LOTIN-КИРИЛЛ

photo 2023 06 15 09 51 07

Қариндош уруғларни йўқлагани ислом динининг қуввати, дея таъриф бериладиган қадим шаҳар Бухорога борганимизда, кўпчиликнинг "Қаерда ишлайсан?", деган саволига ота-онам ва қайнонам "Тилло заводда ишлайди", - дея менданда олдинроқ фахр билан жавоб қайтарадилар. Уларнинг жавобларида шунчалик фахрланиш ҳиссини сезаманки, бу менга янада кўпроқ ғурурланиш туйғусини беради.

Ҳа, бу фахр ҳисси, нафақат мени балки,  3-гидрометаллургия заводида фаолият олиб бораётган ҳар бир ишчининг, ҳар бир раҳбарнинг доимий ҳамроҳи десам муболаға бўлмайди. Гарчи, меҳнати оғир бўлсада, оиласининг ризқини айнан шу заводдан тераётган ҳар бир ишчи-ходим ишидан мамнун. Нафақага чиқишсада, "Олтин заводида ишлаганман" дея ғурурланиб гапиришади.

"Олтин завод"... Бугун ушбу корхона ўзининг навқирон ёшини - 28 йиллигини нишонлаяпти. Қачонлардир қизилқум бағрида ястаниб ётган бу ерда, 1995 йил 14 июн куни юртимиз иқтисодий юксалишининг муҳим "йўлак"ларидан бири бўлишига ҳудуд аҳолиси турмуш даражасини яхшиланишига ишонилиб, заводнинг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Мустақилликнинг илк йирик иншооти, деб аталган 3-гидрометаллургия заводининг очилиш маросимида иштирок этган муҳтарам биринчи президентимиз И.А.Каримов ўз сўзида: "Бу кун ҳеч муболағасиз мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш тарихида, унинг иқтисодий потенциалини ошириш ва дунё бозоридаги ўз ўрнини барқарорлаштиришда алоҳида муҳим ўрин тутади. Бу кун бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида, балки унинг чегараларидан ташқари узоқ давлатларда таниқли бўлган "Олтин корхона"нинг ривожланиш тарихи олтин давридир", - деган эди.

28 йил аввал айтилган ушбу сўзлар, йиллар ўтиб ўз бўй - бастини тўлиқ кўрсатди. Яъни, тўртта тўққиз (999.9) бренди остида танилган, ҳамда олтин захиралари бўйича дунё миқёсида 4-ўринни, олтин ишлаб чиқариш бўйича 8-ўринни эгаллаб келаётган Ўзбекистон олтинини дунёга танитишда 3-гидрометаллургия заводи ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Завод тарихига  қисқача тўхталадиган бўлсам, бу ерда 1995 йилдан 2008йилгача, 13 йил давомида оксидланган маъданлар қайта ишланган. 2008-2009йилларда эса сульфидли маъданларни қайта ишлаш технологияси0.га ўтилган. Бу йиллар давомида 3 та тегирмон блокига қўшимча равишда маъданни майдалаш ҳажмини ошириш мақсадида яна 3 та тегирмон блоклари ишга туширилган ҳамда ишлаб чиқариш қуввати каттароқ бўлган техникалар қўлланила бошланган.

photo 2023 06 15 09 51 08

Бу эса  ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш  имконини берган. Натижада 2008йили биооксидлаш комплекси 1-босқичи, 2009йили KEMIKS замонавий сорбцион комплекси, 2011йилда эса биооксидлаш комплекси 2-босқичи,2012йилда кўмирни сорбция қилиш технологиясининг жорий қилиниши, 2015 йилда эса концентратларни қайта майдалаш мосламасининг ишга туширилиши, 2019 йилда янги инвестицион олтин ишлаб чиқариш заводлари чиқиндиларини янги технология асосида қайта ишлаб, қўшимча маҳсулот олиш лойиҳасининг амалда қўлланилишига эришилди.

Бугунги кунда заводда ишлаётган  1700 дан ортиқ ишчи – ходимнинг самарали меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Улар  махсус кийим-бош, зарур иш қуроллари билан тўлиқ таъминланган. Зарарли омиллар таъсирига қараб даволаш-профилактик озуқаси берилмоқда. Шунингдек, овқатланиш хоналари музлаткич, микротўлқинли печлар билан жиҳозланган. Ҳаммом, кир ювиш комбинати хизмати йўлга қўйилган. Ишчи-ходимлар ишга автобусларда келиб-кетишади. Махсус кутиш заллари ишлаб турибди. 

Ишчи-хизматчилар учун кутубхона ташкил қилинган. Ўз интеллектуал салоҳият ва билимларини ошириш учун кутубхонадаги илмий ва бадиий адабиётлардан, газета ва журналлардан  фойдаланишади.  Бепул тиббий кўрик шунинг билан бирга профилакторий - санаторийлар, дам олиш масканлари ҳамда фарзандлари учун  оромгоҳларга йўлланмалар  берилиши сингари  яратилган қулайлик ва  имкониятлар рўйхатини яна узоқ  давом эттириш  мумкин.

Бироқ, қайд этилганларнинг ўзиёқ, бу ерда меҳнат қилаётганларга  чексиз шукроналик ва ҳеч қандай муболағасиз фахрланиш ғурурланиш ҳиссини ҳадя қилади, десам тўғри бўлади.

Ҳа, заводда ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш ишлари бир зум бўлсин тинмаган. Чунки, она табиат ўз бағрида олтинларни пишитиб йиғиб бораверар экан, корхона ривожи  ҳам шунга монанд юксалаверади. Айтмоқчи бўлганим,  сафларимизда мен сингари:  "Мен  тилло заводида ишлайман", дея жонажон корхонаси билан фахрланадиган ғурурланадиган етук мутахассислар  сафи ортаверсин!

Дилором САЛИМОВА,

3 – гидрометаллургия заводи маънавий-маърифий ишлар бўйича инспектори.

 photo 2023 06 15 09 39 04

Бундан 28 йил олдин, яъни 1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3-гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди.

Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш катта воқеага айланди. Шу кунга қадар Учқудуқда фақат уран қазиб олинган бўлса, янги завод ишга туширилгач олтин ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.

3-гидрометаллургия заводининг ривожланиш тарихи бу, завод қурилишидан тортиб янги технологик объектларнинг ишга туширилиши ва албатта янги инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш билан узвий боғлиқдир. Ҳозирда ушбу ишлар давоми ўлароқ, флотоконцентратни бактерия ёрдамида оксидлаш схемасинининг унумдорлигини ошириш мақсадида, биооксидланиш цехида қўшимча биореакторларни қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши таркибида олтин мавжуд бўлган хомашёни қайта ишлаш ҳажмини ошириш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш имконини беради.

photo 2023 06 15 09 39 03

Бундан ташқари, биореакторларни совутиш тизиминининг самарадорлигини ошириш мақсадида, 2008 йилда BIOX  мажмуаси ишга туширилганидан сўнг, фойдаланишдан чиқарилган  беш секцияли сув совутиш минорасини тиклаш, реконструкция қилиш ва фойдланишга топшириш ишлари олиб борилди. Қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехининг қуюлтириш жараёни самарадорлигини ошириш мақсадида, Ц-100 қуюлтиргичининг қабул қилиш идишлари реконструкция қилинди. Бу эса флотация чиқинди маҳсулоти нейтраллаш қолдиқларини ва сорбция чиқинди маҳсулотининг янги схемасини жорий этиш имконини берди. Натижада жараёнга қайтариладиган   айланма сув ҳажмини ошириш, чиқинди бўтанаси билан сув йўқотилишини камайтиришга эришилди.

 Завод мутахассислари томонидан айланма сувнинг бир қисмини қайта ишлаш технологияси ишлаб чиқилиб, технологик жараёнларга қайтарилди. Бу каби чора-тадбирлар самараси ўлароқ, сўнгги йилларда технологик жараён учун тоза техник сув сарфини 2,5 дан 2,2 м3/т маъданга, яъни 10% га камайтириш мумкин бўлди.

НКМК марказий лойиҳалаш бўлими мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага мувофиқ, қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехида суюқ каустик натрий эритмасини қабул қилиш қурилмасини қуриш ва ишга тушириш ишлари якунланди. Янги хлорид кислотасини қабул қилиш ва сақлаш узелини қуриш ишлари бошланди. Дастлабки лойиҳада қуруқ реагентларни сақлаш кўзда тутилмаганлиги сабабли, флотацион бойитиш цехида мавжуд ва бугунги кунда фойдаланилмаётган бинони флотация жараёнида фойдаланиладиган реагентларни вақтинча жойлаштириш ва сақлаш учун омборхонага айлантириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

photo 2023 06 15 09 39 10

Шунингдек, фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехининг эскирган фильтр матоларини утилизация қилиш, сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулот цехида натрий циянид эритмасини қабул қилиш ва етказиб бериш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ишлари бошланган.

Ҳозирда заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш йўлида рационализаторлик ва инновацион ғояларни жорий қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. 2011йилдан бошлаб рационализаторлик соҳасида туб бурилиш юзага келди ва бунда асосан завод ёшлари фаол иштирок этмоқдалар. Охирги 5 йилликда 329 дан ортиқ рационализаторлик таклифлар рўйхатга олиниб, кўпчилиги ишлаб чиқаришда самарали фойдаланилмоқда. Бу эса маҳсулот таннархини камайтиришга технологик кўрсаткичларни сезиларли даражада яхшиланишга  олиб келди.

Олтин корхонада ишлаб  чиқариш кўрсаткичларига  қанчалик  аҳамият  берилса, моддий бойлик яратаётган ишчи-ходимлар  учун  ҳам зарурий шарт-шароитлар яратишга  муҳим эътибор қаратилади. Заводга  кираверишда  ёзда  салқин,  қишда  иссиқ  бўлиб  турадиган атриумдатурли  гуллар ўстирилган. Аквариумда балиқлар сузиб юрган жонли бурчакларда салқинлик  нафаси  уфуриб  турган  шаршараларга гувоҳ бўласиз. Ишчи-ходимлар қўл меҳнатига асосланган “Моҳир  қўллар”  бурчагига қўйилган экспонатлар бу ерда истеъдодлилар кўплигидан дарак. Спортда эришилган ютуқлардан ҳикоя қилувчи кўргазмали воситалардан кўриниб турибдики, завод ёшларини спортсеварлар жамоаси дейиш мумкин.Шу ернинг ўзида шашка ва шахматда ўзаро беллашувлар  ташкил этиш имконияти яратилган. Автобусни кутиб туриб ҳам бу каби қулайликлардан бемалол фойдаланиш мумкин.

Завод  ичкарисига  кириб  борган  сари  цех  ва  участкаларда  ҳам  бу кабиэзгуишларнинг мантиқий  давомини   кўрамиз.Қолаверса, завод ошхонасида тайёрланаётган парҳез таомлар барчага манзур бўлмоқда. Жорий йил охиригача 900 ўринли янги маиший комбинат қурилиб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Корхона раҳбариятининг  жамоага  дахлдор ижтимоий  муаммоларни  бартараф  этишга қаратилган сайёр қабуллари  ўтказилиб, мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда.

Шунингдек, ташкилот хотин-қизлар  кенгаши,  ёшлар  етакчиси,  маънавий-маърифий  ишлар  бўйича  инспектор  ҳамда   1-сонли  касаба  уюшмаси фаоллариҳамкорлигида турли маданий, маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилиб, танловлар, интеллектуал  ўйинлар,  спорт  мусобақалари ҳамда  давра  суҳбатлари  ташкиллаштирилмоқда.

3500 тадан ортиқ бадиий ва илмий адабиётлар жамланган мўъжаз кутубхона эса  ишчи-ходимлар  биландоимо гавжум.

Бундан ташқари, ҳар бир ходимни ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш,  меҳнат  таътилини  мароқли  ўтказиш ҳам эътиборданчетда  қолмаган.  Байрамлар  арафасида   кам  таъминланганлар  ҳолидан  хабар  олиш  кўмакка  муҳтож  оилаларга  моддий  кўрсатиш сингари саховатпешалик  анъанага  айланиб  улгурган.

Бугун олтин корхонада 1 нафар давлат мукофоти  “Шуҳрат”  медали,  3 нафар биринчи, иккинчи, учинчи даражали “Кончилик  шуҳрати”, 9 нафар  “НКМК  фахрийси”, 15 нафар “Кончилик  шуҳрати”,5  нафар  “Юбилей”  кўкрак  нишонининг  турли  даражалари  билан  тақдирланганлар ҳамда  2  нафар  “Энг  яхши  ихтирочи”  медалини  қўлга  киритганлар фаолият  юритиб,  мамлакатимиз  иқтисодиётини  барқарорлаштиришда  ўзларининг  муносиб  ҳиссаларини  қўшиб  келмоқдалар.

Қадрли жамоадошлар! Барчангизни 3-гидрометаллургия заводининг муборак 28 йиллиги билан қизғин муборакбод этаман. Оилавий бахт, хотиржамлик, хонадонингизга қут-барака, фарзандлар ва неваралар бахту камолини кўриб юришлик насиб этсин!

Олдинда аҳил жамоамизни катта вазифалар, улкан довонлар кутиб турибди. Албатта ҳалол ва фидокорона меҳнатимиз билан биргаликда ана шу довонлардан ошиб, мамлакат иқтисодиётига муносиб улуш қўшишда давом этамиз!

 Шуҳрат НАРБАДАЛОВ,

ШКБ 3-гидрометаллургия заводи директори.

photo 2023 06 15 09 34 08

Аёлни гўзаллик тимсоли деймиз. Шу боис унинг қўли билан яратилган барча нарсалардан нафосат, нафислик, назокат уфуриб туриши, шубҳасиз. Қаҳрамонимиз муаллима, муҳандис-кимёгарлик касбларини пухта эгаллаб, улардан ташқари тўғрисўз ва дилкаш маслаҳатчи ҳамда оналик мақомини ҳам қойиллатиб қўйиб, ҳаётда ўзининг ўрнини топмоқда. Бугун ана шундай оқилаю фозила Дилшода Холмуродова ҳақида ҳикоя қиламиз.

Қишлоғидаги қизларга жажжи Дилшоданинг ҳаваси келарди. Улар қўлларига жилд кўтариб, оппоқ фартук тақиб мактабга бориб келишарди. Ниҳоят у ҳам 62-сонли мактабнинг 1-синфига борди. Дилшода ҳар бир ҳарфни мўъжизадай қабул қилар, ҳар бир дарс уни сирли оламга етаклаб кирарди.

Айниқса,кимё дарсларини байрамни кутгандек интизор кутарди. Машғулотларда ўтказилаётган турли кимёвий тажрибалар унинг ёш қалбини сеҳрлаб қўярди... “Албаттакимёгар – таҳлилчи бўламан”, дея аҳд қиларди.

2001 йилда Самарқанд давлат университетининг кимё факультетига ўқишга  кирди. У ерда кимё фанини ўқитиш методологияси ва таҳлил этиш ҳамда амалда синаб кўриш усулларини пухта ўзлаштирди.

2005 йилда Бегали Аллаяров билан турмуш қурди.  Учқудуққа кўчиб келган бу  оилада Шаббона, Дамир ва Дониёрбек исмли ўғил-қизлар камолга етмоқда. Турмуш ўртоғи Бегали Аллаяров эса Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” конида БелАЗ ҳайдовчиси бўлиб ишлайди.

2005-2012 йилларда мактабда кимё фанидан дарс берган Дилшода кўпчиликнинг орзуси бўлган Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводига ишга қабул қилинди.  Аввалига марказий лабораторияда кимёвий-таҳлил лаборанти бўлиб ишлаган бўлса, 2022 йилдан фазали-назорат гуруҳида муҳандис-кимёгар вазифасидафаолият юритмоқда.

Доно халқимиз ўз мақолларида Устоз отадек улуғ!ёкиУстоз отангдан улуғ! деб айтишларида ҳам жуда кўп маъноларбор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган.  Устозлари Дилфуза Шарафутдинова, Қундуз Ражабова, Ойгул Даминова, Марипа Ментурова ва Аваз Калоновларнинг иш тажрибаларини ўрганиб,  йиллар давомида соҳадаги билим ва кўникмаларини янада оширди. Шунингдек, гуруҳ раҳбари Шуҳрат Шамсиев,  жамоадошлари Дилобар Жуманиёзова, Одина Мирзаева, Дилшода Сатторова, Динара Хазратқуловалар билан бирга  бир маслак бир мақсад сари  одимлаб, эл-юрт фаровонлигига муносиб улуш қўшаётирлар.

“Инсон дунёнинг қалби”, деб ёзган эди Антон Чехов. Дилшода Холмуродовадаги ўз юртига содиқлик, ўз ишига жонкуярлик, болажонлигию, боладиллиги, ҳофизасининг кенглиги билан у дунёнинг қалбини тинглаётгандай, гўё!.

Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.

photo 2023 06 13 19 30 24

Мотивация, инсонларнинг амалий фаолияти учун зарур бўлган асосий омиллардан бири бўлиб, бу омил ҳар бир инсоннинг иш фаолиятида муваффақиятга  эришишига ёрдам беради.

Куни-кеча “Ёшлар ойлиги” дотрасида “НКМК” АЖ Шимолий кон бошқармасида давлат мукофоти соҳиблари  ва  100 дан ортиқ  ёшлар иштирокида “Мотивация соати” бўлиб ўтди.

Тадбирда “Шуҳрат” медали соҳиби У.Махамматов,  “Жасорат” медали соҳиби А.Халтуринский ва “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори Д.Камолова ўз ҳаёт йўллари ва эришган ютуқлари тўғрисида  суҳбат олиб бориб, ёшларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Тадбир сўнгида давлат мукофоти совриндорларига бошланғич ёшлар ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди.

ШКБ ахборот хизмати.

 

photo 2023 06 15 09 27 02

Юртимизда 3 июндан “Янги Ўзбекистон — ёшлар мамлакати!» шиори остида “Ёшлар ойлиги” бошланди. Шу муносабатбиланУчқудуқ туманида ҳамтурлимаданий-маърифий, кўнгилочартадбирлар ҳамда спорт мусобалари бўлиб ўтмоқда.

Фестивал доирасида  ўтказилган веломарафонда 100 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Беллашувларнинг  ўғил болалар ва эркаклар ўртасида ўтказилган мусобақаларида фахрли биринчи ўринни “Дўстлик” маҳалласидан Фарруҳ Умурқулов, иккинчи ўринни “Йўлчилар” овулидан Қувончбек Шарипов, учинчи ўринни “Айтим” маҳалласидан Озодбек Зокировлар қўлга киритишди.

Шунингдек, қизлар ва аёллар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда фахрли биринчи ўринга “Йўлчилар” овулидан Вазира Очилова, иккинчи ўринга “Йўлчилар” овулидан Зиёда Шомуродова, учинчи ўринга “Мустақиллик” маҳалласидан Сарвиноз Эргашовалар сазовор бўлишди.

Ёшлар ойлиги доирасидаги яна бир мусобақа туман спорт мактабида ўтказилди. Маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг миллий  кураш туридан  бўлиб ўтган “Прокурор кубоги” мусобақаларида 50 нафардан ортиқ ёш спортчилар иштирок этди.

Мусобақаларнинг очилиш маросимида Учқудуқ туман ҳокими, 1-сектор раҳбари С.Хамроев, туман ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари А.Райханов, туман ДСИ бошлиғи, 4-сектор раҳбари А.Усмоновлар иштирок этиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳар бир ёш келажакда ўз ўрнини топиши лозимлигини таъкидладилар.

Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳсларда 60 кг вазн тоифасида  1-ўринни  “Дўстлик” маҳалласидан А.Жалолов,  2-ўринни  “Дўстлик” маҳалласидан З.Суюнов, 3-ўринни  “Мустақиллик” маҳалласидан А.Рахматовлар қўлга киритишди. Мусобақаларнинг  66 кг вазнда 1-ўринга “Дўстлик” маҳалласидан Ф.Файзуллаев, 2-ўринга “Мустақиллик” маҳалласидан И.Нормуродов, 3-ўринга “Ифтихор” маҳалласидан М.Қосимовлар сазовор бўлишди. 73 кг вазнда эса 1-ўринни  “Навоий” маҳалласидан Б.Шамсиев, 2-ўринни  “Навоий” маҳалласидан Д. Ҳикматов, 3-ўринни “Ифтихор” маҳалласидан С.Акрамовлар эгалладилар.

photo 2023 06 15 09 26 56

Шунингдек, 81 вазн тоифасида 1-ўринга “Навоий” маҳалласидан А.Насриддинов,  2-ўринга “Абай” маҳалласидан А.Сафаров, 3-ўринга “Абай” маҳалласидан Э.Турдиев сазовор бўлишди.  +81 кг вазнда  1-ўрин “Навоий” маҳалласидан Ҳ. Умаровга,  2-ўрин “Йўлчилар” овулидан Ш.Ғаффоровга,  3-ўрин “Мустақиллик” маҳалласидан Ф.Жумаевга насиб этди.

Бундан ташқари, “КЕLАJАК” ёшлар марказида  бўлиб ўтган "Заковат" интеллектуал ўйинларида 10 та жамоа иштирок этди. Ғолибликни 10-умумий ўрта таълим мактаб жамоаси қўлга киритди.

Спортнинг арқон тортиш, шахмат, камондан ўқ отиш, тош кўтариш  армрестлинг мусобақалларида маҳалла ёшлари ва мактаб ўқувчилари фаол иштирок этишди.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, спортга бўлган қизиқишларини орттиришдек эзгу мақсадни кўзловчи ушбу фестиваль туманиимиз бўйлаб қизғин давом этмоқда.

Дарвоқе, бўлиб ўтаётган барча беллашув ғолиб ва совриндорлари “Ёшлар ойлиги” доирасида “Янги Ўзбекистон-ёшлар мамлакати!” шиори остида  туманда ўтказиладиган гала-концертда тақдирланади.

Умрбек  САЛИМОВ,

Учқудуқ туман спорт мактаби директори.

   Бугун ижтимоий тармоқларнинг бирида “Учқудуқ туманидаги чиқиндилар полигонида моллар ўтлаб юргани” ҳақида танқидий пост тарқатилди.

    Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлигида мутасадди идоралар вакиллари иштирокида гуруҳ тузилиб, Учқудуқ чиқинди ташлаш полигонини тартибга келтириш борасида тезкор чора-тадбирлар амалга оширилди.
     Полигонда бўлган уй ҳайвонларининг эгалари “огоҳлантирилди”.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

   Агар музқаймоқ нотўғри сақланган, музлатилган ва муздан туширилган бўлса, унда стафилококк ёки салмонелла ичак таёқчалари бўлиши эхтимоли бор.  

   Қошиқчадаги микробдан оммавий захарланиш ҳатто музқаймоқ сотиладиган қиммат қаҳвахоналарда ҳам бўлиши мумкин. Кўчада сотиладиган музқаймоқ ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.  

  Музқаймоқ тайёрлаш жараёнини еб кўриб билса бўлади. Агар бир ҳил бўлса, қумоқлари бўлмаса у кераклича сақланган. Агар тилингизга нимадир “ботса”, у қайта музлатилган. Демак, у кўрсатилган муддатидан олдин айнийди. Муздан тушиш жараёнида унга қандай микроблар юққанини эса гапиришга ҳожат йўқ. Маҳсулотнинг бузилган шакли ҳам уни талаб қилинганидек сақланмаганидан далолат беради.

   Қуйиб бериладиган музқаймоқнинг ўлчайдиган қошиқчаси ҳар бир портциядан кейин махсус эритмага чайилмаса, бактериялар манбаи бўлиши мумкин. Сотувчидан уни нимада чайилишини сўраб кўринг. У буни билиши шарт. Агар сотувчи умуман чаймаётганини кўрсангиз, пулингизни музқаймоққа совурмаганингиз маъқул.

   Ҳар қандай музқаймоқ ўрамида қатор таркибий қисми берилади. Афсуски, улар орасида фойдалилари кам учрайди. Муздек ширинликларнинг энг фойдалилари “пломбир”, “сариёғли музқаймоқ” ёки “сутли музқаймоқ” саналади, ҳатто уларга ҳам айрим ишлаб чиқарувчилар ўсимлик мойларини қўшишади. Шу боис фақат номига эмас, таркибига ҳам эътибор беринг. Рўйхатда ўсимлик мойини кўрсангиз сатиб олманг.  

   Мевали муз аллергияни қўзғатиши мумкин, айниқса, болаларда. Чунки уларда ҳушбўй хид берувчи ва кимёвий моддалар кўп. Агар бундай музқаймоқ таркибида ранг берувчи моддалар учтадан кўп бўлса, болалар тановул қилмагани яхши. Сифатли маҳсулотда биринчи ўринда таркибидаги сув кўрсатилиши керак, иккинчи ўринда эса- мевали шарбат ёки пюре. Агар бу талабларга риоя қилинган бўлса, бундай муз фойдалидир.

  Учқудуқ туман СЭО ва ЖС бўлими 

 ходими Н.Ж.Канатбаева

 

OC0G6bL10n1lFe4qJG8JaI3Cqd14cNVh front

“Сеҳрли диёр” деган таъриф ишлатилганда, биз Американи тушунамиз. Буюк шоир Абдулла Ориповнинг машҳур мисралари ила барчамизнинг ёдимизга ўрнашиб қолган-да бу таъриф. Лекин дунё чархпалаги айланиб, Шарқдан яна бир «Сеҳрли диёр» бўй кўрсатди. Бу - Хитой Халқ Республикаси.

Шэньси провинцияси шимолидаги Янан қишлоғида Хитой революциясининг «муқаддас макон»и бор. У ерда - тоғ ёнбағирларидаги ғорларда 1943-1948 йилларда Мао Цзедун бошчилигидаги инқилобчилар, ҳали мустақил Хитой давлатига асос солинмасдан туриб (ХХР 1949 йилда ташкил топган), кейинчалик Мао ёзганидек, «оғиздан қон келгунча зўриқиб» ишлаганлар.

Ўша даврда халқ ҳаёти ғоят оғир бўлган. Бугун орадан 75-80 йил ўтгач, Хитой дунёнинг иқтисодиёти энг бақувват, аҳолиси фаровон мамлакатларидан бирига айланди. Космосга учиш, ойга автомат станция юбориш, денгиз остидан 53 километрли автойўл тоннели ўтказиш, шунча масофада денгиз устида кўприк қуриш (Циндао шаҳрида), марказнинг 15 километрли диаметрида 30 қаватдан паст уй қуриш тақиқланиши (Шанхай шаҳри), тоғларни боғловчи минглаб тоннеллар қазиш, юз метрдан зиёд устунлар устига қурилган икки тоғни боғловчи 350 метрли кўприклар...

Бу каби мўъжизавий, айни чоғда инсон қўли билан барпо этилган иншоотларнинг қай бирини санайлик. Ҳа, Хитой кўп соҳаларда, аввало, иктисодиётда «Сеҳрли диёр» сифатида бўй-бастини намоён этаётир. Шу сабаб дунё олиму экспертлари Шарқ “Сеҳрли диёри”нинг тажрибаларига зўр қизиқиш кўрсатмоқдалар, уларни ўрганмоқдалар. Жумладан, камбағалликни қисқартириш борасида ҳам. Дарҳақиқат, ўрганса арзигулик тажрибалар бу ерда бисёр. Яъни, мамлакатда ҳозиргача 800 миллион одам, бу эса умумий аҳоли сонининг 60 фоизини ташкил этади, камбағалликдан чиқарилган.

Bn0kxZ2lmonA7b6xWkRSkIZQOm8B29Tf front

Яқин-яқингача «Ўзбекистонда камбағал оилалар, аҳоли бор» деган ибора, гарчи буни ҳамма билса ҳам, ҳеч қаерда тилга олинмас эди. Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёев вазиятни борича очиқлади. Ўзбекистонда камбағалликдан чиқаришга муҳтож аҳоли борлигини маълум қилди. Энг муҳими, камбағалликни қисқартириш борасидаги амалий ҳаракатни бошлади. Бу вазифани амалга ошириш учун тегишли фармон, қарорлар қабул қилинди. Ҳар бир хонадон, ҳар бир шахс учун таҳлилий ташхис маълумотлари тузилди. Касбга ўқитиш, иш жиҳозлари билан таъминлаш, маҳсулотни сотиш тизимлари ишлаб чиқилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтожлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилди. Уларни камбағалликдан чиқариш лойиҳалари тузилиб, амалиётга жорий қилинмоқда. Шу ўринда камбағалликни қисқартириш мақсадида бошланган улкан ислоҳотлар натижасида ўтган бир йилда мамлакатимизда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга пасайиб, 1 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Эришилган тажрибалар эса ҳамкор давлатлар билан бўлишилмокда. Шу йил 17-18 май кунлари мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга бағишланган II халқаро форум ташкил этилди. Унда «ижтимоий контракт», «ижтимоий реестр» каби янги тушунчалар иқтисодий луғатимиздан жой олди. Бу мавзу 19 май куни Сиань шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой - Марказий Осиё” биринчи саммитида яна бир бор тилга олинди.

Бирга эришган тажрибаларимиздан биргаликда фойдаланамиз, - деди Хитой Халк Республикаси Раиси Си Цзиньпин саммитда.

Унинг ташаббуси билан 29-30 май кунлари Янань шаҳрида «Камбағалликни қисқартириш ва барқарор ривожланиш» масалаларига бағишланган ШҲТ давлатлари вакиллари иштирокида халқаро форум бўлиб ўтди. Унда 21 та мамлакат ҳукумат раҳбарлари, масъул вазирлари иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам қизиқарли маърузалари билан чиқишди.

Камбағаллик ечими йўқ муаммо эмас, - деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров. - Уни ҳамжиҳатликда, ҳамкор давлатлар илғор тажрибалари асосида енгиш мумкин. Буни бугун Хитой исботлаб берди. Бу борада Ўзбекистоннинг ҳам ўзига хос тажрибаси бор. Масалан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ташкил этилган «Ҳоким ёрдамчиси» институти камбағалликни қисқартиришнинг самарали усулларидан биридир.

Ҳа, ШҲТ минбаридан «ҳоким ёрдамчиси»нинг маҳалладаги ўрни, камбағал оилаларга кўмаклашишдаги ваколатлари қизиқиш билан муҳокама этилди. Кейинчалик бир неча давлат ҳукумати аъзолари, элчилар «ҳоким ёрдамчиси» институти тажрибасини ШҲТ давлатлари ўртасида оммалаштириш истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар.

npQA9JmacXk3epMnNBWDYAGpNpseWhLE front

Форумда Маями халқ таълими вазири Зав Мунт, Покистон Бош вазири ўринбосари Мирза Муҳаммад Африди, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва бошқалар муаммо ечими йўлидаги ўз давлатлари олиб бораётган тадбирлар, ибратли тажрибалар ҳақида гапирдилар.

Анжуман ва ундан кейин Шэньси провинцияси шаҳар ва қишлоқлари, олис тоғларида яшаётган оз сонли аҳоли гуруҳлари ҳаёти билан танишув чоғида камбағалликни қисқартириш борасида, дарҳақиқат, Хитой катта тажриба орттиргани, энг муҳими, самарали натижаларга эришганига гувоҳ бўлдик.

Хўш, Хитой тажрибасининг асоси нимада? Камбағалликни қисқартириш, аниқроғи, уни тугаллаш Хитой учун умумхалқ ишига айланган. Бу нима дегани?

Биринчидан, ХХР Давлат кенгаши раиси Си Цзиньпин умуммиллий лойиҳанинг муаллифи ва бош масъулидир. ХХР давлат тизимлари ташаббускорлигида камбағаллик билан курашнинг моддий таъминоти узлуксиз давом этадиган жараёнга айланган.

Ўтган йиллар давомида давлат раҳбари бу жараёнга алоҳида эътибор қаратиб келди. Масалан, ХКПнинг яқинда бўлиб ўтган ХХ съездидаги маърузасида ҳам бу борада эришилган натижаларни эътироф этиб, янги лойиҳа – камбағалликка йўл қўймаслик дастурини тақдим этди. Жумладан, 800 миллион нафардан зиёд аҳоли камбағалликдан халос қилингани, аммо аҳоли сони ўсиб бориши, янги авлод мустақил ҳаётга кириб келаётгани, эндиги вазифа эса уларнинг яна камбағал бўлиб қолишига йўл қўймаслик эканини алоҳида таъкидлади. Муҳими, камбағалликни қисқартириш учун давлат хазинасидан маблағ ажратиш лойиҳаси доимий ишлашини билдирди.

Иккинчидан, камбағалликни қисқартиришнинг муайян шакли яратилган. Унга кўра:

а) камбағал оила бўлган ҳар бир аҳоли яшаш манзилида давлат тизимининг ваколатли вакили бўлиб, у хонадонлар муаммосини аниқлаб, ҳукумат олдига қўяди. Унинг тавсиясига кўра, ҳар бир камбағал оилани қўллаб-қувватлашнинг ўзигагина хос дастури тузилади;

б) камбағалликдан чиқариш учун:

– узоқ муддатга ижарада фойдаланиш учун ер берилади;

– имтиёзли кредит ажратилади;

– зарур бўлса, касбга ўргатилади;

– ишлаб чиқариш ёки деҳқончилик воситалари билан таъминланади;

– маҳсулотни сотиш майдончаси ташкил этилади;

– савдо фирмалари билан алоқа ўрнатишда кўмаклашилади ёки дўконлар очиб берилади;

– ва ниҳоят, уй-жой учун ер ажратилади, қурилишга қисман субсидия ва имтиёзли кредит берилади;

– янги қишлоқ инфратузилмаси давлат томонидан яратилади.

...Биз тоғли Янань туманининг узоқ Жди Фан қишлоғидаги Дожень аҳоли яшаш манзилида бўлдик. Бу ерда 1001 нафар одам яшар экан. Улар лойиҳа асосида қурилган икки кўчали уйларда яшашади. Жами 1 квадрат километр жойда 2 та дўкон, кафе, марказий сайилгоҳ майдони, меҳмонхона, кутубхона, рақс тўгараги биноси, бошланғич таълим берувчи мактаб бор. Барчаси ихчам, муҳими, бақамти жойлашган. Аҳоли боғдорчилик билан машғул. Кимдир кўчат етиштиради, совуқхона ва иссиқхонаси ҳам мавжуд, бошқа оила боғбонлик қилади, баъзилар мева қуритиш цехида ишлайди, картон қутилар ишлаб чиқарувчи оилалар, шу қутига мева қадоқловчи, сотиш билан шуғулланадиган яна бошқа хонадонлар бор. Хуллас, барча ишнинг эгаси бўлиб, жараён тўхтамайди. Оилалар учун ҳаммом, иссиқ сувли уй, инфратузилмага эга кўчалар яратилган. Дарвоқе, ҳар бир хонадонга қуёш панеллари ўрнатилган. «Қуёшли кўча» лойиҳаси асосида панелли устунлар кўчаларни туни билан чароғон қилиб турибди. Шундай қилиб, бир вақтлар на иш ўрни, на касби-кори бўлган тоғ овули аҳли бугун муносиб ҳаёт тарзи билан таъминланган ва давлатдан рози бўлиб бахтиёр яшамоқда.

Энди савол туғилади: Наҳот, давлат шундай миқёсдаги вазифани бир ўзи бажарган?

Йўқ. Хитой тажрибасининг «сири» ҳам шунда! Юқорида айтганимиздек, камбағалликни камайтириш Хитойда умумхалқ ишига айланган. Яъни, мақсадга эришиш учун давлатдан ташқари кичик бир амалга қодир инсонлар, корхона-ю идоралар, компаниялар... Барча-барча астойдил кўмаклашган. Мана, мисоллар.

Биласиз, дунёга машҳур «Alibaba» электрон савдо компанияси Хебей провинцияси қишлоқларининг бир қисмини обод ва фаровон этишни ўз зиммасига олганди. Тоғли қишлоқ аҳли тарқоқ, табиат инъомига ишониб яшарди. «Alibaba» ҳудуд, аҳоли таркиби, истак ва имкониятини таҳлил қилгач, бу ерда иккита лойиҳани амалга оширишга киришади. Биринчи лойиҳа табиий иқлим ва ер шароитидан келиб чиқиб, доривор гиёҳлар плантацияларини ташкил этиш ва каштанзорлар барпо қилиш эди. Компания техника олиб келиб, ер ўзлаштиради, ўн минглаб му (ер ўлчов бирлиги) майдонга каштан экилади, орасига эса доривор гиёҳ уруғи сепилади.

– Биз бир вақтнинг ўзида 100-300 оила яшайдиган, барча инфратузилмага эга, соддагина, аммо замонавий уй-жойлар қурдик. Энди тоғликлар ҳар тарафга сочилиб эмас, жамоа бўлиб яшайдилар, – дейди «Alibaba» компанияси хайрия жамғармаси бош директори Яо Яо. – Одамларга гиёҳнинг хусусияти, кўпайтириш ва териш усуллари ҳақида маълумот бердик, ўқувлар ташкил этдик. Ҳозир 80 фоиз аҳоли гиёҳ етиштириш, 10 фоизи уни қайта ишлаш, яъни қуритиш, навларга ажратиш, қадоқлаш, яна 10 фоизи, булар асосан ёшлар, электрон савдо, экспорт, реклама билан машғул. Қарабсизки, бир йилдаёқ маҳсулот – доривор гиёҳлар бозордан ўрин топди ва яхшигина даромад келтира бошлади. Биз камбағал оилаларга моддий ёрдам – эҳсон қилганимиз йўқ. Инвестиция киритдик, фоизсиз кредит ажратдик, холос. Энди камбағалликдан чиққан оилалар биз ер очиш, саралаш, қадоқлаш ва қути ишлаб чиқарувчи технологияларга қилган харажатимиз, қуриб берган уйларимиз пулини ўзи ишлаб топаётган даромаддан қайтаряпти.

Иккинчи лойиҳа – тоғ, яйловларда қўй боқиш эди. Яъни гўшт ва жун ишлаб чиқаришни ташкил этиш билан аҳоли узлуксиз даромад манбаига эга бўлди.

– Хитой нефть корпорацияси 2022 йилга қадар 78863 нафар аҳолини камбағалликдан чиқарди, – дейди мазкур корпорация хайрия департаменти директори Лю Фаньн. – Дастлаб 476 та аҳоли яшаш масканида иш ўрни яратдик, касбга ўқитдик, тижоратга ўргатдик. Камбағал оилаларда аёллар учун алоҳида «Оналар ишлайди» лойиҳасини амалга оширдик. Айни чоғда корпорация кичик-кичик, лекин барча қулайликларга эга қишлоқларни барпо этди.

Биз ана шундай масканлардан бирида – минг нафар аҳолиси бўлган қишлоқда бўлдик. Бу ерда тиббиёт бўлими, кутубхона, спорт зали, битирувчи синф ўқувчилари учун қўшимча машғулотлар марказигача ишлаб турибди.

Яна бир мисол. Тадбиркорлар ассоциацияси тоғ ёнбағирларини текислаб, Ма Ба қишлоғининг камбағал аҳолиси учун чой плантацияси очган. Бу ерда чой етиштириш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сотиш тизими яратилган. Натижа эса...

– Ҳозир қишлоқ аҳолисининг йиллик даромади умумхитой кўрсаткичидан икки баробар ошиб кетди, – дейди ассоциация раҳбари Лю Ацзинь. – Бу қишлоқда ҳам барча инфратузилма яратилган. Ҳатто, гимнастика залларигача бор.

Бу каби мисоллар кўп. Эътибор берган бўлсангиз, уларнинг ҳар бирида аниқ ва истиқболли лойиҳа амалга оширилган. Камбағалликдан чиқариш – даромадли қилишгина эмас, муносиб ҳаёт тарзи учун барча шароит яратишни ҳам ўз ичига олган. Энг муҳим жиҳати, бу ҳаракат умумхалқ ишига айланганида. Яъни, бюджет ажратмалари, давлат идоралари ёрдамигагина қараб қолинмаган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, Ўзбекистонда-чи? Бизда камбағалликни қисқартириш асосан Президент ташаббуси, фармон ва қарорлари, давлатнинг қўлловига қаратилган. Демак, туман, қишлоқ мисолида ўша ердаги камбағал оилаларни ўз оталиғига олган, Хитойдаги хусусий компаниялар каби мукаммал лойиҳа асосида муаммони бошдан-оёқ ҳал қилаётган идора, хусусий ширкат ёки кластерлар пайдо бўлиши зарур. Афсуски, бизда асосий масаланинг ечими давлат зиммасида. Ҳолбуки, Хитой тажрибасига кўра, камбағалликни қисқартириш фақат бюджет маблағига боғлиқ жараён эмас.

Шундай экан, миллат, халқ тақдирига, келажагига дахлдор бўлган камбағалликни қисқартиришдек эзгу мақсад умумхалқ ишига айланиши керак! Бизнинг Шарқ «Сеҳрли диёри» тажрибаларидан олган хулосаларимиз шундай бўлди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

ЎзА мухбири.

920 95 3638089411
Йўл белгилари дислокацияси онлайн тарзда эълон қилиб борилади.
Адлия вазирлиги томонидан йўл белгиларини ўрнатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
«Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига йўл ҳаракатини тартибга солишнинг шаффофлиги ва очиқлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунга кўра қуйидаги тартиблар белгиланмоқда:
- Тақиқловчи йўл белгиларини ўрнатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинишидан камида 20 кун олдин жамоатчилик хабардор қилинади.
- Йўл белгилари реестри шакллантирилади ҳамда реестрга киритилмаган тақиқловчи йўл белгилари ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.
- Йўл белгиларининг дислокацияси онлайн тарзда эълон қилиб борилади.
- Тақиқловчи йўл белгилари фақат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ўрнатилади.
Қонун лойиҳаси муҳокамасида фуқаролар ҳам иштирок этиши мумкин.

Ёзнинг жазирама кунлари инсонлар соя-салқин жойларга талпинади. Айниқса, бундай пайтда мазза қилиб чўмилиш танага ҳузур бағишлайди. Сузишнинг инсон саломатлигига фойдаси катта. Мунтазам сув спорти билан шуғулланиш, ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом бўлишга ёрдам беради. Аммо сув ҳавзаларига боришдан аввал баъзи жиҳатларга эътибор қаратиш муҳимдир. Сувнинг мусаффолиги, унинг хатардан холи дейишга асос бўлолмайди. Зеро, сув орқали киши турли тери-таносил, кўз касалликларини юқтириб олиши мумкин. Шу ўринда айтиш керакки, сунъий сув ҳавзасида назоратчилар келганларнинг саломатлиги борасидаги маълумотномасиз чўмилишга рухсат бермаслиги лозим. Тиббий кўрикдан ўтганлик тўғрисидаги рухсатнома 3 кунгача амал қилади. Сунъий сузиш ҳавзаларида чўмилишдан олдин киши зарурий кўрсатмаларга амал қилиш ва албатта махсус кийим (резина шляпа, чўмилиш кийими, резина оёқ кийим, кўзойнак)лардан фойдаланиши лозим. Бу сувнинг гигиеник ҳолатининг ёмонлашишидан сақлайди. Сув ҳавзасига тушганда қуйидаги жиҳатларга эътибор беринг: бассейнларнинг кафеллари сирпанчиқ бўлса, бу сувнинг эскирганидан далолат беради. Бундай ҳавзаларда сув уч кунда алмаштирилиб борилиши лозим ота-оналар ўз фарзандини асло катталар учун мўлжалланган сув ҳавзаларида чўмилтирмаслиги керак. бассейн суви 22-23 даражадан ошмаслиги лозим. совуқ сувда чўмилиш томир тортишишига олиб келиши мумкин. Баъзан ёз фаслида манзарали фаввораларда болаларнинг чўмилиш ҳолати кузатилади. Аслида фавворалар чўмилиш учун эмас, балки ушбу ҳудуддаги микроиқлимни мўтадиллаштириш ва шаҳар ҳуснига чирой қўшиш мақсадида фойдаланиладиган иншоот ҳисобланади. Аксарият фаввораларнинг суви айланма тарзда ишлайди ва кун бўйи махсус механизмлар ёрдамида айланадиган сувлар ҳаво таркибидаги чанглар орқали ифлосланади. Бундан ташқари, манзарали фаввораларнинг сув отиб берувчи темир мосламалар болаларнинг чўмилиши ва сувга сакрашлари пайтида уларга тан жароҳати етказиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун ота-оналар фарзандларининг фаввораларда эмас, аксинча, фаолият кўрсатаётган барча шарт-шароитларга эга, махсус текширувдан ўтказилган чўмилиш ҳовузларида чўмилишларини таъминласа, мақсадга мувофиқ бўларди. Учқудуқ туман СЭО ва ЖСБ Коммунал гигиена бўлинмаси мутахассиси Н.Ж.Канатбаева

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: