LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

10 May 2021

        2021 йил 1 апрелдан бошлаб: аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади;

        кредит олувчи танлаган маҳсулот етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилот (кейинги ўринларда — таъминотчи) томонидан маҳсулотлар етказиб берилгандан (иш бажарилганидан) сўнг, кредит маблағлари таъминотчига ажратиб берилади;

        ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин;

        “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади.

10 May 2021

                     Ҳукумат қарори (285-сон, 06.05.2021 й.) билан “Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди

         Мазкур кўкрак нишони билан мамлакатимиз ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва кўпайтириш, улардан оқилона фойдаланиш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритаётган фуқаролар тақдирланади.

        Кўкрак нишони билан Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

        Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифлар (маълумотнома, сўнгги уч йил давомида ўрмончилик соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома билан бирга) Ўрмон хўжалиги қўмитасига ҳар йили 1 февралга қадар тақдим этилади.

        Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ҳар йили 1 мартга қадар номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулосани қабул қилади.

        Кўкрак нишони ҳар йили 21 март – Халқаро ўрмончилар куни арафасида тантанали тарзда топширилади.

       Тақдирларганларга БҲМнинг 4 баравари (980 минг сўм) миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари берилади.

Учқудуқ туман адлия бўлими 

10 May 2021

        Ўзбекистонда 2020 йилда мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам бериш бўйича 2019 йилга нисбатан яхши натижаларга эришилди. ЎзАнинг хабар беришича, бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи, бош давлат меҳнат инспектори Қудратилла Одинаев маълум қилди.

 

        «2020 йилда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жами 26 мингдан кўпроқ фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Шундан 18 мингдан кўпроғи қаноатлантирилди. 9 мингга яқин фуқарога тушунтиришлар берилди. 2020 йилда 2019 йилга нисбатан мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам бериш бўйича яхши натижаларга эришдик.

       Мисол учун, 2019 йилда давлат меҳнат инспекторлари томонидан олиб борилган текширишлар натижасида жойларда жами 259 та мажбурий меҳнат ҳолати аниқланган бўлса, 2020 йилда бу ҳолат 106 тани ташкил қилади», — деган у Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 8 май куни ташкил этилган «Ўзбекистонда меҳнат қонунчилигининг бажарилиши тўғрисида шаффоф ҳисобот» мавзусидаги халқаро онлайн тадбирда.

         Тадбирда вазирлик раҳбарлари меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган чоралар, Давлат меҳнат инспекциясининг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашдаги салоҳиятини кучайтиришда эришилган ютуқлар ҳамда аёллар ва эркаклар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар берилган.

09 May 2021

        Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир кунда яна 400дан ортиқ янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, пандемия бошидан буён қайд этилган ҳолатлар сони 94 мингдан ошгани ҳақида хабар берди.

 

        «2021 йил 8 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 94397 (+419) нафарни ташкил этмоқда», дейилади хабарда.

        Янги касалланиш ҳолатларининг:

  • 3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
  • 7 нафари Андижон вилоятида,
  • 6 нафари Бухоро вилоятида,
  • 8 нафари Жиззах вилоятида,
  • 6 нафари Қашқадарё вилоятида,
  • 4 нафари Навоий вилоятида,
  • 4 нафари Наманган вилоятида,
  • 81 нафари Самарқанд вилоятида,
  • 8 нафари Сирдарё вилоятида,
  • 2 нафари Сурхондарё вилоятида,
  • 11 нафари Фарғона вилоятида,
  • 15 нафари Хоразм вилоятида,
  • 72 нафари Тошкент вилоятида,
  • 192 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

        Кеча кун давомида:

  • Қорақалпоғистон Республикасида 3 нафар,
  • Бухоро вилоятида 4 нафар,
  • Қашқадарё вилоятида 12 нафар,
  • Наманган вилоятида 3 нафар,
  • Самарқанд вилоятида 61 нафар,
  • Сирдарё вилоятида 6 нафар,
  • Фарғона вилоятида 19 нафар,
  • Хоразм вилоятида 17 нафар,
  • Тошкент вилоятида 49 нафар,
  • Тошкент шаҳрида 176 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 90053 (+350) нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизга тушди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3682 нафар бемор даволанмоқда.

09 May 2021

     2021 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилади;

      “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик берилади;

     2021 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;

      якка тартибдаги тадбиркорлар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллик ва компенсацияларидан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамланди;

      халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйишда уларнинг бошланғич нархини 50 фоизгача камайтириш ваколати берилди;

     2021 йил 1 июндан бошлаб инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали ажратишга рухсат берилди;

     Бош вазир ўринбосарлари Ж. Қўчқоров ва Ш. Ғаниев Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 15 майга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини хатловдан ўтказган ҳолда саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун ажратиладиган унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерлари рўйхатини шакллантирсин ҳамда уларнинг аниқ чегараси ва майдонини кўрсатган ҳолда ҳар бир туман кесимида тасдиқланишини таъминлаш топширилди;

     2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди ва дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланди.

09 May 2021
 Ватанимиз тарихидаги 9 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

         1865 йил (бундан 156 йил олдин) – Қўқон хонлигининг амирлашкари Алимқул қўмондонлигидаги қўқонлик аскарлар ва Тошкент шаҳри ҳимоячилари Шўртепада генерал Черняев бошлиқ рус қўшинларига қарши ҳужумга ўтди. Ниҳоятда қаттиқ жанг бўлиб, Алимқул оғир яраланди ва ўша куни вафот этди. У бу вақтда тахминан 33–34 ёшда эди. 10 майда Алимқул Тошкентдаги Шайхонтоҳур қабристонига дафн этилди.

         Тошкент мудофаасининг ташкилотчиси, довюрак лашкарбоши Алимқул вафотидан сўнг Тошкентни руслардан ҳимоя қилиш учун курашга кирган ҳимоячилар ўртасида парокандалик ва ваҳима бошланди. Қўқон хонлиги аскарлари Алимқул хазинасини олиб, ўз юртларига жўнаб кетдилар. Шу тариқа, Тошкентда Қўқон хонлигининг қарийб 60 йиллик ҳукмронлиги барҳам топди.

         1882 йил (бундан 139 йил олдин) – Боқий тахаллуси билан ижод қилган ўзбек адабиётшуноси, манбашунос, шоир Мирзаабдулла Насриддинов таваллуд топди (вафоти 1967 йил). У шарқ мумтоз адабиётини чуқур билган, халқ орасида навоийхон, бедилхон деган ном олган. Навоий асарларини эски ўзбек ёзувидан янги ёзувга ўтказишда кўмаклашган.

         1932 йил (бундан 89 йил олдин) – актёр ва режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Санъат Девонов (вафоти 2016 йил) таваллуд топди. У театрда 150 дан ортиқ роль ижро этган. Кинода “Мафтунингман” фильмидаги Шариф роли билан машҳур. Санъат Девонов 2001 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

         1945 йил (бундан 76 йил олдин) – 9 майга ўтар кечаси тунги соат 2:15 да радио орқали Берлинда фашистлар Германиясининг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги ҳужжатга имзо чекилгани тўғрисидаги хабар бутун дунёга маълум қилинди.

         1945 йил (бундан 76 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Беҳзод Йўлдошев таваллуд топди. У 2000–2005 йилларда ҳамда 2017 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Фанлар академияси президенти лавозимида фаолият юритмоқда. 400 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан 20 дан ортиқ ихтиролар муаллифи. Беҳзод Йўлдошев – “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган, “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони соҳиби.

         1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасида биринчи бор 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланди. Тошкентда Ватан озодлиги учун жон фидо этган халқимиз фарзандлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган “Хотира ва қадрлаш майдони”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

         Майдонда “Мотамсаро она” ҳайкали ҳамда хиёбоннинг шимолий ва жанубий томонида қад кўтарган айвонлар токчаларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик барча жангчиларнинг исм-шарифи битилган металл токчалар ўрнатилди.

         2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Хоразм вилоятининг Боғот, Жиззах вилоятининг Зафаробод, Мирзачўл, Дўстлик туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида, Гулистон шаҳрида Хотира хиёбонлари барпо этилди.

 
08 May 2021

        Туман ҳокими С.Хамроевнинг 9 май умумхалқ байрами - Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан туман аҳлига йўллаган табриги
Ассалому алайкум, муҳтарам фахрийлар!

         Ҳурматли учқудуқликлар!

        Аввало барчангизни ва албатта Ватан озодлиги, юртимиз тинчлиги учун Иккинчи жаҳон урушида меҳнат фронтида фидойилик кўрсатган Сиз табаррук нуронийларимизни “Хотира ва қадрлаш куни” ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги билан туманимиз фаоллари ҳамда кенг жамоатчилиги номидан самимий қутлайман.
Азиз нуроний отахон ва онахонлар!
        Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев айтганларидек “Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира-кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр - инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олийжаноблик бағишлайди.”
Инсоният тарихида олтмиш миллиондан зиёд одамларнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон уришида Ўзбекистондан бир ярим миллиондан зиёд ота-боболаримиз узоқ совуқ ўлкаларда Ватан озодлиги учун жанг қилишди.
        Уларнинг сафида 421 нафар Учқудуқнинг мард ўғлонлари елкама-елка туриб қонли жангларда фашизм устидан ғалабага ўз ҳиссаларини қўшишди.
Бу мудҳиш урушда уларнинг қарийб учдан бир қисми яъни 172 нафари айни навқирон ёшида ҳалок бўлганликларини эслаш ниҳоятда оғир.
Бугун мана шундай инсонлар хотираси олдида, ҳурмат билан бош эгамиз. Уларнинг буюк жасорати дилларимизда мангу яшайди.
Бугун ўша суронли кунларда, ёшлик йилларида фронт ортида оғир меҳнат шароитларида ишлаган, тақдир тақозоси билан ҳозирги бахтиёр кунларни кўришга муваффақ бўлган 4 нафар отахон ва онахонларимиз ўз яқинлари, маҳалла-кўй, эл-юрт ардоғида истиқомат қилмоқдалар.
Қадрли ва ҳурматли фахрийлар! Сизларнинг сафимизда эсон-омон, бардам бўлиб, барчамизга маънавий мадад бериб, ибрат бўлаётганингиз учун Сизларга узоқ умр тилаб, ҳурмат бажо келтириш барчамизга катта мамнуният бағишлайдиган савоб ишдир.
Дарҳақиқат, сизлар каби минг-минглаб мард ота-боболаримиз, оналаримизнинг матонати ва жасорати инсониятни ҳалокатдан асраб қолди.
Бугун мамлакатимизда, жумладан, вилоятимиз ва туманимизда ҳам жуда катта бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалигида дейсизми, саноатни оласизми ёки қурилиш соҳасини кўринг, барча-барча жабҳаларда кенг кўламли янгиланишлар олиб борилмоқда.
Бунинг бош сабаби Мустақиллигимиз ва осмонимиз мусаффолигидандир.
Зеро, ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганидек “Бугунги кунда Сизлар биз учун дона маслаҳатгуй, тоғдай таянч бўлиб турибсиз. Халқимизни рози қилиш учун барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз амалий ишларингиз, дуоларингиз билан мадад бериб келаётганингизни биз юксак қадрлаймиз. Сизларнинг мардлик ва матонатингиз, меҳнат жасоратингиз бугунги ва келгуси авлодлар учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолади.”

Азиз юртдошлар!

        Бугун мамлакатимизда буюк тарихий сана, яъни, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан ғалаба қозонилган куннинг 76 йиллиги ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2021 йил 20 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, барча ҳудудларда кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тантанали тарзда Юртбошимизни табриклари, бир марталик ўн икки миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилмоқда.
Ушбу кун шарофати билан туман маркази ва овулларидаги “Хотира” майдонлари, қатор муқаддас қадамжолар, аждодларимиз ҳоки ётган зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда уларнинг атрофлари тартибга келтирилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Энг қувонарлиси, бу хайрли ва савобли ишга барча бош қўшмоқда.
         Қадрли тадбир иштирокчилари!

        Афғонистондаги жанг майдонларида Учқудуқ туманидан 50 нафарга яқин мард ва жасур йигитлар диний экстремизм ва терроризмга қарши жангларда иштирок этишган. Уларнинг 40 нафари бугун тумандошларимиз сафларида бўлса, яна 2 нафар жасур йигитлар мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган.
Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир.
Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва барқарорлик мустаҳкамланиб, кўпмиллатли мамлакатимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик тобора кенг қарор топаётганини таъкидлаш ўринлидир.
Азиз юртдошлар!
Яна бир бор фурсатдан фойдаланиб, туманимиз аҳлини, муҳтарам фахрийларимизни, ҳамюртларимизни бугунги қутлуғ байрам билан муборакбод этаман.
Барчангизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, хонадонларингизга файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаро¬вонлик тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

Здравствуйте, дорогие ветераны! Уважаемые учкудукцы!


          Прежде всего от имени активистов и общественности нашего района сердечно поздравляю всех вас с 76( семидесяти шести) летием победы и конечно же всех кто отдал свою жизнь за свободу Родины и мир нашей Родины на трудовом фронте во время второй мировой войны.
Во время Второй мировой войны которая в истории человечества легла в основу более шестидесяти миллионов человек, более полутора миллионов наших предков из Узбекистана боролись за свободу Родины на далеких холодных землях.
421 отважный юноша Учкудука плечом к плечу сражался в кровопролитных боях и способствовал победе над фашизмом.
Трудно вспомнить, что в этой ужасной войне около трети из них 172 человека, погибли в таком же молодом возрасте.
Сегодня мы с уважением преклоняемся перед памятью таких людей. Их великое мужество навсегда останется в наших сердцах.
Сегодня, в те бурные дни, в годы юности, четверо наших дедушек и бабушек, которые много работали в тылу и успели уведеть счастливые дни, тепер живут в честь своих близких, соседей и страны.

       Дорогие соотечественники!
       Сегодня в нашей стране великая историческая дата, 76- летие Победы над фашизмом во Второй Мировой войне. 2021 году 20- апреля Президент Республики Узбекистан Мирзиеев Шавкат Мирамонович подписал указ " О предосторожности и подготовке проведения дня Памяти и Почести" и по всем регионам проводится это мероприятие.
Участникам Великой Отечественной Войны торжественно вручаются единовременный приз в размере двенадцати миллионов сумов, ценные подарки и поздравление Президента нашей Республики.

      Дорогие ветераны! Уважаемые учкудукцы!

       Желаю всем крепкого здоровья , долголетия , благополучия и мира в ваших домах.
Пусть наша земля будет мирной, и наше небо будет чистым

07 May 2021

                 Фармонга (https://t.me/huquqiyaxborot/9659) кўра, 2021 йил 1 июлдан нодавлат тиббиёт ташкилотларига қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади:

       -  махсус автотранспортда ташкил этиладиган “мобил тиббиёт” хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;

       -  нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббий пункт”ларини ташкил этиш.

       -  2021 йил 1 ноябргача бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими жорий этилади.

       -  Фармонга кўра, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бепул даволанишга ордерлар бериш учун 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўшимча 80 миллиард сўм маблағ ажратилади.

       - Вазирликда Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилди.

       -  Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси унга Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш Республика марказини қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этилади ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилади.

       -  Палата, жумладан, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказади ва уларга малака тоифалари беради.

Учқудуқ туман адлия бўлими 

07 May 2021

        Бугун тонгги соат 6:30 да Учқудуқ туманидаги умумтаълим мактаблари , касб-ҳунар мактаби ўқувчи ёшлари , корхона ва ташкилот ишчи ходимлари эркак ва аёллар ўртасида тумандаги “Олтин кўл” ёни ва Х.Дўстлиги кўчаси бўйлаб “Веломарафон” спорт тури бўйича мусобақалар ташкил этилди. Мусо-бақада жами 160 нафар иштирокчи иштирок этишди. 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида 1-ўринни 20-сонли мактаб ўқувчиси Содиқов Азизбек , 2-ўринни 20-сонли мактаб ўқувчиси Хайдаров Ботирбек ва 3-ўринни 10-сонли мактаб ўқувчиси Неъматов Авазбек эгаллашди. 18 ёшгача бўлган қиз болалар ўртасида 1-ўринни 7-сонли мактаб ўқувчиси Тойирова Гулираъно, 2-ўринни 10-сонли мактаб ўқувчиси Нурмуродова Севинч , 3-ўринни 10-сонли мактаб ўқувчиси Авганова Шодиёна эгаллашди. Юқори ёшдаги катта эркаклар ўртасида эса 1-ўринни Касб-ҳунар мактаби ходими Мўминов Ғолиб,2-ўринни Ватанпарвар ташкилоти ходими Юсупов Суннатилло , 3-ўринни эса БЎСМ мураббийи Абдурайимов Ғиёслар эгаллашди.Юқори ёшдаги катта аёллар ўртасида 1-ўринни 10-сонли МТМ спорт йўриқчиси Пўлатова Сарвиноз , 2-ўринни 7-сонли мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси Қурбонова Ойгул,3-ўринни БЎСМ мураббийи Тойирова Дилобарлар эгаллашди.Мусобақада ғолиб бўлган жамоаларга туман ҳокимлиги , туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими , ҳамда хомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланди.

07 May 2021

       Бугунги кунда телевидение ва интернет тармоқлари ҳаётимизда шунчалик мустаҳкам ўрин олганки, мазкур медиа воситаларисиз замонавий жамиятни тасаввур қилиш қийин. Аммо бундан 80-100 йиллар аввал ахборот воситаларининг бу қадар ривожланиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Иккинчи жаҳон урушидек даҳшатли офат юз миллионлаб инсонларнинг бошига тушганда фронт хабарлари ва бошқа маълумотларни жангчиларга ҳамда фронт ортидаги аҳолига тезкор тарзда етказишнинг ягона воситаси радио тармоқлари бўлган. Бундан ташқари, ўша даврда радио нафақат ахборот тарқатиш воситаси, балки маданий дастурлар билан аскарлар ҳамда фронт ортидаги аҳолининг ҳордиқ чиқаришида, шунингдек адабий асарлар намуналари билан таништиришда ҳам муҳим роль ўйнаган. Бир сўз билан айтганда, токи телевизор кашф қилиниб оммавий ахборот воситасига айлангунга қадар, радио бугунги кундаги телевидение ва интернет тармоқлари вазифаларини ўтаган.

        Радио тармоқларининг аҳолини маданий ва сиёсий ҳаётида ҳамда мамлакат мудофаасида ҳал қилувчи аҳамият касб этгани сабаб, ушбу соҳада фан ва техника ютуқларини оммалаштириш ва аҳолининг кенг қатламлари орасида ҳаваскор радиони оммалаштириш мақсадида Совет Иттифоқи Халқ комиссарлари кенгашининг 1945 йилги қарорига биноан ҳар йилнинг 7 май куни “Радио куни” деб эълон қилинган.

        Ушбу мақолада 1920-1940 йиллар давомида Ўзбекистонда радио тармоқларининг фаол ривожланиши, Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт хабарларини республика аҳолисига тезкор етказишдаги роли, маданий дастурлар ёрдамида фронт ортидаги кайфиятни мумкин қадар оширишдаги аҳамияти, умуман олганда, радиоэшиттиришларнинг 1945 йилда эришилган ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритилади.

        Иккинчи жаҳон урушида халқни ғалабага руҳлантириб туриш, унинг тинч ва осойишта кунларга бўлган умидини кучайтиришда муҳим роль ўйнаган медиа воситаси – радионинг аҳамияти ва унинг ғалабага қўшган ҳиссаси алоҳида эътиборга лойиқ.

Радио тармоқларининг 1920-1940 йилларда фаол ривожланиши

        Бугунги кундаги ҳолатга келишдан олдин ахборот тарқатиш воситалари узоқ эволюцияни бошдан кечирган. Ахборот манбаларининг мураккаблашуви жараёни биринчи навбатда маълумотларнинг кўпайиши ва тўпланиши билан боғлиқ бўлса, бошқа сабаби эса ахборот алмашинуви жараёнларини тезлаштирувчи янги техника кашфиётлариэди.

        Шундай ахборот тарқатиш воситаларидан бири радио ҳисобланади. Дастлаб радио аҳолига фавқулодда ҳолатлар ҳақида ахборот етказиш учун хизмат қилган бўлса, кейинчалик инсон ҳаётининг турли жабҳаларига кириб борди. У жамиятда маълум сиёсий кучларнинг ташвиқот ва тарғибот воситасига айланишдан ташқари, инсонларнинг ҳордиқ чиқаришига ҳам хизмат қила бошлади.

        ХХ асрнинг 30-40 йилларига келиб Совет Иттифоқи аҳолисининг фаол ахборот алмашувига бўлган эҳтиёжи ахборотни етказиб бериш воситаларининг оммалашишига ва жамият ҳаётининг ажралмас бўлагига айланиб боришига олиб келди. Ахборот соҳасининг бундай тезлик билан ривожланиши, унинг имкониятларини ўсиши, жамоатчилик ва давлат ҳаётидаги турли хил йўналишларда кенг тарзда ишлатилиши ижтимоий ҳаёт ривожланишини аниқлаб берувчи муҳим омиллардан бири бўлди. Шу боис республикани радиолаштириш жараёнларига жадал тус беришга оид кўплаб қарорлар қабул қилинди ва кўрсатмалар бериб борилди[1]. 1940-йилнинг охирларига келиб Ўзбекистонда радионуқталарнинг сони 72 мингтага етди[2]. ХХ асрнинг 20-йилларида республикада бошланган радиолаштириш жараёнининг дастлабки босқичи 1941 йил бошларига келиб якунланди[3].

        Иккинчи жаҳон уруши хавфи Ўзбекистон аҳолисини ҳам ўз домига тортиши аниқ бўлиб бораётганини яхши англаётган ҳукумат раҳбарлари республика радиотармоғини имкон қадар аҳолига етказиб боришга ҳаракат қилди. Натижада, радионуқталарнинг сони кўпайиб, жумладан, клуб ва чойхоналарда, колхозларда ва машина-трактор станцияларида, мактабларда ташкил этилди. Бундан ташқари, аҳоли хонадонларига ҳам радионуқталар ўрнатила бошланди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда радиотармоқларни янги ускуналар билан таъминлаш ва уларни техник жиҳатдан модернизациялаш имкони бўлмади. Бунга бир томондан иқтисодий танглик сабаб бўлган бўлса, иккинчи томондан эса уруш туфайли радиотармоқларнинг фронт ва фронт орти учун туну кун олиб борган узлуксиз фаолияти имкон бермади.

Иккинчи жаҳон уруши даврида радиостанцияларнинг фаолияти

        Иккинчи жаҳон уруши йилларида моддий етишмовчилик ва техник носозликлар бўлишига қарамасдан радиоэшиттиришлар узлуксиз равишда эфирга узатиб борилди. Республика радиостанцияларида техник ускуна ва жиҳозлар етишмас, мавжудлари эса талабга жавоб бермасди[4]. Ушбу даврда товуш икки усулда – фотоэлектрик ҳамда механик усулда ёзиб олиниб, бу жараённи амалга ошириш техник ходимлардан кўплаб вақт ва меҳнат талаб қиларди[5]. Шу сабаб, ТАСС ва Совинформбюро материаллари Москвадан трансляция вақтида “шоринафон”га ёзиб олиниб, зудлик билан ўзбек тилига таржима қилинарди[6]. Бу оғир йилларда республика радиостанциялари ўз фаолиятини сусайтирмади, радио ходимлари туну-кун ишлашди.

        “Ҳамма нарса фронт учун!”, “Ҳамма нарса ғалаба учун!” – бу жанговор чақириқлар республика радиоси ходимларига катта масъулият юклади. Эшиттиришлар дастури тубдан ўзгартирилди. Радио – фронт ортининг энг жанговор, ҳозиржавоб оммавий ахборот воситасига айланди.

Ўзбекистон радио эшиттириш карнайларидан аҳоли ҳар куни фронтдаги жангчиларнинг қаҳрамонликлари ва жасоратлари, жанговор ҳаракат лавҳалари, шунингдек фронт ортидаги долзарб ишлар билан боғлиқ муаммолар ёритиб борилди.

        Урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб Совет Иттифоқининг ғарбий ҳудудларидаги кўплаб саноат корхоналари, заводлар ва фабрикалар Ўзбекистонга кўчириб келинди. Бу саноат корхоналарининг Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб жойлаштирилиши ва ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши, уларда мамлакат мудофаа қудратини оширишга хизмат қилувчи маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилаётганлиги ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда радиоэшиттиришларда ёритиб борилди. Шундай эшиттиришлардан бирида Москвадан кўчириб келтирилган Чкалов номли заводда ишлаб чиқарилган ҳарбий самолётлар фронтнинг олдинги марраларига учиб бориб, душман қўшинларига қирон келтираётгани, Тошкентдан эшелонларга юкланиб, фронтга юборилаётган танкларда жангчиларимиз матонат қўрсатаётгани ҳақида долзарб хабарлар берилди. Ўзбекистон фронтнинг аслаҳахонасига айлангани қайта-қайта таъкидлаб турилди.

 

        Радиожурналистлар фронтга мадад бўлсин деб икки сменада ишлаётган ишчилар ўз иш ҳақларининг бир қисмини, деҳқонлар сўнгги жамғармаларини фронт учун самолётлар, танклар ишлаб чиқаришга ҳадя этаётганлигини ҳамда Ўзбекистондан фронтга озиқ-овқат, кийим-кечак олиб кетаётганлиги ҳақида репортажлар бериб бордилар[7].

Ўша даврнинг кучли тарғибот ва ташвиқот воситаси бўлган радиода марказдан рус тилида берилган хабарларни зудлик билан маҳаллий тилларга таржима қилиб етказиб турилган. Радио ходимлари Совет Ахборот бюроси хабарларини, Сўнгги Ахборот” материалларини, Правда газетасинингбош мақоласи ва шарҳини қўлларига қалам олиб тинглардилар. Бу материалларни улар зудлик билан ўзбек тилига таржима қилиб, республика аҳолисига ҳар қандай ҳолатда ҳам етказиб турди. Москва радиоси орқали эшиттирилган энг муҳим материаллар асосида ўзбек радио журналистлари “Сўнгги соатда” номли эшиттириш остида юзлаб ахборот бердилар[8].

        Бу йилларда халқ радиони ҳаяжон, умид билан тингларди. Чунки кимнингдир фарзанди, кимнингдир отаси, акаси, укаси, невараси фронтда жанг қилаётган эди. Айниқса, “Фронтдан хатлар”, “Фронтга хатлар” деган эшиттиришлар кенг халқ оммасининг эътиборини ўзига тортди. Бу фронт ва фронт ортининг ўзига хос мулоқоти эди. Ҳар куни радио даргоҳига кекса оталар, оналар келишарди. Улар: “Болам, қарагин, ўғлимдан хат борми?” ёки “Мен ҳам ўғлимга радио орқали хат юбормоқчиман, ёзиб бермайсанми, жон болам” деб мурожаат қилардилар[9].

        Жонрид Абдуллахонов ўзининг “Ҳаёт абад васл айёмидир” номли китобида радионинг уруш йилларидаги фаолиятини алоҳида бир давр сифатида таърифлайди. Чунки радио халқни жанг майдонидаги воқеалардан муттасил хабардор қилиб турувчи бирдан-бир алоқа воситаси бўлган. Энг биринчи уруш қаҳрамонлари Қўчқор Турдиев, Тўйчи Эрйигитов, Владимир Карпов, биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовларнинг жасоратлари ҳам илк бор радио орқали таралган. Радио бундай қаҳрамонлар ҳақида доимий равишда хабар бериб турган. Жумладан, 1943 йили фарғоналик йигит Аҳмаджон Шукуровнинг кўрсатган мардликлари, унинг моҳир пулемётчилиги тўғрисидаги ҳикоялар радионинг асосий мавзуларидан бирига айланди. Радио орқали қаҳрамон Аҳмаджон Шукуровнинг Тошкентга келаётганлиги ҳақидаги хабарнинг эшиттирилиши Тошкент вокзалига уни бир бор кўриш истагида бўлган кишиларнинг йиғилишига сабаб бўлади. Улар орасида радиода сиёсий бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган Ҳаким Назир ҳам бўлиб, у Аҳмаджон Шукуровни шахсан ўзи радиога олиб келади[10]. Уруш йилларида радио ходимларининг фаол ҳаракатлари аҳолини радиога бўлган қизиқишини янада оширди.

        “Фронтдан хатлар” рукнида берилган эшиттиришлар тингловчиларда жуда катта тассурот қолдирган. Шундай эшиттиришлардан бирида ўқилган жангчи Чебурихиннинг Ғафур Ғуломга мактубида – “Муҳтарам Ғафур Ғулом! Сизнинг “Правда” газетасида босилган “Сен етим эмассан” шеърингизни ўқидим. Бу шеърингиз устига тўкилган кўз ёшимни сизнинг асарингизга бўлган ҳурматим деб билинг. Энди сизнинг юртингизга эвакуация қилинган ўғлим тақдири учун хотиржамман. Жангчи Чебурихин”, – деган сатрлар бор эди[11]. Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеъри радионинг нодир ёзувлари хазинасида авайлаб сақланмоқда. Бу шеърни Ғафур Ғуломнинг ўзи ўқиган.

Уруш йилларида радионинг доимий ходимларининг меҳнатлари ҳам алоҳида ўринга эга бўлди. Бу йилларда радиоэшиттириш қўмитаси жуда кўп инженер-техник ходимлар, журналистлар, адабиёт ва саньат аҳли учун катта ижод ва тажриба мактаби бўлди. Улар ўз ижодий фаолиятларини журналист сифатида оддий хабар ёзишдан бошлаб, йирик бадиий асарлар яратувчи адиб даражасига кўтарилдилар. Уруш уларни тезкор, ҳозиржавоблик билан ишлашга, ҳар қандай қийинчиликларга бардош беришга ўргатди. Ўша йилларда ёзувчилардан Ойдин Собирова, Насрулло Охундий, Адҳам Раҳмат, Ҳаким Назир, Мирмуҳсин, журналистлардан Тошқин Мўминов, В.М.Аркт, Д.Н.Протопопов, Нуъмон Ғуломов, Е.А.Моисеева, Пошшо Ғаниев, Людмила Зеленская, Владимир Михайлов, дикторлардан Ҳамид Ғулом, Туроб Тўла, Қодир Маҳсумов, Ҳурриятхон Набиева, Зиёда Аминова, Туйғуной Юнусхўжаева уйқуни, оромни билмай меҳнат қилдилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, журналист Тошқин Мўминов “Сўнгги ахборот” таҳририятида мухбир бўлиб ишларди. Урушнинг биринчи куниёқ фронтга кетди ва 1943 йилда ярадор бўлиб, яна радиога ишга қайтиб келди. Чунки бу йилларда барча соҳаларда бўлгани каби радиода ҳам кадрлар етишмаслик ҳолати мавжуд эди. Ёзувчи Ҳаким Назир урушнинг бошланишидан то ғалаба кунигача, ундан кейин ҳам радиоэшиттириш қўмитасининг турли таҳририятларида ишлади[12]. Ҳаким Назир бу йилларда болалар радиоэшиттиришлари учун турли қисқа ҳикоялар ёзиб келиб, шогирдларига ўқитар эди[13].

        Уруш йилларида радио фаолиятида адабиёт намоёндаларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Ҳар куни бу даргоҳга ўнлаб фан, маданият арбоблари оқиб келарди. Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Уйғун, Собир Абдулла янги ёзган шеърларини, ҳикояларини илк бор радио орқали ўқиб берардилар[14]. Бу йилларда сафарбарлик руҳида ёзилган шеър, ҳикоя ва асарларни халққа радио орқали эшиттириб борилди. Ойбекнинг “Ёвга ўлим!” шеъри, “Навоий”, “Қутлуғ қон” романлари, Ҳамид Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол” “Йигитларни фронтга жўнатиш”, “Шарқдан ғарбга кетаётган дўстга”, “Жангчи Турсун”, “Роксананинг кўз ёшлари”,Ғофур Ғуломнинг“Сен етим эмассан”, “Соғиниш”, “Кузатиш”, “Мен яҳудийман”, “Бизнинг кўчада байрам бўлажак”, Уйғуннинг “Қасам”, “Бир қадам ортга чекинмасин”, “Мактуб” Мақсуд Шайхзоданинг “Она кутмоқда”, “Кураш нечун?”, “Капитан Гастелло”, Миртемирнинг “Олег ва ўртоқлари” шеърлари шулар жумласидандир[15].

Шунингдек, уруш йилларида маҳаллий санъат арбобларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Ҳар куни кеч кириши билан радиостудияга санъаткорлар кела бошларди. Жумладан, Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий, Ризқи Ражабий, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Карим Мўминов, Берта Давидовалар кечқурун соат 21.00 дан 22.00 га қадар бўладиган концертга тайёргарлик кўрарди[16]. Композитор Никита Богословский “Шаланди” деган машҳур қўшиғини Тошкентда яратди. Республикарадиоси ходимлари унинг биринчи тингловчилари бўлдилар[17].

        Иккинчи жаҳон уруши йилларида республикада 30 дан ортиқ концерт бригадалари ташкил этилиб, улар ҳаракатдаги армия қисмларида 35 мингдан ортиқ, Туркистон ҳарбий округи қисмлари ва госпиталдаги ногиронларга 26 мингта концерт қўйиб бериб, жангчиларни руҳлантирдилар, уларни фашизм устидан ғалабага ундадилар. Айниқса, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Сора Эшонтўраева, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Лутфихоним Саримсоқова, Аббос Бакиров каби санъаткорлар иштирокидаги концертлар радио орқали мунтазам эшиттириб борилди[18].

        Уруш йилларида бошқа жойлардан Ўзбекистонга эвакуация қилинган адабиёт ва санъат арбобларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Бу йилларда Ўзбекистонда яшаб ижод этган Алексей Толстой, Анна Ахматова, Констанин Симонов, Корней Чуковский, Луговской, Петр Павленко, Иосиф Уткин, Семен Гудзенко, Эдди Огницветнинг фронт орқасида фидокорона меҳнат қилаётганлиги ва ижоди ҳақида кўплаб эшиттиришлар ташкил қилинди, бу дастурларни Туйғуной Юнусхўжаева билан Ҳамид Ғулом олиб борарди. Дастур давомида турли тилларда кўплаб шеърлар ўқиларди. Жумладан, А.Толстойнинг “Фидойилик” очерки, Э.Дорошнинг “Фарғонанингқора қони” очерки, В.Луговскаянинг “Ўзбекистон”, О.Лисогорскийнинг “Самарқанд кўзи”, Э.Мадараснинг “Ўзбек балладаси” шеърлари радио орқали эшиттириб борилди[19].

        Шунингдек, уруш йилларида республика театр санъати ҳам ривож топган бўлиб, радио бу соҳа ижодини ҳам халққа етказишда катта жонбозлик кўрсатди. Театрларда уруш мавзусига бағишланган асарлар ва пьесалар, хусусан, А.Умарийнинг “Қасос”, Яшин ва Собир Абдулланинг “Даврон ота”, “Шерали”, Уйғун ва Иззат Султон “Алишер Навоий”, Н. Погодин, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва Собир Абдуллалар ёзган “Ўзбекистон қиличи” мусиқали драмалари, “Улуғбек” ва “Маҳмуд Таробий” опералари, мардлик ва жасорат мавзуларида ёзилганКомил Яшиннинг “Босқинчиларга ўлим”, Мақсуд Шайхзоданинг “Жалолиддин” пьесалари радио орқали тингловчиларга эшиттириб борилди[20]. Республика радиосининг бу каби фаолияти иккинчи жаҳон уришидаги халқимизнинг фронт ортидаги фашизмга қарши курашининг бир кўриниши дейиш мумкин.

        Республика радиоси урушнинг сўнгги кунларига қадар фронтдан келган хабарларни халққа етказиб турди. Республика аҳолиси урушнинг якунланиши тўғрисидаги хабарни интиқ бўлиб кутишарди. Дастлаб бу хабарни ҳамхалққа республика радиоси сухандони Ҳамид Ғуломов эълон қилди[21].

        Хулоса қилиб айтганда, иккинчи жаҳон уруши йилларида республикада радиолаштириш ишларининг режали тарзда ва аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳолда амалга оширилиши республика ҳудудларининг маълум даражада радио билан боғланишини таъминлади. Радио нафақат бутун республика, балки бутун дунёда бўлаётган воқеалардан халқни бохабар қилиб борди, шунингдек, радио бу даврда жамият ҳаётидаги барча масалаларни ёритиб борди ва аҳолининг ижтимоий ҳамда маданий ҳаёти ривожига катта ҳисса қўшди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, иккинчи жаҳон урушида халқни ғалабага руҳлантириб туриш, унинг тинч ва осойишта кунларга бўлган умидини кучайтириш, халқни фронт ортидаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларда янада фаолроқ бўлишга ундаб борганлиги нуқтаи назаридан радио алоҳида ўринга эга бўлди.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: