Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзодни доимо эзгуликка чорлаши билан беқиёс аҳамиятга эга.
Бир неча диний экстремистик оқим ва йўналишлар фаолияти тобора кескинлашиб бораётган бир даврда муқаддас ислом динимизга ва миллий маънавиятимиз ҳамда қадриятларимизга рахна солишга уринаётган ноисломий йўналишлардан бири бу миссионерлик йўналишидир.
Миссионерлик бу - бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш тушунилади.
Ҳозирги кунда миссионерлар ўзларининг вақтинчалик яхши муомилалари ва ўзларининг ғаразли мақсадлари яширинган услублари билан айрим кишиларни йўлдан адаштирмоқдалар. Миссионерлик фаолиятини олиб бораётганлар одамларга бепул дори-дармон бериш, бепул хайрия ёрдамларини кўрсатиш, бепул миссионерлик адабиётини тарқатиш каби услубларидан фойдаланишади.
Миссионерлик 19 асрда фаоллашди, айниқса, насроний миссионерлари Африкада фаолиятларини кучайтирдилар ва ўз мамлакатларининг сиёсатини ўтказишга ёрдам бердилар. Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни 5-моддасига кўра, Ўзбекистонда миссионерлик фаолияти маън этилган.
Мамлакатимиз аҳолисининг 90% дан ортиқроғи Ислом динига эътиқод қилади. Ислом дини шариатига кўра ҳам ўз динидан бошқа динга ўтиб кетиш қораланади. Миссионерлик миллий ва диний қадриятимизга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ҳаракатлардан ҳисобланади.
Миссионерлик ва унинг оқибатлари ҳақида оиламизда фарзандларимизга, маҳалладошларимизга кўпроқ тушунтиришимиз лозим бўлади. Шундай қилсак, миссионерликнинг салбий оқибатларини бир қадар олдини олишга ҳаракат қилган бўламиз.
Абдижалол ТУРДИЕВ,
“Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.