1906 йил (бундан 115 йил олдин) – Ўрта Осиё темир йўлининг Тошкент станцияси Тошкент–Оренбург темир йўли таркибига киритилди ва мазкур темир йўл расмий равишда Тошкент темир йўли деб юритила бошланди.
Тарихчи Анорой Тоғаеванинг қайд этишича, Тошкент темир йўлининг умумий узунлиги 2090 верстдан иборат бўлиб, темир йўл бошқармаси Оренбург шаҳрида жойлашган эди.
1925 йил (бундан 96 йил олдин) – Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ Комиссарлар Советининг қарори билан “Ўзбекистон ССР Архив иши марказий бошқармаси тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу низомга кўра, республикада Ягона давлат архив фонди ташкил қилинди. Бу фондга ҳукумат, савдо, саноат, кооператив, касаба уюшмалари ташкилотлари архивлари, шунингдек, диний ва шахсий архивлар киритилди.
1937 йил (бундан 84 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлиги Давлат хавфсизлиги бошқармаси томонидан XX аср ўзбек халқи ҳаётида, унинг маданияти ва адабиётида ёрқин ва ўчмас из қолдирган шахслардан бири Фитрат қамоққа олинди (бошқа бир ҳужжатда унинг 1937 йил 24 апрелда қамоққа олингани қайд этилган). Фитратга 1920–1923 йилларда миллатчи “Иттиҳод ва тараққий” ҳамда “Миллий иттиҳод” ташкилотларига аъзо бўлганлик, “Чиғатой гурунги” пантуркистлар ташкилоти фаолиятига раҳбарлик қилганлик каби айблар қўйилган. Ҳозирда махсус хизматлар архивида сақланаётган “Фитратнинг жиноий иши” 1937 йил 22 июлдан то 1939 йил 30 ноябргача бўлган даврни ўз ичига олади.
Фитрат қамоққа олингач, у илк марта 1937 йил 25 октябрда Давлат хавфсизлиги лейтенанти Тригулов ва Давлат хавфсизлиги кичик лейтенанти Шарипов томонидан сўроқ қилинган. Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг қайд этилишича, ушбу сўроқ баённомаси 25 варақдан иборат бўлиб, рус тилида ёзилган. Демак, терговнинг ўзи ҳам рус тилида олиб борилган. Сўроқ баённомасининг ҳар бир варағи охирида Фитратнинг имзоси мавжуд. Айрим варақларда қорамтир доғлар (Фитратнинг тергов жараёнида қийноқлардан тўкилган қайноқ қизил қонининг белгиси) мавжудлиги “одил совет суд тергови” қандай тарзда олиб борилганидан тилсиз гувоҳлик бериб турибди.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикликасининг Россия Федерациясидаги элчихонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1997 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентиниг “«Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2010 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2014 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентиниг “Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.