Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 25 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи доирасида вилоятни республиканинг намунавий ҳудудига айлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари суриб, вилоят электр энергиясини тежаш бўйича намуна бўлишини таъкидлаган эди. Бунинг учун вилоятдаги барча ташкилотларга 100 фоиз қуёш панеллари ўрнатиш белгиланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари парламент ва халққа мурожаатномасида: «Келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади. Бунинг ҳисобига, уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли «яшил энергия»га ўтказилади. Аҳоли хонадонларида эса, қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилади», — дея таъкидлади Президент.
Шу билан бирга, кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кескин оширилишига кўрсатма берди.
Ҳақиқатдан ҳам бир йилда 300 кундан ортиқ қуёшли об-ҳавосига эга Ўзбекистонда қуёш панеллари энг мақбул ечимлардан бири сифатида қайд этилади.
Шу боис, Учқудуқ туманида муқобил энергия манбаларидан, хусусан, қуёш энергиясидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Учқудуқ туман ҳокимлиги, туман давлат солиқ инспекцияси, туман ички ишлар бўлими, 7 – умумий ўрта таълим мактабида муқобил тарзда захира энергия манбаи билан таъминлаш мақсадида тўлиқ қуёш электр панеллари ўрнатилди.
– Туман ҳокимлиги маъмурий биносига ўрнатилган 10 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга қуёш панеллари ёрдамида бир ойда 7200 кВт электр энергияси олинади, – дейди туман ҳокими ўринбосари Отабек Рамазанов. – Шундан ҳокимлик эҳтиёжига 5500 кВт сарфланади. Қолган 1700 кВт ток электр тармоқлари корхонасига сотилади. Энг асосийси, эндиликда электр энергияси учун бюджетдан сарфланган маблағлар тежаб қолиниб, даромад олишга ҳам эришилади.