Интернет фирибгарлари томонидан фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пул маблағларини турли хил ноқонуний усуллар ёрдамида талон-торож қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтларига ўхшаш бўлган сохта веб-ресурслар орқали жиноятчилар ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда фуқаролардан банк пластик карта маълумотларни тақдим этилишига эришиб, ундаги маблағларни ўзлаштириб келаётганлиги аниқланди.
Хусусан, Телеграм ижтимоий тармоғидаги бир қатор гуруҳ ва каналларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан COVID-19 вирусига қарши вакцинациядан ўтган фуқаролар бир маротабалик 750 минг сўм пул маблағларини беришга оид “фейк” ҳабар тарқатилиб, ушбу ҳабар остига бириктирилган ҳаволага кирилганида, 750 минг сўмни олиш илинжида бўлган фойдаланувчилардан банк пластик карта реквизитлари ҳамда СМС-хабарномада кўрсатилган махфий код-рақам сўралаётганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан ижтимоий ва демографик ҳолатни яхшилаш учун фарзанди бор оилаларга бир маротабалик 650 минг сўм пул маблағларини моддий ёрдам сифатида беришга оид қонун кучга кирганлиги тўғрисидаги “фейк” хабар тарқатилганлиги, хабар остидаги ҳаволага кирилганда, 650 минг сўм олишга эришиш учун фойдаланувчидан ўз банк пластик карта рақамларини ҳамда СМС-хабарномада кўрсатилган махфий код сўралади ва “эҳтиёжманд мижоз” ушбу маълумотларни киритгач, пластик картасидаги мавжуд пул маблағларидан маҳрум бўлиши аниқланди.
Тезкор тадбирлар натижасида, “фейк” хабар таъсирига тушган 1 нафар фуқаронинг 7,5 миллион сўм пул маблағлари Тошкент шаҳрида яшовчи 2000 й.т. Рустамов Ислом (исмлари ўзгартирилган) томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, барча интернет фойдаланувчиларини мазкур “фейк” веб-ресурсларнинг ноқонуний фаолияти тўғрисида огох бўлишлари, тўлов тизимларидан фойдаланаётганларида эса, уларнинг расмий веб-сайтларида тақдим этилган хизматларга мурожаат этишлари сўралади.