Ассалому алайкум азиз тумандошлар!
Ҳурматли Президентимизнинг: “Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак. Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Уларга бугун яхши шароит яратиб беришимиз керак!” деган пурмаъно сўзлари халқ давлат идораларига эмас балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак - иш тизимининг пировард мақсади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз!
Бу сўзларини ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳар бир чиқишларида таъкидлаб ўтадилар.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсон яхши яшаши, ҳаёти гўзал мазмун касб этиши — олий қадрият. Чунончи, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу эзгу мақсад ва муддаога қаратилган.
Ўз навбатида, халқ билан мулоқот қилиш — одамларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш, турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда “Маҳалла – сектор – халқ қабулхонаси” тизимининг жорий этилганлиги албатта ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Шу билан бирга, сектор раҳбарлари олдига эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш бўйича “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” тизими ҳамда иқтисодий идоралар билан биргаликда “маҳаллабай” ишлаш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва “ҳудудларни ихтисослаштириш” тизимлари жорий этилиб, аҳолини қийнаётган муаммо ва масалалари бўйича хонадонбай, фуқаробай ишлаш тизимлари ташкил этилган.
Бу борада шуни айтишни лозимки, қисқа давр ичида ҳурматли Юртбошимиз томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок эта олмаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уларни хар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир нечта Фармон ва Қарорларининг қабул қилинганлиги янада кенг имкониятларни яратиб бермоқда.
Учқудуқ туманини ижтимоий-иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари таҳлили қуйидагича, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш 100,2 фоизга ёки 108,2 млрд. сўм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 102,6 фоизга ёки 238,3 млрд. сўм, қурилиш ишлари 105,2 фоизга ёки 59,4 млрд. сўм, чакана савдо айланмаси 102,9 фоизга ёки 326,5 млрд. сўм, хизматлар ҳажми 104,5 фоизга ёки 196,2 млрд. сўмга ўсиш кузатилди.
Бугунги кунда туманда аҳолини энг кўп қийнаётган муаммолар бу коммунал соҳа ва бандлик масалалари бўлиб, аҳоли мурожаатларининг 70 фоизини ташкил қилади.
Аҳолининг турмуш шароитларини янада яхшилаш мақсадида 2017-2020 йиллар давомида 28,8 км ичимлик сув қувурлари тортиш ва реконструкция қилиниши натижасида 5 та аҳоли пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ушбу даврда 10 км электр тармоқлари реконструкция ва модернизация қилиниб, электроэнергия таъминоти масаласи тўлиқ ечилди. Шунингдек, 18 км автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолини хусусий уй-жойлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Учқудуқ туманида ҳам сўнги беш йилда
10 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди. Натижада кўп қаватли уй-жойлар қурилиши 100 фоизга ошди. 30 нафарга яқин оилалар уй-жой билан таъминланди.
Бироқ, афсуски яратиб берилган шунча имкониятларга қарамасдан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги барча маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларидаги фаолиятимизни қониқарли деб бўлмайди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари жойларда аксарият ҳолларда кечиктирилмоқда.
Туман ҳокимлиги масъуллари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш учун ажратиладиган дастлабки 15 кунлик муддатда эмас, балки кўп ҳолатларда 30 кун ва ундан ортиқ бўлган муддатларгача чўзиб, шунда ҳам оддийгина "мурожаатларни тезроқ ёпиш" учун тушунтириш бериш билан чекланган ҳолда ёпиб юборилмоқда. Бунинг оқибатида фуқаролар тинимсиз юқори турувчи идораларга, ёки мутассадиларга қайта – қайта мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Айрим корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари эътиборсизликка, масъулиятсизликка йўл қўймоқдалар. Ёки фуқаролар мурожаатини оддий бир ходимга ишониб топширмоқдалар.
Мурожаатлар, шу жумладан, такрорий мурожаатлар сони ортиб бораётганининг сабаблари нимада?
Бунинг асосий сабаби, биринчи галда, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни аҳоли қатламларига тўлақонли етказиб бера олмаётганимизда, тарғибот-ташвиқот ишларининг сустлигидадир.
Шу билан бирга, мен бошчилигимда сектор раҳбарлари, масъуллар, маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг ўз ишига етарли даражада масъулият билан ёндашмаётганида, муаммонинг ичига кирмай, фақат “тушунтириш берилди”, “назоратга олинди” қайдлари билан билан, масалани “ёпиб” келаётганидадир. Оддий қилиб айтганда ишлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилмаганида.
Бироқ энди бундай “хўжакўрсин”ликка, эътиборсизликка мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.
Бу борада куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида олдимизга устувор вазифалар белгилаб берилди.
Биринчи галда, одамларимизни мурожаат қилишга энг кўп мажбур қилаётган тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни маҳалланинг ўзида бартараф этиш режасини ишлаб чиқишимиз зарур.
Бугундан бошлаб, мен бошчилигимда сектор раҳбарларининг фуқароларни кунлик қабули улар учун қулай бўлган жойларда ташкил этилади.
Шунингдек, аҳоли тўғридан-тўғри туну - кун мурожаат қилиши учун туман ҳокимининг ижтимоий тармоқларда алоҳида “Учқудуқ халқ мурожаатлари”, “Сизни ҳоким эшитади” ва “Учқудуқ – 24” каналлари ташкил этилган. Ушбу бот каналларга аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатлар ижросини тезкорлик билан ечишни таъминлаш қатъий назоратга олинади.
Бир ҳафта муддатда ҳал қилинмаган ва такрорий мурожаатларни “секторбай” таҳлил қилиб, ҳар куни энг оғир секторларга чиқиш орқали мавжуд муаммоларни қонун доирасида ҳал қилиш чоралари кўрилади.
Ўтган 6 ойда Халқ қабулхоналарига бандлик ва тадбиркорлик масалалари бўйича келиб тушган аксарият мурожаатларни қонун доирасида тўлиқ ҳал қилиш имкониятлари мавжуд.
Яъни, маҳалла ва овулларда яна бир мурта хатлов ўтказиб, аниқланган ишсиз фуқароларни касб ва тадбиркорликка ўқитиш, бизнес лойиҳаларини тайёрлашга кўмаклашиш, кредит ва субсидия ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш амалга оширилади.
Азиз хотин-қизлар!
Бугунги кунда Шалхар, Мингбулоқ, Алтинтау овуллари, Дўстлик, Навоий маҳаллаларида кичик-кичик тикувчилик цехлари ташкил этилган. Лекин ушбу цехлар тўлиқ қувватда ишламаяпти. Мазкур янгидан ташкил қилинган цехларни тўла қувватда ишлаши таъминланади.
Шунингдек, ҳар бир ташкилот ва бўлинма ўз йўналишида, энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, уларга сабаб бўлаётган омилларни мунтазам бартараф этиб бориши зарур.
Мисол учун, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш, бандлик, кредит масалалари билан боғлиқ мурожаатлар камайгани йўқ.
Шу боис, ҳар бир йўналиш бўйича бир ой муддатда тизимли муаммоларни қонун доирасида ҳал этиш ва мурожаатларни барчасини қонуний ечимини топиш бўйича йўл хариталар ишлаб чиқилади. Ҳар бир фуқаро мурожаати йўл харитага киритилади ва ижросини таъминлаш чоралари кўрилади.
Бугундан бошлаб, ҳар бир сектор ва тизим раҳбари бир ой давомида ҳудудларга чиқиб, фуқаролар билан учрашади ва уларнинг муаммоларини қонуний ҳал қилиш чораларини кўради.
Азиз учқудуқликлар!
“Сабр этган – муродга етган” дейди доно халқимиз.
Шунинг учун, амалдаги тартиб қоидалардан келиб чиқиб, мурожаатлар бериш кетма-кетликга риоя қилсак, ишимиз янада яхшиланар, вақтимиз ҳам тежалар эди.
Хусусан, Сизлардан муаммо ва таклифлар бўйича аввало, яшаб турган маҳаллангизга, ундан кейин муаммо ҳал бўлмаган тақдирда секторларга, туман халқ қабулхоналарига мурожаат қилишингизни, бу тизимларда ҳал бўлмаган мурожаатларни эса туман ҳокими, яъни Менга, шундан сўнг юқори даражадаги давлат идораларига мурожаат этишингизни илтимос қилардим.
Зеро, Шоирлар султони Алишер Навоий бобомиз айтганидек,
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Бугун биз барча тизим ходим ва мутассадилари халқ манфаати, унинг розилиги учун хизмат қилишга, муаммоларни қонун доирасида ечимини излаш ва ҳал қилишга бел боғлаганмиз.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир”.
Биз учун фақат масъулият балки дунёда обрў ва нуфузи тобора ортиб бораётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш даврида фаолият юритаётганимиз учун улкан фахр ва ифтихор ҳамдир!.
Эътиборингиз учун ташаккур.