LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

25 Jan 2021

Ўзбекистон Республикасининг Бюджет Кодекси 27, 99-моддалари, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 24-моддаларига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

  1. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги 657-сонли Қонуни маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни (кейинги ўринларда - Қонун деб аталади)га асосан 2021 йилда:

а) Қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар туман бюджети ўртасида тақсимланади:

 

Қонунга мувофиқ туман маҳаллий бюджетига ажратма қилинган 10 фоиз миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумларнинг (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) ҳамда фойда солиғидан тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) туман бюджет ташкилотлари ўртасида тақсимланиши маълумот учун қабул қилинсин.

б) Қуйидаги солиқ турлари туман бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно;

айланмадан солиқ.

  1. Учқудуқ тумакнининг 2021 йилги туманнинг асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага, 2021 йил учун туман бюджети даромадлари прогнозлари 2-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Туман бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари
    3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, ажратма меъёрлари бўйича туман маҳаллий бюджетининг тақсимотини ўрнатилган тартибда туман Ғазначилик бўлинмаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
  3. 2021 йил учун туман бюджет даромадлари ва харажатлари прогнозлари
    4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
  4. Туман маҳаллий бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги Қонунда белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

  1. 2021 йил учун туманнинг туман бюджети захира жамғармаси ҳажмлари
    627,4 млн. сўм миқдорида белгилансин.

Туман бюджетининг захира жамғармалари маблағларини бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.

  1. 2021 йил учун туманнинг туман бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 532,1 млн. сўмни ҳамда туман бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 6-иловага мувофиқ белгилансин.
  2. Туманнинг туман бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлари тегишли равишда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан туман ҳокимлигининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириш мақсадида қабул қилинади.

Туман ҳокимлиги туман бюджети қўшимча манбаларининг камида
10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиради.

Туман ҳокимлари фавқулодда вазиятларда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда ишлатилган маблағлар тўғрисида халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериш шарти билан қўшимча манбаларни йўналтириш бўйича қарорларни қабул қилади.

  1. Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ:

туман ҳокимлиги чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари туман ҳокимлигининг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 3 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса
ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, вилоят ҳокимлигига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилиши тўғрисидаги белгиланган тартибга амал қилсинлар.

 

  1. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетларнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.
  2. Туман ҳокимлиги:

тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;

қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотларни тегишли равишда мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириб борсин;

туман маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадларини 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиришни, веб-сайтларида уларнинг натижаларини жойлаштириб борилишини таъминласин.

  1. Туман ҳокимлиги Қонуннинг 24-моддасига асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини тегишлилилиги бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига тақдим этиб борсинлар.
  2. Туман ҳокими бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш учун тегишлилиги бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига маълумот киритиб борилсин.
  3. Туман ҳокимлиги Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
  4. Мазкур қарор “UCHQUDUQ” газетасида расмий эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
  5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
  6. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ф.Бафоев) ва халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (О.Хикматов) зиммасига юклатилсин.

 

Кенгаш раиси                                                                                                                                                                                                                                                                                        С.Хамроев

2020 йил «30» декабрь                     № ХХI/117

25 Jan 2021

Америкада 4 йиллик мураккаб давр якунланди. Трамп даврида мамлакат уруш ёқасига ҳам келиб қолганди (Эрон билан). Аввалига ноодатий чиқишлари билан сиёсатга «ёриб кирган» Трамп йиллар ўтган сайин гўёки қандайдир кучлар учун ғалати қарорлар чиқара бошлагандек таассурот уйғотди. У Россия ёрдамида ҳукумат тепасига келгани деярли ҳар куни эсланди, чиқараётган қарорлари «кутилмаганда» нуқул Исроил фойдасига ишлаётгани одамларни ажаблантирди (у кетишидан бир соат олдин «Исроил билан ярашиб олганининг» мукофоти сифатида БААга кўп миқдорда қирувчи самолёт сотиш бўйича қарорга имзо чеккани айтилганди).

Байден эса хотиржамлик рамзи ўлароқ президентликка келиб, кўплаб америкаликларни хотиржам қилди. Одатда сайлов кампаниясида президент бўлажак вице-президентни ҳам танлайди ва у ким бўлиши бевосита сайлов натижасига ҳам таъсир қилади. Байден кўпчилик учун кутилмаганда бу лавозимга муҳожирлар оиласида туғилган (!), қора танли (!) ва аёл кишини (!) – Камала Ҳаррисни танлади.

Танлов ўзини оқлади дейиш мумкин, чунки Ҳарриснинг тарафдорлари ҳам кўпчилик эди ва улар сайлов натижасига оз бўлса-да таъсир қилгани табиий. Ахир у 40 миллион одам яшайдиган Калифорниядан сайланган сенатор эди. Хўш, АҚШнинг расман иккинчи одами аёл ва афроамерикалик бўлишига қарамай қандай қилиб бу даражага эришди?

«Биз билан ўйнашмасди, чунки қора танли эдик»

Камала Ҳаррис синглиси Майя билан

«Қўшни болалар биз билан ўйнашмасди, чунки қора танли эдик. Жаноб Байденга мурожаат қилмоқчиман: сизни расист деб ўйламайман, лекин карьерасини одамларни ажратиш учун кураш устига қурган сенаторларга илиқ муносабатда бўлганингизни кўриб, дилим оғриди. Улар басингга (ирқчиликни бартараф этиш учун болаларни ирқидан қатъи назар бир автобусда мактабларга олиб бориш дастури) қарши курашаётганда, улар билан бирга ишлагансиз. Калифорнияда бир қизалоқ мактаблар интеграция қилингач, мана шундай автобусларда мактабга қатнаган. Ўша қиз менман», деганди Камала Ҳаррис 2019 йил. Ҳарриснинг бу гапи зални жунбишга келтириб, уни демократлар ўртасидаги праймериз етакчисига айлантирган бўлса, Байденнинг рейтинги тушиб кетганди.

Исёнкор ота-она фарзанди

Камала Ҳарриснинг характеридаги исёнкорлик унга ота-онасидан ўтган. Ўтган асрнинг 60-йилларида Калифорниядаги зиёлилар орасида афроамерикаликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жонланиш кузатилади. АҚШнинг энг йирик штатида қора танлилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, Вьетнамдаги урушга қарши акциялар авж олади. Улар орасида айниқса талабалар фаол бўлади.

Фаоллар орасида Камала Ҳарриснинг ота-онаси ҳам бўлган. Улар Британия колонияларидаги мамлакатлардан келган муҳожирлар эди: ямайкалик отаси Дональд Ҳаррис ва ҳиндистонлик онаси Шамала Голапан. Ҳарриснинг отаси иқтисодиёт бўйича ўқиган, онаси эса эндокринология сирларини ўрганган.

Камала Ҳарриснинг ота-онаси

Камаланинг ота-онаси ана шундай намойишлар вақтида танишиб, турмуш қуришади. 1964 йил оиладаги катта фарзанд – Камала туғилади. Бўлажак вице-президентнинг ота-онаси аввал Иллинойс, кейинчалик Висконсинга бориб, яхшигина карьера қилишади. Ҳарриснинг отаси Стэнфорд университетидаги иқтисодиёт бўйича илк қора танли профессор бўлади. Бироқ оила ажрашиб кетади. Она Камала ҳамда Майяни олиб Канадага кетади ва кўкрак саратони касаллигини чуқур ўрганишга киришади.

Сўзида турадиган прокурор

1990 йил юридик йўналиш бўйича ўқишни тамомлагач, Камала Окленд прокурорининг ўринбосари бўлади. 14 йил ўтиб эса Сан-Франциско прокурорлигига сайланади (ҳа, АҚШда ҳатто прокурор ҳам сайланади). Ҳаррис сайланишидан аввал жиноятчилар учун ўлим жазоси сўрамасликка сўз беради. Камала ҳатто полициячини ўлдирган жиноятчига ҳам ўлим жазоси эмас, бир умрлик қамоқ жазоси сўрайди. Бу қарори учун уни сенаторлар ва мэр кескин танқид қилади, лекин Ҳаррис берган сўзида туриб, қарорини ўзгартирмайди.

Ҳаррис Сан-Францискода жиноят қилганлар бу ишга қайта қўл уришининг олдини олиш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқади. Яъни қамоққа олинган ёшлар наркотикка тест топшириш, махсус курсларда ўқиш ва жамоат ишларига жалб этилиши эвазига муддатининг қисқартирилиши билан мукофотланган. Бу дастурда қатнашган 200 киши орасида рецидив жиноятлар одатдагидан 5 баравар камайган ва натижада дастур бутун Калифорния бўйлаб тарғиб қилинган. Кейинчалик бу дастур бутун Америка бўйлаб амалиётга киритилади.

Ҳаррис прокурорлик вақтида Сан-Францискода оғир жиноятларда айбланганларнинг жазо олиш фоизи ошади. У ҳудудида марихуана сақлаганлар учун қамоқ жазоси сўрашни тўхтатади. Бўлажак вице-президент Сан-Франциско прокуратурасида экологик жиноятларни аниқлаш бўйича махсус бўлинма тузади.

Камаланинг Калифорния сиёсатидаги ўрни шунчалик катта эдики, унинг фаоллиги кўплаб қатламларга фойда келтирган. Масалан, Ҳаррис Open Justice номли интернет платформа очилишига эришади ва унда полиция томонидан қўлга олиш давомида жароҳатланган ёки вафот этган одамларнинг рўйхати шакллантирилади. Шунингдек, Ҳаррис нохолис кредит тизими сабаб уй-жойидан айрилган одамларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун ажратиладиган субсидия миқдорини оширишни талаб қилади. Натижада, ҳукумат Калифорния учун ажратилган субсидия миқдорини 4 миллиард доллардан 20 миллиард долларгача оширади.

Камала Ҳаррис турмуш ўртоғи Даг Эмҳофф билан

Сан-Франциско прокурори лавозимида муваффақиятли иш олиб борган Камала Калифорния бош прокурорлигига биринчи марта 2010 йил, иккинчи марта 2014 йил муваффақиятли сайланади. Штат прокурори лавозимида ишлаётганда Камала ўзи каби юрист бўлган Даг Эмҳоффга турмушга чиқади. Уларнинг фарзанди йўқ, оила Эмҳоффнинг биринчи турмушидан туғилган икки фарзандни тарбия қилади. Камала Ҳаррис 2016 йил губернатор ва демократлар қўллаб-қувватлаши билан Конгрессга сайловларда қатнашади ва сенаторга айланади.

Либерал сенатор

Камала Ҳарриснинг ёшлиги ҳукуматдаги республикачилар гегемонлиги даврига тўғри келди. Билл Клинтон 1968 йилдан буён демократлардан сайланган иккинчи президент бўлгани бу фактни исботлайди. Консерватор республикачилар жиноятчиликка қарши кескин курашга киришганди. Клинтон даврида демократлар ҳам бу борадаги қатъиятини кўрсатиб, бутун бошли криминал жиноятчиликка қарши қонунлар тўпламини қабул қилади. Масалан, Клинтон даврида ўлим жазосига лойиқ кўриладиган жиноятлар тури кенгайтирилади. Ҳатто машина ўғирлаганлар ҳам ўлим билан жазоланиши белгиланади.

Ўша қонунларини ишлаб чиқишда ҳозирги президент Жо Байден фаол бўлган. Шу сабаб уни сайловолди кампанияси вақтида иккиюзламачиликда ҳам айблашди. Чунки Байден охирги йилларда либералча фикрларни айтмоқда.

Камала Ҳаррис сенаторлик фаолияти давомида АҚШ сиёсатида тобора катта фигурага айлана борди. У Трамп тарафдори бўлган республикачиларнинг таклифларини биринчи бўлиб рад этиши билан эсда қоларди. Уни машҳур қилган яна бир воқеа бевосита Дональд Трамп билан боғлиқ. Собиқ президент Бретт Каванонинг номзодини Олий суд кенгаши аъзолигига тавсия қилади. Ўз вақтида жинсий зўравонликда айбланган бу одам мамлакатнинг энг олий суд кенгашига аъзо бўлишини Камала Ҳаррис кескин қоралайди. Шунда Трамп уни «қўрқинчли аёл» деб атаганди.

Президентлик учун кураш ўхшамади

АҚШ президентлиги учун номзодлар шунчалик кўпки, ҳатто партиялар ичидаги асосий номзод бўлиш учун ҳам кураш жиддий кечади. Камала Ҳаррис ҳам ўтган йили бирламчи президентлик сайловларида қатнашганди.

Одатда президентлик сайловларида муваффақиятсизликка учраган номзодларда нимадир ўхшамайди: кимгадир пул етмай қолади, кимдир дебатларда «қовун туширади», кимдир рақибининг катта фарқ билан устунлигига бардош беролмайди. Ҳаррисда эса ҳаммаси яхши кетаётганди, Байденга «ташлангач», рейтингини яхшигина кўтариб ҳам олди. Бунинг ортидан Ҳарриснинг штаби кўп пул тўплашга муваффақ бўлди, бироқ кейинчалик у баъзи хатоларга йўл қўйиб, курашни эрта тарк этди.

Масалан, дастлаб ижтимоий ҳаётда катта ўзгариш қилиш шарт эмаслигини айтган Ҳаррис кейинроқ камбағаллар учун солиқларни камайтирмоқчи эканини гапириб, ўз фикрига қарши чиқди. Ёки кампания бошида Берни Сандерснинг давлат ўз тиббиёт тизимига эга бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаб, кейинчалик бу таклифни танқид қилди-да, ўзининг тиббиёт борасидаги бошқа таклифини билдирди.

Ҳарриснинг штабига раҳбарлик қилган синглиси Майя унга кампания давомида прокурорлик фаолиятини пеш қилмаслигини маслаҳат берди, аммо опаси унга қулоқ солмади ва гўёки Трампни жавобгарликка тортишга асосланган кампания бошлади. Бу эса унга муваффақият келтирмади. Шунингдек, Ҳарриснинг иккита штаби унга турлича маслаҳатлар бериб, чалғитгани айтилади. Масалан, Ҳаррис қайси штатга урғу бериш кераклигини ҳам билмай қолганди. Бироқ Камаланинг сиёсатдаги обрўси бекор кетмади – Байден уни вице-президент сифатида танлади.

У қандай вице-президент бўлади?

АҚШда вице-президент жуда катта лавозим. Масалан, президент вафот этса ёки импичмент олса, вице-президент унинг ўрнини эгаллайди. Сенат раҳбари ҳисобланувчи вице-президент овоз бериш жараёнида кучлар тенг келса, ҳал қилувчи сўзни айтади. У мамлакатдаги ислоҳотлар лойиҳасига ҳам етакчилик қилиши мумкин, агар президент билан муносабатлари яхши бўлса. Вице-президент айнан президент билан муносабатга боғлиқ лавозим ҳисобланади.

АҚШ тарихида президент ва вице-президент доим ҳам бир хил фикрламаган. Улар орасида турли йўлдан борган, ҳатто рақобатлашганлар ҳам бор. Сўнгги йилларда эса қарама-қаршилик кўзга ташланмади. Пенс Трампнинг ғояларини қўллагиси келмаётгани сезилиб турса-да, унга садоқатни охирги дақиқаларгача сақлаб қолди. Обама ва Байден эса жуда яхши тандем сифатида ишлаганди. Обама ёш бўлгани учун кўп йиллик сиёсатчи Байденни вице-президент сифатида танлаганди.

Байден нега Ҳаррисни танлади?

Байденни демократлар асосий номзод сифатида танлагани бежиз эмас. Партия ичида кўпчилик айнан у Трампга қаршилик қилишга қодир деб ҳисобларди. Праймериз аввалида Берни Сандерс қисқа муддат давомида устунлик қилганида ҳам демократлар Байденни асосий номзод сифатида кўришда давом этишди. Байденнинг сайланишига вице-президент сифатида аёл киши ва қора танли номзодни танлагани ҳам таъсир қилмай қолмади. У биринчи праймериз вақтидаёқ вице-президент сифатида аёл кишини танлашини айтганди.

Бу борада Байденда вариантлар бошни айлантирадиган даражада кўп эмасди: Мичиган губернатори Гретчен Уитмер, АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Сьюзан Райс ва сенатор Элизабет Уоррен. Райс сайловда фаол бўлмади, Уоррен ва Уитмер эса қарашларига кўра Байденга жуда ўхшаш эди. Асосийси эса улар қора танли эмасди. Шу сабаб Байден бошидан Ҳаррисни танлаши аниқ бўлган.

Ҳаррис вице-президент бўлган 2020 йилдан роппа-роса 100 йил аввал Америкада аёллар сайлов ҳуқуқига эга бўлганди, Ҳаррис мамлакатдаги жуда катта рутбага эришган қора танли аёл сифатида илк нутқини ҳам шунга боғлади: «Мен бу лавозимдаги илк аёлга айландим, лекин охиргиси эмас. Бугун бизга қараб турган ҳар бир қизалоқ бу имкониятлар мамлакати эканини ҳис қилиши керак».

Обама билан дўстлик ва можаро

Камала Ҳаррис АҚШ тарихидаги биринчи ва ҳозирча ягона қора танли президент Барака Обама билан яхши дўст экани маълум. Обама 2004 йил ўз номзодини сенаторликка кўрсатганда, Ҳаррис биринчилардан бўлиб уни қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик Обама президентликка сайлангач, уларнинг ўзаро суҳбати аудиоси тарқалиб, кичик можаро келтириб чиқарди. Аудиода Обама Ҳаррисга «прокурорларнинг энг гўзали» деб хушомад қилади. Бу «шўхлик» Обаманинг манзилига ахлоққа зид ҳаракат қилгани борасидаги танқидлар ёғдирилишига сабаб бўлди.

Президент Ҳаррис билан дўстлигини эслатиб, бу гапи учун оммавий тарзда узр сўраганди. Кейинчалик Обама Ҳаррисни Олий суд кенгаши аъзолигига тавсия қилиши борасида миш-мишлар тарқалди, бироқ Ҳаррис бу лавозимга қизиқмаслигини айтади.

Камала Ҳаррис New York Times дам олиш кунлари эълон қиладиган рецептлар бўйича таом тайёрлашни хуш кўради. Айтишларича, унинг севимли таоми – печда димланган товуқ гўшти. Эрининг биринчи турмушидан бўлган икки фарзанди Ҳаррисни Момала деб чақиради. Википедияда Ҳаррис ҳақидаги саҳифа нақ 408 марта таҳрирланган. Аксар таҳрирлашни айнан бир киши амалга оширган. Бу фактни эътиборга олган Википедия яқинда Ҳаррис ҳақида пост эълон қилди. Унда айтилишича, Ҳаррис ҳақидаги саҳифа Википедияда охирги бир йил давомида энг кўп ўқилган 4та инглиз тилидаги мақолалардан бири бўлган.

25 Jan 2021

«Навоийазот» АЖга қарашли бўлган «Кимёгар» спорт мажмуаси Вазирлар Маҳкамасининг қароридан сўнг кейин ёпилиб қолди ва айни кунда фаолият юритмаяпти. Олимпиада чемпионлари машқ қилишлари учун жой йўқ бўлиш арафасида турибди.

2020 йил 9 июл куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибидаги ташкилотларнинг активларидан самарали фойдаланиш ҳамда молиявий соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 432-сонли қарори қабул қилинди.

Қарор номида кўрсатилгандек, мақсад активлардан самарали фойдаланиш ва молиявий соғломлаштириш эди. Аммо, натижа бунинг тескариси бўлди: Навоий шаҳридаги, яқингача «Навоийазот» АЖга қарашли бўлган «Кимёгар» спорт мажмуаси қарордан сўнг ёпилиб қолди ва айни кунда фаолият юритмаяпти.

Халқ тилида «Химик стадиони» деб аталувчи ушбу спорт мажмуасидан кўплаб номдор спортчилар етишиб чиққан. Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпиада енгил атлетиканинг диск улоқтириш баҳсларида иштирок этиб, чемпион бўлган ва жаҳон рекордини янгилаган Ҳусниддин Норбеков шулардан бири. Бундан ташқари, армрестлинг бўйича ҳам кўплаб жаҳон чемпионлари ушбу спорт комплексида малакали мураббийлар қўл остида машқ қилишган.

Ҳукуматнинг юқорида таъкидланган қарори билан «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибидаги ташкилотлар давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат мулки сифатида баланс (қолдиқ) қийматида берилган. Жумладан, «Химик» стадиони ҳам Навоий шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. Ушбу «кўчиш» жараёнида нафақат стадион ҳамда қўшимча спорт бинолари, балки у ерда ишловчи 27 нафар мураббий ва ишчи-ходимнинг кейинги фаолияти ҳам сўроқ остида қолмоқда.

— “Навоийазот”да 16 йилдан бери ишлаб келяпман. Ёлғиз онаман. Спортни ривожлантириш ҳақида президентнинг кўплаб қарорлари қабул қилиняпти. «Навоийазот»да 8–10 минг нафарга яқин одам ишлайди. Улар ҳам спорт билан шуғулланиши керак эмасми? Чемпионлар, ногиронлар келиб машғулот олиб боришади бу ерда. Қолаверса, ишчи-ходимлар орасида боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз оналар бор.

Навоий вилояти ҳокимлигидан ҳеч ким келиб тушунтириш бермади. Навоий шаҳар ҳокимлигидан келганлар «Ўзинг ишингни топ. Бизга объектнинг ўзи керак, тамом» дея очиқчасига айтяпти. Ҳозир бирор жойга борган билан ишнинг ўзи йўқ. Бу масалада вилоят ва шаҳар ҳокимлигига бир неча маротаба бордик. Бизни ҳеч ким эшитмади. Ойлигимиз, кейинги ҳаётимиз нима бўлади, бунга ҳеч ким қизиққани йўқ. Бизга 2020 йил 13 ноябр куни 2021 йил 13 январгача огоҳлантириш хати берилган. Ушбу санадан бу ёғига ойликка ишлаяпмизми, беҳудага ишлаяпмизми – билмаймиз ҳеч биримиз. Лекин йўлкира сарфлаб, ишга келяпмиз», — дейди ишчилардан бири Саида Севарова.

Спорт мажмуасида жисмоний имконияти чекланган болалар ҳам машғулот олиб боришади. Бугунги кунда уларнинг ота-оналари бу ҳолатдан ташвишга тушишган.

Ушбу масалада Kun.uz’га мурожаат қилган Нилуфар Эшманова фарзанди I гуруҳ ногирони эканлиги, 4 йилдан бери спорт билан мунтазам шуғулланиб келишини, Паралимпиада ўйинларида чемпион бўлиш орзуси борлигини таъкидлади.

— Ўғлим Адҳамбек Ибрагимов 2001 йилда туғилган. У 4 йилдан буён мунтазам равишда «Химик» стадионида спорт машғулотлари билан шуғулланиб келган. 2016 йилда кўзлари кўрмай қолганди. Шундан кейин бор вақти ва кучини спортга бағишлаган. Унинг қизиқишлари шунчаки эмас, спорт билан профессионал даражада шуғулланмоқчи. Паралимпиада ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлиш орзуси бор. Бироқ яқинда «Химик» стадионини ёпдилар.

Фарзандим билан биргаликда яна ўн нафарга яқин ўзига ўхшаган, ҳар хил жисмоний нуқсонлари бор болалар шуғулланиб келаётганди. Стадионни ёпганларидан кейин бунга уларнинг имконияти бўлмай қолди. Фарзандимнинг келажаги, соғлиги мен учун муҳим, — дейди Нилуфар Эшманова.

Адҳамбек каби йигитлардан яна бири Каримжон Норов. У «Химик»ка 14 йилдан буён қатнайди. Сабаби, унинг ҳам жисмоний имкониятлари чекланган. Ўз соғлигини бир меъёрда ушлаб туриш учун машқ қилиши зарур. Йўқса ҳаракати йўқолади.

Каримжоннинг бувиси Замира Жамолованинг айтишича, набираси кунора машғулотга бориб, 3-4 соат шуғулланиб келарди. Ёпиб қўйганларидан бери жуда ҳам тушкунликка тушиб, аҳволи ёмонлашиб қолган. «Ўзи спорт зал таъмирталаб аҳволда эди. Шуни ҳам тортиб олишяпти. «Дом» қурадиганларга сотиб ўтирибдилар. Бу нима қилиқ, ҳақиқат қани?», дея ўз хавотирини билдирди Замира Жамолова.

Аслини олганда, бу хавотир ноўрин эмасга ўхшайди. Чунки, спорт мажмуаси ўрнида «дом қурилиши» ҳақида гапирган фақатгина Замира Жамолова эмас, шу ерда мураббий бўлиб ишловчи Акмал Сайфуллаев ҳам бунга тўхталди. Қолаверса, қарийб 8 гектарлик стадион Навоий шаҳри четида жойлашган, «дом» қуришга қулай жой эканлиги бор гап.

— Спорт залимиздан кўплаб жаҳон чемпионлари чиққан. Уларнинг энг машҳурларидан бири Ҳусниддин Норбеков. Ундан ташқари, Токио олимпиадасига лицензия олган Элбек Султонов ҳам шу залдан чиққан. Бу ерда енгил атлетика билан бир қаторда армрестлинг спорт тури ҳам бор. Армрестлинг бўйича 7 карра жаҳон чемпиони Мирзоҳид Шаропов ҳам шу ерда машғулот олиб борган. Умумий айтганда, Навоий вилоятида армрестлингнинг маркази ҳисобланган бу спорт зали 100 нафардан ортиқ жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионларини етиштириб берган.

Стадионда кўплаб ногиронлар шуғулланиб келяпти. Ёши катта эркак ва аёллар ҳам ўзининг соғлигини мустаҳкамлаб кетишади бизнинг масканда. Залимизни универсал деса ҳам бўлади. Сабаби, ногиронларни ҳам, халқни ҳам, спортчиларни ҳам алоҳида-алоҳида шуғуллантирамиз.

2021 йилдан залимиз ишламай қолди. Кўп жойлардан сўраяпмиз. Ҳеч ким аниқ жавоб айтмаяпти. Халқнинг орасида «Химик» стадиони сотилади, давлат хусусий-шерикчиликка берилади, бузилиб кетиб ўрнига уйлар, меҳмонхоналар қурилади, деган турли гаплар юрибди.

Спорт объекти аслида спорт йўналишидаги бирорта ташкилотга берилиши керак. Бундай стадионни қуриш учун миллардлаб пуллар сарф қилинади. Тайёр турган нарсани бузиб, ўрнига қандай бошқа нарса қуриш мумкин?! «Кимёгар» ўйингоҳидаги барча ходимлар, мураббийлар, спортчилар, болаларнинг ота-оналари – ҳамма хавотирда. Агар стадион бузилиб кетса, бу Навоий вилояти учун катта йўқотиш бўлади, — дейди Акмал Сайфуллаев.

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳати бор: Вазирлар Маҳкамасининг юқорида таъкидланган қарорининг 2-иловасида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат мулки сифатида баланс (қолдиқ) қийматида бериладиган активлар мавжуд иш ўрнини сақлаб қолиш шарти билан берилиши изоҳ сифатида белгилаб қўйилган. Аммо Навоийда шамол бошқа томондан эсяпти.

Kun.uz ушбу масала бўйича Навоий шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий маърифий масалалари бўйича ўринбосари Умрзоқ Муродуллаев билан боғланди ва интервью беришни сўради.

Аммо ҳоким ўринбосари интервью бермаслигини айтиб, телефон орқали «Химик» стадионининг тақдири нима бўлишини билмаслигини, ҳозирги кунда унинг фаолиятини қайта йўлга қўйиш бўйича барча чоралар кўрилаётганини, шунингдек, у ерда ишловчи мураббийларни (фақат мураббийларни!) бошқа спорт ташкилотларига ишга жойлаштириш ҳаракати бўлаётганлигини ҳамда спорт комплекси берилиши учун тадбиркор «изланаётгани»ни маълум қилди.

Навоий вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шаҳло Нарзиева билан телефон орқали боғланганимизда эса у биздан ушбу масалани эълон қилмай туришни, «ўз каналлари» орқали Kun.uz раҳбариятига чиқиб, мақолани тўхтатишини айтди. Шунингдек, Шаҳло Нарзиева ҳам спорт мажмуасида ишловчи мураббийларни шаҳардаги БЎСМларга ишга жойлаштиришни, қолган ходимларни «Навоийазот» АЖга жойлаштириш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.

Хулоса ўрнида айтганда, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «самарали фойдаланилиши ва молиявий соғломлаштирилиши» кутилган «Кимёгар» спорт мажмуаси муаммолар гирдобига тушиб қолди. Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан қарздорлик бўйича хатлар келишни бошлаган. Хавотирлар ўринли. Ушбу хавотирлар йўққа чиқиши учун эса Навоий вилояти ҳокимлиги масалага эътибор қаратиши зарур.

25 Jan 2021

Ўзбекистонда ишсизлик нафақаси оширилади

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун 21 январдан кучга кирди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

➡️ Қонунга кўра, ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланади ва қуйидаги миқдорда оширилади: (https://t.me/huquqiyaxborot/8973)

▪️ишдан ва иш ҳақидан сўнгги 12 ой ичида маҳрум бўлган шахсларга – аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (679 330 сўм)дан оз бўлмаган миқдорда;

▪️ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган ҳамда узоқ (1 йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга – МҲЭКМнинг 1 баравари миқдорида;

▪️илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга – МҲЭКМнинг камида 75 фоизи миқдорида.

25 Jan 2021

Гипертонияга нисбатан бежиз кўринмас қотил таърифи берилмайди. Одам узоқ вақт давомида ўзида қон босими баландлигини билмаслиги орадан вақт ўтиб эса жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин. Қон босимни ўлчайдиган ускуна кўрсаткичи 120 га 80 дан юқори бўладиган бўлса қуйидаги тавсияларга амал қилиш керак.

Спорт билан шуғулланинг

Мунтазам равишда жисмоний машқлар билан машғул бўлиш, ҳаттоки оддий юриш ҳам қон босимини пасайтириши ўнлаб тадқиқотларда аниқланган. Спорт қон айланишини яхшилайди ва юрак фаолиятига ижобий таъсир қилади.

Дам олишни ҳам унутманг

Стресс сабаб организмда кортизол ва адреналин гормонлари ажралади. Ушбу гормонларнинг организмда пульс тезлашиши ва қон-томирлар спазмига таъсир қилиши эса қон босимининг ошишига олиб келади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олинг, медитация ва йога билан шуғулланинг, гаджет ва одамларсиз сокин жойда дам олишга ҳаракат қилинг.

Таомномангиздан тузни чиқариб ташланг

Тузни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш саломатлик учун жуда ҳам зарар. Кунига бир қошиқдан кўп бўлмаган туз истеъмол қилиш ва ундан тийилишни билиш керак.

Калийга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг

Калий организмдан ортиқча тузни чиқариб юборишга ҳисса қўшади. Банан, картошка, ловия, исмалоқ, авокадо ва помидор каби маҳсулотлар калийнинг кони ҳисобланади.

Қора шоколад истеъмол қилинг

Қон-томирлар ва қон айланиши учун муҳим бўлган флавоноидларга бой экани сабаб ҳам қора шоколад фойдали ҳисобланади. Иложи борича таркибидан какао 70 фоиздан кам бўлмаган шоколад истеъмол қилишга ҳаракат қилинг.

Спиртли ичимлик истеъмол қилманг

Спиртли ичимликлар нафақат қон босимининг ошиши, балки саломатликда бошқа муаммолар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.

Чой ва қаҳвадан тийилинг

Чой ва қаҳва қон босимини кўтарилишига таъсир қилгани сабаб уларнинг истеъмолидан тийилган яхши. Бунинг ўрнига бошқа шифобахш ўтлардан тайёрланган чой ичишга ҳаракат қилинг.

Камроқ ўтириб, кўпроқ ҳаракат қилинг

Агар иш ёки ўқиш сабаб кўп ўтиришга мажбур бўлсангиз, организмда қон айланиши яхшиланиши учун ҳар ярим соатда ўрнингиздан туриб, юриб келишга ҳаракат қилинг.

25 Jan 2021

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги мактабнинг 10-синфида таҳсил олувчи ўқувчига бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Бобораҳим Очилов маълум қилди.

Хабар берилишича, вояга етмаган А.И. 2020 йилнинг 17 декабрь куни маҳалла марказида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинога ғайриқонуний равишда кириб, кузатув камераларининг симини узиб ташлаган. Ва бино ичидаги эшиги қулфланмаган хонага кириб, 5 миллион 180 минг сўмлик 2 дона кузатув камераси, 1 дона болгарка, 1 дона дрель, 2 дона вибратор, 1 дона арава ҳамда 2 дона AKFA эшикларини ўғирлаб, савдо мажмуасининг орқа томонидаги очиқ жой орқали воқеа жойидан кетган.

«Вояга етмаган ўсмир жинояти билан боғлиқ суд 2021 йилнинг 11 январида бўлиб ўтди. Унда 2004 йилда Ғиждувон туманининг ‘Дегрезон’ маҳалласида туғилган ўқувчи бола қилмиши кўриб чиқилиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси, 2-қисмининг «г» банди (уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган ўғрилик) билан айбланди. Аввалига айбини тан олмаган ўсмир ҳуқуқ-тартибот органлари ўрганувидан сўнг тўғри тушунтиришлар олиб борилгач, айбига иқрор бўлди», — дейди Бобораҳим Очилов.

Таъкидланишича, мулк эгаси «Дунё» савдо мажмуаси раҳбари томонидан туман ички ишлар бўлимига келиб тушган мурожаат ўрганилганда, эшикдан кираётганда камерага тушиб қолган ўсмир қонуний вакили ҳамда ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинган. Аввалига фақатгина болгаркани ўғирлаб, уни ўзига олдиндан таниш бўлган фуқарога 100 минг сўмга сотганини билдирган ўсмир бошқа буюмларни ўғирламагани ҳақида кўрсатма берган. Суриштирув-тергов жараёнларида эса А.И. қолган буюмларни ҳам ўзи ўғирлаганини тан олган.

«Вояга етмаган ўсмир ўз айбига тўла иқрор бўлди. Оғриқли жиҳати, у ҳали мактаб ўқувчиси. Онаси Россияда, отаси эса жазони ўташ муассасасида жазо муддатини ўтаётган экан. Шу сабабли аммаси М.Н. билан оилавий оғир шароитда яшаб келаётган ўсмир жиноят йўлига кирган. Шу жиҳатдан суд ҳукмини чиқаришда унинг ҳали ўсмир ёшдалиги, оилавий шароити, фуқарога етказилган моддий зарарлар тўлиқ қоплангани, шунингдек, Р.Ж.нинг унга нисбатан ҳеч қандай моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги инобатга олинди. Ўсмирга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилди», — дейди судья.

Суд ҳукмига кўра, вояга етмаган ўқувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг «г» банди (уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган ўғрилик) билан айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

25 Jan 2021

Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимининг бир қисми сотилгани айтилди. Шаҳарнинг ёш ҳокими Сабрина Турсунова эса масалага аниқлик киритиш мақсадида масъулларни саволга тутди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

https://youtu.be/PoX1-GTgGpI

Маълум бўлишича, ёш ҳоким Сабрина Турсунова 2021 йилнинг 20 январь куни шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида бўлиб, воқеадан хабар топган.

Ёш ҳоким билан суҳбатлашган ҳамширанинг айтишича, туғруқхонанинг бир қисми сотилгани сабаб айни пайтдаги ҳолати талабга жавоб бермайди.

 

«Шифокорларнинг дарди кўп. Энг асосий муаммо ‘роддомънинг сотилгани бўлди. Шу пайтга қадар ‘роддом’ сотилмаганди. Лекин 2018 йил сотилди. Биз бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Ҳатто депутатларга ҳам бу ҳақда хабар бериб, уларни муаммодан бохабар қилдик. Аммо муаммо ҳалигача ечилмай қолмоқда», — деди ҳамшира ёш ҳоким билан мулоқотда.

Ёш ҳокимга шикоят қилган тиббиёт ходимларининг айтишича, бўлим таъмирталаб аҳволга ҳам келиб қолган.

Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими бошлиғи Шокир Умаровнинг аниқлик киритишича, бўлим 140 койкали икки блокдан иборат бўлиб, биринчи блогининг бир қавати шаҳар тиббиёт бирлашмасида фаолият юритувчи икки нафар шифокорга, тадбиркор сифатида ижарага берилган.

 

«Бўлимнинг бир қисми шаҳар тиббиёт бирлашмасининг шошилинч бўлими бошлиғи Муродилла Эгамбердиевга ижара асосида берилган бўлса, яна бир қисми шифокор Илҳом Мансуровга берилган. Бўлимнинг бир блоги тадбиркорларга ижарага бериб юборилган бўлса-да, бўлимнинг 140 койкадан иборатлигини сақлаб қолиш мақсадида 2 та каравот жойлашиши керак бўлган хоналарга 4-5 тадан каравотлар жойлаштирилган. Бу нафақат беморларга, бизга ҳам ноқулайлик туғдирмоқда», — дейди бўлим бошлиғи.

Шокир Умаровнинг маълумот беришича, туғруқ бўлимининг бир блоги собиқ бош шифокор Ғанишер Умрзоқов даврида тадбиркорларга бериб юборилган.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ёш ҳоким Сабрина Турсунованинг айтишича, муаммо вилоят раҳбари Зоир Мирзаевга ҳам айтилган.

«Зоир Тоирович масъулларни чақириб мазкур муаммони тез орада батафсил ўрганиб, ечимини топиш топшириғини берди», — дейди Сабрина Турсунова.

25 Jan 2021

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш нафақат ҳуқуқ-тарғибот идораларнинг балки барчамизнинг ишимиздир. Бунга ҳар биримиз масъул бўлишими даркор.
ШКБ мажлислар залида сенатор Б. Шарипов иштирокида коррупцияга қарши курашишга оид давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда ШКБ да хизмат қилаётган масъул шахслар , ШКБ директори Я. Шакаров ва туман прокурори Р. Раҳматов иштирок этдилар.
Шунингдек, мулоқот давомида айрим ходимлар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари, учраётган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди ҳамда тизимни “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича зарур кўрсатмалар берилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

IMG 9154
Тадбирда таъкидланганидек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлади. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак. Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.

23 Jan 2021

Фарғона вилоятида информатика фани ўқитувчиси Одинахон Йўлдошеванинг олимпиадага олиб чиққан барча ўқувчилари республика босқичига чиқди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар қилди.

 

Одинахон Йўлдошева – Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани 65-ИДУМИ информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси.

Унинг 9–11-синфлардан олиб чиққан 9 нафар ўқувчисининг барчаси вилоят фан олимпиадасида ғолибликни қўлга киритиб, Республика босқичига йўлланма олди.

«Бундай натижага эришишида унинг ўқувчилари билан биргаликда тиним билмай шуғулланиши ва ўз касбига сидқидилдан ёндашиши сабаб.

Бу ютуқ Одинахон Йўлдошеванинг бошқа ҳамкасбларига ҳам намуна бўлишига ишонамиз», – дейилади вазирлик хабарида.

23 Jan 2021

2021 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда эркакларнинг сони аёлларга қараганда 200 минг кишига ёки 0,7 фоизга кўпроқ.

Давлат статистика қўмитаси тарқатган маълумотга кўра, 2021 йилнинг 1 январ ҳолати билан Ўзбекистон аҳолиси орасида эркак сони аёлларга нисбатан кўпчиликни ташкил этган. Умумий аҳоли орасида эркакларнинг кўпайиши ўтган йилдан буён давом этмоқда.

Статқўм ҳисоботида таъкидланишича, жорий йил бошида Ўзбекистон доимий аҳолиси 34,6 миллион кишини ташкил этди. Шундан эркаклар сони 17,4 миллион (50,3 фоиз) киши, аёллар сони 17,2 миллион (49,7 фоиз) киши эканлиги қайд қилинган.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг демографик ҳолати бўйича маълумотлар эълон қилинганди. Унда 2020 йилда 841,8 минг бола туғилганлиги қайд этилган ва бу мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 24,6 промиллени ташкил этганлиги маълум қилинганди.

Шунингдек, республикада 2020 йилда қайд этилган оилавий ажримлар ҳақида ҳам маълумот берилганди.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, аҳолининг 50,2 фоизини эркаклар, 49,8 фоизини аёлларташкил этган.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: