Кейинги йилдан бошлаб, давлат органларига ишга қабул қилиш ва юқори лавозимга тайинлаш учун хорижий тилни билиш талаб қилинади.
Ўзбекистонда чет тилларини ўрганишни оммалаштириш бўйича президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан, давлат хизматчиларининг хорижий тилларни ўзлаштириши даражасини ошириш мақсадида:
- 2021 йил 1 июлдан бошлаб, давлат органларида таълим ташкилотлари ўқитувчиларини шартнома асосида жалб қилиб, ҳафтада камида бир марта ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиётийўлга қўйилади.
- 2022 йил 1 январдан бошлаб, хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга давлат бошқарув идораларининг барча бўғинлари ходимларига лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача қўшимча устаматўланади (ташкилотларнинг бюджетдан ташқари ҳамда иш ҳақи фонди доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан).
- 2022 йилдан бошлаб, давлат органларига ишга қабул қилиш ва юқори лавозимга тайинлаш учун хорижий тилни билиш талабгорга қўйиладиган мажбурий малакавий кўникма сифатида белгиланади.
- Давлат органларининг раҳбарлари ўринбосарларидан бирига хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш, шу жумладан Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан ҳамкорлик қилиш вазифалари юклатилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда давлат органларида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритиши лозим.