LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

09 Aug 2021

       Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги 291-сонли Қарори билан тасдиқланган “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида“ги Низомга асосан чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тадбирлари 2021 йилнинг 10 август кунидан 2022 йилнинг 10 февраль кунига қадар туманда ўтказилади. Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган чақирилувчилар яшаш жойидаги туман мудофаа ишлари бўлимига мурожаат қиладилар. Танловга чақириш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлигининг ҳолати бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлган чақирилувчилар жалб этилади. Танловда иштирок этишда чақирилувчиларнинг сони чекланмайди. Танлов чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва якка тартибда суҳбат ўтказиш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимининг қарори билан тузиладиган Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, улар билан касбий танлов ҳамда якка тартибда суҳбат ўтказиш бўйича танлов кенгаши томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Танловнинг шаффофлигини бевосита кузатиб бориш учун мазкур жараёнга чақирилувчиларнинг ота-оналари таклиф этилади.

   Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашга ва якка тартибда суҳбатга чақирилувчилар рўйхат асосида фуқаролик паспорти билан киритилади.

  Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда чақирилувчилар куч, тезлик ва чидамлиликни аниқловчи нормативларни топширадилар.

   Якка тартибда суҳбат жараёнида чақирилувчиларнинг маҳалла ва жамиятда тутган ўрни, оилавий аҳволи, обрў-эътибори, юриш-туриши, қизиқишлари, Ўзбекистон тарихи, буюк саркардаларимиз ва аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимлари аниқланади, шунингдек, умумжисмоний тайёргарлик ва касбий танлов бўйича ўтказилган синов натижалари асосида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки уларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташи юзасидан тавсия берилади ёки тавсия берилмайди. Чақирилувчилар танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этадилар.

УЧҚУДУҚ ТУМАНИ МУДОФАА ИШЛАРИ

БЎЛИМИ БОШЛИҒИ ВВБ.  О.Рўзиев

07 Aug 2021

        Мухтарам Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаларида “чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш – нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиздир” деган фикрлари ҳар бир инсоннинг юрагигача етиб борди.

      Чин етимлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштириш энг сўнгги чора сифатида белгиланган, бундай болаларни оилалар тарбиясига бериш бирламчи вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратилган.

  “Ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбияланишини таъминлаш мақсадида “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланаётган тарбияланувчиларнинг оила бағрида, яқинлари меҳри ва эътиборида ўсиб улғайиши бугунги кундаги долзарб масалалардан бири эканлигини инобатга олган ҳолда Учқудуқ туман ҳокими С.Ҳамроевнинг сайъи-ҳаракатлари натижасида, Томди туман “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиларидан 2007 йил 14-январь куни Учқудуқ туманида туғилган, 7-синф ўқувчиси Шохназарова Малика Ботировна тоғаси фуқаро Шохназаров Азиз Ботирович васийлигига ҳамда 2018 йил 24 август куни туғилган Бекматова Феруза Илхом қизи отаси Абдувалиев Илхомжон Дунайевичларга яъни ўз оилалари бағрига қайтарилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Туман ҳокимлиги вояга етмаганлар

ишлари бўйича Идоралараро комиссияси

масъул котиби    Исломова Гулшода

06 Aug 2021

     Ёши улуғ инсонлар билан суҳбатлашар экансиз, улар тилидан тушмаётган шукроналик, эл-юртга тинчлик-омонлик, элга тўкин-сочинлик тилаб қилинаётган дуолардан кўнгилда ёруғ туйғулар уйғонади. Ҳаётнинг не-не сир-синоатлари-ю кутилган-кутилмаган қийинчиликларига дош бериб, ёруғ кунларга ишончларини сусайтирмай яшаган бундай инсонларнинг ибратли умр йўли нафақат уларнинг ўғил-қизларига, балки бугун катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган барча ёшларга сабоқ бўлишга арзийди.
     Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганни пари билмас” деган мақоллар бор. Улар замиридаги маъно шуки, кексалик умр дарахтининг ҳар жиҳатдан вояга етган, ҳосили пишиб етилган, биргина соясининг ўзи минг дардга даво, ҳар бир сўзи минг маънога эга фаслидир. Кексалари бор уйда қут-барака, тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик бўлиши ҳам шундан. Умрини ҳалол меҳнат билан ўтказган, солиҳ фарзандлар тарбиялаб етиштирган, ўзидан ибратли амаллар қолдираётган бундай инсонлар билан мулоқот қилишнинг ўзи катта бахт.

     Бугун туманда Ўзбекистон  Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами  муносабати билан кекса авлод вакиллари учун “Қариялар — хонадонларимизнинг файзу фариштаси” мавзусида  концерт дастури ташкиллаштирилди.

     Учқудуқ туман ҳокимлиги, туман маданият  бўлимига қарашли “Қизилқум” маданият маркази, “Учқудуқ” маданият саройи ижодий ходимлари билан хамкорликда муҳташам “Оқ сарой” тўйхонасида ташкил этилган байрам тадбирида Учқудуқ тумани маркази ва олис овулларида истиқомат қилаётган Ватанимиз тараққиёти, эл-юрт фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшиб, эндиликда кексалик гаштини сураётган нуронийлар билан учрашув ташкил қилиниб кекса авлод вакилларига эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш учун ажойиб имконият бўлди.  Туман ҳокими томонидан Туманда фаолият юритган ва юритиб келаётган фидоий нуронийлар ташаккурнома  ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар

05 Aug 2021


     Бугун Учқудуқ туманида вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедов ва туман ҳокими Соли Хамроев иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Қабул бошланишида сўзга чиққан вилоят прокурори Б.Аҳмедов ва туман ҳокими С.Хамроевлар қабулдан кўзланган мақсад аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммоларга ечим топиш эканлигини таъкидлашди.
    Ўтказилган юзма-юз учрашувда қабулга келган 37 нафар фуқаролардан 44 та мурожаатлар келиб тушди.
Сайёр қабул давомида Шимолий кон бошқармаси, туман соғлиқни сақлаш бўлими, мактабгача таълим ташкилоти, тижорат банклари, бандликка кўмаклашиш маркази туман бўлими ва бошқа ташкилотларга мурожаатнинг ижроси юзасидан муддатлар белгилаб берилди ва алоҳида назоратга олинди.
Жумладан, Умида Шарипова тиббиёт коллежини тугатган мутахассислиги бўйича ишлаш истагида. У “Деҳқон бозори” МЧЖ га дизенфектор вазифасига ишга юборилди.
    Мамлакат Сухарукова ўғли Александр Сухаруковни 2012 йилдан бери ЖИЭМ да жазони ўтаётганлиги, ёлғиз бошқа қаровчиси йўқ она сифатида ўғлини муддатидан олдин ЖИЭМ озод этишда кўмак сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаат вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назорат олинди.
    Яна бир фуқаро Юлдуз Қаршиеванинг иш сўраб қилган мурожаати шу ерни ўзида ижобий ечимини топиб, “Йўлчилар” ОФЙ қошида жамоатчилик асосида ишга юборилди, 3-синфда ўқийдиган фарзандига мактаб формаси ва ўқув қуроллари олиш учун ҳомийлар кўмагида 500 000 сўм миқдорида пул маблағи ажратилди.
“Шалхар” овулидан сайёр қабулга ташриф буюрган Нурлан Кузенбаев кредит олиб, чорвачилик билан шуғулланиш истагини билдирди. Тижорат банк мутасаддиларига масалани ижобий ҳал этиш юзасидан тавсиялар берилди.
    Шунингдек, Н.Кузенбаевга уйини таъмирлашга моддий кўмак кўрсатилиб, “АRISTON” сув иситиш мосламаси ўрнатишда амалий ёрдам бериладиган бўлди.
    Бандлик масаласида мурожаат қилган Ахат Акрамов туман Ахборот кутубхона марказига электрик вазифасига ишга юборилди.

Таъкидлаш жоизки, мурожаатларни кўриб чиқишда узоқ вақтдан буён ечимини топмаётган муаммоларни ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқларини амалда тикланишига алоҳида эътибор қаратилди.

04 Aug 2021

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ҳам рақамлаштириш, сув таъминоти ва канализация соҳасига замонавий инновацион тизимларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

     Бу ҳақда жамияти “Ўзсувтаъминот” ахборот хизмати маълум қилди.

     Мазкур стратегия доирасида 2020 йил транспорт, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқа соҳаларни рақамли трансформация қилиш бўйича устувор лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини рақамлаштириш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

     Барчамизга маълумки, сув таъминоти тизимини рақамлаштириш катта эътибор талаб қилади. Бу борада инновацион ёндашув ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимини янгилаш ва янги инновацион технологияларни жорий этиш ишлари аллақачон бошлаб юборилди.

     Жумладан, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси билан биргаликда соҳага янги “биллинг” тизимини татбиқ этиш режалаштирилди.

     Биллинг тизимини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад: сув таъминоти ва канализация соҳасида ягона ахборот ҳисоби тизимини яратиш, истеъмолчиларнинг шаффоф ва мақсадли ҳисобини таъминлаш, дебиторлик ва ҳисоб фактураларини ҳисобга олишни мақсад қилиб қўйиш, қарздорлик шаклланишининг олдини олишдир.

     Бундан ташқари:

  • сув истеъмоли ҳисоб-китобларининг шаффофлигини таъминлаш;
  • аҳоли ва сув таъминоти инспекторлари учун мобиль илова (шахсий кабинет, ичимлик суви учун тўлов, мурожаатларни тизим орқали юбориш);
  • ҳисоботларни керакли кўринишда олиш имконияти;
  • шахсий кабинетга кириш бўйича муаммоларни бартараф этиш;
  • абонентларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш ва бошқарув харажатларини камайтириш.
  • Янги “биллинг” тизими доирасида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида қўшимча функциялар ишлаб чиқилди.

    Янги биллинг тизимининг нима афзалликлари бор?

  Мисол учун, аҳоли, юридик шахс ва инспекторлар учун мобиль илова ишлаб чиқилди. Ушбу илова орқали абонентлар ўзларининг жорий балансини билиб туришлари ва ичимлик суви ҳамда канализация хизматлари учун тўловларни электрон шаклда амалга оширишлари мумкин. Бундан ташқари, my.gov.uz дастурлари орқали келиб тушаётган мурожаатларни мақбуллаштириш имконияти ҳам мавжуд.

   Янги биллинг тизимининг техник топшириқларини ишлаб чиқиш жараёнида расмий ижтимоий тармоқларда, “Ўзсувтаъминот” АЖнинг uzsuv_chat расмий гуруҳида сув таъминотидаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш борасида аҳоли фикри ҳам ўрганилиб, ижтимоий сўровлар ўтказилди.

04 Aug 2021

     Учқудуқ туманида 3 7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчага қамровини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларининг турли шакллари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, оилавий уй-боғча очиш қулайлиги, хонадон аъзосининг иш билан таъминланиши ва бошқа имтиёзлари билан ҳам ҳар жиҳатдан фойдали.
     Эътиборли жиҳати, ҳозирда туманда 32 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 15 таси уй боғчалари ҳисобланади.
     Бугун яна бир ана шундай уй-боғча «Навоий» маҳалласида фойдаланишга берилди. «PARVINA» деб номланган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 30 нафар кичкинтойни ўз бағрига олди.
     Муассасанинг очилиш маросимида Навоий вилояти прокурори Бахтиёр Аҳмедов, Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроевлар иштирок этиб, ҳурматли Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, чекка қишлоқ, овул ва туманларига бераётган эътибори, соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.
      -Бугун фаолияти йўлга қўйилаётган уй-боғча олтинчиси бўлиб, маҳалламиз болалари учун улкан совға бўлди, - дейди маҳалла фаоли Ойдин опа Собирова. - 4 нафар опа-сингилларимиз доимий иш ўрнига эга бўлишгани янада қувонарли.
Янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. Муассасада инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолият олиб боради.
     -Оилавий боғчаларнинг қулайлиги кўп, - дейди биз билан суҳбатда Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими мудири Нигора Амонова. - Биринчидан, хонадонингизнинг бўш турган жойидан унумли фойдаланасиз, маҳалладошларингизнинг фарзандларига таълим-тарбия берасиз, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритасиз. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олишингиз мумкин. Фақатгина бу соҳада етарли билим ва кўникмага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилсангиз, кифоя.
      Маълумот ўрнида Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3669 нафари ёки бўлмаса 98,6 фоизи давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказилади.
     — Ўғлим Нуржан шу боғчага қатнаяпти, — дейди ота-оналардан бири К.Алдамуратов. — Муассаса уйимизга яқин ҳудудда жойлашган, замонавий кўринишга эга, тарбиячилари малакали, ширинсўз. Энг муҳими, бу ердаги шароитлар — ўйин майдончаси, машғулотлар хонаси ва дам олиш хоналари талабларимизга мос. Буларнинг бари фарзандларимизнинг сифатли бошланғич билим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишига хизмат қилади.


Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

04 Aug 2021

     Илк марта Ўзбекистон президентлиги сайловида иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини биринчи бўлиб кўсатди.

     Бу ҳақда партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида маълум қилинди.

     Президент сайловида Экопартия томонидан партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашади.

     Пленумда Экопартия сайловда ўз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муносиб иштирок этиши таъкидланди.             .        Шунингдек, Экопартиянинг сайловолди платформасидаги қуйидаги асосий йўналишлар маълум қилинди:

• экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш;

• атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитлар яратиш;

• иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш;

• давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш;

• соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш;

• ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

03 Aug 2021

    “Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5205-сон, 30.07.2021 й.) қабул қилинди.

     Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2022 йил 1 сентябрга қадар “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:

➖ хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда (735 минг сўм);

➖ йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда (490 минг сўм);

➖ ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда (1 млн 225 минг сўмгача) компенсация тўланади.

     Бунда:

     меҳнат миграциясига кетаётган фуқаро “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуаси орқали масофавий тарзда ёки бевосита Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бандликка кўмаклашиш марказларига ариза билан мурожаат қилади;

    ариза Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 1 иш куни ичида кўриб чиқилади.

     2021 йил 1 сентябргача:

    “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсацияларни олиш имконини берувчи алоҳида саҳифа ташкил қилинади.

      2021 йил 1 августдан транспорт компанияларининг (заруратга қараб, тез тиббий ёрдамнинг кўчма бригадаларининг) меҳнат миграциясида бўлган даврида жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага дуч келган, ўткир ёки оғир касалга чалинган фуқароларни, шу жумладан уларнинг вояга етмаган фарзандларини Ўзбекистонга олиб келиш билан боғлиқ харажатлари, шунингдек, ушбу фуқароларни тиббиёт ходими кузатуви остида қайтаришда тиббиёт ходимининг хизмат сафари харажатлари қоплаб берилади.

    2021 йилда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш учун Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига 52 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилади.

Учқудуқ туман адлия бўлими

03 Aug 2021

     “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

     Қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда), иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид қўшимча киритилди.

     “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши белгиланди.

      Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 17 июлдан айрим тоифадаги фуқароларга мажбурий эмлаш жорий қилинган эди. Улар - тиббиёт ва таълим муассасалари, транспорт компаниялари, чакана савдо шохобчалари ходимлари, давлат хизматчилари ҳамда бошқалар. 

      Шу билан бирга, адлия вазири Русланбек Давлетов иш берувчи ходимни эмлашдан бош тортгани учун ишдан бўшатиши эмас, балки четлаштириши мумкинлигини маълум қилди.

03 Aug 2021

       Ушбу саволга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев жавоб берди:

   — Қайси вакцинани олишдан қатъи назар, уларнинг бажарадиган вазифаси бир хил. «Фақатгина фалон вакцинадан оламан», деб кутиб туриш хато йўл ҳисобланади.

     Барча вакцинанинг ишлаш механизми бир хил: вирусдан инсон ҳужайрасига ёпишиб оладиган оқсил ажратиб олиниб, бу намуна орқали инсон ҳужайраларида вирусга қарши антителоларни шакллантиришдир.

     Вакцина қаерда ишлаб чиқарилган бўлмасин, унинг вазифаси организмда ана шу антитаначаларни пайдо қилишдир.

     Баъзилар «Биринчи босқичда ўзбек-хитой вакцинасини олгандим, иккинчи босқичда Moderna олсам бўладими», деган саволлар билан мурожаат қиляпти. Агар ўзбек-хитой вакцинасида эмлаш амалга оширилган бўлса, бу 3 босқичда бўлади. Юртимизга келтирилган бошқа барча вакциналар 2 босқичда амалга оширилади. Бу вакциналар билан эмлашнинг ҳар бир босқичида алоҳида илмий текширувлар ўтказилган. Босқичлар кетма-кетлиги сақлансагина тўлиқ эмланиш амалга оширилган, деб хулоса қилинади.

     Лекин бугун фанга бир ватсинани бошқаси билан қўшиб эмлаш нима оқибатга олиб келиши тўғрисида маълумот йўқ.

     Шунинг учун ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишга ҳаққимиз ҳам йўқ. Бир неча хил вакцина билан эмланиш натижасида ножўя таъсирлар кўриниши хавфи бор. Шу сабабли юртдошларимиздан ўз ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.

     Аммо кимдир бошқа вакцина билан эмланишни истаса, бир вакцинанинг тўлиқ дозаларини қабул қилганидан 6 ой ўтгач, бошқа истаган вакцина билан бир марта эмланиш орқали аввал шаклланган антителолар миқдорини сақлаб туриши мумкин.

     Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Ўзбекистон 24» телеканали билан ҳамкорликда ташкиллаштирган «COVID-19»: Савол-жавоб» телелойиҳаси доирасида олиб борди.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: