Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан халқ ва армия якдиллигини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда аҳоли ўртасида миллий армиямиздан ғурур ва ифтихор туйғуларини янада ошириш мақсадида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди.
Туман марказидаги “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуаси очиқ майдонида туман мудофаа ишлари бўлими ва Шимолий кон бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестивал "Янги Ўзбекистон армияси - мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир” шиори остида ўтказилди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда халқимиз тарихига ва маънавий қадриятларига юксак ҳурмат туйғусини шакллантириш, Ватан ҳимоясига, унинг миллий хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъминлашга доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлаш мақсадида ташкил этилган фестивал доирасида фахрий қоровул, қурол - яроқлар намойиши, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ҳамда ҳарбий техникаларнинг намойишини йиғилганлар катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Шунингдек, Навоий гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси томонидан ижро этилаган куй ва қўшиқлар учқудуқликларга кўтаринки руҳ, байрамона кайфият бағишлади.
-3-мактабнинг 1-а синфида ўқийман, бугун ўтказилаётган байрам тадбири менга жуда ёқаяпти. Катта бўлсам ҳарбий бўлмоқчиман, - дейди Амир Ибрагимов.
Шунингдек, фестивал доирасидаги учрашув давомида ёшларга миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида маълумотлар берилди.
МУХБИРИМИЗ