Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бугун чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканларию қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янгича қиёфасида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, зарур қулайлик ва имкониятларга эга бўлган масканларда яшаётганидан шодонлик ҳисси замирида бир ҳақиқат — қишлоқларни обод қилиш йўлидаги ислоҳотлар ётибди, десак муболаға бўлмайди.
Ана шундай масканлардан бири Учқудуқ тумани Бузаубай овули. Бу ерда ҳам “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Куни кеча ободлик ва кўркамлик овул кўчаларига ярашиб турган Бузаубайда ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.
Обод овулда амалга оширилган ишлар сарҳисобига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳудуддаги 15 – сонли умумтаълим мактаби – 1 млрд. 785 млн. сўм маблағ, 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали бўлган овул болалар боғчаси биноси 495,5 млн. маблағ эвазига бутунлай янги қиёфа касб этди.
Шунингдек, 1 млрд. 647,6 млн. сўм маблағ сарфланиб, 1,8 км овул ички йўлларига асфальт ётқизилган бўлса, яна 0,9 км йўлга қум-шағал қопламаси тўшалди.
Овулдаги трансформатор билан биргаликда 6,5 км узунликдаги электр узатиш тармоғи мукаммал таъмирланиб, аҳолига янада сифатли электр энергияси етказиб беришга эришилди. 6 км узунликда электр узатиш тармоғи янгидан тортилди.
Бу мақсадларга жами 1млрд. 159,0 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
50 млн. сўм маблағ сарфланиб базавий алоқа станцияси таъмирдан чиқарилиб, 4 млн. сўмга чиқиндихона қурилди. 3,3 млн. сўм эвазига яна қўшимча 10 та суюлтирилган газ баллонлари аҳолига етказиб берилмоқда.
Эътиборлиси, туман ҳокимлиги ҳомийлигида 15-умумий ўрта таълим мактаби қошида тикувхона ташкил этилди. Бу ерда 3 та тикув машинаси қўйилган бўлиб, ҳунар ўрганишга қизиққан хотин-қизлар ҳамда тикувчилик сирларини ўрганишга иштиёқманд ўқувчи-қизлар учун айни муддао бўлди.
Давлатимиз раҳбари раислигида 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида – “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда “Бузаубай” овулидан “Темир дафтар”га киритилган 3 нафар, “Ёшлар дафтари”га киритилган 2 нафар жами 5 нафар ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож фуқароларга моддий кўмак кўрсатилди. 2 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилди. 1 нафарига чорвачилик йўналишида 15 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож 7 та оиланинг яшаш хонадонлари 75 млн. сўм маблағ сарфланиб таъмирлаб берилди.
Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг қайси гўшасига борманг кунда бир ўзгариш, янгилик. Бунёдкорлик, ободончилик ишларидан аҳоли мамнун.
Туман марказидан қарийб, 120 км олисда жойлашган “Базаубай” овули ҳам мана шундай изчил ислоҳотлар натижасида бугун обод ва кўркам гўшага айланди.
Мутлақо янги қиёфа касб этган ижтимоий соҳа объектлари, асфальтлаштирилган йўллар, манзилларни ёритиб турган тунги чироқлар буларнинг бари – ободликдан нишона.
Зеро, обод юртда файз – барака бўлади, одамлар ўртасида меҳр – оқибат ҳукм суради, турмуш фаровон бўлади.
Бузаубай овули аҳолисига ободлик, кўркамлик манзараси муборак бўлсин!
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.