Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!
Қадрли овулдошлар, тадбиримиз меҳмонлари!
Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бугун чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканларию қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янгича қиёфасида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Албатта, одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, шаҳарлардагидек қулайлик ва имкониятларга эга бўлган замонавий масканларда яшаётганидан шодонлик ҳисси замирида бир ҳақиқат — қишлоқларни обод қилиш йўлидаги ислоҳотлар ётибди!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Биргина Учқудуқ туманида сўнгги тўрт йилда овуллар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт ва яшаш даражасини ошириш, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида “Қулқудуқ”, “Мингбулоқ”, “Узунқудуқ”, “Шалхар”, “Йўлчилар”, жорий йилда “Бузабай” ва “Кокаяз” овулларида қатор ижобий ишлар олиб борилди.
Амалга оширилган ишлар сарҳисобига тўхталадиган бўлсак, 28,8 км ичимлик сув қувурлари тортиш ва реконструкция қилиниши натижасида 5 та аҳоли пунктида 20 км узунликда тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ушбу даврда 10 км электр тармоқлари реконструкция ва модернизация қилиниб, электроэнергия таъминоти масаласи тўлиқ ечилди.
Шунингдек, 18 км автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Ўнлаб мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, қишлоқ врачлик пункти, овул фуқаролар йиғини биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ёки бўлмаса 1 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та қишлоқ врачлик пункти, 1 та овул фуқаролар йиғини биноси, 4 та сунъий қопламали стадион, 4 та болалар ўйин майдончалари бутунлай янгидан барпо этилди.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун 2018 йилда 8168,7 млн. сўм, 2019 йилда 24259,1 млн. сўм, 2021 йилда 11971,0 млн. сўм миқдорида бюджет маблағлари сарфланди.
Ушбу рақамларни “Базуабай” овули мисолида айтадиган бўлсак, ҳудуддаги 15 – сонли умумтаълим мактаби – 1 млрд. 785 млн. сўм маблағ, 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали бўлган овул болалар боғчаси биноси 495,5 млн. маблағ эвазига бутунлай янги қиёфа касб этди.
Шунингдек, 1 млрд. 647,6 млн. сўм маблағ сарфланиб, 1,8 км овул ички йўлларига асфальт ётқизилган бўлса, яна 0,9 км йўлга қум-шағал қопламаси тўшалди.
Овулдаги трансформатор билан биргаликда 6,5 км узунликдаги электр узатиш тармоғи мукаммал таъмирланиб, аҳолига янада сифатли электр энергияси етказиб беришга эришилди. 6 км узунликда электр узатиш тармоғи янгидан тортилди.
Бу мақсадларга жами 1млрд. 159,0 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
50 млн. сўм маблағ сарфланиб базавий алоқа станцияси таъмирдан чиқарилиб, 4 млн. сўмга чиқиндихона қурилди. 3,3 млн. сўм эвазига яна қўшимча 10 та суюлтирилган газ баллонлари аҳолига етказиб берилмоқда.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Давлатимиз раҳбари раислигида 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида – “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда “Бузаубай” овулидан “Темир дафтар”га киритилган 3 нафар, “Ёшлар дафтари”га киритилган 2 нафар жами 5 нафар ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож фуқароларга моддий кўмак кўрсатилди. 2 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилди. 1 нафарига чорвачилик йўналишида 15 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож 7 та оиланинг яшаш хонадонлари 75 млн. сўм маблағ сарфланиб таъмирлаб берилди.
Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг қайси гўшасига борманг кунда бир ўзгариш, янгилик. Бунёдкорлик, ободончилик ишларидан аҳоли мамнун.
Туман марказидан қарийб, 120 км олисда жойлашган “Базаубай” овули ҳам мана шундай изчил ислоҳотлар натижасида бугун обод ва кўркам гўшага айланди.
Мутлақо янги қиёфа касб этган ижтимоий соҳа объектлари, асфальтлаштирилган йўллар, манзилларни ёритиб турган тунги чироқлар буларнинг бари – ободликдан нишона.
Зеро, обод юртда файз – барака бўлади, одамлар ўртасида меҳр – оқибат ҳукм суради, турмуш фаровон бўлади.
Бузаубай овули аҳолисига ободлик, кўркамлик манзараси муборак бўлсин, деймиз!
Галдаги вазифа ушбу янгича қиёфа касб этган бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш уларни асраб – авайлаш сизу бизнинг инсонийлик бурчимиз ҳисобланади!
Азиз овулошлар!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Яна саноқли кунлардан сўнг энг улуғ, энг азиз байрам – Ватан истиқлолининг муборак 30 йиллигини катта шодиёналар билан нишонлаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этаман!.
Барчангизни сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!