Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.
Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.
Шу маънода, Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев “Нуронийлар маскани” да фуқаролар билан навбатдаги сайёр қабулини ўтказди. Тадбирда корхона - ташкилот ва муассаса раҳбарлари иштирок этди.
Бугунги кунда халқ билан учрашиб, жойларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди. Бу галги сайёр қабулда 12 нафар фуқаро томонидан 14 та масала ўртага ташланди. Ушбу мурожаатлардан 6 таси жойида ҳал этилди. 5 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. 3 та масалани ҳал этиш учун ўрганиш жараёнида.
Жумладан, Ихтиёр Тошев, Мария Фанова, Сардов Мамараимовлар иш масаласида мурожаат қилишган. Улар мутахассисликлари бўйича мавжуд бўш иш ўринларига таклиф қилинган бўлса, мутахассисликка эга эмас фуқаролар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлими томонидан қайта касбга ўқитиладиган бўлди.
ШКБ сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи ишчиси Жаҳонгир Идиев ётоқхона сўраб мурожаат қилган. Унинг муаммоси корхона раҳбариятига етказилиб, яқин кунларда Ж.Идиевга ётоқхона бериладиган бўлди.
Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган Ўктам Аҳмедов ўз бизнес лойиҳаси билан иштирок этди. Бундан ташқари, яна 4 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш истагини билдирди. Уларга тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, мурожаатлари ижобий ечимини топди.
Дарҳақиқат, халқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби фуқароларнинг осуда ва фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади.
Малика ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ёшлар ишлари агентлигининг “Дўстлик” маҳалласидаги етакчиси.