Энг улуғ, энг азиз байрам мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК!” шиори остида маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, туман марказидаги “Нурафшон” кафесида карантин қоидаларига тўла риоя қилинган ҳолда Навоий маҳалласи томонидан байрамга бағишланган тадбири бўлиб ўтди.
Маҳалла фаоллари ва ёшлари, нуроний отахон ва онахонлари иштирок этган байрам тадбири бир пиёла чой устида ташкил этилиб, миллий урф-одатлар намойиш қилинди.
Шунингдек, шахмат-шашка, арқон тортиш, тош кўтариш ва стол тенниси мусобақаларида фао иштирок этган ёшлар рағбатлантирилди.
-Мустақиллик – буюк неъмат. Унинг замирида эркин ва фаровон ҳаёт, тинчлик ва осойишталик мужассам, ҳар бир халқ ва миллат ўз эрки ва озодлиги учун матонат ила курашиб келган, – дейди маҳалла фаоли Ойдин опа Собирова. – Ватанимиз тараққиёти, мамлакатимиздаги буюк ўзгариш ва янгиланишлар самараси юртдошларимиз турмуш фаровонлиги, хонадонлардаги қут-барака, тинчлик-осойишталик тимсолида ўзининг ёрқин ифодасини топаётир. Шу боис ҳам ҳар йили мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади.
“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК!” шиори остида маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида байрам тадбирлари айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини камол топтириш, тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани билан ҳам аҳамиятли.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.