Ўзбекистон Республикаси Президентлигига «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров номзоди съезд делегатларининг кўпчилик овози билан тасдиқланди. Бу ҳақда 26 август куни «Миллий тикланиш» демократик партиясининг VII қурултойида маълум қилинди.
Унга кўра, дастурда асосий эътибор миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар негизида миллий тарбия ва таълим тизимини шакллантиришга қаратилган. Хусусан:
- «Янги авлод» давлат дастури қабул қилинади. Бола туғилганидан то мактабни тугатгунгача бўлган даврни ўз ичига олган ягона тарбия ва таълим тизими яратилади. Оила – боғча – мактаб бир тизимда бирлаштирилади.
- Олий таълим вазирлиги тугатилади. Ўрнига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ректорлар кенгаши ташкил этилади. Олийгоҳлар ўзини ўзи бошқаради ва рақобатбардош бўлиш учун курашади.
- Парламентда депутатни эмас, партияни кучли қиладиган тизим яратилади. Вакиллик органларига сайловларда можаритар ва пропорсионал тизимлардан фойдаланилади. Можаритар, пропорсионал сайлов тизимини жорий қилиш орқали партияларнинг парламентдаги ролини кучайтиришга эришилади. Қонунчилик палатасидаги депутатлар сонига мувофиқ, вазирликлар портфели тақсимланади.
- Суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар ўтказилади. Жазони ижро этиш муассасалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан жазони ўтаб, озодликка чиққан фуқароларнинг жамиятга тез ва самарали мослашишига эришилади.
- Имтиёзлар ва преференциялар истисносиз қонун билан белгиланади. Иқтисодиётда тенг имкониятлар ва тенг шароитлар бўлишига эришилади. Президент қарорлари билан имтиёзлар ва преференциялар беришга чек қўйилади. Ушбу масала истисносиз қонун билан тартибга солинади.
- «Ислом дини – маърифат манбаи» дастури қабул қилинади. Исломий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилади. Қуръон курслари оммалаштирилади. Диншунослик соҳасида илмий ишлар рағбатлантирилади.
- Қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида миллий урф-одатлар, анъаналар ва халқимизда шаклланган қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
- Сўз эркинлиги ва жамиятни демократлаштириш давом эттирилади. ОАВ қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади. 50 минг овоз жамлаган мурожаат бўйича Президентнинг ОАВда шахсан муносабат билдиришига оид тизим яратилади.
- Алимент фонди ташкил этилади. 3 ой ичида тўланмаган алиментлар фонд томонидан тўланади ва алимент тўловчининг озодлигини чеклаш ёки меҳнатга мажбурлаш орқали қопланади.
- Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш тезлаштирилади. Марказий Осиё кенг қамровли интеграцион ҳамкорлик майдонига айлантирилади. «Хориждаги ўзбеклар мулоқот клуби» ташкил қилинади.
Эслатиб ўтамиз, «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан партия етакчиси Алишер Қодиров номзоди 6 август куни президентлик сайловида қатнашиш учун тавсия қилинган.
Ижтимоий тармоқларда мактаблардаги ўқитувчи ва тарғиботчилар «Миллий тикланиш» ДП томонидан президентликка номзод Алишер Қодировни қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини уйма-уй юриб, тўлдиришлари талаб қилингани айтилган хабар тарқалганди. Алишер Қодиров бунга муносабат билдириб, Президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда мажбурлашга йўл қўйиб бўлмаслигини, юқоридаги ҳолат қайси тумандаги қайси мактабда содир бўлгани аниқланиши ва бу тасдиқланса, ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланишини билдирди.
2015 йилдан бери депутатлик фаолиятини юритаётган Алишер Қодиров 2019 йилнинг май ойида партия раислигига сайланган. Унга қадар Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари сифатида меҳнат қилган.