LOTIN-КИРИЛЛ

УЧҚУДУҚДА 2022 ЙИЛ –КОНЧИЛАР ЙИЛИ 

 

    Биз бугун вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, янги йилга, умр йўлимиздаги янги бир довонга қадам қўймоқдамиз. 2022 йилнинг кириб келишига оз фурсатлар қолмоқда.

    Ҳаммамиз гувоҳмиз, 2021 йил ҳам бутун дунё қатори юртимиз учун ҳам оғир ва мураккаб келди. Пандемия синовлари бизни тарк этмади. Мана шундай мураккаб вазиятга қарамасдан, мамлакатимиз иқтисодиётининг байроқдори НКМК жамоаси қатори ШКБ ҳар бир ишчи-ходими ўз олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажаришга эришди. 

    Биз бир ҳаяжон билан кузатаётганимиз 2021 - “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да барча ишлаб чиқариш соҳаларида Шимолий кон бошқармаси фидокорона меҳнат эвазига катта ўзгаришларни амалга оширди.

  Йил якунига етмасиданоқ, олдимизга қўйилган режаларни ортиғи билан бажаришга эришдик. 2021 йил сарҳисобидан: уран ишлаб чиқариш - 100 фоизга, сульфат кислота ишлаб чиқариш - 100,1 фоизга, “Шарқий” ва “Даугистау” конларидан тоғ массаларини қазиб олиш режаси октябр ойидаёқ удалланди. 

  Юртбошимиз томонидан қабул қилинган комбинатни ривожлантиришнинг 2017-2026 йилларгача бўлган даврга мўлжалланган дастурини муваффақиятли рўёбга чиқариш, Шимолий кон бошқармаси тизимида янги технологияларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида узлуксиз ва тизимли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилди. Бунинг натижаси ўлароқ, 3-Гидрометаллургия заводининг куйдириш цехида чиққиндидан олтинни ажратиб олиш 3,5% га ошди. 

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш баробарида Янги Ўзбекистон билан янгиланиб бораётган Учқудуғимизда янги ижтимоий объектлар қад ростлади. Биргина, жорий йилнинг ўзида ШКБ томонидан 9 та ётоқхонада мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу мақсадларга жами 8 миллиард сўм маблағ сарфланди. 

Бугун бутунлай янги ва замонавий қиёфа акс этган ётоқхоналарда бу ерда истиқомат қилаётган ишчи-ходимлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. 

   Йил давомида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун янги иш ўринларининг яратилганлиги таҳсинга сазовор.

    Ҳаракатлар стратегиясидан-тараққиёт стратегияси сари борар эканмиз, бу каби кенг кўламли ишлар кейинги йилларда ҳам диққат марказимизда бўлади, албатта.

   Юксак марралар учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган янги Ўзбекистонда янгича тафаккур ва янгича шижоат билан меҳнат қилишни тақозо этаяпти.   

    Энг қувонарлиси шундаки, НКМКдай улкан корхонага бешик вазифасини ўтаган Учқудуқда “2022 йил - Кончилар йили” деб эълон қилинди. Бу йил ШКБга қарашли Тоғ-кон жиҳозларини таъмирлаш цехи ўзининг 60 йиллигини, “Даугистау” кони эса 20 ёшли тўйини нишонлайди. Ана шундай қутлуғ саналарни аҳил жамоамиз билан зиммамиздаги топшириқларни шараф билан бажариб нишонлашимизга ишонаман.

   Бугунги шукуҳли дамларда жамоамиз аҳлини янги — 2022 йил билан самимий муборакбод этиб, барчангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга қут-барака тилайман.

 

Неъматилло АХАТОВ,

Шимолий кон бошқармаси директори.

O'qilgan: 737 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: