LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

23 Dec 2021

     Давлат статистика қўмитаси 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар 10 талигини эълон қилди.

    Рўйхатга кўра,

Хитой – 2,3 млрд.

Россия – 1,9 млрд.

Туркия – 1,5 млрд.

Қозоғистон – 1,1 млрд.

Қирғизистон. – 711 млн.

Афғонистон – 573 млн.

Тожикистон – 451 млн.

Украина – 203 млн.

Канада – 182 млн.

Туркманистонга 176 млн. АҚШ долларлик экспорт амалга оширилган.


 

22 Dec 2021

    Мазкур ҳудуддаги нуронийлар берган маълумотларга кўра “Кокпатас” номи тарихи XIV–XV асрларга – Амир Темур ҳукмронлиги даврига ҳатто ундан ҳам қадимийроқ даврларга бориб тақалади. “Кокпатас” номи неча асрлардан буён авлоддан-авлодга мерос сифатида ўтиб келаётган жуда табаррук ва хосиятли жой номи бўлиб, шу ерлик аҳоли учун қадимий ном саналади. Маълумотларга кўра, ўтмишда Туркманистон, Қозоғистон каби давлатлардан очарчилик сабаб одамлар шу ҳудудга кўчиб келиб шу ерларни манзил-макон қилиб, Кокпатас овулида аҳил-иноқ яшаганлар.

    Ушбу ҳудуд табиат мўъжизаси дея эътироф этилган, қадим-қадимдан ҳозиргача сақланиб қолган, суви шифобахш бўлган қапқоқли булоқ мавжуд бўлгани боис “Қапқоқтош” маъносини англатувчи “Қапқақтас” номи билан аталган.

    Ўтмишда “Кокпатас” ҳудудига кираверишда, ўнг тарафда, сой бўйида булоқлар (чашмалар) бўлган, чўлнинг ўртасида ҳаёт рамзи сифатида доимий зилол чашма суви чиқиб турган. Булоқларнинг бири табиат мўъжизаси сабаб катта тошнинг тагида худди қопқоқ билан ёпилгандек кўринишда бўлгани сабаб, мазкур жой шу ерлик чорвадор чўпонлар ва маҳаллий аҳоли тилида ҳаёт манбаи бўлган мўъжизавий булоқ кўринишига тақлидан “Қапқақтас” номи билан юритила бошланган. 1958 йилда геология қидирув ишлари олиб бориш учун турли миллатларга мансуб геологлар келиб мазкур ҳудуд номини “Какпатас” тарзида талаффуз қилишган ва геология қидирув ишларини олиб бораётган экспедиция номи ҳам “Кокпатас” деб номланган. Шу тариқа бу аҳоли пункти номи маҳаллий аҳоли тилида ўзларига қулай шаклда “Кокпатас” тарзида юритила бошланган ва мустақиллик йилларида ташкил қилинган МФЙга ҳам маҳаллий аҳоли хоҳиши ва талабидан келиб чиқиб ўзлари йиллар давомида ўрганган ном - “Кокпатас” номи берилган. 

    “Кокпатас” аҳоли пункти номи ва ушбу ном билан боғлиқ маълумотлар Борис Шалатониннинг “Қизилқумнинг мингдан бир мўъжизаси” китобида, Искендер Матжусип ўғлининг “Хосиятли ўлкам – Қизилқум” китобида, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да, 2015 йил нашр қилинган “Учқудуқ – Қизилқум жавоҳири” китоб-альбоми ва 2017 йил нашр қилинган “Учқудуқ – саҳродаги бўстон!” альманахида мавжуд. 

 

22 Dec 2021

 

   Ёшларнинг жўшқинлиги ва шижоати мамлакат тараққиётида беқиёс кучдир. Улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, келажакка ишончини ошириш азалий анъана ва қадриятларнинг умрбоқийлигини таъминлайди.

   Шу боис, юртимизда айнан ёшлар масаласига эътибор давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

   Учқудуқ туманида ҳам “Ўзбекистон ёшлари форуми-2021” доирасида ташкил этилган лойиҳа ва тадбирларда барча туман ёшлари фаол иштирок этди.

   Ўтган бир ой давомида форум доирасида “Ёш китобхон”, “Зукко китобхон” интеллектуал танлови, “Мунозара” беллашуви, “Ёш истеъдод” телевизион танлови, “Рэп-2021”, “Ҳар ҳафтада бир китоб”, “Киберспорт”, “Автопойга”, “Йил етакчиси Республика танловининг туман босқичи” ва бошқа кўплаб тадбирлар ва спорт беллашувлари ўтказилди. 

    Шунингдек, ёшларни ватанга садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Хотира” хиёбонига ташрифи, уюшмаган ёшлар ва умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларининг № 99818 – сонли ҳарбий қисмга саёҳати ташкил этилди.

    Бундан ташқари, “Депутат ва ёшлар”, “Сектор раҳбари ва ёшлар” ҳамда “Ташкилот раҳбари ва ёшлар” каби учрашувлар бўлиб ўтди. Ўтказилган мазкур лойиҳалар ёшларнинг ғоя ва таклифларини эшитиш, замон қаҳрамонларини кашф этиш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мамлакатимиздаги янгиланишларга фаол жалб қилиш мақсадини кўзлагани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

    “Янги Ўзбекистон ёшлари форуми - 2021” якуни бўйича бугун “Учқудуқ” маданият уйида галаконцерт дастури ўтказилди. Унда Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг келажакда янада равнақ топишида, мустақиллигини мустаҳкамлашда, учқудуқлик ёшлар ҳам ўз билим ва тафаккури, изланиш ва интилиши билан муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.

    Форум доирасида ўтказилган беллашувлар ғолбилари туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

   Тадбирда “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамолари ҳамда санъатсевар ёшларнинг чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

22 Dec 2021

     Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроевнинг “Ўзбекистон ёшлари форуми-2021” доирасида ўтказилган галаконцерт дастурида сўзлаган нутқи

    Ассалому алайкум азиз ёшлар!

    Қадрли тадбир иштирокчилари!

Барчамизга маълумки, муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялаш йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди.

    Бу эътибор ва рағбатга жавобан бугун Сиз ёшларнинг етакчи куч бўлиб ҳаётга кириб келаётганингиз, ўз билим ва салоҳиятингиз, иқтидорингиз билан юртимиз тараққиётини мустаҳкамлашда таянч ва суянч бўлаётганингиз ҳамиша бизга ғурур ва ифтихор бағишламоқда.

    Эътироф этиш жоизки, ўтган қисқа муддат ичида мамлакатимизда Сиз ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ташкилий ва ҳуқуқий база яратилди.

     Хусусан, ёшлар масалаларига оид  40 дан ортиқ  қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ўсиб келаётган келажагимиз эгаларининг интилишларини муносиб рағбатлантириш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти, “Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи» мукофоти, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, шунингдек, инновацион ва креатив ғояларини намоён этиб келаётган ёшларимиз учун «Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танлови ва шунга ўхшаш кўплаб танловлар таъсис этилгани уларга янгидан-янги қирраларни очмоқда.

    Биргина, Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, 20-умумий ўрта таълим мактабининг собиқ ўқувчилари Нурбек Эргашев ҳамда Акмал Араловлар АҚШнинг 20 дан ортиқ университетларига ҳужжат топшириб, ўқишга кирган. Бугунги кунда уларнинг ҳар иккаласи ҳам компьютер технологиялари йўналишида нуфузли университетларда ўқишни давом эттирмоқда.

     Имтиҳон натижаларига кўра, уларнинг ҳар бири 20 минг АҚШ долларлик грант соҳибига айлангани ҳам давлатимиз раҳбари бошчилигида қисқа вақтда таълим-тарбия соҳасида танлаган йўлимизнинг нақадар тўғри эканлигини яққол исботлаб турибди.

     Ўтган йилнинг сўнгида ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деган ғояни илгари сургани бежиз эмас. Зотан, Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз».

    Азиз ёшлар!

    Бутун дунёда глобаллашув жараёни изчил давом этаётган шу синовли кунларда ўз ақл-заковати, мустақил фикри билан ўзининг кимлигини, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини чуқур англаб етган, ён-атрофидаги воқеаларга дахлдорлик туйғуси билан яшаётган баркамол ёшларимиз қалбимизга ҳамиша чексиз фахру ифтихор бағишлайди. 

    Улар сафида бугун бепоён Қизилқум саҳроси бағрида камол топаётган, билим эгаллаётган, биз билан ёнма-ён меҳнат қилаётган шижоатли, матонатли чорвадор-у, кончиларнинг ёш авлод вакиллари ҳам борлиги қувонарлидир. 

     Зеро, бугун ёнимизда шундай шижоатли ёшлар кўплаб топилади. Ана шундай кўзи ёниб турган, замонавий фикрлайдиган, илм-фан сирларини пухта эгаллаган издошларимиз етишиб келаётганидан ғурурланамиз.

    Шу ўринда, эътиборларингизни қуйидаги рақамларга жалб этмоқчиман. Статистик маълумотларга қараганда, ҳозирда дунё аҳолисининг 20 фоизини, жонажон юртимизда эса аҳолининг 60 фоизини, туманимизда эса 63 фоизини ёшлар ташкил этади. Бу ўз-ўзидан Ўзбекистон ҳақиқий ёшлар мамлакати ва улар етакчи куч эканлигини тасдиқлайди.

    Бир сўз билан айтганда, юртимизнинг ёрқин келажаги ва халқимизнинг умиду ишончи Сиз қора кўзларимизга боғлиқ. Ўз навбатида, келажагимиз эгалари ҳам яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда, мукаммал билим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш, шунингдек, халқимизнинг орзу-истакларини амалий ишлар билан рўёбга чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйишлари лозим. 

    Қадрли ёшлар!

    Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан Сизларнинг билим ва илм чўққиларини эгаллашингиз учун барча имконият эшиклари очиб берилмоқда.

    Яратилаётган бундай имкониятларга жавобан, Сиз мамлакатимизнинг келажакда янада равнақ топишида, мустақиллигини мустаҳкамлашда, жаҳон майдонидаги ўрнини юксалтиришда ўз билим ва тафаккурингиз, изланиш ва интилиши билан муносиб ҳисса қўшишларига ишонамиз.

    Сиз азиз ёшлар ҳамиша Юртбошимизга, ота-онангизга, устозларингизга муносиб ворис бўлиб, билдирилган юксак ишончни оқлашингиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

    Биз сиз учун барча имкониятларни яратиб берамиз!

    Сиз эса ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини қуришда ўз келажагингизни танланг!

    Азиз ёшлар! Биз Сиздан ҳамиша улкан муваффақиятлар кутиб қоламиз.

    Эътиборингиз учун раҳмат!


 

22 Dec 2021

     Президент Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

     Мамлакатимизда ерни асраб-авайлаш, адолатли ажратиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Жорий йилда қишлоқ ерларини очиқ танлов асосида ажратиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган жойларни аукцион асосида хусусийлаштириш тўғрисида қонун қабул қилинди.

     2020 йил 7 сентябрда “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони имзоланган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Кадастр агентлиги ташкил этилди. Фармонда кўплаб янгиликлар қатори давлат кадастрлари объектларини хатловдан ўтказиш ва Миллий геоахборот тизимига киритиш вазифаси ҳам белгиланганди. 

    Шундай қилиб, Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерлари ялпи хатловдан ўтказилмоқда. Бугунги кунгача 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари яратилди. Шундан, 22 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилди.

    Илгари ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк кадастр базасига киритилди, 478 мингта объектда қўшимча қурилмалар аниқланиб, кадастр баҳоси қайта кўриб чиқилди.

    Шу билан бирга, хатловда кўплаб хатоликлар ҳам юзага чиқмоқда. Мисол учун, электрон ҳисобга олинаётган қишлоқ хўжалиги ерлари қоғозда юритиб келинган Ер фонди ҳисоботи билан фарқ қилмоқда.

   Бундан ташқари, йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд.

    Булар қилинадиган ишлар ҳали кўплигини кўрсатади.

   Шу боис йиғилишда галдаги муҳим вазифалар белгиланди.

    Аввало, қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини келгуси йил 1 апрелгача якунлаш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги ер балансидаги 2 миллион 700 минг гектар майдоннинг тоифасини аниқлаш зарур.

    Келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни давлат рўйхатидан ўтказиб, кейин танловга чиқариш вазифаси қўйилди.

   Ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳам кўпки, улардан ҳам самарали фойдаланиш зарур. Масалан, ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида 10 миллион гектардан зиёд, сув хўжалиги вазирлиги тизимида 820 минг гектар, автомобиль йўллари атрофида 450 минг гектар ер бор. Шунингдек, 3 миллион 300 минг гектар ер ҳокимликлар захирасида турибди.

   Давлатимиз раҳбари бу ерларнинг электрон харитасини тузиш ва давлат мулки сифатида рўйхатдан ўтказиш кераклигини таъкидлади.

    Ички йўллар ва кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни доимий фойдаланишга ажратиш мумкинлиги қайд этилди.

    Яна бир муаммо – ер балансида аҳоли яшаш майдонлари 223 минг гектар бўлса-да, амалда 1 миллион гектардан ошиб кетган. Шу боис, бундай кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиб, унинг натижаси бўйича электрон харита тузиш ҳамда аҳоли учун очиқ онлайн платформага жойлаштириш вазифаси қўйилди.

    Кадастр идораларининг шароитларини яхшилаш, ускуналарини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди

 

 

21 Dec 2021

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жихатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5117-сонли қарорига асосан Учқудуқ туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-умумий ўрта таълим мактаби Хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби сифатида ташкил этилди. Мактабда бугунги кунда ихтисослаштирилган 5-синфларда жами 60 нафар ўқувчилар чуқурлаштирилган дастурлар асосида инглиз тилини ўрганмоқдалар. Уларга олий тоифали, халқаро даражада тан олинган сертикатларга эга бўлган, ўз касбининг фидойи устозлари таълим бериб келишмоқда. 

    Мактабда 5 нафар ўқитувчи халқаро ва миллий даражадаги тан олинган сертифатларга эга бўлиб, яқиндагина 11-синф ўқувчиси Саидмуродова Дилноза 7.5 баллик натижа кўрсатиб, IЕLTS сертификатини қўлга киритди. 

    Бугун туман ҳокими С.Хамроев ва турли ташкилотлар раҳбарлари томонидан мактабнинг рамзий очилиш маросими ўтказилди. Мактабда хорижий тилларни ўқитишда бир қатор ютуқларга эришган устозлар ва уларнинг шогирдлари туман раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.

 

21 Dec 2021

     Қирғинбарот уруш  йилларида ҳам одамлар очликдан, муҳтожликдан эзилиб, ҳамма нарсаларини сотиб, очликдан силласи қуриган болаларига бир бурда нон олиб берганлигини  кўп бора эшитганмиз. Ўшандай оғир йилларда ҳам одамлар ҳамма нарсасини, бор - будини  сотса ҳам, ҳеч ким ўз боласининг бешигини сотмаганлигини ҳар гал эслаганда, юракни шарҳсиз туйғулар эгаллаб олади. Жонсиз ёғоч буюмга шу қадар эҳтиромда ўзига хос меҳр борлиги бизнинг миллий ўлмас қадриятимизга айланганлиги кўнгилга  ғурур бағишлайди.

    Бугун-чи, бугун? Бешик эмас, ўз боласини сотаётганларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз.  Ажабо, онани ўз дилбандини сотишга нима мажбур қилиши мумкин? Эътибор қилганмисиз, ҳатто   ақл-идроки йўқ энг йиртқич жонзотлар ҳам боласига яқинлашмоқчи бўлганларни тилка-пора қилиб ташлашга тайёр туради.

     Онани йўқчилик эмас, тўқчилик, бағритошлик, шафқатсизлик, ўз тинчини ўйлаш,  “енгил” ҳаёт,  ношукурлик, нонкўрлик, энг ачинарлиси, Ватанга хиёнат  Оллоҳ берган улуғ неъматни сотишга мажбур қилиши мумкин.

   Учқудуқлик  Дилдора ( мақолада исмлар  ўзгартирилди) ҳам ўз жигарпорасини сотиб, бой бўлишни орзулаган  бу она  – аслида "она" деган номга  номуносиб аёл. 

   Тақдир синовлари, ҳаёт ташвишларини ақл билан енгиш, ечиш ўрнига  Дилдора “Аслон бобо”  чойхонасига келиб, " фарзанд савдоси"ни бошлаб юборди. “Савдо” шу қадар  тез “пишди”ки, “харидор”лар  фарзандфуруш онага  келишилган 60 миллион сўмни бергандан сўнг, уларга боладан  воз кечганлиги тўғрисида тилхат ёзиб берди. Пул эвазига ўз боласидан воз кечиш тўғрисида ўз қўли билан тилхат ёзган онани ҳеч қачон, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

   Одам савдоси драмасининг бу машъум пардаси шу ерда  ёпилиши керак эди. Аммо  парда ортида турган ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари бундай жирканч ишга қўл урган “болафуруш” онанинг қабиҳ  хатти-ҳаракатига чек қўйишди.

     ИИБ ЖҚБ, ДХХ Учқудуқ туман бўлимлари ва департаментнинг Учқудуқ туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир вақтида Дилдора  ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

     Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди ҳукмига кўра, Дилдора Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси135-моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга  4 (тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

    Йиллар ўтиб, уч яшар қизалоқ вояга етади. Бу “савдолар” ҳақида эшитса, онасидан сўраб қолса, унинг саволларига жавоб беришга Дилдоранинг кучи етармикан, виждони, юзи чидармикин? Билмадик...

Аббос НУРИЛЛАЕВ,

Учқудуқ туман прокуратураси

терговчиси.                                                        

21 Dec 2021

   Бундан анча аввал XII-XIII асрларда – Хоразмшоҳлар давлати даврида Урганч томонда ботирлиги билан ном қозонган бир қул бўлган. Бу мард йигит ҳамда тазйиқларга, адолатсизликларга чидай олмаган бошқа эрксиз қуллар қўзғолон кўтарадилар. Эрк учун олиб борилган бу қўзғолонга ўша қул бошчилик қилган. Тўқнашувлар натижасида қуллар кўп талафот кўриб, мағлубиятга учрайди ва шунда ўз эрки учун курашган қулларга бошчилик қилган ўша қул ёвдан қочиб узоқ йўл босиб, охири бир тоғ орасига беркинади. Хон лашкарлари таъқибидан халос бўлганидан сўнг шу атрофларни айланиб юриб, бир булоқни бошидан чиқиб қолади. У аста-секин шу ерни обод қилиб, қудуқ қазади, ўзига уй қуриб олади. Тез орада ёнига бирга эрк учун курашган ўзига ўхшаган мард, жасур йигитларни тўплайди ва биргаликда бир неча йилда ўзига ўхшаган эрксиз қулларни, хотин-қизларни бир нечтасини золимлар зулмидан озод қилиб ўзи жойлашган ва обод қилган қудуқ ёнидаги масканга олиб келади. Бу қул умри давомида атрофига тўплаган одамларни ҳимоя қилган, улар тинч, хотиржам, бахтли яшашлари учун курашган. Натижада қочоқ қул барпо қилган бу жой обод масканга – халқи тинч-хотиржам, бахтли яшаётган сўлим гўшага айланган. Шундан сўнг бу жой халқ тилида Қулқудуқ овули, овул яқинидаги тоғ эса Ерлер, яъни мард-жасур йигитлар, эркаклар жойлашган макон – Эрлар тоғи, дея атала бошланган экан.

   Кейинчалик Буюк ипак йўлидан ўтаётган карвонлар шу ерга тўхтаб, туяларини суғориб, ўзлари ҳам дам олиб, ҳордиқ чиқариб кейин ўз йўлларида давом этишган экан. Ўша даврларданоқ мазкур жойни халқ ўша – биринчи келиб жойлашган, қудуқ қазиб кимсасиз жойни обод масканга айлантирган қул номи билан боғлаб, “Қулқудуқ овули” деб номлаб келган.

   Ерлер (Эрлар) тоғи деб номланган жой бугунги кунда муқаддас           қадамжога – “Ерлерота зиёратгоҳи”га айлантирилган. Бу ердаги тоғу тошлар орасидан сизиб чиқаётган сув шифобахшлиги билан кўплаб инсонларни ўзига жалб қилиб келмоқда. Бу зиёратгоҳ сўлим табиати, турли хасталикларга даво - зилол чашма суви билан зиёратчилар кўнглига хуш ёқиши аниқ. Чунки, бу зиёратгоҳга келган беморлар чашма сувидан ичиб, дарддан фориғ бўлгандай ўзларида енгиллик ҳис этишади. Бунга сабаб эса, айнан шу Аллоҳнинг неъмати – зилол сув таркибида кумуш моддаси ва бошқа фойдали маъданлар кўп эканлигида.

   Ушбу “Ерлерота зиёратгоҳи” ва ўша қул барпо қилган қудуқ жойлашган ҳудудни ҳозирги кунгача шу жойда яшаётган аҳоли тарихий ном билан “Қулқудуқ” деб номлаб келмоқда.

    Қулқудуқ овули ва унинг номланиши ҳақида Шукирбай Ақназаровнинг “Тауелибай – алтин мекеним” китобида, Искендер Матжусип ўғлининг “Хосиятли ўлкам – Қизилқум” китобида, Борис Шалатониннинг “Қизилқумнинг мингдан бир мўъжизаси” китобида, 2015 йил нашр қилинган      “Учқудуқ – Қизилқум жавоҳири” китоб-альбоми ва 2017 йил нашр қилинган “Учқудуқ – саҳродаги бўстон!” альманахида маълумотлар мавжуд.

21 Dec 2021

   Гуноҳнинг катта кичиги бўлмаганидек, ўғрилик  ҳам худди шундай. Уни оғири енгили бўлмайди. Бировнинг хонадонидан оласанми ё ўзингникиданми у барибир ўғрилик ҳисобланади.

   Учқудуқлик Р.Х. жиноятга қўл ураётган пайт  бу ҳақда ўйламагани, фикр қилмагани аниқ. У 2012 йилдан буён Шимолий кон бошқармасида чилангар вазифасида ишлаб юриб,  шу жараёнда ўз ишхонасига тегишли  омборхонада нима бор, нима йўқлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади. Ҳар қараганида кўзига мис симлар катта бойлик кўрингани аниқ-ки, у ўзига шерик сифатида қишлоқдоши Х.М.ни танлаб олади.

   Икки йигит худди кинофильмдагидек овлоқ чўл ҳудудида жойлашган ШКБга қарашли бўлинманинг омборхонасига кечки соат 01.00да бориб омбор атрофидаги девор остини ковлаб, у ерга ғайриқонуний кириб, мис электр кабелларини ўғирлашади.  Ва ундаги мис бўлакларини 800 минг сўм эвазига пуллашади.

   Эртаси куни ишга борган Р.Х. атрофга олазарак қараса-да, унинг “тунги операцияси” ҳақида ҳеч ким билмайди.

   “Гадой бир эшикдан ўтгун-ча”, дегандек яна жиноий шеригини ёллаб, кечки 03.00да омборхонага ўғрилик учун келишади. Аммо бу гал “Кўза кунда эмас кунида синади” деганларидек, унинг қинғир ишидан ишхонасидагилар хабар топиши,б тегишли идораларга қўнғироқ қилишади.
     Ўз корхонасида 10 йилга яқин вақт оралиғида ишлаган, дўсти-ёр орттирган  Р.Х.нинг  биргина қинғир иши уни суд залига ўз ишчилари олдига боши эгик ҳолда  етаклади. У қилган ишидан пушаймонлигини айтса-да, “ўғри” деган доғни кетқизолмади. Чунки, у ўғрилаб сотган нарса гарчи унинг наздида омборхонада ўралиб ётган сим бўлаклари бўлса-да, кўпнинг насибаси эди.


 Феруз ОТАМУРОДОВ,
 2-сонли ИИБ жиноят –қидирув бўлими катта тезкор вакили, майор. 

21 Dec 2021

  Республикамизнинг 3-секторларида яшовчи оилалар ўртасида спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувларини ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирликларининг қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида Учқудуқ тумани 3-сектори ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири соврини учун “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувлари ўтказилди.

  Жорий йилнинг 12-13 декабрь кунлари туманимиздаги 3-сектор таркибига кирувчи маҳаллаларда истиқомат қилувчи барча оилалар фаол иштирок қилган спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашуви биринчи босқичи ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.

   Хусусан,  “КЕLАJАК” ёшлар марказида “Энг яхши маънавий етук оила” номинациясида йигирмага яқин оила вакиллари ўзаро беллашдилар. Ўзларининг билим ва салоҳиятларини амалда намойиш этган  Жасур Камолов ва Мўътарам Идиева оиласи ғолибликни қўлга киритди.

  Шунингдек, танлов доирасида “Энг яхши соғлом ва баркамол оила”  мавзусида  ўтказилган спорт беллашувларида Ғофуржон Ўразбаев ва Рўзигул Қурбонова оиласи совриндор бўлди.

  Икки кун давом этган мазкур беллашувларда Учқудуқ туман ички ишлар бўлими бошлиғи, майор А.Райханов иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларга  ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширди.

   Ҳар иккала йўналишда ғолиблик бўлган оилалар “Энг яхши соғлом ва баркамол оила”  шиори остида вилоятда бўлиб ўтадиган беллашувларда Учқудуқ тумани шарафини ҳимоя қиладилар.

 

Илҳом БЎРОНОВ,

туман ИИБ ҲПБ СФМГ катта инспектори, подполковник.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: