LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

19 Jan 2021

Франция суди томонидан вафот этди деб эълон қилинган 58 ёшли Жанна Пушен уч йилдан бери тириклигини расман исботлашга уриниб келади. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.

 

Лион шаҳри яқинидаги Сен-Жозеф коммунасида яшовчи Пушен хонимнинг вафот этгани тўғрисида суднинг қарори 2017 йилнинг ноябрида эълон қилинган. Мазкур қарор Пушен хонимга тегишли тозалаш компаниясида ишлаган собиқ ходимнинг кўрсатмасига биноан қабул қилинган.

«Адвокат ёнига борганимда, у шифокорим тириклигимни тасдиқласа, муаммо тезда ҳал бўлишини айтди. Аммо ундай бўлмади», — дейди Пушен хоним журналистга.

Адвокат ҳам мазкур ҳолатдан ажабланди: «Бу аҳмоқлик. Суднинг далилларсиз бундай қарор чиқариши ақлга сиғмайди. Даъвогар ҳеч бир исботсиз Пушен хонимни вафот этди деб айтган ва ҳамма унга ишонган. Бирор ким текшириб кўрмаган», — дейди у AFP’га.

Хабарларга кўра, 2004 йилда суд Пушен хонимга фирмаси йирик шартномани қўлдан бой берган пайтда ишдан ҳайдалган собиқ ходимларидан бирига етказилган 14 000 евро зарарни тўлаш мажбуриятини юклаган эди. Бу масала шахсан Пушен хонимга эмас, балки унинг компаниясига тааллуқли бўлгани учун қарор ижросиз қолган. 2009 йилда ходим яна судга мурожаат қилди, аммо иш суддан олиб ташланди. Ходим собиқ раҳбарига ёзган хатларига жавоб келмаётганини ва унинг вафот этганини айтди.

2016 йил Пушен хоним вафот этди деб топилган ҳамда апелляция суди зарарни тўлаш вазифасини унинг ўғли ва эрига юклади. Пушен хоним расмий қайдлардан ўчириб ташланди. Унинг паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳисоб рақами, тиббий суғуртаси ва унинг мавжудлигини исботловчи бошқа расмий ҳужжатлар бекор қилинди.

Адвокат собиқ ходимни Пушен хонимнинг меросхўрларидан зарарни ундириш учун унинг ўлимини ўйлаб топганликда айблади. Собиқ ходимнинг адвокати эса Пушен зарарни тўлашдан ҳамда айбини тан олишдан бўйин товлаб, ўз ўлимига муаллифлик қилган дея қарши баҳслашмоқда.

«Шахсимни тасдиқловчи бирорта ҳужжат йўқ, ҳеч қайси идорага тириклигимни исботлай олмаяпман… Мен ҳеч кимман», — дейди Пушен хоним. «Бу ҳолатга чек қўядиган вақт келди. Агар ўзим курашмасам, мен учун ҳеч ким курашмайди. Қайнанам 102 ёшда. У умри давомидан кўп нарсаларни, ҳатто жаҳон урушини ҳам кўрган бўлса-да, ҳеч қачон менчалик азият чекмаганини айтади», — дейди Пушен хоним.

19 Jan 2021

Президентнинг 2021 йилги давлат дастурига оид фармони лойиҳасида республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш таклиф қилинмоқда.

Бу даврда ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун компенсация тарзида қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган 10 туп йирик ўлчамли (5 ёш ва 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ва уларни икки йил давомида парвариш қилиш тартиби белгиланмоқда.

Ноқонуний кесилганлар дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилмоқда.

Давлат экология қўмитаси атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш тартибини қайта кўриб чиқиб, табиатни қайта тиклашга қаратилган компенсация механизмларини кенг жорий этади.

Эслатиб ўтамиз, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахтлар ва буталарни кесишга мораторий бир йилга узайтирилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган эди. Шунингдек, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима миқдори икки бараварга оширилганди.

19 Jan 2021

Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Юнусобод тумани фаоллари билан учрашувда маҳалла вакиллари ва бир гуруҳ ёшларнинг таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларини эшитди.

 

«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, тадбирда Юнусобод туманидаги маҳалла фаолларидан бири ўз ҳудудида ёш оилалар ўртасида ажримлар кўпайиб бораётгани, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва камайтириш мақсадида турмушнинг дастлабки йилларида ажрашишни қонун йўли билан тақиқлаш лозимлигини айтган.

«Тўғрисини айтсам, бизнинг ҳудудда ёш оилалар ўртасида ажралишлар кўп кузатилмоқда. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва камайтириш мақсадида шундай тартибни ўйлаб кўришимиз керакки, ёшлар оила қурганидан сўнг улар орасида уч, тўрт йилгача умуман ажрашиш ҳолати кузатилмасин. Аксарият ажримлар тўйига бир йил ҳам тўлмаган оилалар ўртасида бўляпти. Биз уларни яшаб кетишига мажбур қилолмаймиз. Ёшларни яраштириб, муддат берамиз, яна яраштириб, муддат берамиз... Оҳири оилага дарз кетмоқда. Шунинг учун ёш оилалар ажримига қонуний томондан қандайдир чегаралар қўйилса, дегандим», — деди маҳалла фаоли.

Давлат раҳбари мазкур таклифга муносабат билдираркан, бугунги ёшларнинг кўпи ҳаётга жуда енгил қараётганини таъкидлади.

«Сиз кўтарган масала жуда долзарб. Оилавий ажримларнинг кўплиги бизнинг урф-одатимизга умуман ярашмайдиган ҳолат. Албатта, сизни тўғри тушуняпман, фарзандларимиз келажагини ўйлаб шу таклифни айтяпсиз. Аммо ажримларни қонун йўли билан тўхтатишга уринсак, яъни ажримларга қарши курашиш мақсадида ёш оилалар уч йил ичида ажрашмасин, деб қонун чиқарсак, инсон ҳуқуқлари масаласи ўртага чиқади. Биласизми, энг катта масала шуки, қўполроқ бўлса ҳам айтаман, маданиятимиз етишмаяпти, тўқликка шўхлик қиляпмиз, шукроналик йўқ. Агар одамларда шукроналик бўлса, улар ҳеч қачон ажрашмайди. Ҳозирги ёшларнинг кўпи ҳаётга жуда енгил қараяпти. Ажримларнинг олдини олиш йўлида маҳалла фаолларининг ҳам фикрларини инобатга олиш керак. Бундан ташқари, бу борада бир қанча тизимли дастурларни ҳам, албатта, ишлаб чиқамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

19 Jan 2021

Ўзбекистонда магистрал газ қувурларида барқарор газ босимини таъминлаш мақсадида мамлакатдаги барча газ-заправкаларнинг иш вақти тонг соат 05:00 дан туш соат 15:00 гача қилиб белгиланган эди. Сўнгги бир ҳафта давомида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши муносабати билан автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари аста-секин чекловсиз ишлай бошлаган.

Вилоятлардаги аҳвол

«Дарё» мухбирининг хабар беришича, Андижон вилоятдаги газ тўлдириш шохобчалари 24 соат давомида ишлаш тартибига ўтган, шу боис навбатлар ҳам камайган. Шохобчаларда ишлаётган ходимларнинг сўзларига кўра, «газ босими ҳам аввалги кунларга нисбатан яхши».

 

«Ҳудудгаз Андижон» компаниясидан маълум қилишларича, об-ҳавонинг илиқлашиши муносабати билан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етарли миқдорда газ етказиб берилмоқда, таъминотда қийинчиликлар кузатилмаяпти. Шу боис газ-заправкаларга ҳам етарлича газ бериш имконияти пайдо бўлган.

«Бироқ 24 соатли иш тартибига ўтиш бўйича ҳеч қандай гап йўқ. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Қишнинг ўртасидамиз. Бирдан кунлар совиб кетса, газ биринчи навбатда аҳолига ва ижтимоий соҳа объектларига берилади, ундан кейин газ қуйиш шохобчаларига чекловлар асосида тақсимланади», — деди «Ҳудудгаз Андижон» матбуот хизмати вакили Акмалжон Холиқов.

Қаҳратон айни авжига чиқиб, газ таъминотида жиддий қийинчликлар юзага келган вақтда газ-заправкалар билан боғлиқ аксарият нохуш хабарлар айнан Наманган вилоятидан келган эди. Хусусан, газ учун навбатда турган кекса ҳайдовчи вафот этгани, навбатда турган Damas ёниб кетгани ҳақида хабар берилган эди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиали директори биринчи ўринбосари Ўткирбек Мамадалиевга асосланиб хабар беришича, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва магистрал газ тармоқларида табиий газ босими меъёрга келтирилгани боис вилоят газ-заправкаларининг иш вақтига нисбатан чекловлар бекор қилинган.

Қайд этиш жоиз, Наманган вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳаво ҳароратининг кескин совиши сабабли 2020 йил ноябридан бери вақтинчалик чекловлар билан ишлаётган эди.

Фарғона вилоятидаги газ-заправкаларда ҳам «навбатлар умуман йўқ», ҳайдовчилар автомобилларига ортиқча қийинчиликсиз, «ўн дақиқага қолмай» газ тўлдириб чиқмоқда, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

«Ҳудудгаз Бухоро» компанияси раҳбари Ўктам Абдиевнинг «Дарё»га маълум қилишича, вилоятдаги газ тўлдириш шохобчалари 14 январдан бошлаб 24 соат узлуксиз ишлаш тартибига қайтган.

Қашқадарёдаги «заправкаларда ҳам бемалолчилик», чекловларсиз ишламоқда, дея маълум қилди «Дарё» мухбири.

Энергетика вазирлиги баёноти

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Элмира Бекмуродованинг «Дарё»га маълум қилишича, об-ҳавонинг мў’тадиллашгани сабабли 18 январдан бошлаб, ҳудудлардаги газ-заправкаларнинг ишлаш муддати маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда босқичма-босқич узайтирила бошланди.

«Агар кунлар совиб, аҳоли газ таъминотида босим камайиши кузатилса, яна чеклов жорий қилиниши мумкин. Яъни, бу чора тўлиқ бекор қилинмаган. Фақат вилоят ва туманлардаги газ таъминотига оид вазиятга кўра, айни бир ҳудудга хос тарзда ҳокимликлар билан келишган ҳолда қарор қабул қилинмоқда. Республика миқёсида якуний қарор ҳали чиқарилмаган», — деди у.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 22 январдан Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин ўзгариб, мамлакат ҳудудларига қор ва манфий қийматли ҳароратлар кириб келиши кутилмоқда. Хусусан, 23 январга ўтар кечаси ҳаво ҳарорати -10 даражагача совуқ бўлиши мумкин.

18 Jan 2021

  Халқимизга хос хислатлар ҳақида сўз кетганда, меҳр-оқибат, саховатпешалик алоҳида тилга олинади. Чиндан ҳам, бу каби инсоний фазилатлар юртдошларимизнинг кундалик ишлари, ниятлари, саъй-ҳаракатлари билан уйғунлашиб кетган.

  Шу маънода, вилоят ҳокими К.Турсунов Мингбулоққа ташрифи доирасида  Ширинкул аже Смайлова хонадонида бўлди. Дарвоқе, қозоқ халқида ёши улуғ онахонларни аже, дейишади улуғлаб.

  Ҳа, Ширинкул аже Смайлова  ўн фарзанднинг онаси, юзга яқин невара-чеварларнинг севимли ажеси бугун. Онахон турмуш ўртоғи  А.Турдимуратов билан елкама-елка туриб, 40 йил чўпонлик қилган.

  Чорванинг хадисини олган бу онахон ўғли Сайдмамут Турдимуратовга ҳам яқин маслаҳатчи ва кўмакдош бўла олди. Ҳалол меҳнати орқасида эъзоз топган С.Турдимуратов “Шуҳрат” медали,  “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор” сингари  бир неча давлат мукофотлари билан тақдирланган. Афсуски, бевақт касаллик ана шундай ажойиб фарзанд, жонкуяр чорвадор Сайдмамут Турдимуратовни орамиздан барвақт олиб кетди.

  Вилоят ҳокими  К.Турсунов Ширинкул аже Смайлова билан суҳбатлашар экан, ана шундай меҳнаткаш, юртга фидойи  фарзанд тарбиялаб вояга етказгани учун миннатдорчилик билдириб, онахонга совға тақдим этди.  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор  Сайдмамут Турдимуратов ҳақига қуръон тиловат қилди.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

18 Jan 2021

  Бу ҳақда бугун Навоий вилояти ҳокими Кобил Турсунов вилоятнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ташвиш ва муаммоларини ўрганиш мақсадида Учқудуқ туманидаги “Мингбулоқ” овулига ташрифи давомида маълум қилди.

  Бу ерда овул ёшлари, нуроний отахон ва онахонлари билан суҳбат чоғида овулдаги мавжуд муаммоларни сўради. Овул вакилларидан Кунсулу Утебаева ёлғиз ногирон қизи билан таъмирталаб уйда яшаётганлиги боис, қурилиш-таъмирлаш ишларида кўмак сўради. Тинимкул Нуртаева онаси биринчи гуруҳ ногирони Турсинкул Нуртаевага ёлғиз ўзи қаровчи бўлиб, уйида сув иситиш учун шароит йўқлигини айтиб, “Ariston” сув иситиш мосламасини ўрнатишда амалий ёрдам сўради. Бибижамал Ермаханова эса овулнинг ёш болалари учун замонавий ўйин майдончаси, спортсевар ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун сунъий қопламали спорт майдони  қуриб бериш таклифини илгари сурди.

  Мулоқотлар чоғида айтилган таклифларнинг ечими хусусида  вилоят раҳбари мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Жорий йил якунига қадар Мингбулоқ овулида замонавий ўйин майдончаси ва сунъий қопламали спорт майдони қуриладиган бўлди.

  -Бундан уч йил олдин Навоий давлат педагогика институтининг тўртинчи босқичида ўқирдим. Оиламиз катта бўлиб, отам-онам контракт пулини тўлашда анча қийналиб қолишганди, - деди Ерлан Қонарбаев. - Вилоят ҳокими К.Турсунов овул аҳолиси билан учрашув чоғида, отам тўлов масаласида кўмак сўраган. Ўшанда қийналиб қолган талабани моддий қўллаб-қувватлаган вилоят ҳокимига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мана икки йилдирки, олийгоҳни тамомлаб, овулдаги 11-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга қозоқ тили ва адабиёти фанидан дарс бермоқдаман. Шу билан бирга мактаб ёшларига етакчиман.

  Шунингдек, учрашувда ҳудуддаги кам таъминланган ижтимоий-тиббий ҳимояга муҳтож оилаларга ногиронлик аравачаси, электр печка ва кийим-кечаклар берилди.

  Бир сўз билан айтганда тадбир байрамга айланиб кетди. Унда миллий урф-одат ва анъаналар намойиш қилиниб,  дўмбира жўрлигида куй-қўшиқлар ижро этилди.

  Айниқса, эл суйган хонанда Қодир Жўрақуловнинг чиқишлари овулдошларга бирдек манзур бўлди. Қозоқ халқининг суюкли композитори Шамши Қалдаяқовнинг  қўшиқларига  барча жўр бўлди.

  Навоий вилояти ҳокими К.Турсуновнинг Мингбулоққа ташрифи давом этмоқда.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

18 Jan 2021

   Мингбулоқ овул  фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган “Қыз жасау” номли тикув цехига вилоят ҳокими К.Турсунов ташриф буюриб, тикувчи қизлар билан суҳбатлашди.

  Ушбу цехда ҳозирда ўнга яқин овул аёллари миллий кийимлар, кўрпа-тўшаклар, буюртмага асосан туя жунидан тикилган ва тўқилган маҳсулотларни ишлаб чиқармоқдалар.

  Айтиш жоизки, ташкил қилинган тикувхона овул аёларининг ижтимоий фаоллигини ошириш,  ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлаш, даромад топишларига кўмаклашишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.

  -Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар қадриятларимизнинг узвий давоми бўлиб, бой маданий  меросимизни  ёшларга ўргатиш, улар ўртасида кенг тарғиб қилишга ҳам катта аҳамият берамиз, - деди  “Қыз жасау” тикув цехи раҳбари Рима Абдикаримова. – Шунинг баробарида  тикувчи қизларим маҳсулотларимизни замонавий безаклар билан бойитишга ҳам интилмоқда.

  Шу куни вилоят ҳокими К.Турсунов  цех тикувчиси  Зуҳра Жумамуратовага  тикув машинасини совғага берди.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

18 Jan 2021

 

Аҳолини рўйхатга олиш тарихига назар соладиган бўлса, ушбу жараён илк бор милоддан аввалги III минг йилликдан бошланган. Рўйхатга олиш дастлаб Осиё ва Африка давлатлари, Миср, Месопотамия, Ҳиндистон, Хитой ва Японияда ўтказилган. Ушбу жараён давлатларнинг солиқ ва ҳарбий фаолияти ва уларнинг маъмурий тузилмаси вазифалари билан боғлиқ равишда вужудга келган.

Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1980 йилларда аҳоли рўйхатга олинган. Ушбу тадбир сўнгги бор 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда республикамиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган эди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни Ўтказиш контсептсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва   уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сонли қарорига мувофиқ Республикамизда 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланган.

Аҳолини рўйхатга олиш - белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни. Бу жараён республика бўйлаб ёки унинг муайян ҳудудларида 10 йилда 1 марта  ўтказилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Ҳукумат томонидан Президентга, қоидага кўра, режалаштирилаётган санадан 3 йил олдин киритилади.

Аҳолини ҳисобга олиш даври нима?

Аҳолини рўйхатга олишни аниқ бир муддатда ўтказилади. Бу тадбир одатда 10 кундан - 12 кун талаб этилади. Аҳолини ҳисобга олиш даври айрим ҳолатларда аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти деб ҳам юритилади. Аҳолини рўйхатга олиш давридан қатъий назар аҳолини рўйхатга олиш биринчи куни соат 00-00 дақиқа ҳолати бўйича қайд этилади.

Мисол учун чақалоқ аҳолини рўйхатга олиш даврида, аммо ана шу аниқ муддатдан кейин дунёга келса, у аҳоли рўйхат олиш тадбирида рўйхатга олинмайди. Аммо кимдир бу нозик вақтда ҳаёт бўлиб, шундан кейин, яъни аҳолини рўйхатга олиш даврида вафот этса, у аҳоли сифатида рўйхатга олинади.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбирида неча ёшдан бошлаб иштирок этиш мумкин?

Аҳолини рўйхатга олишга ёшдан қатъий назар, мамлакатнинг барча аҳолиси иштирок этади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш вақтида яшаш жойи (турар жойи) бўйича ўзи бўлмаган фуқаролар ёки вояга этмаганларнинг маълумотлари уй хўжалигининг вояга этган аъзоси томонидан маълум қилинади. Васийлик ва ҳомийликка олинган шахслар бўйича маълумотлар уларнинг васийлари ёки ҳомийлари томонидан маълум қилинади. Ота-оналар ёш болалар ҳақида маълумот берадилар.

Аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради?

Аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари “ижтимоий ҳимоя”, “инвестиция”, “уй-жой”, “соғлиқни сақлаш”, “маданият”, “туризм”, “таълим”, “йўл қурилиши ва инфратузилма” каби манзилли дастурларнинг тайёрланиши ва амалга оширилишида хизмат қилади. Келгусида аҳолини рўйхатга олиш натижаларига асосланиб, ушбу дастурларни амалга ошириш натижаларини баҳолаш, иқтисодий прогнозлаш ва демографик сиёсатни шакллантириш мумкин.

Аҳолини рўйхатга олиш бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсияси ҳисобланади. Ҳозирги кунгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилди. Мазкур тадбир бутун дунё аҳолисининг умумий, кенг кўламли қиёфаси яратилишига хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш истаги замонавий иқтисодиётнинг асосий манбаи – мамлакатнинг инсоний салоҳияти ҳақида билмасдан амалга оширилмайди албатта. Бизнинг вазифамиз мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш орқали кучлироқ бўлишдир. Бунинг учун аҳолининг таркиби, унинг иқтисодий фаоллиги, таълим даражаси ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз керак. Мисол учун, мамлакатда қанча одам борлиги ҳақида эмас, балки мигрантлар қаердан ва қаерга кетаётганлигини, ёш ва жинс таркиби каби кўплаб маълумотларни билишимиз керак.

Учқудуқ туман статистика бўлими

18 Jan 2021

Микрофирма ва кичик корхоналар тоифасига таалуқли бўлган тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари 2020 йил якуни бўйича 1-kb (йиллик) “Микрофирма ва кичик корхонанинг фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Фермер хўжаликлари фаолияти тўғрисида” ги 1-fx (йиллик) давлат статистик ҳисоботлари ва 1-kb шаклига иловаларни белгиланган муддатларда тақдим этишингизни эслатиб ўтамиз.

Мазкур ҳисоботлар 2021 йилнинг 26 февралигача кечиктирмай тақдим этилиши лозим.

Ҳурматли тадбиркорлар, ўз вақтида ҳисобот тақдим этишни унутманг!

Сиз мазкур ҳисобот шаклларини Давлат статистика қўмитасининг www.stat.uz ҳамда (бошқарманинг www.navstat.uz расмий сайтларида) уни тўлдириш ва электрон шаклда жўнатиш юзасидан (79) 223-57-61, (79) 223-34-70, (79) 593-13-77 (79) 593-13-17 телефон рақамлари орқали тушунтиришлар олишингиз мумкин.

Учқудуқ туман  Статистика бўлими

18 Jan 2021

   Ўзбекистон Президентининг янги йил арафасидаги ёшлар билан учрашуви мамлакатга янгича руҳ, кайфият олиб кирди. Навоий вилояти ҳокими Кобил Турсуновнинг бугун Учқудуқ тумани ёшлари билан учрашувлари ана шундай улкан режалар ва эзгу ниятларни ижобати дейиш мумкин.

   Ташрифнинг биринчи манзили 20-умумий ўрта таълим мактаби бўлди. Бу ерда 11-синф ўқувчилари билан мулоқотлар давомида: “Илм эгалланг, ҳунар ўрганинг, ташаббускор бўлинг, мақсадларингизни дунёга баралла айтинг, ёшларнинг жамиятдаги ўрнини айнан сиз белгиланг. Биз эса ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрмиз!” деди вилоят раҳбари.

   “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида  шу мактабнинг собиқ битирувчиси Нурбек Эргашов ҳам таклиф қилинган. У қай бир жиҳати билан вилоят ҳокими эътибори ва назарига тушди, деб ўйлайсиз? Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Нурбекнинг 20 дан ортиқ чет эл олийгоҳлари талабаси бўлганлиги ҳақида хабар бергандик.  

   Бугунги учрашувда Нурбек  тенгдошларига қўлга киритган ютуқлари, мақсади йўлида қилган меҳнатлари ва ўқиш-изларишлари  ҳақида гапириб берди.  Илҳом Бўронов эса фарзандининг ютуқларидан ота кўнгли тоғдек юксалганини таъкидлади.

   -Бугун пандемия  шароити сабаб Америкадаги ўқишимни кейинги йил давом  эттирмоқчиман. Ҳозир эса учқудуқлик ёшларга ўз билимим ва тажрибамни ўргатмоқчиман. Ўқув курси ташкил этиш орқали ўзим сингари ёшларни кўпайтирмоқчиман, - деди Нурбек Эргашов.

   Вилоят ҳокими К.Турсунов  томонидан  ўқув курсини ташкил этиш учун  Нурбек Эргашовга “КЕLАJАК” ёшлар марказидан  компьютер  хонаси  ажратилди ҳамда  планшет ва ноутбук совғага  берилди.

   Вилоят ҳокимининг яна бир совғаси сифатида Нурбек билим  олган  20-умумий ўрта таълим мактаби жорий йилда қайта реконструкция қилинадиган бўлди.

  “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтмоқда.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: