Халқимизга хос хислатлар ҳақида сўз кетганда, мурувват ва меҳр-оқибат, саховатпешалик алоҳида тилга олинади. Чиндан ҳам, бу каби инсоний фазилатлар юртдошларимизнинг кундалик ишлари, ниятлари билан уйғунлашиб кетган.
Бинобарин, инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат замирида ҳам аҳоли турмушини янада фаровон этиш, эҳтиёжмандларга кўмаклашиш каби улуғвор мақсадлар мужассам. Шу мақсадда шакллантирилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Қолаверса, халқимиз орасида саховатпеша инсонлар кўпки, улар ҳам имкон қадар йиқилганни суяб, элнинг оғирини енгил қилишда ҳисса қўшиб келишмоқда.
Куни-кеча Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев Қулқудуқ ва Мингбулоқ овулларида бўлиб, бу ердаги ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди. Янги йил байрами арафасида эҳтиёжманд оилаларнинг болаларига байрам совғалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда зарурий кийим-кечаклар берилди.
Бу каби хайр-саховат ишлари бутун туман бўйича ёйилиб, чекка-чекка овуллардаги эҳтиёжманд оилалар фарзандларига байрам арафасида совғалар улашилмоқда.
Яратган барчамизни хайр-саховатли, меҳр-мурувватли, неъматларининг шукронасини адо этгувчилар қаторида бўлишликни насиб айласин!
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.