Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги 291-сонли Қарори билан тасдиқланган “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида“ги Низомга асосан чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тадбирлари 2021 йилнинг 10 август кунидан 2022 йилнинг 10 февраль кунига қадар туманда ўтказилади. Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган чақирилувчилар яшаш жойидаги туман мудофаа ишлари бўлимига мурожаат қиладилар. Танловга чақириш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлигининг ҳолати бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлган чақирилувчилар жалб этилади. Танловда иштирок этишда чақирилувчиларнинг сони чекланмайди. Танлов чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва якка тартибда суҳбат ўтказиш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимининг қарори билан тузиладиган Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, улар билан касбий танлов ҳамда якка тартибда суҳбат ўтказиш бўйича танлов кенгаши томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Танловнинг шаффофлигини бевосита кузатиб бориш учун мазкур жараёнга чақирилувчиларнинг ота-оналари таклиф этилади.
Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашга ва якка тартибда суҳбатга чақирилувчилар рўйхат асосида фуқаролик паспорти билан киритилади.
Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда чақирилувчилар куч, тезлик ва чидамлиликни аниқловчи нормативларни топширадилар.
Якка тартибда суҳбат жараёнида чақирилувчиларнинг маҳалла ва жамиятда тутган ўрни, оилавий аҳволи, обрў-эътибори, юриш-туриши, қизиқишлари, Ўзбекистон тарихи, буюк саркардаларимиз ва аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимлари аниқланади, шунингдек, умумжисмоний тайёргарлик ва касбий танлов бўйича ўтказилган синов натижалари асосида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки уларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташи юзасидан тавсия берилади ёки тавсия берилмайди. Чақирилувчилар танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этадилар.
УЧҚУДУҚ ТУМАНИ МУДОФАА ИШЛАРИ
БЎЛИМИ БОШЛИҒИ ВВБ. О.Рўзиев