LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

02 Dec 2021

  Республика махсус комиссиясининг йиғилишида мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва юртимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги «омикрон» штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор янги тартиб ва чекловлар белгиланди.

   Жумладан, эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар:

мамлакатимизга ташриф буюришидан камида 72 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотномага эга бўлишлари лозимлиги;

коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумоти мавжуд бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топширишлари шартлиги белгиланди.

  Шунингдек:

Республика махсус комиссиясининг қарори билан Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келувчи йўловчилар юқоридаги талаблар бажарилгандан сўнг мамлакатимиз ҳудудига кириб келган кундан эътиборан ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилади.

 

01 Dec 2021

   

  “Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг юридик йўналишдаги билимларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–23-сон, 30.11.2021 й.) қабул қилинди

   Қарорга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан ички ишлар органларида 3 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган, касбига фидойи, ташаббускор профилактика (катта) инспекторлари қуйидаги ОТМга кириш имтиҳонларисиз сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилинади:

? Жамоат хавфсизлиги университетига;

? Тошкент давлат юридик университетига; 

? юриспруденция соҳасида бакалавриат таълим йўналиши мавжуд бўлган бошқа давлат ОТМга (Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бундан мустасно).

   Бунда профилактика (катта) испекторларига ўқишга тавсияномалар бериш учун комиссия ташкил этилиб, номзодлар тест имтиҳонларидан ўтказилади.

  Тавсияномалар ОТМ ўртасида тенг тақсимланади

    Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда контракт маблағлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Тавсияномага эга профилактика (катта) инспекторлари ОТМнинг сиртқи таълим шаклига қабул параметрларидан ташқари ўқишга қабул қилинади.

   Қарорга кўра, 2022 йил 1 майгача 100 нафар профилактика (катта) инспекторларига тавсиянома берилиши назарда тутилган.  

 Тавсиянома асосида ОТМда сиртқи таълим шаклида ўқиган битирувчиларга ички ишлар органларида камида 5 йил хизмат ўтаб бериш мажбурияти юклатилади.                                                                                                                                                     

Мадад нодавлат нотижорат ташкилоти Учқудуқ туман ҳудудий бюроси бош мутахассиси Исмоилова Умида Ҳамро қизи

 

01 Dec 2021

    Ижтимоий тармоқларда ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсовнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузган депутатларга нисбатан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тўғридан-тўғри жарима қўллаши мумкин деган фикрини эшитдим.

   Тўғри, Ғиёсов бу фикрни билдиришда бироз хиссиётга берилди. Лекин аслида у ноқонуний нарса ҳақида айтмади. Келинг, шу масалага қисқача бўлсада ойдинлик киритишга ҳаракат қилиб кўрамиз. 

   “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига асосан “тегишли палатанинг розилигисиз депутат, сенатор жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас”. Шунингдек, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида “тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас” дейилган.

Яъни, биринчи қонунда Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари, иккинчи қонунда эса ҳалқ депутутлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатларимизнинг дахлсизлик ҳуқуқи бирдек ва бир хил мазмунда эътироф этилган. Демак, юқоридаги 13 ва 11-моддалар мазмунидан: Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар палаталарнинг, вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари ана шу халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки СУД ТАРТИБИДА БЕРИЛАДИГАН МАЪМУРИЙ ЖАЗОГА тортилиши мумкинмаслигини тушуняпмиз. 

   Жиноий жавобгарлик масаласида фикр аниқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам депутат ва сенаторларни уларнинг палаталари ва кенгашларининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди. Бу масалада дахлсизлик ҳуқуқи қатъий белгиланган. Маъмурий жазо масаласида эса, фикр бошқачароқ. Яъни 13 ва 11-моддаларда агар депутат ёки сенаторларга суд тартибида маъмурий жазо бериладиган бўлса, ана шунда уларнинг палаталари ва кенгашининг розилиги шарт эканлиги назарда тутилмоқда. Лекин, судсиз бериладиган маъмурий жазолар борасида палаталар ва кенгашларнинг розилиги ҳақида талаблар мавжуд эмас.

   Ҳақиқатдан ҳам, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасида суд томонидан маъмурий жазо бериладиган ҳуқуқбузарликлар (моддалар) кўрсатилган. Демак, депутат ва сенаторларга ана шу 245-моддада кўрсатилган ҳуқуқбузарлик учун жазо бериладиган бўлса, уларнинг дахлсизлиги эътиборга олиниши шарт. Бунинг учун аввал тегишли палата ёки халқ депутутлари кенгашининг розилиги талаб қилинади, улар рози бўлмайдиган бўлса, суд томонидан депутат ва сенаторга маъмурий жазо қўллаб бўлмайди. 

   Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасида эса, тўғридан-тўғри ички ишлар органлари (судсиз тартибда) маъмурий жазо қўллаши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари (моддалари) кўрсатилган.

   Демак, агар депутатлар ёки сенаторлар ана шу 248-моддада кўрсатилган ва тўғридан-тўғри ИИВ органлари томонидан, судсиз маъмурий жазо қўллаш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни содир қилса (масалан, йўл ҳаракати қоидаларини бузса), бундай ҳолатларда депутат ва сенаторларга дахлсизлик талабларисиз, яъни палаталар ёки кенгашларнинг розилигисиз маъмурий жазо қўллаш мумкин бўлади. 

01 Dec 2021
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Учқудуқ туман бўлинмаси томонидан аҳолининг кам таъминланган, ўзгалар кўмагига муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларидан оқилона фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. 
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойиши билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоятлардаги бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузурида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил қилиниб, Низоми тасдиқланган эди. 
Жамғарма Низомига асосан маҳаллалардаги ҳар бир оила, фуқаронинг моддий аҳволи ўрганилган ҳолда ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати ва уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ҳажми шакллантирилади. Секторлар раҳбарлари томонидан йиғилган маълумотлар Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари сессиясида муҳокама этилиб, сессия қарорига асосан жамғарма маблағлари аниқ кўрсатилган мақсадларга йўналтирилади.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида фонд туман бўлими қошида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармасига 656,2 миллион сўм келиб тушган.
Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг тегишли қарорларига кўра, “Обод қишлоқ” дастури доираси “Кокаяз” ва “Узунқудуқ” ОФЙ Бузаубай овулида яшовчи 10 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уй жойини таъмирлаш учун 127,5 миллион сўм маблағ ажратилган бўлса, олий таълим муассасаларида шартнома асосида ўқиётган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 4 нафар талаба қизларнинг контаракт тўловлари учун 16,9 миллион сўм тўлаб берилди
Шунингдек, 6 нафар “Темир дафтар” га, 3 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган фуқароларнинг ҳар бирига 20 тадан парранда учун 10,8 миллион сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга дори-дармон олиш, соғлигини тиклаш, оилавий шароитини яхшилаш ҳамда асбоб-ускуналар ва чорва моллари сотиб олиш учун 66,2 миллион сўм ажратилди.
Туманда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ҳам хайрия маблағларидан унумли фойдаланилмоқда. Жумладан, маҳаллалардаги ижтимоий шароити оғир бўлган оилаларнинг хонадонларини таъмирлаш ишларига 15 тонна оҳақ маҳсулоти харид қилинди ва оилаларга тарқатилди. 
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароитлар яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш асослари ва робототехника, компьютер ўйинлари ва киберспортни ёшлар ўртасида янада оммалаштириш, бу соҳада мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида ҳудудларда Рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. 
Бугунги кунда туманда ташкил этилган “Рақамли технологиялар ўқув маркази”да учқудуқлик ёшлар ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича ўз билимларини мустаҳкамламоқдалар. Айни пайтда марказда ўқитилаётган 10 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг ўқитиш харажатлари жамғарма ҳисобидан қоплаб берилди. 
Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Шалхар” ОФЙда ташкил этилаётган тикув цехи фаолиятини ташкил этиш ҳамда 6 дона тикув машинкаси ва жиҳозлари сотиб олиш учун “Smart Market Uchquduq” масъулияти чекланган жамиятига 35 миллион сўм ажратилди. 
Фонднинг туман бўлими томонидан юртимизда нишонланадиган байрамлар арафасида турли маърифий тадбирлар ташкиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан,  “Ватан ҳимоячилари куни”, буюк аждодларимизнинг таваллуд саналари, “Наврўз” умумхалқ байрами, 22 март – Маҳалла ходимлари куни, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан маҳаллаларда карантин қоидаларига риоя этган ҳолда маънавий-маърифий ва хайрия тадбирлари ташкил этилди.
 
Икром Рахимов, 
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Учқудуқ туман бўлинмаси раиси.
01 Dec 2021

   Жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Қонун асосида қуйидаги қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда:

1. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 

28-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким томонидан қабул қилинган ҳамда чиқарилган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан суд тартибида шикоят қилиниши, шунингдек прокурор томонидан протест келтирилиши мумкинлиги белгиланди.

Олдинги таҳрирга мувофиқ, фақат ҳоким қабул қилган ва чиқарган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашма-лари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар судга шикоят қилишлари, прокурор протест келтириши мумкин эди.

   2. Жиноят кодекси: 

– суғориладиган ерларнинг эгаллаб олинишига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик (1971-модда) бўйича жиноий жарималар миқдори оширилди;

– суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича жиноий жавобгарлик белгиланиб, биринчи марта жиноят содир этган шахсга нисбатан, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланди (2291-модда);

– янги 2296-модда билан тўлдирилиб, суғориладиган ер 

участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш бўйича жиноий жавобгарлик белгиланди.

   3. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси:

а) қуйидаги қилмишлар учун янги маъмурий жавобгарлик киритилди:

– ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги факти тўғрисида ваколатли органларга хабар бермаганлик учун (601-модда); 

– ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида 

қурилган бинолар ҳамда иншоотларни электр энергияси, иссиқлик ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан улаганлик учун (101-модда); 

– ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида 

қурилган биноларни водопровод (сув таъминоти) ташкилотлари томонидан водопровод тармоқларига (сув таъминоти тармоқларига) улаганлик учун (1631-модда);

– кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик учун (681-модда, ҳозирда фақат ер участкасига бўлган ҳуқуқни); 

б) қишлоқ хўжалиги ерларидан хўжасизларча фойдаланиш, 

уларни яроқсиз ҳолга тушириш, ерларни яхшилаш чораларини кўрмаслик (65-модда), вақтинча эгаллаб турилган ерларни ўз вақтида қайтариб бермаслик ёки уларни ўз ўрнида фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтирмаслик (67-модда), хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганлик учун (68-модда) маъмурий жарималар миқдори оширилди;

в) ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, бундай ерларда қурилиш қилиш (60-модда), ерларни эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик (601-модда), ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш (68-модда), кўчмас мулк объектларини кадастр рўйхатидан ўтказмаслик (681-модда), чегара белгиларини, геодезик пунктларни ва чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш (69-модда) бўйича ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ва жарима тайинлаш ваколати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг органларига юклатилди.

г) ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга тушириш (65-модда), ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш (68-модда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга оид қисми) ва чегара белгиларини, геодезик пунктларни ва чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш 

(69-модда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг чегара белгиларига оид қисми) бўйича ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ва жарима тайинлаш ваколати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг органларига юклатилди.

4. Ер кодекси:

– туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг

эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, ер участкаларини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари билан биргаликда юридик ва жисмоний шахсларга мулк этиб реализация қилиш ҳамда ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини ким ошди савдоси асосида фуқароларга реализация қилиш каби ваколатлари бекор қилинди.

– юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган доимий эгалик қилиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, шунингдек жисмоний шахсларнинг ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқлари чиқариб ташланди.

– қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган ва унда ноқонуний қурилган иморатлар архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига мувофиқ келган тақдирда ушбу ер участкасининг бозор қиймати икки карра оширилган миқдорда тўланган ҳолда мазкур ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда расмийлаштириб берилиши мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилди.

– қуйидаги ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 

ер участкаларини Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тўғридан-тўғри ажратишга рухсат берилади:

 ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда қишлоқ хўжалиги кластерларига ижарага беришда;

 қиймати 10 миллион АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлган йирик инвестиция лойиҳасини таклиф этган жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан хорижий инвесторларга, қишлоқ хўжалиги йўналишида 

500 минг АҚШ доллари эквивалентидаги, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик йўналишида эса 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағ аввалдан махсус ҳисоб рақамга жойлаштирилганда;

– ер участкаларини ажратиш ва улардан оқилона фойдаланиш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги механизми жорий этилди.

Жумладан, бўш турган ер участкаларини ажратиш устидан 

давлат назоратини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси 

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва унинг 

ҳудудий бўлинмалари, прокуратура органлари, адлия органлари ва ҳокимликлар томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилади.

Э.Аъзамов, 

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори. 

С.Қурбонов, 

вилоят прокуратураси бўлим прокурори.

 

01 Dec 2021

   Навоий вилоят прокуратураси органлари томонидан иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши қатъий назоратга олинган.     

   Жумладан, вилоят прокуратураси томонидан тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувлар натижасида, 61 нафар тадбиркорнинг инвестиция ва маҳаллий дастурларга киритилмаган 161,6 млрд.сўмлик лойиҳалари аниқланиб, жорий йилнинг январь ойида прокуратура назоратидаги алоҳида дастур шакллантирилди.

   Маълумот учун: лойиҳаларнинг 25 таси хизмат кўрсатиш (савдо ва маиший хизмат - 7, умумий овқатланиш – 4, автомобилларга хизмат кўрсатиш – 4, мактабгача таълим – 3, бошқа – 7), 20 таси қишлоқ хўжалиги (чорвачилик – 8, иссиқхона – 6, асал-аричилик – 3, бошқа – 3), 16 таси саноат (тикувчилик – 7, қурилиш моллари – 4, ун маҳсулотлари – 4, бошқа – 1) соҳасидаги лойиҳаларни ташкил этади.

   Ҳар бир лойиҳа аниқ бир прокуратура ходимига бириктирилиб,уни амалга оширишнинг барча босқичларида ташаббускорга амалий ва ҳуқуқий ёрдамлар бериб борилди.

  Жумладан, тадбиркорларнинг 29 тасига 35 млрд. сўмлик кредит, 8 тасига ер майдони, 3 тасига бўш турган бино ажратилишида, 11 тасини коммуникация тармоқларига уланишида ва14 тасига бошқа масалаларда амалий ёрдамлар кўрсатилиб, лойиҳа-ларни тўлиқ ишга туширилиши ва 481 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

  Мисол учун, “Navoiy-Ishonch-Gilamlari” қўшма корхонасига 4 млрд. сўмлик банк кредити ажратилишида амалий ёрдам кўрса-тилиши натижасида, йиллик 500 тонна латекс елими ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган мажмуа ишга туширилиб, 12 та янгииш ўрни яратилди. 

   Маълумот учун: илгари ушбу маҳсулот мамлакатимизга импорт қилиш орқали олиб келинган, лойиҳа ишга туширилиши билан маҳаллийлаштириш даражаси 56,4 фоизга етказилди, корхона томонидан жорий йилда 70 минг АҚШ долларлик экспорт амалга оширилди.

  Шунингдек, вилоят прокуратураси томонидан Навбаҳор  туманида жойлашган “Мафтуна Ойсулув” фермер хўжалигига  наслли қорамолчиликни ривожлантириш учун АТ “Халқ банки” Навоий вилоят филиалидан 4,9 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

   Шу каби, Томди туманида туман прокуратураси томонидан  “TOMDI BUILDING 2020” МЧЖга ғишт ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун 2 гектар ер майдони ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.  “PREMIR TEXTILE” хусусий корхонасига тикувчилик фаолиятини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишда мавжуд коммуникация тармоқларига уланишдаги муаммолари ҳал қилиб берилиб, ишга туширилганлиги натижасида 120 та янги иш ўринлари  яратилишига эришилди.

   Бундан ташқари, бўш турган бинолардан оқилона ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида назорат тадбирлари ташкил қилинди. 

   Шу мақсадда солиқ, кадастр, иқтисод ва инвестиция бўлимлари ҳамда давлат активлари агентлиги мутасаддилари иштирокида мавжуд бинолар қайта хатловдан ўтказилди.

   Хатлов давомида, 216 та бўш турган бинолар шу вақтга қадар ҳисобга олинмаганлиги, муқаддам ҳисобга олинган 174 та бўш турган бинога тармоқ жадвали ишлаб чиқилмаганлиги, 27 та ҳолатда солиқ механизми асоссиз тўхтатилганлиги аниқланди.

   Кўрилган чора - тадбирлар натижасида, барча бўш турган объектларга тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиши, асоссиз равишда солиқ механизми тўхтатилган объектларга 128 млн. сўм миқдоридасолиқ ҳисобланиши ҳамда 67 та бўш турган объектларнинг ишга туширилиши таъминланиб, бу орқали 1 009 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

  Мисол учун, Навоий шаҳридаги “Muhammadrizo” хусусий корхо-насига тегишли 2019 йилнинг февраль ойидан буён бўш турган бинода маиший хизмат кўрсатиш ҳамда ўқув маркази ташкил этилиши натижасида 12 та янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, ўтказилган хатлов давомида Навбаҳор туманидаги “Бешработ” савдо мажмуасида 80 та савдо дўконлари бўш турганлиги аниқланиб, вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан улардан 15 тасини ишга туширилиши таъминланди ҳамда 10 тасини тез кунларда ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.

  Назорат тадбирлари давомида, 7 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳақида вилоят ҳокими номига тақдимнома киритилди.

 Мазкур соҳада фаолият самарадорлигини ошириш ва ишларни тўғри ташкил этиш мақсадида, идоралараро йиғилиш ўтказилиб, тегишли чора - тадбирлар белгилаб олинди. 

   Ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда. 

 

А.Ташпулатов,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари.

Ш.Ҳақбердиев, 

Бош прокуратура бошқарма прокурори.

 

01 Dec 2021

    Шавкат Мирзиёев «Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунни имзолади.

Ҳужжатга кўра:

- ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқариш вақтида уяли алоқанинг хавфсиз ва қўлни банд қилмайдиган техник воситаларидан (қулоқчин, bluetooth) фойдаланишга рухсат берилмоқда;

- транспорт воситасини бошқариш пайтида салоннинг олд қисмига ўрнатилган монитордан теле-, видеодастурларни томоша қилишга қўйилган тақиқни сақлаб қолган ҳолда, мониторни ўрнатганлик учун жавобгарлик бекор қилинмоқда;

- МЖтКнинг 4 та моддаси бўйича жазо миқдори ҳуқуқбузарликнинг хавфлилик даражаси ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда мақбуллаштирилмоқда. Жумладан, аҳолининг айрим қатламлари учун моддий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, автомобилда йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлик учун (фуқаролар учун – 27 млн сўмдан 1,9 млн сўмгача, мансабдор шахслар учун – 40 млн сўмдан 8,1 млн сўмгача камайтирилмоқда) ва бошқалар;

  - транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмаганлиги учун жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинмоқда. Бунда, ҳайдовчининг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт, ID-карта) мавжуд бўлишининг ўзи етарли эканлиги белгиланмоқда

 

01 Dec 2021

 

    Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда қўлланилаётган вакциналарнинг «омикрон» штамига таъсири ҳақида маълумот берди.

   Мутахассисининг таъкидлашича, ковидга қарши вакциналар вируснинг барча штамларига қарши самарали саналади.

    «Халқаро даражада эътироф этилган мутахассис-экспертлар тинимсиз такрорлаётган фикрларини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Энг асосийси, жамоавий иммунитетни шакллантириш, яъни оммавий эмланиш кўрсаткичларини ошириш орқали ҳам эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаб туриш мумкин. Чунки вакциналар SARS-CoV-2’нинг ҳар қандай мутацияга учраган штамида самара беради. Ҳатто янги штамни юқтириб олган ҳолатда ҳам барча дозада эмланганларда касаллик енгил ва жиддий асоратларсиз ўтади», — дейди Отабеков.

   Маълумот учун, айни пайтда мамлакатда аҳолини эмлашда жами 6 турдаги — «AstraZeneca», «ZF-UZ-VAC2001», «Спутник V», «Moderna», «Pfizer/BioNTech» ҳамда «Sinovac» вакциналари мавжуд.

 

01 Dec 2021

   Бир гуруҳ япониялик тадқиқотчилар маймунларнинг организмидаги ОИВ(орттирилган иммунодефицит вируси)ни йўқ қиладиган вакцина яратишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда NHK агентлиги хабар берди.

   Япония Миллий биотиббиёт инновациялари, саломатлик ва овқатланиш институти тадқиқотчилари янги вакцина билан эмланган япон макакаларининг организмига ОИВни юборган.

   Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, еттита маймундан тўрттаси касалланган, бироқ кейинчалик касал маймунларнинг организмида вирус ғойиб бўлган. Олимларнинг фикрича, ушбу ҳайвонларда вакцина билан қўзғатилган иммунитет реакцияси ОИВнинг йўқолишига олиб келган.

   Тадқиқотчилар тахминан беш йил ичида вакцинанинг клиник синовларини одамларда бошлашга умид қилмоқда.

   2019 йилда британиялик шифокорлар ОИВ билан касалланган беморга суяк илиги кўчириб ўтказилганидан сўнг касаллик йўқолганини аниқлаган эди. Трансплантациядан уч йил, антиретровирус дори-дармонларни қўллаш тўхтатилгандан бир ярим йил ўтгач, беморнинг тестлари унинг организмида ОИВ йўқлигини кўрсатган.

   Кўпчилик мутахассисларнинг қайд этишича, бу усул барча беморлар учун эмас. Трансплантация жараёни қиммат ва хавфли бўлиб, бундай мутация жудаям кам одамларда бўлади.

30 Nov 2021

    ЖССТ коронавируснинг омикрон варианти билан боғлиқ умумий глобал хавфни жуда юқори деб баҳолади. Бу икки йиллик пандемиядан кейинги иқтисодий тикланишни хавф остида қолдириши мумкинлиги айтилмоқда. Омикрон штамми ҳозиргача «енгил аломатлар» билан кузатилган ва уни уй шароитида даволашга муваффақ бўлишган. ЖССТга кўра, аввал COVID-19 билан оғриган беморларнинг янги штамм билан зарарланиш эҳтимоли юқори.

   Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 29 ноябрь куни Omicron коронавирус штамми билан боғлиқ умумий глобал хавфни жуда юқори деб баҳолагач, Fitch Ratings ҳамда Moody`s Investors Service рейтинг агентликлари ушбу штамм «глобал ўсиш истиқболларига путур етказиши» ва «нархлар ўсишига сабаб бўлиши» мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.

   Омикрон штамми аниқланганидан сўнг кўплаб мамлакатлар (жумладан, Исроил, Марокаш, Япония) эҳтиёт чораси сифатида ўз чегараларини ёпмоқдалар. Бу эса икки йиллик пандемиядан кейинги иқтисодий тикланишни хавф остида қолдириши мумкинлиги айтилмоқда. Янги штамм билан зарарланишнинг кескин ўсиши жаҳон бозорида сезиларли тебранишларга сабаб бўлиши мумкин.

   Reuters`нинг ёзишича, авиакомпаниялар янги штаммнинг ўз тармоқларига таъсирини чеклашга уринмоқдалар, бу глобал туризмнинг тикланишини секинлаштириши мумкин.

   ЖССТга кўра, инфекцияларнинг ҳар қандай кўпайиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, бироқ ҳозирча янги вариант билан боғлиқ ҳеч қандай ўлим ҳолати кузатилмаган. Омикроннинг вакциналар ва олдинги инфекциялар туфайли пайдо бўлган иммунитетни четлаб ўтиш бўйича салоҳиятини аниқлаш қўшимча тадқиқотларни талаб қилади.

   «Жанубий Африкалик профессор Салим Абдул Карим, мавжуд вакциналар Омикрон билан зарарланган ҳолатда касаллик оғир кечишининг олдини олишда самарали бўлиши мумкинлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Жанубий Африкадаги коронавирус ҳолатлари бу ҳафта кунига 10 мингдан ошиб кетиши мумкин, бу кўрсаткич икки ҳафта олдин кунига 300 га яқин эди», — дейилади Reuters хабарида.

Жанубий Африка президенти Кирил Рамафоса туризмга таянган иқтисодиётларга зарар етказадиган «асоссиз ва илмий бўлмаган» саёҳат тақиқларини қоралаганлиги айтилмоқда. Шунингдек у мамлакати «янги штаммларни аниқлашдаги илмий салоҳияти учун жазоланаётганини» қайд этган.

Омикрон штамми билан зарарланиш ҳолатлари ҳозирда Жанубий Африка, Ботсвана, Гонгконг, Нидерландия, Дания, Австралия, Бельгия, Британия, Германия, Исроил, Италия, Франция, Канада, Португалия, Испания, Швеция, Австрия, Шотландия ва Швецарияда қайд этилган.

Энг қатъий чора қўллаган давлатлардан Исроил биринчилардан бўлиб хорижликларнинг мамлакатга киришига бир кечада тақиқ ўрнатди. Япония ҳам «эҳтиёт чораси сифатида» хорижликларнинг келишини тақиқлаганлиги айтилмоқда.

Маълум қилинишича, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш чекловлар жанубий Африка давлатларини яккалаб қўйишидан хавотирда. Унинг сўзларига кўра, Африкадаги вакцинациялаш даражасининг пастлигида Африка халқини айблаб бўлмайди. «Улар илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим маълумотларни аниқлаганлиги ва дунё билан баҳам кўрганлиги учун жазоланмаслиги лозим», дея таъкидлаган у.

Гутерриш анча вақтдан бери бутун дунё бўйлаб вакцина тенгсизлиги хавфи ва эмлашнинг паст кўрсаткичлари «янги вариантлар кўпайишига замин яратиши» ҳақида огоҳлантириб келаётган эди.

Омикрон штамми ҳозиргача «енгил аломатлар» билан кузатилган

Коронавируснинг янги штаммига биринчилардан бўлиб гумон қилган жанубий африкалик шифокор, Жанубий Африка Тиббиёт Ассоциацияси раиси доктор Анжелик Кутзи Reuters агентлигига маълум қилишича, Омикрон варианти ҳозиргача «енгил аломатлар» билан кузатилган ва уни уй шароитида даволашга муваффақ бўлишган.

Хабарда айтилишича, доктор Анжелик Кутзи 18 ноябрь куни клиникасидаги етти нафар беморда касаллик доминант «дельта» вариантидан фарқли равишда «жуда енгил» аломатлар билан кечаётганини пайқаган. Хусусан, 18 ноябрь куни унинг клиникасига бир неча бемор бир хил шикоятлар — «қаттиқ чарчоқ», бош ва танадаги оғриқлар билан ташриф буюрган. «Дельта» вариант билан оғриган кўплаб беморлар билан ишлаган Кутзи «клиник манзара» ўзаро мос келмагач, «бу ерда бошқа гап бор» деган гумонда, шу куниёқ Жанубий Африка Юқумли касалликлар миллий институтини (NICD) бу ҳақда огоҳлантирган.

«Уларнинг аксариятида жуда ва жуда енгил аломатлар кузатилмоқда… Биз бу беморларни уйда консерватив даволай олдик», — дея қайд этган у. Шунингдек, Дельтадан фарқли ўлароқ, беморлар ҳозирча ҳид ёки таъм сезиш қобилиятининг йўқотилишидан шикоят қилмаганлар ва янги штамм ҳолатида кислород даражасида сезиларли пасайиш кузатилмаган.

Кутзининг тажрибаси шуни кўрсатдики, бу вариант 40 ёки ундан кичик ёшдаги одамларга таъсир қилади. У даволаган Омикрон аломатлари бўлган беморларнинг деярли ярми эмланмаган. Беморлар қайд этган «энг асосий клиник шикоят — бу бир ёки икки кун давомидаги „қаттиқ чарчоқ“, шу билан бирга бош ва танадаги оғриқлар» эканлиги айтилмоқда.

ЖССТ ҳам Омикрон билан боғлиқ ҳолатлар асосан ёшлар, хусусан, университет талабаларида қайд этилгаётгани ва касаллик нисбатан енгил шаклда кечаётганлигини маълум қилди. Шунингдек, вариантнинг қайта юқиш хавфи юқори эканлиги аввал COVID-19 билан оғриган беморларнинг янги вариант билан зарарланиш эҳтимолини оширади. Бироқ бу борадаги ҳозирги хулосалар чекланган маълумотларга асосланган бўлиб, батафсил ўрганишлар бир неча кун ёки ҳафта вақт талаб қилади.

Омикрон (B.1.1.529) вариантининг илк ҳолатлари Ботсвана, Жанубий Африка ва Гонгконгда қайд этилган эди. Ушбу вариант спайк-оқсилида 32 та мутацияга эга бўлиб, бу вирусга иммун тизимини четлаб ўтиш имконини бериши мумкинлиги айтилмоқда.

   ЖССТ 26 ноябрь куни чақирилган фавқулодда йиғилиши юзасидан берилган баёнотига кўра, COVID-19`нинг янги вариантини SARS-CoV-2 вирусининг «хавотирли варианти» деб таснифлаган ва у вируснинг бошқа шаклларига қараганда тезроқ тарқалиши мумкинлигини қайд этган эди.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: