1 мартдан эътиборан, таълим даражаси паст мактабда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчиларга махсус устамалар ҳисоблаш бошланди.
Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекцияси республикадаги таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
«Вазирлик томонидан таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактаблари бўш иш ўринларига (вакант дарс соатлари бўйича) бошқа ҳудудлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилиш схемаси ишлаб чиқилди. Бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан ish.uzedu.uz cайти орқали танишиш мумкин», – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, умумтаълим мактабларда ўқитувчиларни ишга олиш тартиби соддалаштирилган: ўқитувчиларни ишга қабул қилиш бўйича ХТБлардаги айрим бюрократик тартиблар бекор қилинган ва ишга қабул қилиш мактаб раҳбарининг ваколатига ўтказилган.
Таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактабларига бошқа ҳудудлардан ишга қабул қилиш учун бўш иш ўринларига икки ва ундан ортиқ номзодлар талабгор сифатида ҳужжат топширган ҳолларда номзодларни мактаблардаги танлов комиссияси саралаб олади.
Ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчиларга махсус устамалар тўлаш тартиби жорий ўқув йилида амал қилади. Жойларда ўқитувчи-педагоглар ва жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олган ҳолда янги ўқув йилидан жараён такомиллаштириб борилади.
Эслатиб ўтамиз, президент қарорига асосан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб:
- бир маъмурий бирлик (вилоят) доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
- бошқа маъмурий бирлик (вилоят)дан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.