LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

22 Jan 2021

 

2021 йил 14 январда Марказий банк Бошқарувининг “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 3030-6-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мижозлар масофадан шартнома шартлари билан танишади

Ҳужжатга мувофиқ, банк хизматлари масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали кўрсатилганда (масалан, мобиль иловалар орқали) банк истеъмолчига шартнома тузилишидан олдин мазкур тизим орқали шартнома шартлари билан танишиб чиқиш ва ундан нусха олиш имкониятини яратиб бериши лозим. Бу, ўз навбатида, банк хизматидан фойдаланишдан олдин ушбу хизмат ҳақида батафсил маълумот олиш, банк ва истеъмолчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари билан танишиш, шунингдек, истеъмолчиларга банк хизматларини бошқа банкларнинг ушбу йўналишдаги хизматлари ва уларнинг шартлари билан солиштириш, таҳлил қилиш ва ўзи учун энг мақбулини танлаш имкониятини беради.

Банк омонатчи олдида ўз ходимининг ҳаракатлари учун жавобгар бўлади

Фуқароларнинг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва уларнинг омонати кафолатланганлиги тўғрисида хабардор қилиш, шунингдек, омонатчиларнинг банкка жойлаштирган омонатлари юзасидан хотиржамлигини таъминлаш мақсадида банк ходими ўз хизмат вазифасини бажариши давомида ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўйган ҳолда омонатчига зарар етказса, бундай ҳолатда банк омонатчи олдида ўз ходимининг ҳаракатлари учун жавобгарлиги ҳамда фуқароларнинг банкдаги омонатлари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ кафолатланган бўлса, банк омонати (депозити) шартномасида бу ҳақда маълумот акс эттирилиши белгилаб қўйилди.

Истеъмолчи мобиль иловадаги шахсий кабинетида омонат (депозит) шартномасига доир маълумотларидан фойдалана олади

Истеъмолчилар томонидан банкка қўйилган омонат (депозит) маблағлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизлар тўғрисидаги ҳамда омонат бўйича кирим-чиқим амалиётларига доир маълумотларни банкка бормасдан билиб олиш имконияти тақдим этилишини таъминлаш мақсадида банк ўзининг интернет-банкинг тизимида ва/ёки мобиль иловасида истеъмолчи учун шахсий кабинет яратиши ва истеъмолчига унинг шахсий кабинетида у билан тузилган омонат (депозит) шартномаларига доир маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаб бериши шартлиги белгилаб қўйилди. Бу амалиётни жорий этиш зарурати, айниқса, коронавирус пандемияси шароитида ўз долзарблигини кўрсатди. Шунингдек, бу борада банкларга алоқа тармоқларида банк хизматлари истеъмолчилари учун шахсий кабинет яратиш талаби кенгайтирилиб, мобиль иловалари ва интернет-банкинг тизимида ҳам шахсий кабинетдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш талаби белгиланди. 

Банк картаси эгаси “PIN-код”ни ўзи теради

Бугунги кунда фуқароларнинг банк карталарига қўйилган “PIN-код”и турли йўллар билан бошқа шахслар томонидан аниқланиб, ундаги маблағларни карта эгаларининг розилигисиз ва хабарисиз ишлатиб юбориш ҳолатлари кўп учрамоқда. Шу сабабли, банк карталари эгалари ўз “PIN-код”ларини бошқа шахсларга аён бўлиб қолишидан хавфсирайди.

Шунга кўра, банк филиали ёки унинг таркибий тузилмасида терминал орқали тўловларни амалга ошириш ёки банк картасидаги пул маблағини нақдлаштириш бўйича хизмат кўрсатганда банк картасини тақдим этувчига (банк карта эгаси ёки картасидан фойдаланиш ваколати берилган шахс) ушбу картанинг “PIN-код”ини мустақил теришга имкон яратиб бериш талаби киритилди. Бу эса банк картаси эгаларининг картадаги маблағларини бошқа шахслар томонидан ишлатиб юбормаслигига ишончининг ортишига, шунингдек, бошқа савдо терминаллари орқали банк карталаридан маблағлар ечилганда “PIN-код”ни ўзи териш бўйича кўникма ҳосил бўлишига хизмат қилади.

 

Мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари жорий этилади

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан келиб тушган мурожаатларга кўра, айрим банк ходимлари томонидан истеъмолчилар билан муомалада банк этикаси ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилмаслик, хизматлар тўғрисида батафсил маълумот берилмаслик ва уларнинг эътирозлари инобатга олинмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

 

Мазкур ҳолатларни бартараф этиш, банк фаолиятига оид жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, банкларда мижозларга хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш орқали мижозлар билан мулоқотга киришиш, эҳтиёжларини аниқлаш, маҳсулот/хизматни тақдим этиш, таклиф шакллантириш, эътирозлар билан ишлаш ва мулоқотни якунлаш жараёнида банк ходимларининг хулқ-атвори ва касбий одоб-аҳлоқ қоидаларини назарда тутувчи мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари жорий этилиши шартлиги белгиланди.

 

Гаров таъминоти суммасини камайтириш ҳуқуқи

Тижорат банклари ва қарз олувчилар ўртасида амалиётда юзага келаётган гаров муносабатларига доир низоларни камайтириш, шунингдек, гаровнинг бўшаган қисмини тақиқдан чиқариш тартибини тасдиқлаш орқали тадбиркорлик субъектларига қўшимча мулкни эркин тасарруф этиш ҳамда кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида мазкур Низомга банк кредит бўйича тузиладиган гаров шартномасида банкнинг гаров таъминотига қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда қарз олувчининг кредитнинг қопланмаган қисмидан ортиқ суммада гаров таъминоти суммасини камайтириш ҳуқуқини, шунингдек гаров таъминотини камайтириш тартиби ва усулларини акс эттириши шартлиги тўғрисида норма киритилди.

Мазкур Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар банк хизматлари истеъмолчиларининг банклар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда банк хизматларидан фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

22 Jan 2021

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

19
Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остида спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Куни-кеча спорт фестивали доирасида маҳаллаларда яшовчи 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида мини футбол спортидан “Прокурор кубоги” мусобақаси ташкил этилди.
“Лочин” спорт мажмуасида ўтказилган беллашувда 10 та маҳалланинг спортсевар ёшлари иштирок этди. Икки кун давомида бўлиб ўтган мусобақада фахрли биринчи ўрин “Мустақиллик” МФЙ, иккинчи ўрин “Абай” МФЙ, учинчи ўрин “Йўлчилар” ОФЙ жамоаларига насиб этди.

17
“Прокурор кубоги” мини футбол мусобақаси ғолиблари Учқудуқ туман прокуратураси ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бўлими томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
"Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остида ўтказилаётган оммавий спорт фестивалини ўтказишдан мақсад аҳолининг турли қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва жисмоний маданиятни юксалтиришдан иборат.

Анвар ҒАФФОРОВ,
туман прокурори 2-сектор котиби.

22 Jan 2021

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан одам савдосида айбланган Самарқанд вилояти Пахтачи туманида рўйхатда турувчи 22 ёшли Холида Шокировага (исм-шарифлар ўзгартирилган) суд ҳукми ўқилди, деб хабар беради «Hudud24.uz» сайти.

Маълум бўлишича, Холида Шокированинг учала фарзанди ҳам никоҳсиз туғилган. Отаси уни уйидан ҳайдаб юборган. Кейинчалик унинг аниқ яшаш манзили бўлмаган. Олдин туғилган икки фарзандини васийлик органи орқали бошқа оилаларга бериб юборган, учинчи фарзандини ҳам бирор оилага бериб юборишни режа қилган.

Унинг яна фарзандли бўлганини дугонаси Машҳура Ҳошимова эшитиб, касалхонага уни кўргани келган ва уни Нодира исмли аёл билан таништирган. Холида Шокирова янги танишига касалхонадан чиққанидан сўнг борадиган жойи ва боласини боқиш учун имконияти йўқлигини тушунтириб, боқиб оладиган одам чиқса, 700 доллар эвазига чақалоқни бериб юборишини, шунингдек, бу пул эвазига ўзи учун кийим ва уяли телефон олишини айтган. Нодира эса фақат 3 миллион сўм бера олишини тушунтириб, болани боқиб олиш таклифини билдирган.

Нодира ўзаро суҳбатларини телефонга ёзиб олиб, Навоий вилояти ИИБ бошлиғига хат билан мурожаат қилган.

Холида дугонаси билан шаҳар масжид ёнида Нодирага фарзандини бериб, эвазига келишилган пулни олиб бозорга қараб кетади. Уларни йўлда вилоят ИИБ ҳамда божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир натижасида ашёвий далиллар билан қўлга олади. Холида Шокировага нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддасига (одам савдоси) биноан жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланади ва иш судга оширилади.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Шерзод Мамировга кўра, суд ҳайъати судланувчи Холида Шокированинг чин кўнгилдан пушаймон эканини инобатга олиб, унга нисбатан уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

22 Jan 2021

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида қўрқитиш йўли билан тамагирлик қилган 34 ёшли аёлга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 11 январь куни 34 ёшли аёл А.М. ғаразли ниятни кўзлаб, 40 ёшли аёл Р.А.ни чўмилаётган ҳолатда видеотасвирга туширган. Сўнг олинган видеотасвирни унинг иш жойи ҳамда маҳалласига олиб бориб кўрсатиш ва тарқатиш йўли билан қўрқитиб, ундан 3 миллион сўм талаб қилган.

А.М. Зарафшон шаҳридаги «Мўъжизалар майдончаси» савдо мажмуаси ёнида Р.А.дан 1 миллион 900 минг сўм олаётганида ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан холислар иштирокида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан А.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.

22 Jan 2021

Давлат раҳбари 22 январ куни Бухоро вилояти халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашди. Сессияда ташкилий масала кўрилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

 

“Бугунги кун тартибидаги масала жуда муҳим. Агар мендан сизга Бухоронинг ривожланиши маъқулми, деб сўрасангиз айтаман – номаъқул. Вилоятда 2 миллионга яқин аҳоли бор. Лекин ишсизлик, муаммолар жуда кўп. Замон шиддат билан ўзгаряпти, ҳамма давлат ўзини ўйлайди. Мен ҳам шу мамлакат президенти сифатида шу юртдаги барчанинг, миллатидан, динидан қатъий назар келажагини ўйлайман.

Ҳокимлар менинг халқ олдидаги менинг вакилим сифатида кўнгилдагидек ишлай оляптими? Мен 4 йил ичида 2 мингта қарор ва фармонлар қабул қилдим. Бу олдинги йиллардан 4 баробар кўп. Лекин битта қарор қабул қилиш жуда азоб. Менга қарсакбозликни кўпайтириш керак эмас, нима қилсам халқим учун қиламан.

Энг кичик набирамизгача келажагини таъминлаб беришимиз керак. Ҳамма ўз фарзанди, набирасини ўйлагандай ўйласа тушуниб етади.

Ана шундай мураккаб пайтда энг катта муаммолардан бир бу кадрлар масаласи. Бухоро вилояти етакчини танлаб олиши ҳам жуда муҳим. Чунки ечимини кутаётган масалалар жуда кўп. Бухоро кўрсаткичлари бу вилоятнинг буюк номига муносиб эмас. Аччиқ бўлса-да ҳақиқат бу.

Вилоятга қарасак яна қишлоқ хўжалигига суяниб қолинган. 70 йил томимизгача пахта экдик, лекин манфаат кўрмадик. Бангладеш деган давлат пахта экмай қайта ишлаш ортидан 30-40 млрд доллар даромад қилди, биз эса хом ашё билан кўпи билан 1,2 млрд доллар ишладик.

Пахтани қайта ишлашни 30 фоиздан 70 фоизга чиқардик. Қилсак бўлар экан-ку, аёлларни, ёшларни иш билан таъминласак бўлар экан-ку. Ёшларимиз кечаги ёшлар эмас, уларнинг талаблари, дунёқараши бошқа. 

Ботир Комилович Зарипов номзодини Бухоро вилоятига ҳоким сифатида тавсия қилар эканман, агар сизларда бошқа тавсия бўлса, кўриб чиқишга тайёрман. Балки Зарипов бундай вазифага тайёр эмасдир, лекин унда иштиёқ бор, ишлашга ҳаракат бор. Мен уни 3 ойдан бери синаяпман. Рози бўлсаларинг уни ҳоким қилиб сайлаймиз ва биргаликда ишлаймиз”, – деди президент фаолларга қарата.

Депутатлар бу номзодни бир овоздан қўллаб қувватладилар.

22 Jan 2021

18 январ куни кечки пайт Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласида қурилиши битмаган хонадонлардан бирида кучли ёнғин келиб чиқади. Дастлаб ҳодиса юз берган жойда 20 та газ тўлдирилган баллон борлиги айтилган эди. Маълум бўлишича у ерда газ тўлдирилган баллонлар сони 43 дона бўлган. Самарқанд вилояти прокуратураси ҳеч ким жабрланмаган мазкур ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини очиқлади

 

Бундан бир неча кун аввал, Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласидаги қурилиши битмаган хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлгани ва у ерда бўлган 20 та газ тўлдирилган баллон портлаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Самарқанд вилояти прокуратураси мазкур ҳодисанинг тафсилотлари ва келиб чиқиш сабабларини очиқлади.

Қайд этилишича, 2021 йил 18 январ куни соат 20:08 да Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласида жойлашган фуқаро О.Н.нинг 3 ой олдин кўчиб кирган яшаш уйида ёнғин содир бўлган. Оқибатда уйнинг 50 м² майдони, дарвозахонада турган, 2021 йилда ишлаб чиқилган ва давлат рақами олинмаган «Дамас» машинаси зарар кўрган. Ертўлада мавжуд бўлган 20 дона маиший газ баллони портлаб ёрилиб кетган ва яроқсиз ҳолга тушган.

Воқеа жойи туман ФВБ томонидан кўздан кечирилганда дастлаб яроқсиз ҳолга келган 20 та газ баллон аниқланган. Ёнғин ўчирилгандан сўнг, воқеа жойи туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан батафсил кўздан кечирилганда мазкур уйда яроқсиз ҳолга келган 20 та газ баллонлардан ташқари яна 23 дона газ баллон борлиги маълум бўлган. Бундан ташқари, хонадон эгаси О.Н. уйининг орқа томонида ер остидан ўтган табиий газ тармоғига ноқонуний улангани ва газ тортиш ускунаси (насос) ўрнатгани аниқланган.

Мазкур хонадонга 43 дона газ баллонлари қаердан келиб қолгани ҳақидаги саволларга фуқаро О.Н. хусусий корхоналардан бири билан тузилган келишувга асосан ўзининг автомашинасида корхонага тегишли газ баллонларга маиший газ тўлдириб, етказиш билан шуғулланишини маълум қилган. У ўз кўрсатмасида воқеа содир бўлган куни яшаш уйида электр симга лампочка патронини ўрнатаётган вақтда чақнаш содир бўлиб ёнғин келиб чиққанлигини, шундан сўнг уйда бўлган газ баллонлардан бир нечтаси портлаб кетганлигини баён қилган.

Қайд этилишича, олинган ашёвий далиллар бўйича Хадича Сулаймонова номидаги экспертиза марказига судга оид ёнғин экспертизаси тайинланган. Ёнғин ва унинг натижасида келиб чиққан газ баллон портлаши оқибатида жароҳатланганлар мавжуд эмас.

Ҳолат юзасидан Самарқанд туман ИИБ ТБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.

P.S. Kun.uz мухбири ҳодисанинг эртаси куни Самарқанд туман ФВБ масъулидан изоҳ олганида, у ёнғин юз берган хонадонда ҳеч ким яшамаслигини айтган эди. Бугун эса у ерда хонадон эгаси 3 ой аввал кўчиб киргани айтиляпти. Баллонлар сони ҳам ошган. Қолаверса, қандайдир хусусий корхонанинг оддийгина ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмайдиган шахсга баллонларга газ тўлдириб етказишни ишониб топшириши ҳам қалтис таваккал бўлган. 

22 Jan 2021

10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушди. Бунинг ортидан одамларда қурилишлар сифатига шубҳа ортди.

Kun.uz мухбири шу мавзуда Тошкент архитектура ва қурилиш институти профессори Саид Маҳмудов ва кафедра мудири, доцент Самариддин Мажидовга мурожаат қилиб, мутахассис сифатида ҳолатга муносабат билдиришни сўради.

Жиззахдаги ҳолатда қандай хатога йўл қўйилган бўлиши мумкин?

— Биринчидан, бу бино шаҳарнинг бош режасига киритилмаган. Яъни мана шу ҳудудда кўп қаватли бинолар қуриш мумкин эмас. Режалаштириш ҳам мумкин эмас. Иккинчидан, конструкция нотўғри қилинган, конструкциянинг биринчи ва иккинчи қаватлари нотурар жойга мўлжалланган. Улар юқоридаги кучларни кўтариб туришга мўлжалланмаган, тепасига 4 қават қурилган, 4 қаватнинг ҳаммаси каркасдан қилинган ва оралиқлари ғишт билан тўлдирилган.

Қолаверса, ғишт билан устуннинг боғланиши йўқ. Агар боғланиш бўлганида, бундай ҳолат бўлмасди. Шу боис, юқоридаги юк катта бўлгани сабабли тепа қисми ағдарилиб кетган. Чунки пастдаги устунлар нотурар жой учун тикланган. Яна бинонинг ертўласи ҳам бор. Ўша ертўлада консол чиқариб қўйибди. У консолга ҳам юқоридан оғирлик тушади. Шу сабабдан юқоридаги оғирликни кўтаролмасдан мана шундай ҳолат юз берди.

Бино лойиҳалаштирилганидан кейин экспертизадан ўтгани ёки ўтмагани ҳақида менда маълумот йўқ. Менимча, устуннинг кўндаланг қисмини танлашда ҳисоб-китоб нотўғри бўлган. Чунки кўндаланг қисм юқоридаги кучга боғланиб танланади. Кўндаланг кесим кичик бўлса-ю, тепадан тушаётган куч оғир бўлса, устун қулаб тушади.

Тошкент шаҳрида ҳам бугунги кунда қурилаётган айрим бинолар устунга барпо қилинмоқда ва уларнинг ғишт деворлари устунларга киришиб кетмаган, боғланмаган. Шундай барпо қилиш мумкинми?

— Бу устун ва устуннинг оралиқ масофасига боғлиқ. Агар устунлар оралиғи узоқ бўлса, деворнинг ўзи ҳам оғирлик тушмасдан ағдарилиб кетиши мумкин.

Бундан ташқари, ғишт девор урилаётганда маълум бир қаторда арматуралар қўйилади. Арматура устунга боғланади, қолган қисми ғишт қаторларига кириб туради. Ўша нарса йўлга қўйилмаяпти. (Жиззахдаги ҳолатда) 4 қаватдан тушаётган оғирликни пастдаги устун кўтара олмаган, шунинг учун ҳам қулаб кетган.

Қолаверса, 6 қават бино қуриш мана шу ҳудуддаги режага мос эмас. Бундан ташқари, ишлатилган материаллар ҳам – ғиштдан тортиб қоришманинг материалигача – талабга жавоб бермайди. Уни монтаж қиладиган, терадиган, қурадиган одамлар маълум бир билимга эга эмас. Улар, менинг билишимча, бир кунлик ишга келган одамлар. Келган ва бажариб кетган, эртага бунинг ҳисоб-китобига ҳеч ким жавоб бермайди.

Бинони шу даражага олиб келишига сабабчи бўладиган қандай материаллар ишлатилган бўлиши мумкин?

— Бино қурилишида ишлатиладиган материалларнинг ҳар бирининг ўз марка ва синфлари бор. Сабаби, бино лойиҳалаштирилган вақтда смета қисмида ҳар бир материалнинг маркаси киритилади. Цемент 400 маркали бўладиган бўлса, 400 маркалини ишлатиш керак.

Бугунги кунда, қурилиш объектигача 400 маркали цемент етиб келмаяпти. Бу – биринчи катта камчилигимиз. Шунингдек, олинган цементларни ортиқча муддатда сақлаб туриш. Сақлаш муддати ўтгани сайин цемент кучи янада пасайиб бораверади.

Бундан ташқари, уларда ишлатилган майда ҳамда йирик тўлдирувчилар – қум ва шағалларнинг таркибидаги чанг миқдорлари албатта боғловчининг сифатига таъсир қилади.

«Бинолар жуда тез суръатда қурилмоқда»

— Мамлакатимизда қурилаётган биноларни оладиган бўлсак, жуда ҳам тез суръатда қурилмоқда. Аммо қўйилган пойдевор камида бир йил қолиб, чўкиши керак. Пойдевор қўйилганидан кейин заминда жойлашгунча биз шошиб уни кўтарадиган бўлсак, юқоридаги ҳолатларга дуч келиб қоламиз.

Шу сабабли қурувчи-муҳандислар, лойиҳачилар ва ишчилар – ҳамма ўз ишини белгиланган муддатда қилса, бундай ҳолатларга дуч келмаймиз. Ғишт билан девор уриладиган бўлса, устунга боғловчи билан киришиши керак.

Битта камчиликни ҳаммамиз тан олишимиз керак: назорат йўқ.

Аслида ҳар бир қават битганида ғиштлар боғланишини мутахассис ходимлар бориб текшириши керак эди. Мутахассис текширмасдан 2-қават қурилмоқда. Ғишт терувчи эса, фақат ғишт теришни билади. У ерда устун тайёр турибди, орасига ғишт териб кетмоқда. Оралиқ қанча катта бўлса, ғиштнинг ўзини териб қўйсангиз ҳам устунга боғланиш бўлмаса, ғишт маълум бир вақтдан кейин ўзидан ўзи йиқилиши мумкин.

Зилзилада бу қандай хавф туғдириши мумкин?

— Биринчи навбатда оралиқ масофа ҳисобга олиниши керак. Оралиқ 6 метрли устунга юқоридан тушаётган кучга нисбатан унинг кўндаланг кесими ҳам тўғри келиши керак.

Битта оддий ғишт 2,5–2,7 кг.ни ташкил этади. 18 метр квадрат жой бўладиган бўлса, тахминан 600 дона ғишт кетади ва оғирлиги бир тоннадан ортиқ бўлади. Қулаган бинога назар соладиган бўлсак, биринчи ва иккинчи қавати маиший хизмат кўрсатиш биноси, ундан сўнг турар жой биноси бўлганидан кейин, буларни ҳисобга олиш керак эди.

Шу билан бирга, қаватлар оралиғига оралиқ қопламалар қўйилади. У ҳам оғир бетондан қилинади ва унинг оғирлиги ҳам устунга тушади. Устун билан устунни ўзаро боғлаб турувчи ригел ҳам бўлади. У оғирлик кучини устунга беради. Геометрик шакл ўзгариб кетади. Оний ўзгарувчан схема ҳосил бўлади ва бу оғирлик кучларининг ҳаммаси келиб пойдеворга тушади. Пойдеворга тушаётган пайтда кўндаланг кесим кичкина бўлса, тепадаги оғирлик пойдеворгача келмасданоқ ўз мувозанатини йўқотади.

Жиззахдаги бинонинг пойдевори ҳам чўккани айтилди. Пойдевор нега чўкади?

— Пойдевор чўкмаслиги учун геолог ва геофизиклар ўша қурилиш майдонининг тупроқ таркибини текшириши талаб этиларди. Маълум бир чуқурликни кавласангиз, шағал, қум келиб чиқади. Яъни қум ва шағал сувга тўйинган бўлиши мумкинлигини аниқлай оларди.

Илгарилари кўп қаватли уй пойдевори бир йил чўктириб қўйиларди. Ҳозир бир ойда бино тикланмоқда. Пойдевор қурилганда ҳам об-ҳаво, бетоннинг маркаси ҳисобга олинмаяпти. У 28 суткада қуриши керак. Бизда қурилиш комбинатлар бор, улар ҳам давлат стандартлари асосида ишлайди, лекин қурилиш материалларининг сифатини текширмаяпти.

«Хорижлик қурувчилар ўз лабораторияларига эга»

— Ҳозирда четдан келиб қураётганлар ўзининг лабораторияси билан келган. Унда бетоннинг маркаси, пойдевор, ора ёпма плиталарни текшириб, оралиқ кесимлар ва лойиҳани яна қайта кўриб чиқиб, кейин қурилишни давом эттиришга рухсат бермоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, рухсат бергандан кейин назорат ҳам бўлиши керак. Жиззахдаги бинони қурганлар эса, мутахассис эмас, менимча, лойиҳани ҳам экспертизадан ўтказмаган. Қолаверса, ҳозирда, хусусий лойиҳалаш фирмалари бор, ўшалардан ўтгандир, балки.

Тадбиркор қурилишга катта маблағ ажратар экан, унга тендер эълон қилиши, бинони ким қурадиган бўлса, унинг барча моддий-техник базаси етарли эканини текшириши шарт.

Ҳозир бизда яна бир жиҳатга эътибор берилмаяпти, яъни бугунги дунё қурилишида қурилиш қоришмалари ва бетонларни ишлаб чиқаришда уларнинг мустаҳкамлигини оширувчи қўшимчалардан фойдаланилмоқда. Бизда эса, бу жорий қилингани йўқ.

Келгусида мана шундай хатоларнинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак?

— Ҳар бир бинонинг турига қараб қурилиш меъёрлари бор. Ана шу меъёрий қоидаларга эътибор бериб, қурилиш режалаштирилган ҳудудни яхшилаб текшириш керак. Пойдевор қўйишдан олдин чўкиш ҳолатини аниқлаш учун маълум бир вақт берилиши лозим.

1996 йилдан бошлаб меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва ҳар бир соҳа бўйича алоҳида меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Агар мана шу меъёрий ҳужжатларга амал қилиб қурилса, бундай ҳолат юз бермайди.

Исталган жойга келиб, ҳоким ё тадбиркорнинг хоҳишига кўра, 6 ёки 9 қаватли бино қуриш мумкин эмас.

***

Kun.uz мухбири юқорида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, бино каркас усулида барпо қилинганида оралиқ деворларнинг устунларга киришмаслиги қанчалик хавфсиз, деган савол билан Қурилиш вазирлиги раҳбарларига мурожаат қилди.

Вазир ўринбосари Козим Тўлагановнинг изоҳлашича, охирги йилларда ғиштдан оғирлик кўтарувчи эмас, фақат девор сифатида фойдаланилмоқда.

«Охирги йилларда каркаслар бинонинг бутун кучини кўтаришга мўлжалланган, ғишт уларда оғирлик кўтарувчи эмас. Яъни ғишт деворлар тўлдирувчи вазифасини ўтайди, каркас билан комплексни ташкил этмайди. Ғишт кўтарувчи сифатида белгиланганида бошқа масала эди. Уларнинг барчасининг лойиҳасида каркас кўтарувчи», – деди Тўлаганов.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров масаланинг бошқа бир томонига эътибор қаратди.

«Айрим биноларда устун ва ригел орасида ғишт изоляция қилинади. Бу – кучли зилзила содир бўлганида ўша девор ташқари томонга қулашини англатади. Бинонинг ўзи қуламаслиги керак. Албатта, бу 7 қаватгача бўлган уйларнинг лойиҳасида назарда тутилади. Қолганларида 50 қават бўлсаям туради, йиқилмайди», – деди вазир Ботир Зокиров.

22 Jan 2021

Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида иссиқлик тармоқларида бахтсиз ҳодисалар, иситишнинг узилиш ҳолатларида иссиқлик таъминоти ташкилотларининг тун-у кун ишлайдиган шошилинч диспетчерлик хизмати ташкил этилди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг Президент топшириғи асосида қабул қилинган қарорига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

 

«Об-ҳавонинг кескин ўзгариши туфайли коммунал соҳаларда кўплаб муаммолар юзага келиши мумкин. Шу муносабат билан, қиш мавсумида вужудга келадиган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида республика бўйича узлуксиз навбатчилик хизмати ташкил этилган. Бу хизмат республика бўйича ДУК ‘Тошиссиққуввати’нинг 22 та бўлинмасида ташкил этилиб, тун-у кун ишлайдиган телефон рақамлар билан таъминланган ҳамда аҳолига буклет шаклида диспетчерлик хизматларининг манзиллари ва телефон рақамлари бўйича маълумотлар тарқатилган», — дейилади вазирлик ахборотида.

Иссиқлик таъминоти ташкилотларининг шошилинч диспетчерлик хизматлари телефон рақамлари

  Ташкилот Манзил Телефон
1 ДУК «Коммуналлик иссиқлик саройи» Нукус шаҳри, Беруний кўчаси — 20 61−223−89−49
2 МЧЖ «Тахиатош иссиқлик тармоқлари» Тахиатош шаҳри Танташева кўчаси 61−572−50−12 95−601−50−12
3 ДУК «Иссиқлик манбаи» Андижон вилояти Андижон шаҳри Ломоносов кўчаси — 2 99−917−22−00 90−254−10−09
4 ДУК «Иссиқлик манбаи» Бухоро вилояти Бухоро шаҳри I.Каримов кўчаси — 27/1 65−223−24−06
5 АЖ «Бухороэнергомарказ» Бухоро шаҳри Алпомиш кўчаси — 5 78−770−01−82
6 ДК «Иссиқлик манбаи» Жиззах вилояти Жиззах шаҳри I.Каримов кўчаси — 3 72−222−94−58 93−940−72−32 93−303−78−88
7 ДУК «Иссиқлик манбаи» Навоий вилояти Навоий шаҳри А.Темур кўчаси — 4 79−223−65−98
9 ДУК «Иссиқлик манбаи» Наманган вилояти Наманган шаҳри Aerопорт кўчаси — 1 69−227−89−17 94−159−99−97
10 ДУК «Иссиқлик манбаи» Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри Буюк Ипак йўли кўчаси — 98 А 66−221−42−60 66−222−71−01 90−743−20−98
11 ДУК «Иссиқлик манбаи» Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри Humo кўчаси — 5 90−247−65−28 39−790−02−23
12 ПО «Иссиқлик манбаи» Тошкент вилояти Қибрай тумани Г.Ҳалилова кўчаси — 15 70−956−20−81 70−956−17−36
13 ДУК «Иссиқлик манбаи» Ангрен шаҳри Ангрен шаҳри Ибн Сино кўчаси — 1 70−665−13−05 70−665−13−04
14 ДУК «Иссиқлик манбаи» Чирчиқ шаҳри Чирчиқ шаҳри Ёшлик кўчаси — 4А 70−716−34−95 70−715−04−58 70−715−06−52
15 ПО «Иссиқлик манбаи» Фарғона вилояти Фарғона шаҳри Қувасой — 248 73−245−04−07
16 ДУК «Иссиқлик манбаи» Қўқон шаҳри Қўқон шаҳри Махрам кўчаси 73−542−02−35
17 МЧЖ «Қўқонэнергомарказ» Қўқон шаҳри Туркистон кўчаси — 2Г 90−290−14−05
18 МЧЖ «Қўқониссиқликэнерго» Қўқон шаҳри М.Қаҳҳоров кўчаси — 4 73−542−26−82
19 МЧЖ «Киргулииссиқликманбаи» Фарғона шаҳри Янгизамон кўчаси — 15А 73−242−67−88 91−124−14−22
20 ДУК «Иссиқлик манбаи» Хоразм вилояти Урганч шаҳри А.Темур кўчаси — 163 62−228−73−64
21 ДУК «Тошкентиссиқликмаркази» Тошкент шаҳри М.Улуғбек тумани Яланғоч массив — 164 71−262−65−55 71−262−68−38
22 ДУК «Тошиссиққуввати» Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Фурқат кўчаси — 1 71−227−08−34 71−227−08−35
22 Jan 2021

Ўзбекистонда тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш бўйича соддалаштирилган тартиб белгиланиши кутилмоқда.

 

Парламент матбуот хизмати хабар беришича, бу ҳақда 20 январь куни Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадбирда муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, республика ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар таҳлилига кўра, 2018 йилда 13 701 та, 2019 йилда 24 005 та, 2020 йилда 16 023 та тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликлар давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилган. ЙТҲ иштирокчиларининг 40 фоизи эътирози йўқлиги ва мақсади суғурта товонини олиш эканлигини билдирган.

Амалдаги қонунчиликда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда ЙПХ инспектори чақирилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилади, тиббий-наркологик текширувдан ўтказилади ва суғурталовчига хабар берилади. Терговга қадар текширув, турли экспертизалар, суд жараёни тамомланиб, иштирокчилар ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва транспорт воситалари ҳужжати, экспертиза хулосаси, терговга қадар текширув, суд қарорларини тўплаб суғурталовчига тақдим этади. Суғурталовчи ҳужжатларни ўрганиб чиқиб товон тўлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўртача 30-50 кун сарфланади ва фуқаронинг ортиқча сарсон бўлиши ва қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўлади.

Қонунга киритилаётган янги нормалар билан йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома тузиш орқали тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш бўйича соддалаштирилган тартибни белгилаш назарда тутилмоқда.

ЙТҲ содир бўлганда иштирокчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимисиз билдиришнома тўлдириб, тиббий-наркологик текширувдан ўтади ва транспорт воситаларини техник шикастни баҳолаш экспертизасидан ўтказиб, 3 кун ичида суғурталовчига ариза тақдим этади. Суғурталовчи ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, 15 кун ичида товон тўлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги — йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома расмийлаштириш муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этиш нормаси ҳамда «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунга йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома, деган тушунча киритилмоқда.

Шунингдек, тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисасини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш асослари, қоидалари ва тартиби аниқ белгиланмоқда.

Хабарда айтилишича, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш тартибини (европротокол) жорий этиш йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги бевосита мулоқотни амалга оширишда «инсон омили»га ва ортиқча қоғозбозликка, фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлишига чек қўйишга хизмат қилади. Шунингдек, ҳар бир содир этилган ЙТҲни расмийлаштириш учун ЙПХ инспекторларининг ўртача 2-3 соат вақти тежалади, тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини кўриб чиқишда сифат даражаси ошади ҳамда автомобиль йўлларида тирбандликларнинг олди олинади.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: