“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда), иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид қўшимча киритилди.
“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 17 июлдан айрим тоифадаги фуқароларга мажбурий эмлаш жорий қилинган эди. Улар - тиббиёт ва таълим муассасалари, транспорт компаниялари, чакана савдо шохобчалари ходимлари, давлат хизматчилари ҳамда бошқалар.
Шу билан бирга, адлия вазири Русланбек Давлетов иш берувчи ходимни эмлашдан бош тортгани учун ишдан бўшатиши эмас, балки четлаштириши мумкинлигини маълум қилди.