Бугун мамлакатимизда аёлни эъзозлаш, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, оғирини енгил қилиш, бандлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.
Ҳурматли Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги даврини бошлаб берди. Боиси, унда ҳаётнинг барча жабҳасида аёлларнинг иштироки ва фаоллигини ошириш, таълим олиши ва касбий кўникма ошириши ҳамда бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жойларда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва хотин-қизларнинг унга киритилган муаммолари, эҳтиёж ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, уларга зарур ечим топиш борасидаги ишларни янада ривожлантиришга алоҳида урғу берилган. Бу эса, шубҳасиз, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилади.
Бу борада Учқудуқ туманида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилда 421 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилиб, кўрсатиладиган ёрдам турларига кўра, 122 нафари иш билан таъминланади, 65 нафар хотин-қизларга субсидия асосида меҳнат қуроллари сотиб олиб берилади. Бу мақсадларга 390 млн. сўм маблағ йўналтирилади.
Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд, ишсиз 6 нафар хотин-қизга 33 млн. сўмдан жами 198 млн. сўм кредит маблағи ажратилади. Эҳтиёжманд, боқувчиси бўлмаган 135 нафар хотин-қизга йил якунига қадар базавий ҳисоблашнинг 4 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Бу йўналишда 162 млн. сўм сарфланади.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг 75 нафарига 88 млн. 200 минг сўм миқдорида бир марталик ёрдам берилади. Жарроҳлик операцияларини ўтказиш ва дори-дармон сотиб олиш учун 100 млн. сўм маблағ йўналтирилади.
Бундан ташқари, қарамоғида ногирон фарзанди бўлган эҳтиёжманд оналарнинг 65 нафарига ногирон боласини даволатиш учун 78 млн. сўм маблағ сарфланади. 6 нафар аёлнинг таъмирга муҳтож уйини таъмирлашга 54 млн. сўм, 4 нафарининг ижара пулларини тўлаб беришга эса 20 млн. сўм маблағ сарфланмоқда.
Учқудуқ туманида йил давомида “Аёллар дафтари” га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга 1 млрд. 27 млн. сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Бу каби факт ва рақамларга батафсил тўхталиб ўтишимнинг боиси, бугун аёлларнинг дарду ташвишлари, уларни қийнаётган муаммоларини бартараф этишга давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётганлигини таъкидлашни истардим.
Бугун айни шу ишлар самараси ўлароқ, бугун тумандаги Ёшлик амфитеатрида “Аёллар дафтари”да рўйхатга турган 40 нафар аёлларга тикувчиик, пишириқ пишириш ва шу каби тадбиркорлик қилиш имконини берадиган жиҳозлар топширилди.
Тадбирда туман ҳокими С.Ф.Хамроев ва 2-сектор раҳбари Р.Рахматовлар иштирок этиб аёлларни кириб келаётган 8 март — Хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этдилар!
“Ҳаё ва иффат, вафо ва садоқат, меҳр ва муҳаббат тимсоли бўлган - умримизга мазмун бахш этиб турган Сиз аёлларимиз бор экан, юртимиздан файз ва тотувлик, кўнглимиздан хотиржамлик, қувонч ва улуғвор орзулар аримайди”- деб туман ҳокими ўзининг илиқ тилакларини билдириб ўтди.