LOTIN-КИРИЛЛ

ҚИШ СОҒИНЧЛАРИ

    Онамнинг соғинчига ўзларининг дийдорини кўрмаганимча таскин йўқ эди. Олдиларига бориб келганимдан сўнг, кўнглимнинг чанқоғи бир ойга босилар, кейин яна кўргим келаверарди: “Узоқ гаплашиб ўтирмасам ҳам майли, ўзларини бир кўрсам, ёнгиналаридан овозларини эшитсам, етарли!”.

   Шу боис менга ҳар хил тўй-маросимлар, туғилган куну йиғинларга боришнинг қизиғи йўқ эди. Турмуш ўртоғимдан биргина илтимосим – “Онамни кўриб келишим учун хурсандчилик билан розилик берсалар бас!”. Рухсат теккач, ёзнинг саратонидан  қишнинг қаҳратонидан қўрқмай,  йўл азобидан зарра ҳадигим бўлмай отланардим. 

    Эсимда бундан 25 йилча олдин “Учқудуқ-Бухоро” йўналишидаги автобуснинг жўнаш пайтига етиб борувдим. Байрам арафаси эди, бекат тўла йўловчи. Беш яшар қизимни бағримга босиб, бўш жойнинг йўқлигидан автобус йўлагида кетганман. Аммо Бухорога етгунча сал кам вақт 8 соатлик йўлни қалбим тўла ҳаяжон, қувонч билан ўтказганим бот-бот ёдимга тушаверади.

    Дийдорлашув пайтларидаги онамнинг бахтиёр чеҳрасини таърифлаш қийин. Кўпинча уйимизга бехосдан (ахир, у пайтларда телефон йўқ эди-да) кириб борардим. Дарвозадан уйга киришим билан онам яшнаб кетардилар. Овозларида қалбимни эритиб юборадаиган меҳр товланиб пешвоз чиқардилар.

    -Бугун қандай яхши кун экан! Қайси шамоллар учирди, болам? Бу нурли сиймога шунчалар азиз, суюкли эканимни неча –нечанчи бор ҳис этсам-да, ҳар гал томоғимни куйдириб, кўзларимга тўладиган ёшларни ютиш, яшириш учун гапни ҳазилга бурардим: 

-Қизилқумнинг аёвсиз шамоллари учирди, мени!

– Ҳа-я, гап улардилар онам. – Болажонимни келтирган ўша Қизилқумнинг аёвсиз шамолларидан ўзим айналай...

   Энди уринишларим бекор... Бу дунёдан эрта кетган дадамнинг ўринларига ҳам ота ҳам она бўлиб бизни ўкситмай катта қилган онажонимнинг ихчам жуссаларини бағримга босиб, бошимни елкаларига қўйган-ча, кўзимни кафтимни орқаси билан тез-тез сидирардим.

   Кейин чекка-чекка токчалардан, қутичаю тахмондаги кўрпалар орасидан менга атаб қўйган нарсаларни дастурхонга тўкардилар.

-Чўлда яшасак-да, биздаям ҳамма нарса бор, нимага ўзингиз емай асраб қўясиз?!

  -Янганг бозордан олиб келган майиздан сенга ҳам олиб қўювдим. Ол, есанг-чи, - дейди онам чой қуйиб узатаркан...

...Қиш хаёлкаш. Унинг ўйчанлиги “ёқиб”, майдалаб ёғаётган қорга термулган-ча, яна онамни эсладим. Соғиндим! Ҳаёлга нималар келмайди. “Қанийди, шу изғиринли қорли кунда минг машаққат билан йўлларни босиб, автобус йўлагида ўтириб бўлса-да, онамнинг дийдорини кўриш мумкин бўлса! Иккиланмай, ўйланмай, тўхтамай қувончларимдан қанот ясаб йўлга чиқардим”!...

   Ҳа, ҳаёлкаш қиш элагида қорни эмас, аслида дийдорга, эзгуликка, соғинчга ташна умримизнинг ғанимат онларини элаётгандай.

Яна хазонларга қайтаман ёлғиз,

Яна дард баргига кўмилар бу из,

Яна боғлар сенсиз ҳувиллар она,

Рутуб маҳзанида мубҳам кумуш қиш!

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.

 

O'qilgan: 553 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: