Қизилқум кенгликларидан азалдан карвонлар ўтган ва улар ўзларига маълум ва маъқул жойларда карвонларни тўхтатиб дам олишган. Айтим ҳам ана шундай жойлардан бири бўлган. Бунга сабаб тоғ томондан келаётган сувлар ва булоқлардан чиқаётган сувлар оқиб келиб қумлардаги олтин зарраларини ювиш натижасида ер қуёш ва ой шуълаларида ялтираган. Бу ялтираш карвонлар учун мўлжал ва макон вазифасини бажарган. Шу сабабли бу ерни карвондагилар ва шу ерда қўй боқувчи чўпонлар “Ой шуъласи тушган ер” - “Ойтим” деб аташган. Кейинчалик рус геологлари ва бошқа миллат вакиллари бу ернинг номини ўзларига мослаб “Айтим” шаклида талаффуз қилишган ва ҳудуд аҳолиси тилида ҳам бу сўз шу тарзда “Айтим” номи билан юритила бошланган. 1993 йил ҳудудда ташкил этилган МФЙ номи ҳам ушбу тарихий ном билан “Айтим” деб номланган.
Ушбу ҳудуд номланиши билан боғлиқ туманда узоқ йиллардан буён яшаб келаётган баъзи нуроний оқсақоллар берган яна бир маълумотга кўра, “Айтим” номи бу қозоқ миллатининг энг улуғ, энг обрўли ота-боболари номи (оталиқ) бўлиб, ўтмишда, тахминан 250-300 йил аввал ушбу маконда Айтим исмли шахс яшаган, у киши биринчилардан бўлиб ҳудудда боғдорчилик ва деҳқончиликни ривожлантирган улуғ инсон бўлган. Ушбу заминда яшаётган маҳаллий аҳоли шу кишининг машаққатли меҳнатлари билан тўқ ва фаровон ҳаёт кечирган. Ҳаттоки ушбу саҳронинг ўртасида Аллоҳнинг мўъжизаси билан яралган, боғдорчилик ва деҳқончиликни ривожланишига асос бўлган булоқни ҳам ҳудуд аҳолиси шу улуғ кишининг номи билан “Айтимбулоқ” деб номлашган. Кейинчалик маҳаллий аҳоли ушбу ҳудудни Айтим отага ҳурмат юзасидан “Айтимбулоқ жойлашган овул” эмас қисқа қилиб “Айтим овули” деб юритишган. Оқсақолларнинг айтишича, кейинчалик овулдаги булоқдан бошқа ҳудудларга қувурлар орқали сув тортиб кетилган, овул аҳолиси ҳам бошқа жойга кўчирилган. Айтим отага ҳурмати баланд бўлган ҳудуд аҳолиси эса, Айтим отани номини абадийлаштириш мақсадида булоқдан биринчи бўлиб сув тортиб келинган жойни у кишининг номи билан “Айтим” деб номлашган экан. Шу тариқа 1993 йил ҳудудда ташкил этилган МФЙга ҳам тарихий номидан келиб чиқиб “Айтим” номи берилган дейилади нуронийларимиз берган баъзи маълумотларда.