Саудия Арабистони Ҳаж зиёратига рухсат берди. Фақат бир шарти бор: бу йил Ҳаж зиёратига борувчилар COVID-19 га қарши албатта вакцина қабул қилган бўлишлари шарт. Бу ҳақда Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири Тауфиқ ар-Рабиа маълум қилди.
Ҳаж сафари июль ойининг иккинчи ярмига тўғри келади.
Шунингдек, 2020 йили коронавирус пандемияси сабабли атиги 10 минг киши Ҳаж амалларини бажарган. Уларнинг 30 фоизини саудияликлар, 70 фоизини хорижликлар ташкил этади. Ўшанда 20-50 ёшлар оралиғидаги, сурункали хасталиклари бўлмаганлар, илгари зиёратга келмаганлар ва карантин даври талабларига кўнганларга чекланган тартибда махсус рухсатномалар берилганди.
Саудия Арабистони ўтган йилнинг ноябрь ойидан 50 ёшгача бўлган, ПЗР-тести манфий чиққанларга Умра зиёратига киришга аста-секин рухсат беришни бошлаганди.