LOTIN-КИРИЛЛ

Спектаклда...


    Жорий йил 22 декабр санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев
Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида 9 та йўналиш бўйича ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурдилар. Ана шу тўққизинчи йўналишнинг бири театр санъатини ривожлантиришга қаратилган.
Улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Театр ибратхонадир”, деб бежиз айтмаган, саҳна асарлари инсонга ойна кабидир, театр шахснинг ижобий фазилати ё салбий қусурларини кўз ўнгида жонлантириб, тафаккур этиш учун айни муддао. Ёш авлодни яхшиликка чақириш, эзгу ишлар қилишга чорлаш, ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашда театрнинг ўрни беқиёс. Навоий КМК бўлинмаларида Акбар Ҳакимовнинг “Ипак империялари” номли тарихий асари асосида намойиш этилган спектакль Шимолий кон бошқармаси ходимларини тарих қатида қолиб кетган асрорлардан бохабар этди, десам янглишмаган бўламан. Сабаби, пилла қуртининг тарихи, унинг улкан фидокорлик ва ватнапарварлик қудрати орқали бизнинг ўлкаларга кириб келгани тўғрисида ҳаммада ҳам етарли маълумот йўқ.
Бундан ташқари, томошабинларнинг, айниқса, ёшларнинг кўпчилиги пилла қуртини кўрмаган. Мен кабиларда эса болалик хотираларини уйғотиб юборган бўлса ажабмас. Спектакл болалигимга бориб келиш учун қўлимга билет тутқазди гўё! Йўлкирага пул сарфламай, соатлаб уловда юрмай, таътил олмай, минг километр масофани босиб, Наманганга бориб келдим.
...8-9 ёшлардаги бўйи дароз, жудаям озғингина қизман, пакана сўкичак
(пилла қурти учун тахталардан тайёрланган сўри) тагида букри кампирдек букчайиб, момиқ-момиқ, оппоқлигидан томирлари кўриниб турган, худди икки нуқта қўйилгандек митти кўзли, пружинага ўхшаш қуртларни терарканман, ерга тушганларини босиб олмаслик учун жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланаман. Бу пайтда юқорида тут баргини чайнаётган бошқа қуртларнинг емак товушларини эшитиш завқли: “шиииишшшш”!
Сўкичак орасидан бирор қурт бўйнимга тушиб завқимни бузмаса бўлди! Қуртларни теришга-ку қўрқувим йўқ, аммо бўйнимга тушгани худди илондек сескантиради одамни. Эгилиб-букчайиб кафтимга тўлдириб чиққан пилла қуртларини ўртоқларим орасига отаману кўчага югураман. Қуртлар боқилаётган хона печка тафтидан иссиққина бўлгани учун ташқарига чиқиб жунжикаман. Шумлигим тутиб яшириб олиб чиққан бир-иккита қуртчага бурчакда тут баргини тутаман. Аррадек тишларида баргни қандай ейишига қизиқаман. Қайсар қурт биланг-биланг қилиб баргдан бошини олиб қочади, болалик қизиқишларим бу беозор махлуқчанинг қайдан келиб қолганини билиш учун барглари ейилиб, ялонғочланиб қолган тут новдаларини боғлам-боғлам қилаётган катталарнинг олдига мени етаклайди.
Маҳалламиз кирди-чиқди маҳалла эмас, берк кўча. Сумалаклар, тўйлар, иссиғу совуқ йиғинларда ҳамма бир-бирига кўмак беришга шошилади. Мана, ҳозир ҳам қурт маҳали. Кўпчилик уйларда шу юмуш. Маҳалламизнинг катта-кичик болалари кимнинг уйида қурт боқилаётган бўлса, ўша уйларда қурт теришга ёрдам беради, бу ҳам завқли, ҳам раҳмат эшитишнинг гашти ўзгача! Бошида, бу оппоқ мавжудотлар майда-майда қора рангли, худди носдек юмалоқ шаклда бўлади. Боқувчиларга қутиларда тарқатилади. Граммлаб ўлчанган қоравойлар аввал майда қутиларда, кейин бир сўкичак-икки сўкичак бўлиб кўпайиб, тут баргларини еган сайин кунлар давомида оқариб, семираверадилар. Кейинчалик, даҳак (уйқу)ка тушиб, ундан сўнг пилла ўраб, капалакка айланадилар.
Уларнинг турган-битгани фойда! Тут дарахти ҳам биз томонларга шу қурт сабаб келтириб ўтқазилган бўлса керак, деб ўйлайман. Тутнинг сояси қалин, меваси мўл ва ширин, қурт истеъмолидан кейинги новдалари қуруққина ўтин бўлади, қолган чиқиндиси эса ерга ўғит. Айтишларича, пилла қурти уруғини олиб келиш осон бўлмаган экан. Бир туркий паҳлавон мўйсафид суратида Хитойга бориб, ҳассасининг ичини ўйиб, катта машаққату азоблар билан пилла қурти уруғини асога жойлаб, Ватанга олиб келган. Бу эшитганимиз тилдаги афсона холос. Тарихий ва илмий ёндошувлар эса талайгина!

“Учқудуқ” маданият уйи. Тарихий асарни саҳналаштирган самимий чеҳрали Комила хоним кўриниш бериб, асарнинг аҳамияти, спектаклда бўладиган жараёнлар, ипак қуртининг юртимизга келтирилиши тўғрисида қисқача изоҳ келтириб ўтди.
Спектакль бошланди. Узумлари сўритокка туташтирилган, шинам ва кўркам ўзбек ҳовлиси. Набираси билан варрак ясаётган бобо. Момо учун совғага олинган атлас ва ана шу атлас баҳона сўзланган ипак ўтмиши! Тарих ва бугун, видеоматериал ва айни пайтдаги жонли саҳна уйғун театр! Декорациялар, безаклар, кийим-кечаклар симфонияси, даврлар ва давлатлар орасидаги мутаносиблик ажиб тарзда ифодаланган. Бу улуғвор иш ортидаги меҳнат ва харж залвори анчайин! Биз билмаган, ўқиб улгурмаган тарихий ҳақиқатлар кўрсатилган. Ипакнинг ипак бўлгунига қадар босиб ўтган қонли ва суронли умри, қадимлик бозорида унинг олтин ва кумуш каби маъданлардан кам бўлмаган қиймати. Хитойнинг энг махфий маҳсулотини туркий ўғлон Сарак томонидан йиллар мобайнида ўрганилгани, Ватани иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаши мумкин бўлган ипак қуртини олиб келиш учун ширин жонини тиккани каби воқеалар кўз олдимизда жонли тарзда содир бўлди.
Моҳирона ижро беихтиёр сизни ўз даврига – милоддан аввалги асрларга элтади. Спектакл пилла қурти тўғрисидаги асл ҳақиқатни англаш учун айни муддао бўлди. Хулоса эса, қайси пайт, қай замонлар бўлмасин, фидокорларгина элнинг улуғвор мақсад ва орзуларини амалга оширишга эришадилар!
Спекталкл тугади, бироқ мен ҳамон унинг ичидаман. Сарак ботирни излайман. Унга гул беришим керак! Кўксида арслони борлиги учун ҳам гул беришим керак!
Икки кун илҳақ бўлганим, номиёқ юракни алланечук ўртаб юборадиган, азал тарихдан сўзловчи ажиб спектакль атмосферасидаман ҳамон. Тарих ва бугун орасида кезиб юрган руҳиятимга: “Саноатимизга қалби ёмбидек ярқираган Сараклар нақадар зарур...”, дея пичирлайман.

Нилуфар МУЙДИНОВА,
ШКБ мутахассиси, газетанинг жамоатчи мухбири.

O'qilgan: 245 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: