Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилингани мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш, бизнес вакилларининг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳолининг тадбиркорликка иштиёқини янада рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Буни биргина Учқудуқ тумани Бош вазир қабулхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жорий йилнинг январь – февраль ойларида мазкур қабулхонага тадбиркорлардан 41 та мурожаат тушган. Уларнинг 35 таси ёки 85,4 фоизи ижобий ҳал қилинди, 6 тасига ёки 14,6 фоизига тушунтириш берилган. Мурожаатлар Бош вазир қабулхонасининг “business.gov.uz” порталига киритилган ҳамда масъул корхона ва ташкилотларга юборилган.
Мурожаатлар асосан, ер ажратиш, кадастр ва қурилиш, сув таъминоти, кредит, солиқ масалаларига тааллуқли бўлиб, аксарият қисмининг ижобий ҳал этилиши натижасида тадбиркорларнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига эришилди.
Мисол учун, якка тадбиркор Зулхумор Бозарова бозор ҳудудида янгидан қурилган савдо дўконига 7 йилдан буён кадастр ҳужжатлари ололмай сарсон бўлиб келган. Бобур Раззоқовнинг ҳам сартарошхонасини сувга уланиш бўйича қилган мурожаатини ширкат хўжалиги беэътибор қолдиргани учун Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилган.
Қабулхона вакиллари ушбу мурожаатларни жиддий назоратга олиб, тадбиркорларнинг муаммолари қиқса муддатларда ҳал этилишига эришилди.
Ҳозирда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш, яратилган имкониятлардан эмин-эркин фойдаланиши йўлидаги сансалорликларни бартараф этиш, уларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сифати ва самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда-ки, бу хусусий секторнинг ўсишида муҳим омил бўлмоқда.
Иномжон ҲАЙДАРОВ,
Бош вазир қабулхонаси Учқудуқ туман бўлими мудири.