Hokimiyat matbuot xizmati
Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi bogʻcha va maktablarda yangi yil bayrami tadbirlarini oʻtkazish boʻyicha tavsiya va koʻrsatmalarini maʼlum qildi.
Unga koʻra, bayram munosabati bilan taʼlim tashkilotlarida quyidagilar tavsiya etiladi:
– taʼlim tashkilotlari hududi, binosi hamda sinf xonalarini tartibga keltirish, taʼlim tashkilotlari hovlisidagi tabiiy archani (agar boʻlsa) oʻquvchi va tarbiyalanuvchilar tomonidan yasalgan turli bezaklar bilan bezatish. Bunda bayram bahonasida tabiiy archa daraxtlarining shoxlarini sindirish yoki ularni boshqa joyga koʻchirish mumkin emas;
– taʼlim tashkilotlari foyesi, faollar yoki sport zallarini oʻquvchi va tarbiyalanuvchilar tomonidan yasalgan turli bezaklar bilan bezatish, bunda, turli xil elektr yoritgichlar bilan yasatilishiga yoʻl qoʻymaslik choralarini koʻrish;
– bayram tadbirlarini taʼlim tashkilotlari hududida, qiziqarli holda tashkil etish va muassasa hududini bayramona bezatish, ayrim tadbirlarni taʼlim tashkilotlarining guruhlarida va boshlangʻich sinf oʻquvchilari uchun sinf xonalarida, dars mashgʻulotlariga xalal bermagan holda oʻtkazish;
– taʼlim tashkilotlarining yuqori sinflari oʻrtasida oʻquvchilar tomonidan tayyorlanadigan bezaklar (qogʻozdan yasalgan qor parchalari va boshqa yangi yil bayramiga xos boʻlgan bezaklar) tanlovi, “Eng chiroyli bezatilgan sinf” va “Eng yaxshi yangi yil tabriknomasi” (sinf nomidan maktabga, oʻqituvchilarga, ota-onalarga) kabi koʻrik-tanlovlar tashkil etish;
– oʻquvchilar tomonidan yangi yil bayrami bilan bogʻliq turli xil ertaklar va sahna koʻrinishlarini namoyish qilish tavsiya etiladi.
Vazirlikka koʻra, bayram kunlari davomida quyidagilarni amalga oshirish taqiqlanadi, ularning oldini olish uchun berilgan koʻrsatmalarga rioya qilish talab etiladi. Yaʼni:
– oʻquvchilar tomonidan turli xil pirotexnik vositalarni olib kelish hamda ulardan foydalanishga yoʻl qoʻymaslik choralarini koʻrish, bundan tashqari, taʼlim tashkiloti rahbariyati tomonidan Ertalabki saflanishlar davomida, sinf rahbarlari tomonidan esa sinf soatlari va ota-onalar majlisida turli xil pirotexnika vositalaridan foydalanishning ogʻir oqibatlari haqida oʻquvchilar va ularning ota-onalari bilan tushuntirish ishlari olib borish lozim.
– bayramni nishonlash bahonasida oʻquvchilar va pedagog xodimlar tomonidan noqonuniy pul yigʻimlarini tashkil etish, bayramni restoran, kafe va boshqa umumiy ovqatlanish shoxobchalarida oʻtkazish, shuningdek, oʻquvchilar, ularning ota-onalari tomonidan bayram munosabati bilan taʼlim tashkiloti rahbariyati va pedagog xodimlarga turli xil sovgʻalar taqdim etish qatʼiyan taqiqlanadi.
Shu bilan birga, oʻquvchilar hamda ota-onalar oʻrtasida yangi yil bayramini oila davrasida oʻtkazish yuzasidan targʻibot-tashviqot ishlarini tashkil qilish talab etilishi taʼkidlangan.
Vazirlik 2 kun muddatida yuqoridagi tavsiya va koʻrsatmalar taʼlim tashkilotlariga yetkazilishi hamda ularga toʻliq rioya qilinishini soʻragan.
Тараққиётнинг янги босқичида мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар маънавият ва маърифат соҳасини ҳам четлаб ўтмади. Хусусан, ёшлар, уларнинг маънавияти, ватанпарварлик туйғулари эътиборимизни тортиши табиий. Айни ёшлар тарбиясини тўғри йўлга қўйишда эса жадидчилик ҳаракати уларнинг беқиёс меросини ўрганиш ҳаётга татбиқ этиш катта аҳамиятга эгадир.
Ҳар бир миллатнинг ўзига хос маданияти, адабиёти ва матбуоти, миллий тарихи, китоблари, шоир ва адиблари бўлади. Бир миллатнинг тараққиёти, маданияти қай даражада эканлигини билмоқ учун унинг адабиёти ва матбуотини бир даража кўздан кечирмоқ лозим.
XX бошларида Туркистонни маориф орқали жаҳон цивилизацияси даражасига кўтаришга ҳаракат қилган жадидларимизнинг замонавий таълимни ўша давр муаммоларининг ечими сифатидаги кўрсатган концептуал ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Айни шу маънода таниқли шарқшунос жадидчи олим Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларидаги маданиятлараро мулоқот, таълим-тарбия, маданият, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка оид ёндашувни янги илмий мезонлар асосида тадқиқ қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Маҳмудхўжа Беҳбудий дунёвий фанларни ислоҳ қилиш бўйича концептуал аҳамиятга эга фикрлари орқали халқ маърифати ва маданиятлараро мулоқотни йўлга қўйиш зарурлигини уқтиради. Бу йўлда туркий халқларнинг дунёвий фан адабиётлари – “Рисолаи асбоби савод” (“Савод чиқариш китоби”, 1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (“Аҳоли географиясига кириш”, 1905), “Мунтаҳаби жуғрофияи умумий” (“Қисқача умумий география”, 1906), “Китобат ул-атфол” (“Болалар хати”, 1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби дарсликларни чоп эттиради.
Таълим ва тарбияга оид “Падаркуш” драммаси (1911), “Оқ елпоғичли чинли хотун”, “Бир аъмо боланинг ҳасрати” ҳикоя, “Китобат ал-атфол” каби асарлар ёзади ва ўзининг “Нашриёти Беҳбудия” босмахонасида нашр эттиради.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ғоялари аҳамияти XIX аср охири XX аср бошларида Туркистонда замонавий таълим тараққиёти ривожи учун бугунги кунда қимматли манба сифатида тадқиқ этилмоқда.
Жадидчилик — маърифатпарварликдан қудратли сиёсий ҳаракатга қадар бўлган мураккаб ривожланиш йўлини босиб ўтган ўзига хос оқим ҳисобланган. Жадидчиларнинг мақсади – Туркистоннинг кўп миллатли туб аҳолиси, зиёлилари ўлканинг иқтисодий, табиий ва меҳнат ресурсларини эксплуатация қилинишига, ижтимоий ва миллий зулмга жавобан ўсиб бораётган миллий ўзликни англаш, маҳаллий халқлар турмуш тарзини белгиловчи, умуминсоний қадриятларни сақлаб қолиш ва бойитишга интилиш каби принципиал масалаларни ҳал этиш кераклигини илгари сурди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллигини муносиб нишонлаш ҳақида таъкидлаб ўтган эди.
Ўтган асрнинг бошларида Туркистон ўлкасининг ҳар томонлама мустақиллиги, аҳолисининг маънавий-маърифий, сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий онгини юксалтириш орқали жадал ривожланаётган мамлакатлар қаторига кўтарилишини орзу қилган ва ўз ҳаётини мана шу ишларга бағишлаб, халқ ва Ватан тараққиёти йўлида шаҳид бўлган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий номи, ҳаёти ва ижоди бугун давлатимиз ва халқимизнинг юксак эътиборда.
Юртимизда шаклланган миллий ва диний қадриятларни жамият онгига сингдириш орқали таълим тизими, маданият ривожига улкан ҳисса қўшган Маҳмудхўжа Беҳбудий каби мутафаккирларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, илмий меросини тадқиқ этиш бугунги ёшларни ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялаш ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг шартларидан бири ва устувор вазифадир.
Мутафаккирнинг халқ озодлиги, Ватан мустақиллиги йўлида илгари сурган ва ташкил этган ташаббуслари уни миллат маърифати ва тараққиёти учун толмас курашчига айлантирган эди.
Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Туманимизда раҳбарлар иштирокида ўтаётган сайёр қабуллар ҳам халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда бевосита маҳаллаларга чиққан ҳолда халқ билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди.
Туман ҳокими С,Хамроевнинг Нуронийлар масканида туман аҳолиси билан ўтказган навбатдаги сайёр қабули фуқаролар учун манфаатли бўлди.
Қабулда фуқароларнинг коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уй-жой билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишга жойлашиш каби муаммолари юзасидан қилинган мурожаатларининг айримлари жойида ҳал этилган бўлса баъзиларига ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди.
Коммунал соҳада қилинган мурожаатлар сектор раҳбарлари томонидан доимий назоратда эканлиги таъкидланди.
Арча шохлари шифт ва деворлардан 1 м дан кам бўлмаган узоқликда, мустаҳкам тагликка ўрнатилиши ва хонадан чиқиш йўлакларни тўсиб қўймаслиги ҳамда иситиш воситалари ёнига ўрнатмаслик лозим,
арча ёнида электр токи узайтиргич (удлитиль) ўрнатиш (жойлаштириш) мумкин эмас,
арчани целлулоидли ўйинчоқлар ҳамда оловдан ҳимоя қилиш таркиби билан ишлов берилмаган (шимдирилмаган) дока, пахта ва сентитик ҳамда ҳар хил ёнувчи махсулотлар билан безатмазлик лозим,
арча ёнида очиқ оловдан фойдаланиш тақиқланади,
арчани безатишда 36 в кучланишгача бўлган махсус ва хавфсиз ёритиш воситаларидан фойдаланилсин.
Байрам тадбирлари давомида ёйли прожекторлар, шамлар ва пақилдоқларни ишлатиш, мушакбозлик қилиш ҳамда ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган бошқа ёнғин хавфи мавжуд ёритиш эффектларни уюштирмаслик ҳамда оловли ва бошқа ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ишларни бажармаслик лозим.
Учқудуқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими
Сўнгги кунларда Учқудуқ туманида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида тегишли соҳа мутахассислари маълумотига кўра 18-25 м/с тезликда кучли шамол эсди. Ана шундай об-ҳаво олис овулларда ҳам кузатилди.
Кучли шамол оқибатида “Алтинтау” овул фуқаролар йиғинидаги Қулқудуқ овулидаги 3 та хонадонга ҳамда мактабгача таълим ташкилоти биноларининг том қисмига зарар етган. Электр энергия таъминотида ҳам узилишлар рўй берган.
Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович раҳбарлигида мутасадди идоаралар раҳбарлари билан Қулқудуқ овулида бўлиб, зарар миқдорини аниқладилар. Ташаббускор ҳомийлар томонидан оқибатларни бартараф этишга кўмаклашишга келишиб олинди.
Айни вақтда воқеа жойида зарурий тадбирлар амалга оширилиб, Учқудуқ туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан электр энергиядаги узилишлар бартараф этилди. Овулга нур узатилди.
Аҳоли хонадонлари ва мактабгача таълим ташкилоти биносида рўй берган талофатларни бартараф этишга қаратилган ишлар олиб борилаётир.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Учқудуқ туман газ бўлими томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш ишлари белгиланган режа-жадвал асосида амалга оширилмоқда.
Режа бўйича навбатдаги манзил Қулқудуқ овули бўлди. Қулқудуқ чўл ҳудудида жойлашган бўлиб, туманнинг чекка овуллаларидан бири ҳисобланади. Бу ерда суюлтирилган газ истеъмолчиларига белгиланган муддатларда маиший газ баллонлари етказиб берилишида узилишлар бўлмайди.
Совуқ об-ҳаво шароитида аҳолида газ билан боғлиқ муаммолар юзага келишини олдини олиш мақсадида газ таъминотига доир ишлар туман ҳокими С.Хамроев томонидан қатъий назоратга олинган.
Тизим ходимлари томонидан маиший газ баллонларини ўрнатиш тартиби, уни қуёш нури тушадиган жойда сақламаслик ва бошқа хавфсизлик қоидалари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилмоқда.
Учқудуқ туман ҳокимлиги матбуот хизмати
Пенсия жамғармасидан суюнчига қандай қилиб пул олиш мумкинлиги маълум қилинди.
Ўзбекистонда бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа суммаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизи деб белгиланган. 2023 йил 1 декабрдан бошлаб бу миқдор 738 минг 150 сўмга ўзгарди.
«Суюнчи нафақаси»ни тайинлаш бўйича хизматлар 2020 йилдан бошлаб, фуқароларнинг мурожаатисиз композит шаклда амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда бола туғилганда болага бериладиган фамилия, исм ва ота исми, ота-она ва уларнинг никоҳи, бола рўйхатга қўйиладиган поликлиника ва ички ишлар бўлими, навбатга қўйиладиган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақидаги барча маълумотлар тиббиёт муассасаси (туғруқхона, шифохона туғруқ бўлими, оилавий поликлиника) томонидан «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.
Пенсия жамғармасига кўра, барча зарурий маълумотлар тиббиёт муассасаси ва ФҲДЁ ахборот тизимларидан электрон шаклда олинган ҳолда «Суюнчи» нафақаси жамғарма томонидан автоматик равишда тайинланади.
Шунингдек, фуқаролар янги туғилган фарзандлари учун ушбу пулларни Хаzna иловаси орқали осонгина олишлари мумкин.
Учқудуқ туманида Янги йил байрами арафасида янги ресторан фаолияти йўлга қўйилди
Туманимизда ўзининг пишириқлари билан машҳур бўлган Феруза Авезова турмуш ўртоғи билан “Оилавий версал” ресторанини ишга туширди. “Навоий” маҳалласидаги 7-мактаб қаршисида жойлашган ушбу масканни, ўз маблағлари ҳисобидан қуриб фойдаланишга топширган тадбиркор 8 та янги иш ўрни яратди.
Бу ерда миллий таомлар билан бирга дунё таомлари ҳам тайёрланмоқда.
-Бу масканни бежизга “ОИЛАВИЙ ВЕРСАЛ” деб номламадик,- деди ёш тадбиркор Феруза Авезова. - Сиз ресторанда ўзингиз, фарзандларингиз бутун оилангиз учун исталган таомларни, пишириқларни ва ширинликларни тановул қилишингиз мумкин. Қолаверса, вақтингизни кўнгилли ўтказишингиз учун ҳам барча шароитларни муҳайё қилдик.
Албатта, туманда қад ростлаётган умумий овқатланиш шохобчалари сонининг ошиб бориши улар орасида рақобат билан бирга сифатнинг ҳам ошишига хизмат қилиши шубҳасиз!.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Бир мурожаат изидан
Яширишнинг ҳожати йўқ, ҳароратнинг кескин пасайиши ортидан коммунал хизмат соҳасидаги муаммолар аҳоли, айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир. Сўнгги 4-5 кундан буён Учқудуқда ҳам мурожаатлар сони кескин ортди.
Ана шундай аҳоли мурожаатлардан бири Халқлар Дўстлиги кўчаси 3 - уй 22 – хонадондан келиб тушган. Батареяларнинг яхши исимаслиги, боз устига ертўланинг чиқиндихонага айлантирилгани канализациянинг ёрилган трубаси бу ердан анқийдиган бадбўй ҳиддан нолиган фуқаронинг мурожаати соҳа мутасаддиларини зудлик билан айтилган манзилга етиб боришига асос бўлди.
Тезкорлик билан олиб борилган ўрганишлар жараёнида ушбу хонадон эгалари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисда”ги 194-сонли қарор билан тасдиқланган Низомнинг бир неча талаблари бузилгани аниқланди. Яъни, ошхонадан балконга ўтиладиган девор билан эшик олиб ташланиб, батарея ўрнатилган. Бу эса мазкур Низомнинг 12, 14, 15-бандларига зиддиги маълум бўлди.
Бунда истеъмолчи иситиш бўйича — белгиланган тартибга кўра хоналарни иситиш бўйича чора-тадбирлар - деразалар, балконлар ва кириш эшикларининг даҳлизларини зичлаштириш, иситиш тагсинчларини изолациялашни бажариш шарт. Иситиш асбобларига қўшимча секцияларни бирлаштириш ёки улар сонини камайтириш, шунингдек қайта жиҳозлаш бўйича талабларга риоя этмасдан иситиш учун радиаторларнинг камгайгини олиб ташлаш ва иситиш ҳамда санитария-техник асбоблар жойини ўзгартириш тақиқланади.
Кўп қаватли уйнинг ертўласи масаласига қайтадиган бўлсак, ҳозирда мурожаатда келтирилган важларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли шаҳримиз аҳолиси, кўп қаватли уйларда исқомат қилаётган учқудуқликлар!
Ўзбошимчалик билан кўп қаватли уйлар лойиҳасига ўзгартиришлар киритиш, балконга чиқиладиган девор ва эшикларни бузиш, белгиланмаган жойларга иситиш батареяларини ўрнатиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун талаблари асосида жарима солинишига сабаб бўлади. Қолаверса, бу каби ҳолатлар ён қўшни хонадонларда истиқомат қилаётган аҳолига ҳам ноқулайликлар келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, хонадонларда газ плитасини ёқиб қўйиб иситиш эҳтиётсизлик сабаб фожеага олиб келиши ҳам ҳеч гапмас.
Шу боис, табиатнинг инжиқ мавсуми ҳар бир куни синов – қиш мавсумини беталофат ўтказиш нафақат мутасадди идоралар масъуллари, балки ҳар биримизга боғлиқ!
Электр таъминотида узилишлар бўлмайди
Cовуқ об-ҳаво ҳукм сураётган шу кунларда “Ҳудудий электр тармоқлари” Навоий ҳудудий филиали Учқудуқ туман электр таъминоти корхонасида махсус штаб ишлаб турибди.
Унда жойларда юзага келаётган носозликлар бўйича маълумотлар 24 соат мобайнида қабул қилинмоқда. Носозликларни бартараф этиш бўйича туманда 2 та тезкор таъмирлаш бригадаси ташкил этилиб, 2 та махсус автотранспорт воситаси жалб этилди. Мазкур бригадалар, соҳа мутахассисларига куну тун ишлашлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Ошхонада иссиқ овқат, ётоқхона ҳам керакли мебель ва жиҳозлар билан таъминланган.
Бундан ташқари, юзага келган оғир ва мураккаб шароитдан келиб чиқиб, тармоқларда электр энергияси юкламаси ортиб кетишининг олдини олиш мақсадида соҳа ходимлари томонидан электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.