Ҳар бир соҳа янгидан пайдо бўлиб маълум йўналишда ривожланиб олгунича турли йўллардан ўтади. Бугун Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” конидаги фаолияти ва йўналиши бошқаларга ўхшамайдиган, бошқа ишлардан хавфлилиги билан ажралиб турадиган портлатиш ишлари участкаси ҳақида фикр юритамиз.
“Шарқий” кони 6-сонли портлатиш ишлари участкаси коннинг “драйвери”, десак адашмаган бўламиз. Ўқилиши ваҳимали бўлган портлатиш жараёнлари иштирокчиси бўлиш ҳам ўзига яраша хавфли аслида. Портлатиш участкасининг асосий вазифаси тоғ жинсларини портлатиб бериш, шу орқали экскаваторлар рудани ташишлари учун тайёр ҳолда майдалаб юмшатиб беришдан иборат. Бу бепоён кенгликларни ўз ҳукмига бўйсиндирган портлатувчилар ерни ларзага солиб бағрига яширинган маржонларни бирин-кетин юзага олиб чиқар экан бу ажойиботга ҳайратланмасдан иложингиз йўқ.
Ҳар бир давлатнинг тараққиёт даражаси унинг заминидаги ер усти ва ер ости бойликларига боғлиқ. Манбаларни излаб топиш ва иқтисодий тармоқларда фойдаланишга топшириш вазифаси кон геологлари зиммасига бориб тушади. “Шарқий” конида мингдан ортиқ ишчи-ходимлар фаолият олиб боради, уларнинг ҳар бири ўзига хос мураккаб вазифаларни бажариш билан бирга ўта масъулиятли жавобгарликка эга, айниқса 85 нафар ишчиларни ўз атрофида жамлаган портлатиш ишлари участкасидагилар эшитилиши ваҳимали бўлган бу соҳанинг усталарига айланиб улгуришган. Ҳар соҳанинг ўзига яраша талаблари бўлганидек, портлатиш участкасида фаолият олиб борадиган ҳар бир ходим оммавий портлатиш лойиҳасига асосланиб махсус ўқиган, билим ва кўникмаларини оширган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган жисмонан соғлом психолог ва нарколог хулосасига эга бўлиши шарт ҳисобланади.
Портлатиш майдонига кон устаси рухсатидан сўнг жараёнлар бошланади. Бир кунда ўртача 80-90 м3 тоғ маъданлари юмшатиб берилади, бу жараён учун эса ўртача 100-150 тонна турли хил портлатувчи моддалар ишлатилади.
Мамлакатимиз ривожланиб бораётгани сари, ишчиларга яратиб берилаётган шароитлар ҳам яхшиланиб бормоқда. Биргина мисол илгари қудуқларни зарядлаш, кимёвий моддаларни юклаш, ташиш қўл меҳнатини талаб қилар эди. Бугунги кунга келиб юклагич машиналари ҳамда, “Skaniya” махсус жиҳозланган қудуқларни зарядлаш автомашинаси ёрдамида бу ишлар осонликча бажарилмоқда. Бу каби машиналар нафақат оғирни енгил қилиш, балки ходимлар хавфсизлигини таъминлашда ва иш унумдорлигини ошишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда дейди, соҳа вакиллари.
Объектларда олиб бориладиган портлатиш ишлари қатъий талаб ва тартиб асосида олиб борилади. Портлатиш жараёни бошланишидан аввал давомий бир марта сигнал чалинади кон атрофидаги жараёнга алоқаси бўлмаган барча ишчилар камида 600 м узоқликда, техникалар камида 300 м узоқликда ҳудуддан олиб чиқилади. Қудуқларни ўрнатиш (монтаж) қилиш ишларини махсус портлатувчи ходимлар амалга оширади. Портлатиш ишлари бурғуланган ҳудудда олиб борилади. Сўнгра 2 маротаба давомий жанговор сигнал чалинади.
Албатта портлатиш жараёнида ишчилардан маҳорат ва сергаклик талаб қилинади. Ишлар якунлангач 30 дақиқа ўтиб портлатувчи бориб портлатилган қудуқ жойларини текшириб чиқади. Бунда инсонлар хавфсизлиги ва атроф муҳитга ортиқча зарар етмаслик муҳим масала ҳисобланади. Ишлар тўлиқ бажарилиб бўлингандан сўнг портлатиш ишларига масъул бўлган шахсга хабар берилади. Ишонч ҳосил қилингандан сўнг портлатиш ишлари тўхтатилганини билдирувчи қисқа сигнал уч маротаба чалинади, шундан сўнг бошқа кон ишлари бир маромда давом этаверади.
Тасаввур қилинг жанговор фильмларда кўрганимиздек кўз олдимизни тутун қоплайди бир зум қулоқлар овозларни англай олмас даражага етади. Ерни зир титратган порлатувчилар эса бундай ҳолатларни қайта-қайта такрорлайвериб ўрганиб ҳам қолишган. Иссиқнинг жазирама кунларида қишнинг қаҳратон совуғида ўз жонларини қайта ва қайта хатарга қўяётган кон портлатувчилариниер тубидаги маъданни юзага чиқариб берувчи жонкуярлар, ўз ишининг “пир”лари, десак муболаға бўлмайди. Гарчи меҳнати оғир бўлсада оиласининг ризқини шу участкадан топаётган ҳар бир ишчи-ходим ўз ишига садоқат билан иш фаолиятини давом эттирмоқда.
Корхона ишчи-ходимларига муносиб меҳнат шароитлари яратиш кун тартибидаги муҳим масала сифатида қаралаётганини таъкидлаш ўринли. 6-сонли портлатиш участкасида ҳам мустасно бўлмаган тарзда барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Эътиборлиси, хавфсизликни инобатга олган ҳолда махсус портловчи маҳсулотларни сақловчи айвонлар қурилган.
Илгари очиқ майдонда ёғингарчилик ва жазирамада портловчи моддаларнинг сифати ўзгариб таркиби бузилиши натижасида иш самараси пасайиб, кон ишларининг сустлашиши ва иқтисодий харажатларнинг ортиши кузатиларди. Бу камчиликларни бартараф этишда бир вақтнинг ўзида 200 тоннадан ортиқ моддаларни бағрида сақлай оладиган айвонлар муҳим кўмакчи бўлаётир. Шу билан бир қаторда махсус қуруқ ва сувли қудуқларни зарядлаш машиналари олиб келиниши, кимёвий моддаларни ташиш ва юклаш учун махсус автомашиналарнинг узлуксиз занжири ҳам ишлаб-чиқариш ҳажмини ошириш, вақт тежалиши, иқтисодий самарадорликка эришиш имконини бермоқда.
Участка ишчи-ходимлари нафақат ишда балки турли спорт мусобақаларида ҳам фаол. Айниқса, Сирожиддин Ҳақбердиев, Маъруфжон Маматов, Музаффар Муродов каби ходимларнинг футболда эришаётган натижалари алоҳида эътирофга сазовор.
-Ҳар соҳанинг фидойилари бўлганидек учаскамизда ҳам узоқ йиллардан бери фаолият юритиб, кўплаб шогирдларга устозлик қилган бугунги кунда меҳнати ортидан қадр топган Манарбек Мирзабаев, Айбек Мектепов, НасирТаганиязов, Толиб Худойбердиев, Серик Бадыков сингари устозлардан биз соҳанинг сир - асрорларини пухта ўрганиб келмоқдамиз. Сафимида улардек устозларниг борлиги бизнинг ютуғимиз дейди, - портлатиш участкаси бошлиғи ўринбосари Фаррух Шаропов.
Ҳушёрликни, жасоратни сабр-тоқатни матонатни ўзларида мужассам қилган порлатувчиларимизга саломат бўлинг, деб қоламиз.
Нилуфар РЎЗИЕВА,
ШКБ маънавий-маърифий ишлар бўйича инспектори.