Инсоннинг томир-томиригача эритиб яйратадиган БАХТИЁРЛИК нима? У қачон содир бўлади? Пулинг кўпайгандами ёки молинг кўпайгандами? Ёинки шону- шуҳратга эришгандами? Йўқ! Одамнинг иқлими бетизгин! Бўлган сари бўлгиси келаверади. Талпинган гулингиз қай муддатда сўлса? Эришган ютуғингиз туфайли туйган бахтиёрлигингиз ҳам ўшанча давом этади, атрофингиз қанчалик жилоланмасин, кўзингиз аста зерика бошлайди. Ақлга ақл қўшилган сари жисмингизда янги эҳтиёжлар бино бўлаверади. Ҳар истагингиз ушалганда бир бахтиёрлик туяверасиз. Демак, бахтнинг бахтиёрликнинг сон-саноғи, эрта-кечи йўқ.
Бахтнинг чечаклари ҳаётимиз давомида узоқ ва турфа рангларда очилаверади. Бугунги қаҳрамонимиз Одина Мирзаева ҳам меҳнати ортидан севимли касбига эга бўлган ҳаётининг ҳар жабҳасида бахт сувларидан симириб илдам қадам ташлаётган малакали мутахассис ва жонкуяр раҳбарлардан.
НОЗИК ЕЛКАЛАРДА РАҲБАРЛИК ЮКИ
Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-гидрометаллургия заводида ишчи-ходимларнинг тахминан 15 % ни хотин-қизлар ташкил қилади. Бу албатта кичик миқдор, бироқ шу соҳада ҳам уларнинг борлиги кишини қувонтиради. Тўғри аёлларнинг кўпчилиги ишлаб чиқариш соҳасига кўмакчи йўналишларда фаолият олиб борса-да, бироқ айнан жараёнларда фаолият юритаётган хотин-қизларнинг меҳнати юрт тараққиёти билан боғлиқ масалалар йўлида ас қотаётганидан фахр-ифтихор туяман!
Заводнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ ички йиғилишларида 40 га яқин раҳбарлар ва муҳандис-техник ходимлар иштирок этишади. Шулар орасида 1-2 нафар раҳбар аёлларни ҳам кузатиш мумкин. Улар ҳам забардаст эркаклар каби ўзларининг нозик елкаларида раҳбарликнинг оғир юкини орқалашган. Ёзмоқчи бўлганим, заводнинг ана шундай раҳбар аёлларидан бири, ишлаб чиқариш занжирида ўз ҳалқалари мустаҳкамлиги учун жавоб бера оладиган, заводнинг марказий лабораторияси раҳбари Мирзоева Одина Раҳматовна.
Раҳбар аёллар ҳақида эшитсак уларга ҳавас қиламиз-у бироқ, раҳбар “тамға”ли аёл бўлиш қанчалик қийин ва мушкул вазифа эканлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ҳа, аслида биз ҳавас қиладиган раҳбарларга жуда ҳам қийин. Корхонада қўл остидагиларга бош бўлиш, уларга оила боши сифатида ғамхўрлик қилиш, иш жараёнини назоратда ушлаб туриш, ишда ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар билан ушланиб қолиш... Шунча масъулият ва чарчоқдан кейин, уйда келин, уй бекаси, она каби вазифаларни бекам-кўст бажариш нечоғли оғир эканлигини фақат раҳбар аёлларгина тушунади, ҳис қилади. Шунча вазифаларга қарамай ўзини тетик ушлаган Одинахондек аёлларга термулиб, аёл хилқатининг нақадар буюклигини ўз темир дафтарингга ёзиб қўясан киши.
КОМБИНАТ САРИ УНДАГАН ҚАДАМЛАР
Одина Мирзоева мактабни тамомлагач, тиббиёт коллежига ўқишга кирди. Тиббиёт коллежини аъло баҳоларга битирди. Бироқ, у бу соҳада ишламади, чунки отаси Раҳмат ака буни хоҳламади, сабаби уни аяди. Анча йиллар олдин Раҳмат ака юрак муаммоси билан касалхонага тушиб қолди. Табиийки, ҳамширалар ва шифокорлар қуршовида эди. Куни билан ҳамшираларнинг югур-югури, беморларнинг инжиқликлари, туни билан касал қараб, яна тонгга яқин арзимас сабаб инжиқликлар ортидан гап эшитиши уни ўйлантириб қўйди ва қизини бу соҳада ишлатмасликка қарор қилди.
Ҳа, аслида энг шарафли касблардан бўлган ҳамшираликнинг машақққатини ҳамшира бўлиб ишлаган ёки унинг фаолияти билан юзма-юз бўлган одам тушунади. Аммо келажакда қизини бунданда қийинроқ бунданда масъулиятлироқ касб кутиб турганини ҳаёлига ҳам келтирмасди.
Шимолий кон бошқармасида диспетчер сифатида фаолият юритиб келаётган Раҳмат ака қизи Одинани комбинатда ишлашини маслаҳат берди: “Мен ҳам онанг ҳам комбинат тизимида ишлаймиз, кам бўлганимиз йўқ”. Ота маслаҳати билан бу тизимга қадам қўйган Одина Мирзоева 2005 йил ШКБнинг кадрлар тайёрлаш бўлимида шогирд бўлиб иш бошлади. Шунинг баробарида Навоий кончилик коллежининг кечки бўлимида машина ва иншоотларни бойитиш механикаси, фойдали қазилмаларни бойитиш йўналишида таълим олди. Чаққон, меҳнатсевар, киришимли ва асосийси берилган топшириқни аниқ бажариши ўша пайтдаги завод лабораторияси бошлиғи Е.В. Воробёванинг эътиборини тортди.
Одинахонни кимёвий элементлар, жараёнлар ва бошқа тааллуқли ишлар бўйича суҳбатдан ўтказиб, лаборантликка ишга олди. Лаборантлик сирларини ўрганиб йиллар давомида тажриба орттириб ўша ернинг ўзида муҳандис-технолог, гуруҳ бошлиғи вазифаларида фаолият юритди.
Кейинчалик ишдан ажралмаган ҳолда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини тамомлади.
Бугунги кунда устозлари Улуғбек Эргашов, раҳматли Дилфуза Шарафутдиновалардан олган билимлари, ўрганган тажрибалари сабаб завод марказий лабораторияси раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.
ЎЗИНИНГ ҲИКОЯСИ
Ҳозир ўйлаб қоламан ўшанда отамнинг маслаҳатини рад этиб, тиббиёт соҳасида ишлашим мумкин эди. Бироқ, оила муҳитида комбинат тизими, ота-онамнинг иш жойлари ҳақидаги суҳбатлар, шу йўналишни танлашимга туртки бўлган. Нафақат мен, балки икки укам бири 3-гидрометаллургия заводида, иккинчиси 6 - гидрометаллургия заводида ишлайди. Қувонарлиси, ўғлим ҳам металлургия йўналишида таҳсил олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Баъзида касбимда аёл раҳбар сифатида қийинчиликларга дуч келаман, бироқ хафа эмасман. Қийинчиликларда тобланган кишилар янада дадилроқ қадам ташлашига, ҳар қандай берк эшик қулфлари учун мос калитларни топишига ишонаман. Лекин жойи келса катта ютуқларда менинг ҳам кичик улушим борлигидан фахрланиб кетаман… Шу соҳада фаолият юритаётган аёллардан бири эканлигимдан, қисман бўлсада ватан тақдирига даҳлдорлигимдан, ризқимнинг бутлиги касбимданлигидан қувонаман. Балки оддий ҳамшира бўлиб ишлаганимда бугун қўлга киритган ютуқларга, забт этган марраларга эришмаган бўлардим. Буларнинг бари менга севимли заводим берган имконият, ишонч, рағбат, десам янаям тўғри бўлади!
ХУЛОСА ЎРНИДА:
Ўзининг фидокорона меҳнати ва намунали ҳаёт йўли билан барчага ўрнак бўлаётган Одина опа каби фидоий, илғор тажрибага эга хотин-қизларимиз корхонада талайгина, уларнинг ҳар бирини ҳаёт йўли ўзига хос ибрат ва ҳаёт мактаби аслида. Касбида муваффақиятга эришаётган қаҳрамонимиздек бахт ҳақида тўлиб тошиб гапирадиган аёлларимиз жамиятимизда кўпайиб бораверсин.
Дилором САЛИМОВА,
ШКБ 3-гидрометаллругия заводи маънавий-маърифий ишлар бўйича инспектори.