўғрисидаги умумий маълумот
  • Низомнинг 6-бандига асосан ижтимоий ташаббус доирасида олиб борилган фаолиятига оид материаллар (маълумотлар, ҳисоботлар, баённомалар, дастурлар, лойиҳалар, альбомлар, 15х20 см ўлчамдаги фотосуратлар ва ҳоказолар);
  • ижтимоий ташаббусни амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилган ишларни акс эттирувчи 5 дақиқадан ошмаган видеоролик (сифати юқори, HD форматида);
  • оммавий ахборот воситаларида ижтимоий ташаббусни ёритишга оид чоп этилган мақолалар, телевидение ёки радиодаги чиқишларни асословчи ҳужжатлар.

      Иштирокчилар танловга доир бошқа қўшимча материаллар ҳам тақдим этишлари мумкин.

             Ғолиб деб топилган иштирокчилар I, II, III даражали дипломлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, ҳамкор ташкилотлар ҳамда ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланадилар!

12 Jul 2021

        Бугун халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ўттиз иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, масалага алоқадор корхона-ташкилот раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мажлисни туман ҳокими, кенгаш раиси С.Хамроев олиб борди.
Даставал депутатлар Учқудуқ туман прокуратураси томонидан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳамда жиноятчиликка қарши кураш борасида амалга оширилган ишлари тўғрисида туман прокурори ёрдамчиси Мироншоҳ Усмоновнинг ахбороти тингланди.
Ҳисобот даврида туман прокуроратураси томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида муайян ишлар олиб борилган.
Жумладан, туманда вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси юзасидан туман мутасадди идораларида жами 3 марта текшириш ўтказилган. 131 та протест, 3 та тақдимнома, 2 та даъво аризаси киритилиб, қўлланилган прокурор таъсир чоралари 133 тани ташкил этади.
      Шунингдек, ижтимоий соҳада 8 та текшириш ўтказилган бўлиб, 131 та таъсир чоралари қўлланилган. Шундан 105 та қонунга зид бўлган ҳужжутларни қонунга мувофиқлаштириш ёки бекор қилиш бўйича протест, қонунбузилиши унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 6 та тақдимнома киритилиб, 9 нафар мансабдор шахсларга нисбатан интизомий ва маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилишига эришилди.
     “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун ва соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари ижроси туман бандликка кўмаклашиш марказида апрель ойида ўрганилганда бир қатор хато ва камчиликлар аниқланиб, жами 13 та протест киритилди. 2 нафар мутасаддиларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, судга юборилди.
Бундан ташқари, иқтисодий қонунчилик ижроси устидан прокурор назорати фаолияти бўйича жами 6 та текшириш ўтказилиб, унда аниқланган қонунбузилиши, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан ваколатли идораларга 4 та тақдимнома киритилган. 15 нафар шахсларнинг интизомий ва маъмурий жавобгарлик масалалари ҳал этилган. 32 та ғайриқонуний ҳужжатлар прокурор протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилган ёки бекор қилинган, 22 нафар мансабдор шахслар огоҳлантирилган ҳамда 37 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
     Мажлис кун тартибида туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси раиси Икром Рахимовнинг ахбороти эшитилди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга дори-дармон олиш, соғлигини тиклаш, оилавий шароитини яхшилаш учун бир марталик моддий тўловлар тўлаб бериш таклифи депутатлар муҳокамасига ҳавола этилди.
    Маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлариларидан тақдим этилган рўйхат бирма-бир муҳокама қилиниб, бир қатор қўшимча ва ўргартиришлар киритилган ҳолда тасдиқланди.
Бундан ташқари, депутатлар туман маҳаллий бюджетининг захира маблағлари ҳисобидан самарали фойдаланиш, аҳоли муаммоларини бартараф этишга сарфланиши ҳақида масалани ҳам муҳокама қилдилар.
Ўтказилаётган сессия ишида депутатларнинг ҳисобот бериши анъанага айланган. Бу гал ҳам шундай бўлди. Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари К.Мукаррамова ва А.Рўзиқуловларнинг ҳисоботи тингланди.
Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги ўттиз иккинчи сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

12 Jul 2021

     Учқудуқ тумани фуқаролари диққатига!


   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги ПҚ-5072 сонли “Бюджет жараёнида фуқаролар фаол иштирокини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарорига мувофиқ энди Сиз ўз ташаббусингиз орқали ўзингиз яшаётган ҳудудингиздаги мавжуд муаммоларни ечиш учун маблағ ажратишда таклиф ҳамда таклифларга овоз бериш ҳуқуқига эгасиз. Бунинг учун openbudget.uz wэб сайти орқали рўйхатдан ўтиб, фаол иштирок этишингизни сўраймиз.

Учқудуқ тумани Молия бўлими.
Мурожаат учун тел: 79-593-10-10

25 Jun 2021

   Barchamizga yaxshi ma’lumki,  bugun milliy alifbo va imloni takomillashtirish borasida yurtimizda amalga oshirilayotgan sa’y-harakatlar yangi O‘zbekistondagi boshqa ulug‘vor islohotlarga hamohang, uyg‘un tarzda kechmoqda.

   2021-yilning 16-mart kuni “Lotin yozuviga asoslangan o‘zbek alifbosini joriy etish to‘g‘risida”gi Qonunga o‘zgartirishlar kiritish haqidagi qonun loyihasi jamoatchilik muhokamasiga qo‘yilgandi. Unga ko‘ra, alifboda mavjud harf birikmalari: sh va ch, shuningdek, o‘ va g‘ harflarini diaktrik belgisiz harflar bilan almashtirish taklif etildi.

   Joriy yilning 31-mart kuni esa alifbo muhokamasi bo‘yicha belgilangan so‘nggi muddat yakunlandi. Bu bo‘yicha qonun loyihalari muhokamasi sayti – regulation.uz’da ko‘plab takliflar bildirildi, muhokama qilindi.

   Lotin yozuviga asoslangan joriy alifboning kamchiligi shuki, O‘o‘ va G‘g‘ harflarining bosma shaklini yozish murakkablashdi, yaʼni o va g harflarining yoniga maxsus diakritik belgi (‘) qo‘yiladigan bo‘ldi. Bu esa kamchiliklar va noqulayliklarning kelib chiqishiga, bir harfni toʻgʻri terish uchun oltitagacha tugma bosishga, lotin yozuvidagi matnlarning kengayib ketishiga sabab bo‘ldi.

   Keng jamoatchilik muhokamasiga qo‘yilgan qonun loyihasi bilan tanishib chiqqan har bir millatimiz vakili borki, unga befarq bo‘la olmaydi. Chunki milliy alifbo har qanday millatning muayyan darajadagi saviyasi, shu bilan birga, kundalik maʼnaviy ehtiyoji sanaladi. Binobarin, yozuv kishilar o‘rtasidagi muhim aloqa vositasi sifatida kundalik ijtimoiy hayotdagi eng faol amaliy jarayon hisoblanib, u yoki bu ko‘rinishdagi turli yozishmalarda o‘z ifodasini topadi. Mana shundan kelib chiqilgan holda har jihatdan qulay bo‘lgan alifboga ehtiyoj tug‘ilishi tabiiy holdir. Yangi qonun loyihasida ko‘pchilikni uzoq yillardan beri qiynab kelayotgan baʼzi muammoli holatlarga asosli yechimlar taklif etilayotganidan faqat quvonish mumkin.  Qolaversa, amaldagi alifboning tegishli o‘zgartirish va to‘ldirishlar bilan takomillashtirilishi savodxonlikni oshirishga xizmat qiladi, yozuv amaliyotini osonlashtiradi, shuningdek, milliy alifbomizning ilmiy-taʼlimiy jihatdan puxta bo‘lishini taʼminlaydi.

   O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 7-maydagi “Lotin yozuviga asoslangan o‘zbek alifbosiga bosqichma-bosqich to‘liq o‘tish bo‘yicha Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 10-fevraldagi 61-sonli qarori bilan tasdiqlangan “Yo‘l xaritasi”da belgilangan vazifalar ijrosiga doir chora-tadbirlar to‘g‘risida”gi yig‘ilishida “Lotin yozuviga asoslangan o‘zbek alifbosini joriy etish to‘g‘risida”gi O‘zbekiston Respublikasi Qonuniga o‘zgartirishlar kiritish haqidagi Qonun loyihasining normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari portali (regulation-gov.uz)dagi umumxalq muhokamasi muddatini 2021-yil 1-noyabrga qadar uzaytirishgakelishib olindi.

   Bundan ko‘zlangan asosiy maqsad: milliy alifbo har qanday millatning yuzi hisoblanishi, uning har jihatdan barqaror va to‘kis bo‘lishi, u asosli taklif-tavsiyalar asosidachuqur ko‘rib chiqilishi, ona tilimiz tabiatiga uyg‘un, turli avlodga mansub yurtdoshlarimizni birlashtira oladigan, o‘qish va yozishga qulay, yaxlit harflardan iborat, zamonaviy axborot texnologiyalari talablariga mos, ko‘rkam alifboga ega bo‘lishdir. Zero, dunyo tamadduniga beqiyos hissa qo‘shgan va bebaho badiiy asarlarning dunyoga kelishiga poydevor bo‘lgan go‘zal ona tilimiz mukammal alifboga munosibdir.

  Xulosa sifatida aytish mumkinki, milliy alifbomiz isloh etilib, qulaylashsa, katta-kichik avlodlarga mansub hamyurtlarimiz, shuningdek, yaqin-olis mamlakatlarda yashovchi millatdoshlarimiz yagona yozuv atrofida jipslashadi. Alifbo islohi o‘zbek tilining to‘laqonli davlat tiliga aylanishiga, rivojlanishiga, internet tili darajasiga chiqishiga, alifbodagi noqulayliklar sabab yuzaga kelayotgan savodsizliklarning oldi olinishiga, bir so‘z bilan aytganda, tilimiz kamoloti uchun xizmat qiladi.

Sоjidа Islomova, tuman hokimining davlat tili masalalari

bo‘yicha maslahatchisi.

 

25 Jun 2021

   Яқинда Хадича қизимдан СМС олдим. «Дада, бир нарсага ҳайрон қоламан, -деб ёзибди қизим. — Бир ўзингиз ишлаб бизни қандай боққансиз? Битта ойликка тўртта фарзандни ўқитгансиз, ичиргансиз, едиргансиз, кийдиргансиз… Биз куёвингиз билан ишлаб, минг бир тежаб-тергаб, қизимга кеча зўрға пальто обердим».
  — Худо берган, қизим, Худо берган, -дейман унга. Лекин ичимдаги гапни унга айтмайман. Биз ҳам битта эмас, иккита бўлиб ишлаганмиз демайман. Деёлмайман. Ишонмайди, лоф деб ўйлайди. Ҳаёл узоқларга олиб қочади…
  «Мен давлат идорасида 133 сўм ойлик олардим, — дея ичимда қизим билан гаплашаман, — кейинчалик у 150-200 га кўтарилди. Ойлик олган куним уйга бозор қилсам, онанг қувониш асносида дакки берарди: картошкани қимматидан олибсиз, сабзи колхозбозорда ярим баҳосида сотиляпти, шолғомни юпқа пўстлисидан олинг, чиқитга камроқ чиқади. Табиийки, бу гаплардан кейин бозор ҳам онангнинг зиммасига тушади. Чунки онанг биладики, менинг бойвачча феъллигим билан ойнинг иккинчи ярмида қўни-қўшнидан қарз излашга тўғри келади. Уйимизда гилам бўлмасада, олачамиз бор эди, лекин тўртта боланинг тўп-тўпидан кейин ҳам уйимиз озода турарди. Ошхонадан тортиб балконгадовур чиннидай ярақларди. Ҳамма нарса ботартиб эди ва ҳозиргача шундай.
  Ваҳоланки, уйимизда чўримиз йўқ эди. Ўша сен, шунингдек, бошқалар ҳам пешонасига «ишламайди» деган тамға босган Онанг бор эди.
Акангнинг кийимини уканг, сенинг кийимингни синглинг кийиб катта бўлди. Кийимларингнинг ямоғи бўлиши мумкин эди, лекин кири йўқ эди. Ички кийимлар қарийб сотиб олинмас, машинкада онангнинг ўзи тикарди. Неваралар пайдо бўлганда онанг бўхчадан акангнинг болалигидан қолган эски кийимларини, гарчанд кеннойинг бурнини жийирсада, чақалоққа кийдирганди. Онанг тиккан кўрпачаю ёстиқлар, дарпардаю дастурхонлар эндиликда эскилик сарқити бўлиб қайси бир токчаларда ётибди.
  Ваҳоланки, ортиқча кийим сотиб олишга бизнинг қурбимиз етмасди, тикувчию кўрпачига беришга ойлигим камлик қиларди.
Биласан, уйимиздан меҳмон аримасди. Шаҳарлик қариндош-уруғлар вақт ҳам, имконият ҳам танламасди, тўғри бостириб келаверарди. Ярим оқшом бўлишига қарамасдан, қарангки, худди меҳмон кутиб ўтиргандай бир пасда дастурхон безаларди. қанд-қурс, пирошка-сомса дегандай…
Дастурхондаги таом ва ширинликларнинг ярми «Made in Mom» эди. Аниқроғи, ишламайдиган онангнинг «иши» эди.
Чунки буюртма билан сотиб олишга менинг ойлигим етмасди.
  Укаларинг бугун кийган кийимини мактабдан йиртиб ёки кир-чир қилиб келарди. Ўшанда аянг тикувчига ҳам бормасди, кир ювиш машинамиз ҳам йўқ эди. «Ишламайдиган» онанг кийимларни тикиб, ювиб, эрталабгача қуритиб, дазмоллаб фарзандларига кийдириб, мактабга жўнатарди. Чунки укангнинг иккита кўйлаги йўқ эди. Бор-йўғи битта бўларди, уям акасининг эскиси.
  «Ишламайдиган» онанг дарсдан кейин тўртта фарзандининг ҳар бири билан индивидуал дарс қиларди. Кўзининг нурини тўкиб, сизларга эртаклар ўқиб берарди, қайта-қайта машқлар бажартирарди. Ана шуларнинг ҳосиласи ўлароқ, ҳаммаларинг ўқиб, касб-ҳунарли бўлдинглар.
  Ҳа, бугун игнага ип ўтказолмай қолган онангнинг кўз нурлари сизларнинг болалигингиз қат-қатларига сочилиб кетган.
  «Худо берган» деган сўзларимнинг маънисига энди тушунгандирсан. Худо менга бойлик бермади, Худо менга сен айтган «ишламайдиган» онангни берди! Ва онангга қўшиб ҳамма нарсани инъом этди менга.

Нурбек УЛУҒМУРОДОВ оққа кўчирди.

25 Jun 2021

   Учқудуқ туманида 561 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар “Ёшлар дафтари”га олинган. Шундан бугунгача 64 нафарига 1,7 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди, 324 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз ёшлар доимий иш билан таъминланди.

   Шунингдек, 31 нафарига 94320,0 миллион сўмлик ўзини-ўзи банд қилиши учун зарур асбоб-ускуналар олиб берилди. 15 нафар ёшга эса 14700,0 миллион сўмлик бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Уларнинг 25 нафари 37500,0 млн. сўм маблағ эзазига ҳайдовчиликка ўқитилган бўлса, 7 нафар ёшга 21319,0 млн. сўм миқдоридаги таълим тўлов-контрактлари тўлаб берилган.
Буларнинг натижасида бугунги кунда 491 нафар ёшлар сессия қарорлари асосида “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди.

   Айни кунда 70 нафар ёш ушбу дафтарда қолмоқда ва уларни ҳам навбати билан бу рўйхатдан чиқариш режалаштирилган.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: