Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатлари учун хизмат қилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бу ислоҳотлар паспорт тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Натижада паспорт ва пропискани расмийлаштиришнинг осонлаштирилган тизими йўлга қўйилди. Фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш юзасидан бир қатор янги ҳужжатлар қабул қилинди.
Биргина, Учқудуқ туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан 2021 йилда 24 нафар шахс фуқароликка қабул қилинган. 1196 нафар киши ички паспорти ўрнини эгаллайдиган идентификацион карта (ID-карта) олишга улгурди.
Шунингдек, 2891 нафар учқудуқлик фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилиб берилди.
Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида myGov.uz интернет тармоғи орқали фуқароларимиз ҳудудий миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига бормасдан туриб, доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиш, хорижга чиқиш биометрик паспортларини олиш, ID-карталарни расмийлаштириш имкониятларидан фойдаланса булади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча янги туғилган чақалоқларга, Ўзбекистон фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга ҳужжат эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация ID-картаси берилмоқда.
ID-карталар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади. ID-карталарни бериш тизимли равишда 2021 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача мамлакат аҳолиси учун қўшимча юкламасиз амалга оширилади.
Вохиджон РАСУЛОВ,
Учқудуқ тумани ИИБ М ва ФРГ
катта инспектори, катта лейтенант.