“Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5205-сон, 30.07.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2022 йил 1 сентябрга қадар “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:
➖ хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда (735 минг сўм);
➖ йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда (490 минг сўм);
➖ ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда (1 млн 225 минг сўмгача) компенсация тўланади.
Бунда:
меҳнат миграциясига кетаётган фуқаро “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуаси орқали масофавий тарзда ёки бевосита Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бандликка кўмаклашиш марказларига ариза билан мурожаат қилади;
ариза Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 1 иш куни ичида кўриб чиқилади.
2021 йил 1 сентябргача:
“lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсацияларни олиш имконини берувчи алоҳида саҳифа ташкил қилинади.
2021 йил 1 августдан транспорт компанияларининг (заруратга қараб, тез тиббий ёрдамнинг кўчма бригадаларининг) меҳнат миграциясида бўлган даврида жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага дуч келган, ўткир ёки оғир касалга чалинган фуқароларни, шу жумладан уларнинг вояга етмаган фарзандларини Ўзбекистонга олиб келиш билан боғлиқ харажатлари, шунингдек, ушбу фуқароларни тиббиёт ходими кузатуви остида қайтаришда тиббиёт ходимининг хизмат сафари харажатлари қоплаб берилади.
2021 йилда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш учун Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига 52 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилади.
Учқудуқ туман адлия бўлими