Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Қарор лойиҳасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари «Аёллар дафтари»га киритилган, шунингдек, уй-жойини таъмирлашга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойини тизимли равишда таъмирлаш ишларини олиб боради.
Бунда, ҳар бир уй-жойни таъмирлаш ишларига маҳаллий бюджет прогнозининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 50 бараваригача (13,5 миллион сўмгача) миқдорда маблағ ажратилиши назарда тутилади.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларини саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида «дафтар»га киритилган хотин-қизлар ва (ёки) уларнинг фарзандларига даволаш, дори-дармон олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси ва сектор раҳбари тавсияси билан тиббий муолажа харажатлари «Аёллар дафтари» жамғармаси ва Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.
Ҳужжатга мувофиқ «Аёллар дафтари» юритилиши бўйича секторлар раҳбарлари ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ҳисобланади.
«Аёллар дафтари»нинг юритилиши, уларга киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, тизимли кўмаклашиш ва кўрилаётган чоралар натижадорлигини баҳолаш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи янги тизим жорий этилади.