Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган байрам табриги
Ассалому алайкум, азиз ва мўътабар онахонлар!
Мунис опа-сингиллар, дилбар қизлар!
Она табиат чирой очиб, атроф-муҳит яшил либосга бурканиб, баҳор нашидаси тобора кучайиб бораётган айни шу фусункор айёмда сиз, азизларни эзгулик ва гўзаллик байрами 8 март — Хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этаман!
Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.
Аёлга, онага жамиятнинг, халқнинг, умуман, инсоннинг муносабати мазмун-моҳияти қадимий ва мўътабар китобларимизда айтиб қўйилган: “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир”.Бугун Янги Ўзбекистонимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аёлларимизга ҳурмат-эътибор кўрсатиш, уларни эъзозлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг моҳияти ота-боболаримиз асрлар оша амал қилиб келган ва келаётган ушбу қадимий ҳикматига ҳамоҳангдир!
Хонадонларимизнинг чироғи, фарзандларимизнинг меҳрибони, юракларимиз қўри, кўзларимизнинг нури ва ғуруримиз бўлган сиз аёлларга ҳар қанча таъзим қилсак, шунча кам! Сизнинг олтин қўлларингиз ҳам бешикни, ҳам дунёни тебратади.
Азиз ва мўътабар опа-сингиллар!
Таъкидлаш ўринлики, миллий давлатчилигимизнинг қадимий ва бой тарихида аёлларимиз ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг бугунгидек юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмаган. Бугун опа-сингилларимиз қалбида жўш ураётган шукроналик ва юртдан Юртбошидан миннатдорчилик ҳисси амалий фаолиятимизга кўчиб, ҳар бир соҳада юксак натижаларга эришишга руҳлантирмоқда.
Бугун туманимизда депутатлар, шифокорлар,кончилар, педагоглар, тадбиркорлар орасида – барча соҳаларда ном қозонган опа-сингилларимиз, қизларимиз тобора кўпаймоқда. Биз эса улар билан ҳақли равишда фахрланамиз!
Ҳурматли онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Бамисоли баҳор элчиси бўлиб келаётган, ўзингиздек гўзал ва дилбар мана шу қутлуғ айёмда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.Умрингиз узоқ, иқболингиз зиёда бўлсин! Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин! Доимо оилангиз ва фарзандларингиз, элу юртимиз ардоғида бўлинг!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, айёмингиз яна бир бор муборак бўлсин!