Ёши улуғ инсонлар билан суҳбатлашар экансиз, улар тилидан тушмаётган шукроналик, эл-юртга тинчлик-омонлик, элга тўкин-сочинлик тилаб қилинаётган дуолардан кўнгилда ёруғ туйғулар уйғонади. Ҳаётнинг не-не сир-синоатлари-ю кутилган-кутилмаган қийинчиликларига дош бериб, ёруғ кунларга ишончларини сусайтирмай яшаган бундай инсонларнинг ибратли умр йўли нафақат уларнинг ўғил-қизларига, балки бугун катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган барча ёшларга сабоқ бўлишга арзийди.
Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганни пари билмас” деган мақоллар бор. Улар замиридаги маъно шуки, кексалик умр дарахтининг ҳар жиҳатдан вояга етган, ҳосили пишиб етилган, биргина соясининг ўзи минг дардга даво, ҳар бир сўзи минг маънога эга фаслидир. Кексалари бор уйда қут-барака, тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик бўлиши ҳам шундан. Умрини ҳалол меҳнат билан ўтказган, солиҳ фарзандлар тарбиялаб етиштирган, ўзидан ибратли амаллар қолдираётган бундай инсонлар билан мулоқот қилишнинг ўзи катта бахт.
Бугун туманда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами муносабати билан кекса авлод вакиллари учун “Қариялар — хонадонларимизнинг файзу фариштаси” мавзусида концерт дастури ташкиллаштирилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги, туман маданият бўлимига қарашли “Қизилқум” маданият маркази, “Учқудуқ” маданият саройи ижодий ходимлари билан хамкорликда муҳташам “Оқ сарой” тўйхонасида ташкил этилган байрам тадбирида Учқудуқ тумани маркази ва олис овулларида истиқомат қилаётган Ватанимиз тараққиёти, эл-юрт фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшиб, эндиликда кексалик гаштини сураётган нуронийлар билан учрашув ташкил қилиниб кекса авлод вакилларига эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш учун ажойиб имконият бўлди. Туман ҳокими томонидан Туманда фаолият юритган ва юритиб келаётган фидоий нуронийлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар