LOTIN-КИРИЛЛ

Мустақиллик - миллатнинг боқий байрами

Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги байрамига туман аҳлига йўллаган табриги

Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!

Қадрли тумандошлар!

Бутун Республикамиз бўйлаб, жумладан туманимиз маҳаллалари мамлакатимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган куннинг ўттиз икки йиллигини нишонламоқда.

Ана шу буюк санани ота-боболаримиз асрлар давомида интилиб, орзиқиб кутган, ҳақиқатдан ҳам, барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам бўлмиш мустақиллик куни билан Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун Учқудуқ аҳлини чин қалбимдан табриклайман.

Ишончим комилки, асрлар, замонлар ўтар, аммо, барчамизга ўзлигимизни англаш, инсоний шаънимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимизни севишни, тилимиз, муқаддас динимизни ва тарихимизни қайтариб берган бу улуғ айём Ватанимиз тарихида олтин саҳифа бўлиб, абадий сақланиб қолади.

Қадрли дўстлар! 

Ҳурматли Президентимизнинг жорий йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги 241-сонли қарори қабул қилинди. Бу йилги байрам тантаналари, юртимизда  “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган шиор остида нишонланиши белгиланган. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Ўттиз икки йил давомида мамлакатимиз ва хусусан, Учқудуқ туманида ҳам асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш айни кунларда туман марказида амалга оширилаётган эзгу ишлар, овулларнинг бугунги қиёфасини кўриш, қалбан ҳис этишнинг ўзи етарли деб ўйлайман.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

  Истиқлолнинг 32 йили давомида эришилган ютуқларни, қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари туманимизда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз. 

Биргина жорий йил мисолида гапирадиган бўлсак, “Ифтихор” маҳалласида туман бюджетининг орттирилиб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан 160 млн. сўм маблағ эвазига 71 метр автойўл, 71 метр пиёдалар йўлакчаси қурилиб, фойдаланишга берилди. Пиёдалар учун махсус йўлак пандус, қуёш панелли электр ёритгичлар ўрнатилди. А.Темур шоҳ кўчасида пиёдаларга қулайликлар яратиш мақсадида пиёдалар светофори қурилди.

Шу билан бирга “Чўл гули” кўчаси тубдан қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилмоқда. Шунингдек, “Дўстлик” маҳалласи “Бўстон” кўчаси, “Айтим” маҳалласи “Айтим” ва “Геологлар” кўчаларининг кўп қаватли уйлар олдидаги йўлаклари ҳам кенгайтирилиб, янгидан қайта қурилмоқда.

Бундан ташқари, электр энергияси таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Шалхар” ОФЙдаги “Контай” овулига борадиган 6 км. узунликдаги ҳаво электр линиялари, 121 дона темир-бетон таянч устунлари, 160 квт.ли 1 та трансформатор янгисига алмаштирилди. "Узунқудуқ" ОФЙ, "Бузаубай" овулига борадиган 4,9 км ҳаво электр линиялари, 88 дона темир-бетон таянч устунлари ҳамда 160 квт. ли 1 та трансформатор янгидан ўрнатилди. Ушбу йўналишга жами 1 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағи йўналтирилди.

Туманда ичимлик сув таъминотини яхшилаш борасида ҳам талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 19041,8 млн. сўмга "Мингбулоқ" ОФЙ ер ости сув захирасидан Учқудуқ шаҳрига борувчи 72 км. узунликдаги сув қувурининг йиллар давомида эскирган ва диаметри кичкина бўлган 7,2 км қисмини Ø530 мм. ли янги қувурларга алмаштириш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда қурилиш - монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги "2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 465-сонли қарорига асосан Учқудуқ тумани "Йўлчилар" ОФЙдаги 5-умумий ўрта таълим мактабида 1. 950,0 млн сўм маблағ эвазига 220 ўринли қўшимча бино қуриш белгиланган бўлиб, пудратчи ташкилот томонидан қурилиш-таъмирлаш олиб борилмоқда. Белгиланган муддатларда қурилиш ишлари пудратчи ташкилот томонидан охирига етказилиб, фойдаланишга топширилади.  

Учқудуқ тумани "Йўлчилар" ОФЙ даги 92 та аҳоли хонадони, 1 та мактаб ҳамда 1 та мактабгача таълим ташкилотини сел сувларидан муҳофаза қилиш мақсадида 2800 метр янги ўзан очиш, 2 дона галереяли ўтиш қуриш белгиланган. Бу мақсадларга 428 млн. 400 минг сўм маблағ йўналтирилади. Ҳозирда мазкур объектнинг 2,2 км қисмида қурилиш ишлари бажарилга қолган 2,2 км қисмида қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

47 млрд. 500 млн. сўм маблағ эвазига Учқудуқ тумани марказидаги иссиқлик қозонхонасини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари белгиланган. Ҳозирда ушбу объектларда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. 

Халқимизда тўйга тўёна билан бориш анъанаси бор. Бу анъана айниқса, давлат ва умуммиллат даражасидаги тўй бўлса, ўзгача эзгулик касб этади. Бебаҳо неъмат мустақилликни асраб-авайлашда, мустаҳкамлашда ўзига хос ютуқлари билан ҳисса қўшишни мақсад қилган учқудуқлик мард ва танти тадбиркорлар томонидан ўнлаб хизмат кўрсатиш объектлари аҳоли фаровонлиги учун фойдаланишга топширилди. 

Жумладан, Ҳусниддин Нормуродов, Жасур Пўлатов, Фарид Муродов, Жўрабек Ҳамроев, Шаҳзод Очилов сингари тадбиркорларимиз истиқлолимизнинг 32 йиллик тантанасига тўёна билан келди, деб айта оламиз. Улар томонидан қишлоқ хўжалиги, маиший хизмат, савдо ва саноат ишлаб чиқариш йўналишларида ўнлаб лойиҳалар фойдаланишга топширилди.

Ҳурматли учқудуқликлар!

Туманимизда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган амалий ишлар “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” тамойили асосида ташкил этилган. Тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими SPAP ва КУВЕЗ сингари замонавий тиббий жиҳозлар билан жиҳозланганлиги, чақалоқларда туғма карликни эрта аниқлаш мақсадида аудиоскринг йўлга қўйилиб, аудиометр аппаратлари харид қилинганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. 

Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси ҳурматли Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда юз бераётган беқиёс янгиланишларнинг, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги намунасидир. Учқудуқ туманини ижтимоий — иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилашга қаратаётган алоҳида эътибори бу гўшага бўлган меҳрининг ёрқин ифодасидир. 

Шундай экан, олдимизга қўйилган улкан марраларни эгаллаш ҳамжиҳатликда, Президентимиз таъкидлаганларидек, халқимиз бугун ҳаётдан рози бўлиб, яхши яшаши учун барча шароитларни яратиб бериш — Сизу-бизнинг зиммамиздаги энг асосий мақсадга айланмоғи лозим.

Азиз тумандошлар! 

Сиз, азизларни яна бир бор истиқлол айёми билан табриклаб, хонадонларингизга осойишталик, дастурхонларингизга қут-барака тилайман. Осмонимиз ҳамиша мусаффо, жонажон Ватанимиз тинч, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборингиз учун рахмат!

 

O'qilgan: 343 bora

Leave a comment

Make sure you enter all the required information, indicated by an asterisk (*). HTML code is not allowed.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: