Hokimiyat matbuot xizmati
Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Тошкент шаҳри туманларининг ҳоким ва сектор раҳбарлари, Юнусобод тумани маҳалла раислари ҳамда ёшлар билан мулоқот қилди.
«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, давлат раҳбари пойтахтдаги туман ҳокимларига топшириқ бераркан, улар ўзини қийнаб ишлаши, халқ ишончини қозониши зарурлигини таъкидлади.
«Менга натижа керак, қаттиқроқ натижа. Банкир, молиячи ва солиқчи ҳам маҳалла ичига кириб боради. Бош вазир ўринбосарлари йўналишлар бўйича туманларга бўлинган, улар ҳамма саволларга жавоб беради. Худога шукр, пулимиз ҳам, кредитимиз ҳам, имкониятимиз ҳам бор. Фақат ҳалоллик керак. Халққа ҳалол, порасиз хизмат қилсаларингиз, натижаси ҳам, баракаси ҳам бўлади. Ўғирласаларингиз барибир етиб боради», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Жиззах шаҳридаги қулаб тушган бино воқеасига масъул бўлган мансабдорларга, албатта, қонуний чора кўрилиши лозимлигини қайд этди. Бу бўйича бош прокурорга назоратга олиш топшириғи берилди.
«Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари бизнинг сиёсатимизга хиёнат қилган. Буни ҳамма билиши лозим. Унинг бутун тўдасига қонуний жазо кўриш керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди», — деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди. ФВВ ва Бош прокуратуранинг қайд этишича, воқеа оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлган фуқаролар бўлмаган. Маълум қилинишича, қулаб тушган бино ёнидаги 6 қаватли иншоотнинг ҳам пойдеворларида чўкиш аломатлари кузатилган бўлиб, ҳозирда у хавфли ҳолатда турибди. Ҳалокатни ўрганиш мақсадида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошлиқ ҳукумат комиссияси тузилган. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бутун дунё бўйлаб коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 2 миллион кишидан ошди. Бу ҳақда Жонс Ҳопкинс университети маълумотларида келтириб ўтилган.
Пандемия бошланганидан буён дунёнинг 191 давлатида касалланиш бўйича 93,4 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган, 51 миллиондан ортиқ бемор соғайган.
Энг кўп ўлим ҳолатлари АҚШ (389,5 минг киши), Бразилия (207 минг киши) ва Ҳиндистонда (151,1 минг киши) қайд этилган.
Касалланиш кўрсаткичи бўйича АҚШ ҳамон етакчи бўлиб турибди — COVID-19’ни юқтириб олиш билан боғлиқ 23,3 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган. Иккинчи ўринда Ҳиндистон (10,5 миллион бемор), учинчи ўринда эса Бразилия (8,3 миллион бемор).
Сўнгги вақтларда коронавирусга чалиниш ҳолати кўпайгани боис Токио билан Лондонда фавқулодда ҳолат, Қозоғистон ҳамда Германияда коронавирус туфайли чекловлар кучайтирилди, Ливан ва Шотландияда эса яна карантин жорий этилди.
Италияда эса фавқулодда ҳолат режимини апрель ойининг охиригача узайтирилди.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг ‘2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида’ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дея хабар қилмоқда Пенсия жамғармаси.
Унга кўра, 2021 йил 1 февралдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 1,1 баробарга оширилади.
Қарорга асосан 2021 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 747 300 сўм;
- базавий ҳисоблаш миқдори – 245 000 сўм;
- бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа – 434 000 сўм;
- кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам – 326 000 дан 653 000 сўмгача.
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа:
- битта болали оилаларга – 144 100 сўм;
- иккита болали оилаларга – 238 700 сўм;
- учта ва ундан ортиқ болали оилаларга – 334 400 сўм.
Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам – 434 000 дан 1 085 000 сўмгача оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг 1 февралидан фахрий унвонига эга пенсионерлар учун тўлов миқдори қарорга асосан 1,1 баробарга оширилди.
Пенсия жамғармасининг таъкидлашича, пенсиялар коронакризис пайтида, аниқроғи, 2020 йилнинг 1 сентябридан оширилган. Лекин у пайтда бюджет ходимлари ойликлари ошиши музлатиб қўйилганди.
Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 653,7 минг кишига ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Қўмита маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси сони 34,5 млн кишини ташкил этмоқда.
Аҳоли сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 653,7 минг кишига кўпайган. Доимий аҳолининг ўсиш суръати 1,9 фоизга тенг.
Мамлакат аҳолиси ҳар ойда ўртача 54,5 минг кишига кўпайган. 2020 йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,8 минг кишига ошган.
Минтақадаги сўнгги ўн йилликдаги қурғоқчилик оқибатида яқин ҳафталарда Туркия шаҳарлари сув таъминотисиз қолиши мумкин. Бу ҳақда The Guardian’га таяниб «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Истанбулни сув билан таъминловчи сув омборида 138 миллион куб метр сув қолган. Бу сув захираси тахминан 45 кунга етиши мумкин. Измир ва Бурсани сув билан таъминловчи сув омборлари мос равишда 36 ва 24 фоизга тўлган. Анқарада сув заҳираси 110 кунга етиши мумкин, деган пойтахт мери Мансур Яваш.
Қурғоқчиликка 2020 йилнинг иккинчи ярмида ёғингарчиликнинг рекорд даражада камайиши сабаб бўлган. Хусусан, ноябрь ойида бир йил аввалгига қараганда 50 фоиз камроқ ёғингарчилик бўлган.
Бундан ташқари, мутахассислар мавжуд вазиятнинг сабаблари сифатида ҳаддан ташқари урбанизация жараёнида ўрмонларнинг кесилиши ва яшил майдонларнинг қисқариши, саноатлаштириш, аҳоли сонининг кўпайиши ва иқлим ўзгаришини кўрсатмоқда.
Ўтган асрнинг 80 йилларидан бошлаб ушбу сабаблар туфайли Туркияда бир неча йирик қурғоқчиликлар бўлган. Муҳандис-кимёгарлар палатаси мутахассислари шаҳар маъмуриятидан аҳоли учун сув меъёрини имкон қадар тезроқ жорий этишни ўйлаб кўришни қатъий тавсия қилмоқда.
Қуйидаги ҳолларда тегишли ижтимоий нафақани ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:
а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромаднинг Вақтинчалик низомнинг 7-бандида кўрсатилган белгиланган мезонлардан ортиқлиги;
б) ариза берувчида ёки унинг оила аъзоларида кўчмас мулк мавжудлиги (ариза берувчининг прописка қилинган жойида жойлашган кўчмас мулк бундан мустасно);
в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида икки ва ундан ортиқ автотранспорт мавжудлиги;
г) аризада тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқатга номувофиқлиги аниқланиши;
д) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва меҳнат бўйича органларда ҳисобда турмаган ёки ҳақи тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжудлиги сабабли рад этилади.
Жорий йилнинг 10 сентябрь кунида Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро Ш.Н. 14 ёшгача болали оилаларга нафақа тайинлаш масаласида яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилган. Фуқаронинг аризаси Пенсия жамғармаси мутахассиси томонидан белгиланган тартибда «Ягона реестр» АТ дастурига киритилган. Дастур томонидан автоматлаштирилган тарзда реал вақт режимида давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик орқали маълумотлар алмашилган.
Шунга асосан, фуқаронинг расмий даромад манбаларига эга бўлмаганлиги ва охирги олти ой мобайнида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилмаганлиги сабабли, «Ягона реестр» АТ дастури орқали оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд деб ҳисобланиб, нафақа тайинлаш рад этилган.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ қўллашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилади ва бу орқали нафақа ва моддий ёрдамлар инсон иштирокисиз тайинланиши ва тўланишини таъминлайди. Бу эса, халқимизга хизмат қилишда шаффофлик ва адолатлиликни таъминлаб беради.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
АҚШнинг Индиaна штати Терре-Хот шаҳри қамоқхонасида ҳомиладор аёлни ўлдириб, унинг боласини ўғирлаганлик учун ҳукм қилинган 52 ёшли Лиза Монтгомери қатл қилинди, деб ёзади Meduza. Унга ўлимга олиб келувчи инъекция қилинди. Қатлдан аввал Монтгомерига сўнгги гапини айтиш имконияти берилди. У бундан бош тортди.
Лиза Монтгомери — 1900 йилдан буён АҚШ федерал ҳукумати томонидан қатл қилинган учинчи аёл. Федерал даражадаги аввалги қатллар 1953 йилдаёқ амалга оширилган. Ўшанда бирйўла икки аёл — Бонни Браун Хеди (автомобиль магнатининг ўғлини ўғирлаганлик ва ўлдирганлик учун) ва Этел Розенберг (Собиқ иттифоқ фойдасига жосуслик учун) қатл этилган. Аёлларнинг штатлар даражасида қатл қилиниши 1953 йилдан кейин ҳам юз берган. Уларнинг сўнггиси 2015 йилда амалга оширилган; эрининг ўлдириб кетилишини уюштирганлиги учун ўлимга маҳкум қилинган Келли Гиссенданер қатл этилган эди. Федерал даражадаги ўлим жазолари 2020 йилнинг июлида 17 йиллик танаффусдан кейин қайта бошланди.
Лиза Монтгомери ҳомиладор аёлнинг боласини унинг қорнидан чиқариб олган. Ва уни ўз боласи деб кўрсатган
2004 йилда канзаслик Лиза Монтгомери интернет орқали 23 ёшли миссурилик Бобби Жо Стиннетт билан боғланган. Улар итсеварлар форуми орқали таниш бўлиб, у ерда Стиннетт фарзанд кутаётгани ҳақида ёзганди. Лиза Бобби Жога ўзини бошқа исм билан таништириб, кучукча сотиб олиш баҳонасида унинг уйига келган. У ўша пайтда 8 ойлик ҳомиладор бўлган Бобби Жони бўға бошлаган. Сўнг Монтгомери унинг қорнини пичоқ билан кесиб, болани чиқариб олган. Орадан бир неча соат ўтиб, уйига онаси келган вақтда Бобби Жо ҳали тирик бўлган, аммо у касалхонада вафот этган.
Лиза Канзасга қайтиб келиб, эри Кевинга қиз фарзанд туғганини айтган. Бундан аввал у турмуш ўртоғига ҳомиладорлигини айтгани учун эркак чақалоқнинг ўз фарзандлари эканлигига ишонган. Лиза қизчани қўшниларига ҳам кўрсатган, уларни ҳам ҳомиладорлигига ишонтирган эди. Аёл жиноятдан кейин бир сутка ўтиб қўлга олинган. Ўғирланган қизча тирик қолган. Уни отасига қайтаришган. Виктория Жо ҳозир 16 ёшда. У онасининг ўлими ҳақида омма олдида ҳеч қачон гапирмаган.
Монтгомери бир неча марта ўзини ёлғондан ҳомиладор қилиб кўрсатган. Собиқ эри ундан фарзандларини олиб қўйиш учун шуни далил қилиб келтирмоқчи бўлган
Судда Кевин Монтгомери аввалги турмушидан тўрт фарзандни дунёга келтирган хотини уч марта унга ҳомиладор эканлигини айтган (биринчи икки ҳолатда гўёки саломатлиги туфайли аборт қилдиришига тўғри келган). Аммо Лизанинг собиқ эри Карл Боман аслида у фарзанд кўра олмаслигини маълум қилган: тўртинчи туғруқдан кейин у стерилизация қилинган.
Карлнинг сўзларига кўра, Лиза нафақат Кевин билан турмуши даврида, балки у билан никоҳда бўлган пайтда ҳам ўзини ҳомиладор қилиб кўрсатган, аммо у Кевиндан фарқли равишда стерилизациядан хабардор бўлган. Ажрашганидан кейин Карл тўрт фарзандининг иккиси устидан васийликни қўлга киритмоқчи бўлган ва шу мақсадда судда унга қарши далил сифатида собиқ хотинининг сохта ҳомиладорликларидан фойдаланмоқчи бўлган. Лиза бу режалар ҳақида билган. Карлнинг сўзларига кўра, қотилликдан бироз аввал Лиза унга қўнғироқ қилиб, «унинг ноҳақлигини исботлашга» ваъда берган.
Айблов томони Лиза ақли расо ҳолда жиноятни режалаштирганини, хусусан, интернетда кесарча кесишни қандай амалга ошириш ҳақида маълумот қидирганини таъкидлаб, у учун ўлим жазосини талаб қилди. Ҳимоя томони эса судланувчи болалигидан зўравонлик қурбони бўлгани, шу сабабли унда сохта ҳомиладорлик синдроми (псевдоциез) ривожланганини қайд этиб, умрбод қамоқ жазосини сўради. Уларнинг далиллари суд маслаҳатчиларини ишонтира олмади ва улар ўлим жазосини қўллаб-қувватлади.
Монтгомери болалигидан зўравонлик қурбони бўлган. Ўгай отаси уни зўрлаган, онаси эса фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган
Адвокатларнинг сўзларига кўра, Лизанинг онаси Жуди Шонесси ҳомиладорлик пайтида спиртли ичимликлар ичган. Қиз уч ёшлигида отаси уларни ташлаб кетган. У тўртга тўлганида саккиз ёшли опаси Дианани васийлик органлари олиб кетган: у Жудининг дўстларидан бири томонидан жинсий зўравонликка учраган. Лиза онаси билан қолган, у қизчага шафқатсиз муносабатда бўлган — масалан, у ётоғини ҳўллаб қўйса, совуқ сувда чўмилишга мажбур қилган, овозини ўчириш учун эса унинг оғзини скотч билан елимлаб ташлаган.
13 ёшларида Лизани пиёниста ўгай отаси Жек Клейнер зўрлашни бошлаган. Шунингдек, уни ўгай отасининг дўстлари ҳам зўрлаган. Клейнер Лизани унга бўйсунмаса, синглиси Петтини зўрлаш билан; агар кимгадир айтиб берса, бутун оиласини ўлдириш билан қўрқитган. Лиза 15 ёшлигида онаси электрик ва сантехникларнинг хизмат ҳақи ўрнига уларга Лизани жинсий мақсадларда таклиф қиладиган бўлган.
Бошланғич мактабда Лиза аъло баҳоларга ўқирди, аммо кейинроқ у алоҳида эҳтиёжли болалар синфига ўтказилди. Мактабни битирганидан кейин у армияга кетмоқчи эди, бироқ 18 ёшида 25 ёшли Карл Боманга турмушга чиқди. У Лизанинг онасининг тўртинчи эрининг ўғли бўлиб, унга ўгай ака ҳисобланарди. Карлга турмушга чиқишга уни ўз онаси ундаган, кейин эса Карл уни дўппослаб, зўравонлик қила бошлаган. 23-ёшга тўлгунича Лиза тўрт марта фарзанд кўрди. 1990 йилда у стерилизация қилинди (ҳимоя томонига кўра, онаси ва эрининг ундови билан).
Кейинроқ Карл ва Лиза ажрашди ва у иккинчи марта турмуш қурди. Иккинчи эри Кевин Монтгомери биринчиси каби шафқатсиз бўлмаса-да, барибир унга жисмоний ва жинсий зўравонлик ўтказган. Лиза болалари туғилганидан кейин кўп ичишни бошлаган ва уларга ғамхўрлик қила олмаган. Ўзи ҳақида ҳам қайғурмаган ва битлаб кетган.
Ўлим жазоси ҳукми чиқарилганидан кейин Лиза билан ишлашни бошлаган адвокатларнинг таъкидлашича, доимий зўравонлик ортидан унда руҳий ва асабий бузилишлар юзага келган. У нима ўнгида, нима тушида бўлаётганини қийинчилик билан фаҳмларди, ўз танасини ҳис қилолмасди, ўз импулсларини назорат қила олмасди. Қотиллик унинг руҳий бузилишидаги кулминацион нуқта бўлди. Адвокатларнинг қатъий қайд этишича, унинг опасини олиб кетган васийлик органлари ҳам, кир-чир ва йиртиқ кийимда борган мактаб ҳам, ўгай отаси томонидан зўрлангани ҳақида гапириб берган полициячи қариндоши ҳам Лизани ҳимоя қила олмаган. Бундан ташқари, адвокатлар бошидан Лиза амалга оширган жиноятдаги унинг травмалари ролига етарлича баҳо бермаган ҳамкасбларини қаттиқ танқид қилди. Ҳимоя томони, шунингдек қайд этишича, АҚШда сўнгги ўн йилликлар мобайнида чақалоқларни ўғирлаганлик учун судланган аёлларнинг ҳеч бири шу пайтгача ўлимга ҳукм қилинмаган эди.
Монтгомерининг ҳимояси судланувчи ўзининг қатл қилинишини англамаслигини таъкидлаган ҳолда ўлим жазосининг бекор қилинишига эришмоқчи эди
Сўнгги вақтларда Лизанинг адвокатлари у бошидан кечирган зўравонликлар туфайли руҳий хаста эканлиги ва уни қатл қилишларини англашга қодир эмаслигида туриб олиб, қатл жазосини бекор қилишга уринаётган эди. Адвокатлар ва мингдан ортиқ фаоллар амалдаги АҚШ президенти Дональд Трампдан Лизага нисбатан жазони юмшатишни сўради, Инсон ҳуқуқлари бўйича америкалараро комиссия эса қатлни кейинга қолдиришни таклиф қилди. Аммо комиссия қарорлари юридик кучга эга эмас, Трамп эса мурожаатга жавоб бермади.
Лизанинг қатли декабрга белгиланган эди, бироқ судланувчининг икки адвокати коронавирусга чалингани учун у кечиктирилди. Ҳукм ижро қилинишидан олдинги кунларда Лизанинг ҳимояси бир нечта судларда қатл кечиктирилишига эришди. Лекин АҚШ Олий суди бу кечиктиришни бекор қилди. Судланувчининг адвокати Келли Генри ўз мижозининг қатлини шармандалик деб атади: «Конституциямиз қатлни фаҳмлашга қодир бўлмаган одамни қатл қилишни тақиқлайди».
Норвегияда Pfizer/BioNTech коронавирусга қарши вакцинасини қабул қилган 23 киши вафот этди, дея хабар бермоқда «Korrespondent.net».
Марҳумларнинг барчаси иммунитети заиф 80 ёшдан ошган одамлар, дея таъкидлайди Норвегия Дори воситалари агентлиги.
«Вакциналар билан боғлиқ 23 та ўлим ҳолати қайд этилган. Ҳозиргача уларнинг 13 таси ўрганилган. Кенг тарқалган ножўя таъсирлар кекса одамларда жиддий ҳолатларга олиб келиши мумкин», – дейилади хабарда.
Дори воситалари агентлиги вакили Штейнар Мадсеннинг сўзларига кўра, ушбу ўлим ҳолатлари «жудаям қўрқинчли эмас».
«Ушбу вакцинанинг жуда кичик хавф омиллари борлиги аниқ, аммо соғлиғи ёмон кекса беморлар ҳақида гап кетганда, бир нечта истиснолар мавжуд», – деди Мадсен.
Норвегияда вакцинация 27 декабрда бошланган. Ослодаги қариялар уйларида яшовчилар биринчи бўлиб эмланди. Шу вақтгача мамлакатда 25 минг киши коронавирусга қарши эмланган.
Жиззах шаҳрида қулаган ва жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган кўп қаватли бинонинг қурилиш жараёнида талаб-меъёрлар бошидан охиригача бузилган. Бу ҳақда 14 январь, пайшанба куни ўтказилган матбуот анжуманида қурилиш вазири Ботир Зокиров таъкидлаб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.
«Мазкур бинонинг қурилиш жараёнида талаб-меъёрлар бошидан охиригача бузилган. Жойига бориб кўрдим, ҳаётда кўп биноларни қурганман, бузганман, ағанаб тушганларини ҳам кўрганман. Лекин бузилганда бунақа майда-чуйда бўлиб кетган бинони биринчи марта кўряпман.
Бу ерда масала нима? Назорат бўлмагани учун тадбиркор битта пудратчини топган ва у бинони қуряпти, унинг хаёли бошидан охиригача ўғирлик. Бу бўйича техник ва муаллифлик назорати бўлмаганидан кейин қурувчининг ўзи назорат қила олмайди. Қурилиш конструкцияларида ишлатиладиган бетон маркаси 250—300—400 бўлади. Бу ҳолатда бетон маркаси 3-4 бараваргача туширилган. Шунинг ҳисобига устунларнинг кўтариш имкони йўқ», — деди вазир.
Зокиров қулаган бино ёнидаги тик турган объектнинг қандай усулда бузилиши ҳақида ҳам сўз юритди.
«Ўзоғирсаноатлойиҳа» бу бинога яқинлашиб бўлмаслиги ва унинг 50 метр атрофини тўсиб қўйиш кераклигини айтяпти. Шу бинони бузиш учун 50 тонналик махсус юкни 40 метргача кўтариб, кесадиган машина керак. Ўзбекистонда бундай машина йўқ, бизда ундан кичкинаси бор. Уни бузиш учун бинонинг икки томонига 10 минг куб тупроқ тўкиб, тирайди ва объектни тепадан бузиб тушади.
Ҳозир шунча мулкни бузиб, олиб чиқиб ташлаш учун жуда катта пул кетади. Қўшни уйининг зарарини қоплаш керак. Шунақа қилиб, «бунақа одамларнинг бурни»ни ишқалаб, иккинчи гал мана шунақа ишга бормайдиган қилиш керак. Мен махсус ташкилот юбордим уни бузишга, фақат пулини тўлайсизлар дедим. Вилоят ҳокими «Ўша тадбиркорни қонуний чора кўриб, пулини тўлаттираман» деб айтди. Уёғини прокуратура ва бошқалар ўргансин, уни нечта эгаси бор, ҳаммаси жавоб берадими, биттаси жавоб берадими, жавобини бераверади, бу уларнинг иши. Мен у ерга бориб, текшира олмайман, менда ваколат йўқ. Бу масалада керакли одамлар қонун олдида жавоб беради. Давлат назорати ходимларининг айби ўтган бўлса, у ҳам жавоб беради. Жиноят иши фақат давлат назоратига қаратилган эмас», — деди қурилиш вазири.
Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди. ФВВ ва Бош прокуратуранинг қайд этишича, воқеа оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлган фуқаролар бўлмаган. Маълум қилинишича, қулаб тушган бино ёнидаги 6 қаватли иншоотнинг ҳам пойдеворларида чўкиш аломатлари кузатилган бўлиб, ҳозирда у хавфли ҳолатда турибди. Ҳалокатни ўрганиш мақсадида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошлиқ ҳукумат комиссияси тузилган. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Cуд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар президент томонидан имзоланди.
Kun.uz Фуқаролик-процессуал кодексига киритилаётган асосий ўзгартишларни санаб ўтади.
- Вилоят даражасидаги судлар тизимида ташкилий ўзгаришлар амалга оширилиб, фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича ва иқтисодий судлар ягона умумюрисдикция судларига бирлаштирилди.
«Ягона суд – ягона инстанция» тамойилидан келиб чиқиб, ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти тугатилди.
- Апелляция тартибидаги шикоят (протест)ларни бериш ҳамда суд қарорларининг қонуний кучга кириш муддати 20 кундан 30 кунга узайтирилди.
Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўриб чиқилган қарорлари, шунингдек апелляция инстанцияси судининг қарорлари Олий судда кассация тартибида қайта кўрилиши мумкинлиги белгиланди. Яъни эндиликда иш кассация тартибида кўрилишидан олдин апелляция тартибида кўрилган бўлиши лозим этиб белгиланмоқда. Бунинг натижасида суд ҳукми устидан дастлабки шикоят (протест) бериш муддати 6 ойдан 1 ойга қисқарди.
- Иш томонларнинг аризасига асосан Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра Олий судда такроран кассация тартибида (5 нафар судьядан иборат таркибда) қайта кўрилиши мумкин бўлди.
Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Илгари прокурорга нисбатан бундай чеклов мавжуд эмас эди.
- Биринчи инстанция судининг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) бериш муддати ажрим топширилган кундан эътиборан 20 кун этиб белгиланди. Илгари бу муддат 10 кун эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар бўйича апелляция ва кассация шикоятини бериш ҳуқуқи берилди.
- Прокурор эса фақат тарафлар мурожаатига асосан ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан апелляция ва кассация протести келтириши мумкинлиги белгиланди.
Апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан кассация шикоятини бериш муддати ажрим чиқарилган кундан бошлаб 1 йил этиб белгиланди. Узрли сабаблар мавжуд бўлганда бу муддат суд томонидан яна уч ойга узайтирилиши мумкин.