8 март – Халқаро Хотин-қизлар байрамининг айнан баҳор фаслида нишонланиши замирида ҳам ўзига хос маъно ва ҳикмат мужассам. Зотан, баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига ҳамоҳанг ва уйғундир.
Дарҳақиқат, севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик туйғуларни аёлларсиз асло тасаввур эта олмаймиз. Зеро, азиз аёлларимиз ҳамиша кўз ўнгимизда меҳрибон она, фидойи етакчи, садоқатли ёр тимсолида гавдаланади.
Куни-кеча Учқудуқ шаҳридаги «ОАЗИС» тантаналар саройида айём муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда муҳтарама онахонларимиз, азиз опа-сингилларимиз эъзозланди, эътироф этилди.
Тантанани Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроев самимий табрик сўзи билан очиб, бугунги кунда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий-cиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, ҳар бир соҳада ўз ўрнига эга бўлган, салоҳиятли ва туманимиз фаҳри бўлган бир гуруҳ аёлларга туман ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, тантанали тадбирда Шимолий кон бошқармаси директори Неъматилло Ахатов иштирок этиб, ҳаётимизнинг файзу-фариштаси бўлмиш муҳтарама аёлларимизнинг оила ва жамиятдаги фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Аёл деганда аввало кўз олдимизга мунис оналаримиз, опа-сингил, аҳлу аёлларимиз, шириндан-шакар жажжи қизларимиз кўз олдимизга келади. Айтиш жоизки, Бибихоним, Тўмарис, Зебунисобегим, Зулфияхоним сингари буюк ва суюкларнинг авлодлари бўлган сиз азиз аёллар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнларида олдинги сафларда бормоқдасиз. Ҳар жабҳада, ҳар соҳада илғорсиз.
Учқудуқ туман маданият бўлими томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар барчага байрам шукуҳини улашди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.