Келгуси йилнинг бошидан ўзбекистонликлар ID-карта ва хорижга чиқиш паспортини туман (шаҳар) ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари билан бир қаторда Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам олишлари мумкин. Ушбу янгилик Шавкат Мирзиёев томонидан 24 июль куни имзоланган “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда акс этган.
Ҳужжатда қайд этилишича, 2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришни, шу жумладан, Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш йўлга қўйилади. Ушбу таклиф Адлия, Молия, АКТ ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари томонидан илгари сурилган.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб:
– чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади;
– Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга оширилади;
– лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун қонунчилик ҳужжатларида миллий валютада белгиланган тўловлар БҲМнинг 10 фоизигача миқдорда белгиланади (қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки БҲМнинг 10 фоизидан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно). Бунда, QR-код қўйилган лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатларини бериш учун тўлов ундирилмайди.